Навоий олмонларни ҳам лол этмоқда

“Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”

Абдулла Орипов

 

ОЛМОНЛАРНИНГ ҚАРЗИ…

1998 йилнинг ноябрь ойи, кечки пайт соат 17.00 да Берлин Ҳумбольд университети Болливур деб аталувчи тантаналар саройида Ўзбекистоннинг Олмониядаги маданият кунларининг очилиш маросими бўлди. Ўшанда бу анжуманда иштирок этиш каминага ҳам насиб этган эди. Минбардан Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси вакиллари: Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, адабиётшунос олимлардан Наим Каримов, Шуҳрат Ризаевлар, олмон турк­шуносларидан профессор Ингеборг Балдауф, Клаус Шёниг ҳамда Берлин шаҳар мери жаноб Эберҳард Дибген, шунингдек, Олмо­ниядаги Ўзбекистон элчихонасининг масъул вакиллари жой олишди. Залдаги уч юздан ортиқ иштирокчиларнинг аксарияти Олмония ва немис тилли мамлакатлар университетлари Марказий Осиё бўлими бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, тадқиқотчи ва таржимонлардан иборат эди. Дастлаб, шоир Эркин Воҳидов ҳар икки халқ дилларининг бир-бирига яқинлиги, ўзбек-олмон адабий алоқаларидаги азалий анъналар борасида мазмунли нутқ сўзлади. Шундан сўнг маросимни олиб борувчи раис, Берлин шаҳар мери сўзни шоир Абдулла Ориповга бермоқчи бўлиб, ён-веридагилар ва йиғилишда таржимонлик қилаётган Ингеборг хонимга қарай бошлади. Негадир Абдулла ака кўринмай қолганди. Шунда Балдауф хоним олмониялик ўзбекшунос дўстим Якоб Таубега, кейин менга қараб шоир қаердалигини сўрай бошлади. Орадан 5-10 дақиқа ўтиб, Абдулла Орипов залга залворли қадамлар ташлаб кириб келди-да, тўғри минбарга чиқди. Унинг нутқи анжуманнинг чинакам кульминацион нуқтаси (чўққиси)га айланди. Чунки ўзбек шоири олмонларга хос қисқа ва лўндагина қилиб шундай деди: “Муҳтарам анжуман қатнашчилари, каминанинг кечикиб келишимга жўяли асосларим бор. Мен Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини ўзбек тилига таржима қилиб, Ғарбий Европа адабиёти олдидаги қарзимни уздим. Эркин ака эса Гётенинг “Фауст”ини ўзбекчага ўгириб, олмон адабиёти олдидаги бурчини бажарди. Энди савол туғилади: нима сабабдан олмонлар буюк мутафаккир Гёте Шарқ адабиёти, жумладан, Навоий яшаган давр адабиёти вакилларини ўзига пир тутганлиги ва бу билан ўз миллий адабиёти тараққиётига буюк ҳисса қўшганлигини била туриб, Алишер Навоийни қойиллатиб таржима қилишмаяпти? Ана шу ҳолатдан мен хафаман ва керак бўлса, бундай йиғилишга кечикиб келишга маънавий ҳаққим бор деб ўйлайман”.

Инкор қилиб бўлмас бундайин ашёвий далил олдида ҳангу манг бўлиб қолган бутун зал оёққа қалқди, узоқ ва гулдуросли қарсаклар жаранглади. Айни пайтда Берлин шаҳар мери олмон туркологларига қарата “олмонларнинг қарзи”ни тезроқ қайтариш лозимлигини уқтира кетди… Орадан кўп вақт ўтмай, 2003 йилда Олмониянинг Вюрцбург шаҳридаги “Эргон” деб аталувчи нашриётда Алишер Навоий ижоди бўйича бир қатор салмоқли тадқиқотларни ўз ичига олган тўплам яратилди. Китобдан “Мир Алишер Навоий — кечмишга (мозийга) бир назар” (Б.К.Ҳайнкеле), “Темурийларга оид манбаларда ўзбеклар ифодаси” (Ю.Паул), “Бобурнома”да Навоий образи” (К. Шёнинг), “Марказий Осиё халқлари эртакларида Навоий образи” (Э.Таубе), “ХVI аср Чиғатой усмонли луғати “Абушқа”да чиғатой тилидаги феъл шаклларининг усмонлича берилиши” (К.Рўмер), “Навоийнинг “Лайли ва Мажнуни” (М.Кирҳнер), “Навоий — бенаво” (З.Клайнмиҳель), “Навоий даврида санъат ва архитектура” (Й. Гирлиҳс) мавзуидаги мақолалар жой олди.

Бугунги ўзбек таржимонлари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган Ҳофиз Шерозий, Жомий, қолаверса, Навоий асарлари таржималарининг олмон адабиёти ва маънавияти ҳамда тафаккур тараққиётига қўшган ҳиссаси миқдорий ҳодиса эмас, балки ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган чуқур руҳий бойлик эканлигини унутмаслик керак. Чунки улар билан бирга Ғарб маънавиятига бизнинг исломий маданиятимиз, руҳий покланиш, бағрикенглик, комиллик каби бунёдкор ғояларимиз ҳам кириб бордики, бизнингча, Ғарб олами олган бундайин бойлик қарзини ҳали вери қайтара олмаса керак…

 

ТАРЖИМА БЎЛИШ ЙЎЛИДА

Таржимашуносликда шеърий таржима имкондан холи нарса, — деган ақида бор. Агар бу таржима она тилидан чет тилгалиги назарда тутилса, бу ишнинг иложи йўқ, дейилади. Ҳатто айрим тадқиқотчилар уни уддалаб бўлмас нарса, дейдилар. Қайсидир маънода бу ҳақ гап. Шунинг учун ҳам олмонларда айнан шеърий таржимага нисбатан Übersetzung (таржима) термини ўрнига Nachdichtung (қайта шеър яратиш) атамаси ишлатилади.

Айни пайтда, яна бир “ёзилмаган қои­­да” борки, ҳар бир шеър ўгирмаси ўз ўрнида истисно бўлиши ва таржима де­йишга дахлдорлик касб этиши ҳам мумкин. Бироқ бу қоидани Шарқ ғазалиётини Ғарб тилларига таржима қилишга нисбатан қўллаб бўлмайди. Чунки ҳар қандай таржима муайян мақсад-муддао ва қабул қилувчи тилнинг эҳтиёж ҳамда қизиқишларидан келиб чиқади. Ҳар бир даврнинг ўз қўшиқлари бўлади, — деганларидек, ҳар қандай адабиётнинг ҳам муайян вақтда ҳукм сурадиган адабий анъаналари бўлиши муқаррар. Бу масалани устоз Ғайбулла ас-Салом ўзларининг “Адабий анъана ва бадиий таржима” (қиё­сий-типологик таҳлил) номли докторлик диссертациялари (1983) ва шу номдаги монографиялари (1983) билан аллақачон асослаб берганлар.

Энди, Навоийни ҳозирги олмон тилига таржима қилиш масаласига келсак, бу ҳам юқорида кўтарган мавзуимизга дахлдор муаммо. XVIII аср охири ва XIX аср бошларида, аниқроғи, олмон маърифатпарварлик адабиёти ҳукм сурган кезларда Гёте, Шиллер, Ҳайнелар яратган асарлар ўз даври жаҳон адабиётининг чўққисини забт этишга муваффақ бўлганлар. Олмон адабиёти ана шундай баландликда турган бўлишларига қарамай, хусусан, уларнинг етакчиси Йоҳанн Гёте Ҳофиз Шерозий ва Шарқ адабиёти улуғлари олдида ўзини мурид, шогирд санаган пайти бўлатуриб, шарқона арузни таржима қилиш ўта қийинлигини эътироф этган.

 

НАВОИЙ АСАРЛАРИНИ ЎГИРИШ МУАММОСИ ҚАЕРДА?

Бутун дунё таржимашунослари эътироф этишларича, чинакам таржимага эришиш учун мутаржимдан 3 та нарса талаб қилинади: аслият тилини мукаммал билиш, таржима тилини яхши эгаллаган бўлиш ҳамда аслиятда акс эттирилган воқеъликдан яхшигина хабардорлик. Навоий шеъриятини олмон тилига ўгириш учун олмон шарқшунос ва таржимонларининг ўзбек тилини билишларига шубҳа қилмасак бўлади. Шунингдек, таржима тили уларнинг она тили ҳисобланади. Муаммо фақат учинчисида. Яъни, аслиятда Навоий нима демоқчи бўлган? Ана шу жиҳатни тушунишда тўсиқлар кўп­лигидир. Бир сўз билан айтганда, аввало, Ғарбда Шарқ шеъриятини бадиий қайта яратиш анъанасининг шаклланмаганлиги бўлса, ундан кейингиси олмон тили имкониятларининг аслиятни қайта гавдалантиришга ожизлиги, десак ҳам хато бўлмайди.

Шу боис, Навоий ғазалларини олмон тилига насрий таржима қилиш энг тўғри йўл ҳисобланади. Ҳамонки, юқорида биз таъкидлаб ўтган ҳақиқий таржима бўлишнинг учинчи муаммосини ижобий ҳал қилишга олмон туркшунослари қурби етмаган экан, бунга ўзбек таржимонларининг бел боғлашларидан бошқа йўл кўринмайди. Бундай жасоратга етук таржимон, олмон тилида ўз она тилидек ҳам сўзлаб, ҳам ёза оладиган истеъдод соҳиби, профессор Хуррам Раҳимнинг жазм этганлиги жуда тўғри иш бўлган. Табиийки, Шарқ мумтоз адабиётининг олий намунаси бўлмиш Навоий ғазалларини таржима қилишдан аввал амалий тажрибадан ташқари руҳий тайёргарлик ҳам бўлиши лозим. Шу сабабдан Ғарб андазасига муқобил бўлиши кутилган ушбу таржималарни бошлашдан олдин ўзбекистонлик таржимон мавлоно Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Умар Ҳайём каби шарқ шоирларидан қилинган олмонча таржималарни, қолаверса, Фридрих Рюккерт, Август фон Платен, Теодор Шторм, Готт­фрийд Келлер, Детлев фон Лилийнкрон каби олмонзабон ғазалнавис шоирлар ижодини ўрганиб чиқди. Таржимада ғазалларнинг мазмуни, шакли ва бошқа жанр хусусиятларини сақлашга баҳоли- қуд­рат ҳаракат қилинди.

Таржимон ва олим Хуррам Раҳимнинг таъкидлашича, Навоий асарларининг 10 жилдлик антологияси, тўрт жилдлик Навоий асарлари изоҳли луғати, ўзбек мумтоз адабиёт луғати, ўзбек тилининг беш жилдли изоҳли луғати ва бошқа бир қанча манбаларни, жумладан, шу ғазалларнинг адабиётшунос олимлар Азиз Қаюмов, Алибек Рустамов, Нажмиддин Комилов, Ваҳоб Раҳмонов, Иброҳим Ҳаққулов, Нусратилла Жумахўжа, Боқижон Тўхлиев, Каромат Муллахўжаева, Зигрид Клайнмихель, шоира Шарифа Салимова тайёрлаган насрий баёнлар ва мақолаларни ўрганса-да, Ҳазрат Навоий лисоний услубиёти ва руҳоний салоҳиятини дафъатан англай ололмаган ҳолатлари кўп бўлган. Буларнинг барчасига вақт ва илмий-ижодий меҳнат талаб қилинади. Беш йиллик машаққатли уриниш натижаси бўй кўрсата бошлади. Таржима бўлишнинг биринчи ва иккинчи шартлари нечоғли тўғри амалга оширилганлигини билиш учун олмон тили соҳиб­лари ва бошқа ўзбек таржимонларига мурожаат қилинди.

Жумладан, Олмониянинг Ҳумбольдт номидаги Берлин университети навоийшунос олимаси Зигрид Клайнмихель хоним, олмониялик фольклоршунос олима ва шоира — Низомий номидаги ТДПУ фахрий доктори Габ­риеле Келлер хоним, ўзбек олимлари — навоийшунос олима — филология фанлари номзоди Ровияжон Абдуллаева, Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети профессори марҳум Шавкат Каримов, қолаверса, Отабой Жуманиёзов, Зоҳиджон Содиқов, Шуҳратхон Имяминова, Гулруҳ Раҳимова, Одилжон Сафаров, Мирзали Акбаров каби тажрибали ва таниқли олимлар ҳамда таржимону таржимашунослар эътиборига ҳавола қилиниб, улардан олинган тақриз ва тавсиялар асосида Навоий ғазаллари таржимаси ва таҳрири устида изланиш­лар бўлди. Натижада, Навоий ўз ғазалларининг олмон тилидаги таржималари билан Гёте юрти бўлмиш узоқ Олмо­нияни забт эта олди. Алишер Навоий таваллуд кунининг 580 йиллиги арафасида Олмониядан хушхабар келди. Берлин шаҳридаги нашриётда ғазал мулки султони Навоий бобомизнинг 100 та ғазали олмон тилида Meine Schwarzäugige номи билан чоп этилибди. Юқорида таъкидланганидек, ғазални шеърий йўсинда ҳозирги замон олмон адабий тилига ўгириш қанчалик мушкуллигини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Айниқса бу ғазалларни она тилидан олмон тилига амалга ошганини ҳисобга олсак, ўзбек таржимонининг журъатини баҳолашга сўз ожиз. Биргина “Не наво соз айлагай” деб бошланувчи ғазални олайлик. Унинг номидаёқ олмонлар тушуниши қийин бўлган бир қатор сўфиёна сўз ва ибораларнинг таржимасидаги қийинчиликлар мавжудки, буни фақат ўзи ўзбекча-олмонча таржима билан шуғулланадиган мутаржимлар аниқроқ тасаввур қилиш­лари мумкин. Агар сўзма-сўз олмон тилига ўгириладиган бўлса, бу мисрадан Wie das Musikinstrumente musiziert eine Musik? (Мусиқа асбобидан қандай қилиб куй чалинади) деган маъно келиб чиқади. Мутаржим Хуррам Раҳим наздида Навоий муддаоси турганлиги табиий. Шу боис у ўз ишига ижодий ёндашиб, “Wie kann die Nachtigall singen?” (Булбул қандайин хониш қилади?) тарзида гўзал тасвир яратади. Чунки, булбул образи айнан Навоийга хос ва унингчалик тасвир ҳануз бошқа бир шоирга насиб этмаганлиги ҳам ҳақиқат.

 

ТАРЖИМАДАН ИЛҲОМЛАНГАН олмон РАССОМИ

Алишер Навойининг олмон тилида чоп этилаётган китобига мусаввир Крис­тина Олмер хоним чизган “Wie der Nachtigal die Liebeslieder gehören?” (Булбулга муҳаббат куйи қандай насиб этди?) номли буюк шоиримиз портрети ҳам киритилган. Бир қараганда, олмон рассоми яратган Навоий биздаги анъанавийларига ўхшамайди. Аслида рассомлик ҳам бадиий таржима каби санъат. Олмон рассоми Кристина мазкур санъат асарининг яратилиш тарихини қуйидагича изоҳлайди: “2020 йилнинг декабрь ойида Алишер Навоий ғазалларини олмон тилида чоп этиш ишларига катта ҳисса қўшган фрайбурглик олима, доктор Габриелла Келлер хоним менга Навоий ғазаллари олмон тилидаги нашрига сурат чизиб беришимни илтимос қилди. Мен Ўзбекистонда 2003 йилда бўлиб, бир дунё таассуротлар билан қайтганман. Навоий сиймосини яратишимда каминанинг Ўзбекистонга, хусусан, Самарқандга қилган саёҳатим давомида олган таассуротларим муҳим ўрин эгаллади. Бундан ташқари, Навоий ғазалларининг олмонча таржимаси ҳам катта туртки берди. Мен Навоий яратган сатрларни ўқир эканман, унинг сиймосида бир вақтнинг ўзида буюк гуманист шоир, мусиқачи, меъмор, файласуф ҳамда донишманд сўфий шахсини кўрдим ва ана шу жиҳатларни унинг суратида акс эттиришга интилдим. Камина бошқа ҳамкасбларим каби таъсирчан, визуал (яққол кўрсатадиган) рассомлар сирасига кираман. Менинг мақсадимда Навоий каби буюк сиймолар макон ва замон танламайди. Чунки улар абадиятга дахлдор.”

 

АДАБИЙ АНЪАНА ДАВОМ ЭТАДИ

Ўрта асрлардаёқ Алишер Навойининг “Сабъаи сайёр” достони турли тиллар, адабиётлар ва сайёр сюжетлар воситасида олмон диёрига кириб борган бўлса, олмон тилли шарқшунос Ҳерман Вамбери, Мартин Ҳартманлар XIX асрдаги тадқиқот ва таржималари билан Навоий ижоди олмон тилли мамлакатларда янада мустаҳкамроқ ўрин эгаллади. XX асрга келиб олмон адабиётшуноси Алфред Курелла эса илк бор “Фарҳод ва Ширин”дан бир фаслни ватандошларига таништирди. Мазкур анъанани Ўзбекистонда олмон тили муаллими Йўлдош Парда Алишер Навоийнинг 20 та ғазали ва бир қанча рубоийларини, бугунга келиб эса забардаст ўзбек таржимони Хуррам Раҳимов зўр иштиёқ ила давом эттириб, Ҳазрат Навоийнинг юзга яқин ғазалларини немис тилига ўгирганлиги таҳсинга лойиқ. Ўзи олмон тилида шеърлар ёзиб юрадиган ва бу шеърларини Олмонияда чоп эттирган Хуррам Раҳимнинг таржималарида ғазалларнинг мазмуни ва маъноларигина эмас, айни бир пайтда ғазал жанрига оид хусусиятлар немис тилида имкон қадар сақлаб қолинган. Демак, олмон-ўзбек ва ўзбек-олмон адабий алоқаларига кўп­рик бўлиб келаётган таржимачиликка яна бир мустаҳкам ғишт қўйилди. Бугунги кунда Навоий ғазалларини олмон тилига ўгирган таржимон энди Навоийнинг шоҳ асари—“Хамса”нинг нас­рий вариантини ҳам таржима қилишга киришган. Ушбу машаққатли ишда унга омад тилаган ҳолда ушбу эзгу ва мўътабар ишнинг бардавом бўлишини истаб қоламиз.

Зоҳиджон СОДИҚОВ,

филология фанлари доктори,

Наманган давлат университети

кафедра мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

1 thought on “Навоий олмонларни ҳам лол этмоқда

  1. Узбек таржимачилиги ватанимизни дунёга танитмокда. Бутун дунё ахли узбекларнинг хар томонлама махоратига тан беришмокда. Албатта, биз буюк мутафаккир олимлар авлодимиз. Тасанно, Устоз Хуррам Рахим! Ушбу муваффаккият билан табриклайман!

Guzalga fikr bildirish Javobni bekor qilish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 7 =