Маънавий иммунитетнинг дориси борми?
Маънавият бу оддий сўз эмас. У ақл, онг, идрок, руҳий ҳолат, ички кайфият, дадиллик, жасорат, хусусият, моҳият, ғамхўрлик, қайғуриш каби кенг маънога эга. Олимларнинг айтишича, қайси давлатда маънавият кучайса жамият равнақ топади. Аксинча, маънавият қашшоқлашса, жамият ҳам бора-бора таназзулга юз тутади.
Маънавиятсизлик ҳам “вирус”дек гап, битта одамга юқса, у минглаб одамларга “вирус” тарқатувчига айланади. Касалланиш авж олади. Бундай бедаво дардни енгиш учун йиллар, ҳатто асрлар керак бўлади.
Шу кунларда “Маънавият” калимасини одамларга сингдириш учун зарурат кучайди. Миллий, диний қадриятларимизга, халқимизга хос урфларга қаратилган акс таъсир, фарзандимизнинг қалбига киришга уринаётган ёт ғоялар сабаб бу масалада жиддий курашиш зарур.
Фарзандларимизнинг маънавий олами ва унинг онгидаги бўшлиқни қайси озуқа билан тўлдириш масаласи бугун давлатимиз раҳбарларини ҳам ташвишга солаётир. Тўғри, ўтган давр мобайнида қайсидир таҳдид барҳам топди, бошқаси, аксинча, кучайди. Бунда ҳар биримиз ё томошабин бўлдик ёки бевосита иштирокчига айландик. Айримлар фарзандлари тарбиясига бефарқ қаради. Маънавиятнинг устун жиҳатларини моддият пардаси тўсиб қўйди.
Дунё оммаси бугун ўзининг турфа ғоялари билан таъсирчанлигига эришаётган бир даврда, биз ўз вақтида таъсирчан усуллар ҳақида бош қотирмаганимиз ачинарлидир. Лоқайдлик, бепарволикни авж олдириб, бугун маънавиятсизлик “вируси”ни тарқашига сабабчи бўлдик, десак хато бўлмайди. Эндиликда бу “вирус”ни енгишга давлатимиз бошчилигида маънавият сафарига чиқилди.
Президентимиз томонидан мазкур касалликни бартараф этиш ва чалиниши арафасида турган инсонни асраш ва авайлаш учун “Маънавият ва маърифат маскан”лари барпо этиш вазифасига ҳар бир ҳудуднинг ҳокими тайинланганидан ҳам масала жиддийлигини англаш мумкин. Агар ҳудуднинг биринчи раҳбари маънавиятсизлик “вируси”га чалинганларни даволаш чораларини кўриб, вақтида уларнинг маънавий иммунитетини оширишга эришса, ҳар соҳада юксак марраларни забт эта оламиз.
Инсон иммунитети тушганида турли касалликка йўлиқади ва даволаниш учун шифокорга боради. Таҳлил топширади, ўзини обдан текширтиради. Демак, инсон ўз танаси соғлиги учун даво излайди. Соғайиш йўлида оила бюджетидаги бор пулини сарфлайди. Аммо инсонни бошқарувчи миясидаги маънавий иммунитети пастлигини нима билан даволаш мумкин? Унинг шифокори ким? У тўғри ташхис қўя оладими? Тавсия қиладиган “дори”лари миллий маънавиятимизга мос келадими? Ҳа, саволлар кўп. Аммо… Энг муҳими, бугун маънавият шифокорини етиштириш ва унинг қўлига даволаш методини бериш ўта муҳим масалага айланди.
Ҳаммамизга аёнки, интернет “дорихона”сида исталган маънавиятсизлик дориларини ранг-баранглиги билан ўзига жалб этмоқда. Болаларимиз ўқияпти, кўраяпти, эшитаяпти. Биз-чи, унинг кўзига таъсирчан лавҳани ва қулоғига ёқимли озуқани бера оляпмизми? Энди мана шу масалаларга ҳам жиддий ёндашадиган кун келди. Иммунитетни буюк аждодларимизни тарбия борасидаги методларидан фойдаланган ҳолда ярата олсак натижаси самарали бўлади.
Ғарбона маданият кириб келмоқда деб бонг уряпмиз. Аммо у кириб келяптими ёки ўзимиз киритяпмизми? Бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдикми? Боламизни қўлига телефонни бердик, лекин ундан қай мақсадда фойдаланишни вақтида ўргата олдикми?
Мамлакатимизда сўнгги уч ой давомида маънавият ва маърифат соҳасига эътибор жадаллашди, десак тўғри бўлади. Бу Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 19 январь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилиши билан бошланганига ҳамма гувоҳ бўлди. Бу йиғилиш мудроқ қалб кўзларини очишга туртки берди. Айримлар маънавият ва маърифат бир ташкилотнинг иши деб ўзидан соқит қилаётган бир вақтда, давлат раҳбари маънавият — ҳамманинг иши эканлигини алоҳида таъкидлади. Албатта, маънан уйғонмасак, душман кўз олдимизда улғаяётган жигарбандларимизни биздан тортиб олишга ҳаракат қилаверади. Бу таъкидлар бежиз эмаслигини англашимиз шарт. Муҳими, аввал ўзимиз уйғонишимиз керак, акс ҳолда фарзандларимизни қандай уйғотамиз?!
Барча ҳудудларда маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилишини яхши, дея олмаймиз. Тўғри, танқид қилиш осон, ростини айтганда, ишни ташкил этиш методикасининг ҳалигача яратилмагани ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам Президентимиз барча ҳудудларда ҳам ўрганиш, ҳам ўргатиш ишлари олиб борилиши лозимлигини таъкидлади. Масалан, ҳудуднинг барча тизимларидаги маънавият ва маърифат ишларига масъулларга ўқув-семинари ташкил этиб, уларга тарғиботнинг энг таъсирчан ва оддий усулларини тавсия этиш билан биргаликда, қўллаш методини ўргатиш ишлари ҳам олиб борилади. Айниқса, тизимлашган ҳолда, йўналишига қараб, методикани жорий этиш лозим. Мисол учун, мактабгача таълим ташкилотларида маънавият ва маърифат учун масъуллар 3-6 ёшдаги болаларга қўлланиши мумкин бўлган манбалар, яъни шу ёшга мос миллий ўйинлар, миллий куй-қўшиқлар ва эртаклар ҳамда миллий урф-одат, анъаналарни ўргатишнинг оддий усулларидан фойдаланиши керак бўлади.
Дунёда бугун эътироф этилаётган тизимлардан яна бири маҳалладир. Бошқа давлатларда бундай тизим йўқлигини хорижий экспертлар ҳам таъкидламоқда. Сўнгги йилларда бу тизимда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Энг чекка ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисининг ҳам бугун обод қишлоққа айлантирилаётгани, худди шаҳар аҳолисига яратилган шароитни яратишга қилинаётган саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқ. Лекин бу тизимда ҳам маънавий-маърифий ишларни янада жонлантириш, маҳаллада ташкил этилаётган тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш ниҳоятда муҳимдир.
Мунира ҚАҲҲОРОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
бўлим бошлиғи