Янги уй эгаларига топширилди

Навоий шаҳрининг “Кимёгар” маҳалласида “Zarafshan Golden group” компанияси томонидан бунёд этилган 100 хонадонли, 7 қаватли замонавий турар-жой мажмуаси фойдаланишга топширилди.

 

Тантанали тадбирда Навоий шаҳар ҳокими М.Базаров сўз олиб, бу каби янги уйлар шаҳар кўркига-кўрк қўшиш баробарида, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳам хизмат қилаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида компания томонидан Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга 10 та микротўлқинли печ, 2 та ногиронлик аравачаси ва компанияда ишлаб, боқувчисини йўқотган 10 нафар оилага амалий кўмак кўрсатилди.

25 йилдан ортиқ тарихий фаолиятга эга бўлган “Zarafshan Golden group” компанияси турли йўналишларда фаолият юритадиган кўп тармоқли бирлашмалар сирасига киради. Компания таркибида 20 дан ортиқ корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 2000 га яқин ишчи-ходимлар меҳнат қилишмоқда.

Компания томонидан 2019 йилда 500, 2020 йилда эса жами 800 оилага мўлжалланган турар-жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса 650 та хонадондан иборат турар-жой бинолари фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

* * *

Яна бир хушхабар вилоятнинг энг олис ҳудудларидан бири — Томди туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

 

Томди туманининг Янги мавзесида жойлашган ушбу замонавий бинода аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Давлат хизматлари маркази, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Томди тумани Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамда туман Адлия бўлими ва туман ФҲДЁ бўлими ҳам жойлашган.

Бинонинг очилиш маросимида иштирок этган давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари, бир сўз билан айтганда, бу янги бино ҳудудда тадбиркорликнинг янада ривож топиши, аҳолининг қулай давлат хизматларидан фойдаланиши учун муҳим ўрин тутишини таъкидлашди.

Яна бир муҳим жиҳати, ушбу бино энг замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланган.

Отабек АСЛОНОВ.

Навоий вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + twelve =