Нажот — таълимда, репетиторда эмас!
Рус адиби Чеховнинг “Репетитор” деган ҳикояси бор. Бу сўз ўзбекчага “Ўзлаштириши паст бўлган ўқувчига уйда таълим берувчи” дея таржима қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси берган маълумотларга кўра, юртимизда бугунги кунда жами 1 минг 535 та ўқув маркази фаолият юритади. Шундан 923 таси кадрлар малакасини оширишга, 612 таси эса абитуриентларни ОТМ имтиҳонларига тайёрлашга йўналтирилган.
Ўқувчиларни турли фанлардан тайёрлайдиган репетитор ўқув марказлари Тошкент шаҳрида 309 та. Бу борада пойтахтимиздаги нарх-наво билан қизиқдик:
Турли фанлардан абитуриентларни тайёрлов — ойига 300 минг сўмдан – 650-700 минг сўмгача;
Чет тилларини ўргатишга йўналтирилган ўқув марказлари — ойига 350 минг сўмдан — 1 миллион сўмгача.
Ўқув марказларида айнан мактаб дастури кучайтирилган, чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, холос. Ахир, таълим учқунлар билан олов ёқишдир. Бўш идишни шунчаки тўлдириш эмас! Битта фанга ўртача 400 минг сўмдан сарфлаган абитуриент камида 2 та мутахассислик фанидан тайёрланади. Унинг ойига 800 минг сўмдан тўлаб, 7 ой (январь-август) тайёрланишини ҳисобласак, еб-ичиши, кийиниши ва бошқа харажатларидан ташқари, жами 5 миллион 600 минг сўм сарфлаяпти. Якунда абитуриент бюджет асосида ўқишга кирса, майли, камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, деганларидек, контракт асосида қабул қилинса ёки имтиҳондан “йиқилса-чи?”
Таълим сифати паст бўлган ерда репетиторлар фаолияти ривожланади, деган гап бор. Келажакда ОТМда ўқийман деган бола борки, ўқув марказларига иши тушади. Нега бизда мактаб билими билан синовдан ўтиб бўлмайди, талаба бўлиш учун репетиторга бориш шарт, қачонгача ўқувчиларимиз мактабда ўзлаштириши паст бўлиб, уйда қўшимча таълим берувчиларга эҳтиёж сезади?
Дунёда ривожланган мамлакатларнинг барчаси коррупция, илмсизлик ва жаҳолат ботқоғидан чиқишнинг ягона йўлини таълимда кўришган ва асло адашмаган. “38 миллиондан зиёд аҳолига 612 тагина тайёрлов курслари кам-ку! Масалан, Японияда энг кучли ўқув марказлари бор, айримларининг 240 тагача филиали мавжуд…” дейишингиз мумкин. Ака, “The Legatum Pros¬perity Index 2019”нинг жаҳон рейтингида “Таълим” йўналиши бўйича дунёдаги 167 давлат орасида Япония 9-ўринда, Ўзбекистон бўлса, 81-ўринда туради…
Албатта, олий таълим муассасасига талаба олий маълумотли бўлиш учун бориши керак, 4 йил умрини “ўтаб”, бир парча қоғоз — диплом учун эмас. Ўқувчилар эса маълум китоб ёки илмий асарларни ўзи хоҳлаб ўқиши, ўрганиши лозим, устози айтгани учунгина эмас…
Демак, кейинги йилларда таълим соҳасини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кўпдан-кўп ислоҳотларни эътироф қилган ҳолда, ҳамон анча-мунча муаммолар қалашиб ётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Иброҳим БЎРИЕВ,
Навоий вилояти Хатирчи
туманидаги 27-мактаб ўқитувчиси