Олис-яқин ўзлик жилвалари
“Ҳазрат Алишер Навоийнинг қўлингиздаги ушбу икки муҳташам асари таржима қилинмади, бир тилдан бошқа тилга ағдарилмади. Табдил ҳам қилинмади, яъни бир сўз ўрнига бошқа сўз қўйиб чиқилмади. Асарлар баёни ҳам эмас. Биздан узоқлашган отамизга юзимизни ўгирдик”, деб бошланади Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Маҳбубул-қулуб” ва “Муҳокаматул-луғатайн” асарлари ўгирмаси нашрининг сўзбошиси. Хайрли бу ишнинг ижрочиси – адиб Баҳодир Қобулдир.
Баҳодир Қобулни таърифлашга ҳожат йўқ: унутилаёзган туркий руҳиятни унинг асарларидан топса бўлади. У шундай руҳиятки, инсонлардан ташқари, оғочларга, сувларга, ўр-қирларга, жилғаларга, кўчаларга, ой ёруғида пайдо бўлган тоғ соясига, катта-кичик, паст-баланд қишлоқларга-ю улар бағридаги суронлардан дарак берувчи номларига ҳам бирдай меҳр-муҳаббат, маҳлиёлик билан боқадиган, ўхшашсиз бир ўзликка эга. У ўзликка ҳар ким ошно бўла олмаслиги ҳам бор гап: чунки ошнолик дунёқарашларнинг даражаси, ўхшашлигидан туғилади.
Ушбу муаззам китоб мутолаасига киришишдан аввал хаёлга Баҳодир Қобулнинг “Тошбитиклар оҳангида” туркуми келди.
“Манглай битиги”ни ўқиймиз:
Тонглари қуёшли, пешона терли,
Турк Алп Эр баҳодир…
…Бумин хоқон,
…Истами… Элтариш…
…Билга… Кул тигин…
…Усмон… Боязид…
…Соҳибқирон Темур…
… Улуғбек султон…
… Бобур баҳодур…
Тўқсон авлоди етишган ирқ,
Кундуз ухламас, кеча ухламас,
қизил қонин тугатиб,
қора терин югуртиб,
қўнғир қўйи,
оқ отини катта қилади…
Хоқон оталар карами ва ғазаби кўнгилдагидай…
Бу яхши…
Шу бир неча сатр хаёлни нақ икки минг йил олисга олиб учади.
“Манглай битиги”дейилгани заҳоти хаёлга “Манглайимга битилгани шу экан” деган халқона, кўҳна матал келади ва шунинг ўзи ҳам етарли бўлади. “Кундуз ухламас, кеча ухламас…” – бу Билга Хоқонсўзига ишора. “Турк будун учун тун ухламадим, кундуз ўтирмадим. Иним Кул Тигин бирла, икки шад бирла ўлиб-йитиб қозондим…” дейди Билга Хоқон. Оқ от хоқон рамзидир. “Бизким, малики Турон (Турон давлати эгаси), амири Туркистонмиз. Бизким, Турк ўғли туркмиз, миллатларнинг энг қадимгиси ва улуғи Туркнинг бош бўғинимиз”, дейди Амир Темур. “Бу яхши …” ифодаси эса яна бир кўҳна мерос — “Ирқ битиги”нинг асос калит сўзларидан бири. Элимизнинг боласига “Бу яхши”, “Бу ёмон” деб ҳозиргача сақланиб қолган, берадиган минг-минг йиллик тарбияси тарзи. Бу тарбия тутуми, оқими қаердан оқиб келаётганни ўзи билиб-билмай бераётган бўлсаям.
Шугина шеър шунча таассурот ҳосил қилди!
“Кафт битиги” ҳам кутилмаган мазмунлар пайдо қилади. Кафтимиздаги чизиқларни умр башорати дейдиганлар бор:
Қадимий ёруғликни танидингми?
Қиличдай кескир, қаламдай содиқ,
Бир вақтлар илкингда бўлган
Эски жўрангни?
Хаёлингга қўндими…
Жон болам, ўзингни алдама,
Бу – ёмон…
“Юкунч битиги”, “Кўр битик” “Қорашом битиги”, “Беклик битиги”, “Шараф битиги”, “Сарғарган битик”, “Танглай битиги”, “Қуроқ битик”, “Чақмоқ битиги”, “Илтижо битиги”, “Кун битиги”, “Сув битиги”, “Нур ва соя битиги”, “Тўғрисўз битиги” ва бошқалар мана шундай дарду изтироблардан сўзлайди! Битикларнинг отиёқ сизни ўзингиздан узоқлашган хаёлингизга юзма-юз қилади.
Бу — жуда олис тарих. Жангжулар қишлоқни ёппа талашди. Чопқинда бир бўғоз хотингина қутулиб қолди. У ўрмонга қочиб, бир бўри инини топди. Инга кириб, кўзи ёриди. Кўкёл она бўри инига қайтганида, тўртта бўривачча ёнига бешинчи — инсон боласи қўшилиб қолган эди. Кўкёл Она бўри гўдакни емади, сабаби, унда сут иси бор эди. Одам боласини ўз болаларига қўшиб эмизаверди. Довюрак баҳодир Ашина шундай улғайди… Ашина қадим тилимизда Бўри демак! Қорашина –Каттабўри, Отабўри.
Бир хаёлда, бугун Мўғулистон аймоқларида кўкка бўй чўзган битиклар жуда олисдай, бизга алоқаси йўқдай, сулолаларнинг қай бир ҳалқасида чатишиб-чатишмагани номаълум ўзга элатлар тақдиридан ҳикоя қилаётгандай туюлса-да, у улусларнинг ота юрти, олтин бешиги — бизнинг Ватанимиз, буюк соҳибқирон Амир Темур айтганидек, миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи Туркнинг бош бўғини бўлмиш кишилар макон тутган, оталар қонидан ҳансираб ётган қутлуғ тупроқлардир.
Баҳодир Қобул шулардан ҳикоя қилади. Сен ҳазилакам халқ эмассан, жуда улуғ, тўғри, тўғри сўз, тарбияли, ахлоқли миллатсан, дейди. “Титра! Ўзингга қайт!” дейди.
Сизни отингиз… бек…
Ўкинмадингиз, кўрмадингиз, бутламадингиз…
Сизнинг баҳодирлик исмингиз – Ўз.
Кишанланган фикр,
Қўрқитилган хаёл,
Қулф урилган оғиз,
Тилкаланган тил,
Чўғи олинган кўз мунғаяр.
Дайди ел ин қўйган бош чаноқлар уввосин…
“Сизнинг отингиз – бек, баҳодирлик исмингиз – Ўз…”, “Ўкинмадингиз, кўрмадингиз, бутламадингиз…” — булар ҳам Ўрхун-Энасой мангу тошларидаги битиклар, хабарлардир.
Баҳодир Қобулнинг ушбу туркуми ҳақида анча сўзласа бўлади. Гап шундаки, Баҳодир Қобул олис тарих воқеаларига назар солиб, у ерларда яширинган асл, тоза сўзларимизни илғаб, топиб, бугунги тилимиздаги ўхшашларига таққослаб, шеър узугига заргарона кўз қўйгани таҳсинга сазовор. Қадим бу битик тури, неча минг йиллик битигимиз жанри, турку дейилади. Қадим мақолимизда айтилганидек: “Турку айтсанг турланма!”. Турку эса элимиз отидан келиб чиққан ва “тўғри сўз айтмоқ” деганидир.
Фақат ва фақат Амир Алишер Навоийнинг, сўз мулкининг султонигина ёзишга маънавий, тугал, сўзсиз ҳуқуқи бўлган ушбу улуғвор икки асарларига қўл урилганининг сабаби ҳам шунда: у муҳтарам зот қўллаган сержило мазмунларни бугунги тилга ўз сўзларимиз билан ўгиришдай хайрли ниятдир.
Англаб, сезиб, кўриб турганингиздек, адиб билан бирга хунлар, яғмолар, чигиллар, қипчоқлар, қарлуқлар, ўғузлар довруқ солган замонлардан минг йил берига — ҳазрат Алишер Навоий замонасига келмоқдамиз.
Қанийди, бугунимиз кишиси ҳазрат Алишер Навоийнинг юксак санъатга йўғрилган, пок эътиқод ва чўнг тафаккур ҳосиласи бўлмиш асарларини ўқиб, тугал англай олсайди! Бу иш деярли имконсиз, чунки орадан яна беш юз йилдан зиёд вақт ўтди, адиб айтмоқчи, у даврлардан, шу билан бирга, тилдан ҳам шитоб-ла олислашиб кетдик.
Мисол учун, “Маҳбубул-қулуб”да ҳазрат Алишер Навоий ёзади:
“Аммо баъд: фуқаронинг гадойи ва ғароиб мастураларининг чеҳракушони ал-фақир ул-ҳақир Алишер ал-мулаққаб бин-Навоий (ғоффаро зунубиҳи ва сатторо айюбиҳи) мундоқ арз қилур ва адосин ўзига фарз билурким, бу хоксори паришон рўзгор шабоб авонининг бидоятидин куҳулат замонининг ниҳоятиғача даврон воқеотидин ва сипеҳри гардон ҳодисотидин ва даҳри фитнангиз буқаламунлуғидин ва замонаи рангомиз гуногунлиғидин муддати мадид ва аҳди баид ҳар навъ шиқ ва суратда ақдом урдум ва ҳар тавр сулук ва кисватда югурдум ва ўзумни яхши-ямон хизмат ва суҳбатиға еткурдим. Гоҳ мазаллат ва ано вайронида шеван кўргуздум ва гоҳ иззат ғино бўстонида анжуман туздум”.
Оҳанг оқимини кўринг, сўзлар тартиб билан, узукка кўз қўйгандек ўрнашганини ва саф тортганини кўринг, ҳар ер-ҳар ерида маъни гирдобчасини кўринг, ҳар сўз теварагидаги жилвасини кўринг, ҳар жумла ичида мавж ҳосил қилаётган ички қофиясини кўринг! Бироқ бу сўзларнинг анча-мунчаси тушунарсиз ва шу сабабли ҳам, Баҳодир Қобул айни шу руҳни, ўзи айтмоқчи, отаруҳни сақлаб қолган ҳолда, уни бугунги жонли тилимиздаги сўзларимиз билан ифодалашни, Ҳазрат хаёлини бир қадар бўлса-да, тушунишга хизмат қилишни лозим кўрибди.
Баҳодир Қобул бу асарни “Кўнгилларнинг севиклилиги” деб ўгирган:
“Аммо баъд: халқ муҳтожларининг гадойи ва ғаройиб, қизиқ, кам топиладиган, пардаланган, беркитилган, яширинганларнинг юзини очувчиси, юзочари ал-фақир-бечора ул-ҳақир-қадрсиз Алишер Навоий ал-мулаққаб бин Навоий (мағфират қилувчи ва қабоҳатларни пардаловчи бўлган зот унинг гуноҳларидан кечиб, айбларини беркитсин), мундоқ арз қилурким ва адосин ўзига фарз билурким, бу аянчли, оёқости этилган, хаёли ҳар томон сочилган ёшлик йилларининг бошланишидан ўрта ёш замонининг охиригача тириклик даврон воқеаларидан ва айланувчи осмон ҳодисаларидан ва дунёнинг ўзига тортувчи, фитна қўзғовчи оғмачилигидан ва рангларни бўлғувчи замоннинг хилма-хиллигидан узоқ вақт ва аҳди йироқ ҳар нав бўлак жумбоқ ва суратда қадам урдум ва ҳар турли юриш-турушли, хулқ, муомала ва ташвишда югурдим ва ўзимни яхши-ямон хизмат ва суҳбатига еткурдим. Гоҳ ҳақорат ва машаққат вайронасида, харобасида бўкириб йиғладим ва гоҳ бойлар бўстонида иззат кўриб, анжуман туздим”.
Буни ўқиб, сўзларнинг мазмунини англаб етган киши яна асл матнга қайтиб, такрор ўқиса, ҳазрат Навоий битикларининг латофати ва назокатидан кўпроқ баҳраманд бўла олади.
“Бу навъ асҳоб ва аҳбобға интибоҳ қилмоқ ва аларни бу навъ ҳолатдин огоҳ қилмоқ вожиб кўрундики, ҳар тоифа хисолидин вуқуфлари ва ҳар табақа аҳволидин шуурлари бўлганки, муносиб эл хизматиға шитоб қилғайлар ва номуносиб эл суҳбатидин ижтиноб вожиб билгайлар ва бори эл била махфий розларин сўзлашгайлар ва шаётин ва инс макру фирибдин бозий емагайлар. Ва ҳар навъ эл суҳбат ва хусусиятики, аларга ҳавас бўлғай, бу фақирнинг тажрибаси аларға бас бўлғай”.
Яъни:
“Бу нав суҳбатдошлар ва дўстларни уйғотишва уларни бу нав ҳолатдан огоҳ қилмоқ шарт иш кўринди, Худо буюрган вожиб кўриндики, ҳар тоифа хислатларидан, яхши-ямон қилиқларидан хабардорликлари ва ҳартабақа аҳволидан англашлари, фаҳмлашларига ёрдам бўлгайки, муносиб эл хизматига шошилгайлар ва номуносиб эл суҳбатидан ўзларини четга тортишни вожиб билгайлар ва бори — эл билан, ҳамма, кўринган билан махфий, яширин сирларни сўз демагайлар, сўзлашмагайлар шайтонлар ва инсонлар ҳийла-алдовлари, макру фирибларидан лақиллаб қолмагайлар, лаққа тушиш ўйинин ютқизиғин емагайлар. Ва ҳар нав эл суҳбат ва хусусиятики, ўқиб уларга ҳавас бўлгай, бу фақирнинг тажрибаси аларга бас, етарли бўлгай…”
“Маҳбубул-қулуб” асарида Алишер Навоийнинг 127 танбеҳи келтирилган. “Танбеҳ” сўзининг маъноси бугунги тилимизда “дакки”га яқинлашган, Навоий матнида эса у ўз мазмунида –“Уйғон! Кўзингни оч! Ўрнингдан тур” демакдир. Ушбу танбеҳ не сабабдан ёзилганини у зоти шариф ўз асарининг муқаддимасида келтириб ўтган.
“Муҳокаматул-луғатайн”да Алишер Навоий она тилимиз ҳақида ёзади:
“Аммо чун шуур синниға қадам қўюлди, чун Ҳақ субҳонаҳу ва таоло табъға ғаробат сари майлни зотий ва диққат ва душворписандлиққа шуруъни жибиллий қилиб эрди, турк алфозиға доғи мулоҳазани лозим кўрулди — оламе назарға келди, ўн саккиз минг оламдин ортуқ; анда зеб ва зийнат сипеҳри табъға малум бўлди, тўққуз фалакдин ортуқ; анда фазл ва рифъат махзани учради, дурлари кавокиб гавҳарларидин рахшандароқ ва гулшани йўлуқти, гуллари сипеҳр ахтаридин дурахшандароқ; ҳарими атрофи эл аёғи етмакдин масун ва ажноси ғаройиби ғайр илги тегмакдин маъмун. Аммо махзанининг йилони хунхор ва гулшанининг тикани беҳад ва шудгор. Хаёлға келдиким, ҳамоноки, бу йилонлар неши наштаридин табъ аҳли хирадмандлари бу махзандин баҳра топмай ўтуптурлар. Ва кўнгулга андақ эврулдиким, гўё бу тиканлар сарзаниши зараридин назм хайли гулдаста бандлари бу гулшандин базм тузгуча гул иликлай олмай йўл тутуптурлар.
Чун бу тариқда ҳиммат олий эрди ва табъ бебок ва лоуболий, ўтарга қўймади ва тамошосидин тўймади. Ул олам фазосида табъ сипоҳи турктозлиғлар тузди, ва ул сипеҳр ҳавосида хаёл қуши баланд парвозлиғлар кўргузди ва ул ганж жавоҳиридин замир сайрафиси ниҳоятсиз қийматлиғ лаъл ва дурри самин олди. Ва ул гулшан раёҳинидин кўнгул гул чини ҳад ва ғоятсиз накҳатлиғ гул ва ёсман қўйниға солди…”
Баҳодир Қобулда:
“Аммо кейинроқ, тушуниш, англаш ёшига қадам қўйилиши билан, қадам қўйилгач, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло асл таъбимга ғаробот сари майли хоҳишни – табиий, аслий ва диққат ва қийин-оғирчиликни писанд қилмасликни, мушкулликларни кўришни туғма қилиб эрди. Турк тилига хизмат қилишга яна мулоҳазани — қаттиқ ўйлаб кўриш лозим кўрилди — оламлар кўз олдимга келди, ўн саккиз минг оламдин ортуқ, анда фазлу юксаклик, баланд мартабалик ва хазина учради, дурлари юлдузлар гавҳарларидан порлоқроқ; ва бир гулшан, чамандурки гуллари осмон юлдузидан ялтироқроқ ва дур сочувчироқ; боғу ҳовлиси атрофи эл аёғи (оёғи) етмоқдан, етишидан асралган ва гулларнинг турлари, жилолари бегона, ўзга, ғайр илиги, қўли тегишидан омонда, ҳимоя этилган. Аммо бу хазинанинг йилони, илони қоничар ва гулшани тиканинингсаноғи беҳисоб, беҳад. Хаёлга келдиким, хазинаки–шундайки, бу йилонлар тили заҳридан таъб аҳли – ижод аҳли донолари, ақллилари бу хазинадан баҳра топмай, кўнгли тўлмай, кўнгилларни тўлдиролмай ўтуптурлар ва кўнгулга андоқ эврулурким, кўнгилга шундай азоблар берурким, келурким, гўё бу тиканлар койиши, танбеҳи, ҳақорати, сазо бериш заҳридан назм тўдасининг гулдаста боғловчилари бу гулшандин базм тузгуча гул иликлай олмай, қўлга гул ушлай ололмай йўл тутубдурлар, ўтиб кетибдурлар.
Чунки ҳиммат бу тариқа олий эрди ва таъб – кўнгил бебок – ботир, қўрқмас, баҳодир ва бепарво, индамай, жимгина ўтарга (ўтиришга) қўймайди ва ўтар дунё томошасидан тўймайди. Ул олам очиқ майдонида таъб отлиғи турктозлиғлар тузди ва ул осмон ҳавосида хаёл қуши билан парвозлиғлар кўргузди ва ул хазина жавоҳиридан кўнгил пул майдаловчиси ниҳоятсиз қимматлиғ лаъл ва қимматбаҳо дурлар олди. Ва ул гулшан райҳонларидин кўнгил отлиғ гул терувчи чек-чегарасиз яхши ҳидлик гул ва ёсуман (гунафша) қўйнига солди…”
Баҳодир Қобул ўгирмасида Навоий мисол тариқасида фахрлана-фахрлана келтирган (100 та феъл) сўзларнинг бугунги кундаги асл маънолари шарҳланади, уларнинг йўқолиб кетмаганлиги таъкидланади:
“…Невчунки, турк алфози возии асру кўп вақтда муболаға изҳори қилиб, жузвий мафҳумот учун алфоз вазъ қилибдурки, соҳиб вуқуф киши то зоҳир қилмас, инонса ҳам бўлмас.”
Баҳодир Қобул ўгирмасида:
“Нечунким, турк сўзларининг тузувчиси асру кўп вақтда муболаға изҳор қилиб, андаккина англашилган маънолар учун сўзлар ваъз қилибдурки, билувчи киши то айтган гапини аниқ-равшан қилмаса, ишониб ҳам бўлмас.”
* * *
— Ҳар бир ишнинг амалга ошиш вақти-соати бўлишини, одам зоти қанчалик истасин-истамасин буюрилган кунида юзага чиқишининг неча марталаб гувоҳи бўлганмиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу икки муҳташам асари – “Маҳбуб ул-қулуб” ва “Муҳокамат ул-луғатайин” таржима қилинмади, бир тилдан бошқа тилга ағдарилмади. Табдил ҳам қилинмади, яъни бир сўз ўрнига бошқа сўз қўйиб чиқилмади. Асарлар баёни ҳам эмас. Биздан узоқлашган отамизга юзимизни ўгирдик, бегоналашган тилимизга кўнглимизни ўгирдик. Ҳазратнинг ҳар бир сўзи тугул ҳар бир ҳарфи, товушини асрашга ҳаракат қилдик. Ҳазрат битиклари билан бегонадай эмас, балки ота-бола, катта ота ва невара гаплашгандай ўқишни неча бир авлод орзу қилиб ўтди. Ушбу асарлар биринчи марта тўлиқ ҳолда ҳозирги жонли тилимизга ўгирилди. Бу сўзсиз, юрт Мустақиллигининг, тил Мустақиллигининг кўркам кўринишидир.
Ушбу жавоҳир буюк шоир ва миллат фахри Алишер Навоийнинг 580 йиллик тўйига муносиб совға бўлишига ҳамда Президентимиз таъкидлаганидай, улуғ бобомизнинг кўнглини халқимизга янада яқинлаштиришга, бу қадрли меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантиришга хизмат қилади, деган умиддамиз — дейди нашрга тайёрлаб ўгирувчи адиб Баҳодир Қобул.
* * *
Аслида, адиб қадимги туркий тарих сари — бугун ўзбек деган ном бирлаштириб турган қадимги турк улуслари ила юзма-юз бўлмоқ сари йўлга чиққандай,бош бўғин улуснинг қаҳрамонликларига, ўлмас руҳиятига назар солиш учун бораётиб, бу йўл узра қуёшдек нур сочиб турган Алишер Навоий сиймоси қошида унга шу тарз эҳтиром билдириб, йўлида давом этгандай, гўё.
“Тошбитиклар оҳангида” туркумини шу мақсадда мисол қилиб келтирдик. Ўзлигимиз, ўз сўзларимиз ва улар бағридаги оламжаҳон воқеа-ҳодисалар жилвалари маҳлиё қилар экан, бу азим сафарда то ҳазрат Навоий таъкидлаб ўтган, ота дуосига мушарраф бўлган ҳамда наслидан пайғамбарлар чиқиши башорат қилинган ҳазрати Ёфас Абут Турк замонаси сўзларига қадар етиб боришига тилакдошмиз, албатта.
Исажон Султон.