Фаолият одами

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқуловнинг

Боёвутда барпо этган “Жонон боғи” ва ўзига хос ижодига чизгилар

 

Алиқул Хонимқуловни юртдошларимиз моҳир журналист ва публицист сифатида яхши танийди. У узоқ йиллар “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири сифатида самарали фаолият юритиб, қатор танқидий-таҳлилий мақолалари, очерклари, ўқишли эсселари билан муштарийлар тилига тушган.

Таниқли журналист нафақага чиққач, унда “иккинчи нафас” очилди, десак муболаға бўлмайди. Учта китоби дунё юзини кўрди. Боз устига, тадбиркорликда ҳам устаси фаранг эканлигини исботлади. Боғдорчилик ва ғаллачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигини моҳирона бошқариб, аҳоли дас­турхонини ширин-шакар мевалар билан тўлдирмоқда. Бир сўз билан айтганда, у фаолият одами эканлигини исботлади.

Ҳамал қуёши беозоргина нур сочади. Биз тушган “Нексия” дала йўлининг танобини тортиб олға интилади. Кечагина ёғиб ўтган ёмғир ўт-ўлан, ям-­яшил буғдойзорлардаги дуркун майсаларнинг баргларидаги гард-ғуборни ювиб юборибди. Машинамиз туп­роқ йўлдан секинлаб, ўнгга бурилди. Бир чақиримча йироқда қорайиб бир боғ кўринди.

— Қаршимиздаги мана шу боғ Алиқулнинг боғи, — дейди ҳамроҳим, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлимининг раиси Бойжигит Абдуллаев. — Ҳозир кўрасиз. Боғмисан боғ қилганда, ўзиям.

Боғ ёнидаги дала йўлида деҳқонча кийинган Алиқул Хонимқулов характерига хос дангалча сўзамоллик билан кутиб олди. Узоқ йиллар вилоят ва республика газеталарида самарали фаолият олиб борган, беназир иқтидори боис Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонига мушарраф бўлган биродаримиз соҳибкорликни ҳам қойиллатаётгани шундоқ хатти-ҳаракатидан сезилиб турарди.

— Мана, менинг олмазор боғим, — дея 10 гектарлик боққа бошлади Алиқул. — Бу ерда 900 тупга яқин голден, симиренко ва оқ жаноқи навли олмалар ўстирганман. “Голден”нинг ўзбекча маъноси “тилла” дегани. Ўзиям пишиб етилганда нақ тилладек товланади-да. Мевасини айтмайсизми, ниҳоятда ширин бўлади. Хушбўй. Таъми оғизда қолади. “Симиренко” кечпишар олма. Қишда сақлашга бопда.

Олмазор қийғос гулга кирган палла экан. Боғ ташкил бўлган пайтда экилган беда анча сий­раклашиб қолибди. Бедазор орасидан бодраб чиққан қоқигуллар офтоб нурларига менгзаб кетадиган сап-сариқ чеҳраларини кўз-кўз қилади. “Чуқурроқ нафас олинг­лар. Нимани сезаяпсизлар?” — дейди Алиқул. “Ҳа, бу жойда ҳаво енгил. Ўт-ўлан, дов-дарахтдан таралаётган ифордан симириб маза қиласан, киши”.

А.Хонимқулов гўё ҳаваскор боғбонларга дарс ўтаётган миришкордек сўзида давом этади: “Олмаларга шакл беришда гап кўп. Дарахтни косасимон қилиб ўстирсангиз, бағридан ҳур-ҳур шамоллар ўтиб туради. Дорилаш осон кўчади. Ҳосили шиғил бўлади”. Ундан боғдорчилик ҳақида нима сўрамайлик, жавоби тайёр. Суҳбатимиз дарахтларни пайвандлаш ҳақида кетди. Искана ва куртак пайванд ҳақида бизга чорак соат лекция ўқиди. Ҳатто амалий томондан кўрсатиб ҳам берди. А.Хонимқуловнинг феъли шунақа: бир ишга киришдими, қўйтикандек қаттиқ ёпишади, тагига етмай қўймайди.

— Боғимни Шукур аканинг номи билан атамоқчиман, — дейди Хонимқулов. — Холмирзаевни биласизлар, халқ ёзувчиси! Адабиётимиз учун ул зотдай содиқ хизмат қилган ёзувчилар камдан-кам топилади. Бироқ ҳаётда рўшнолик кўрмади. Энди азиз бўлади. Кўрасиз. Қизи Сайёрахонга раҳмат! Адиб адабий меросини кўз қорачиғидек сақлаб жилд-жилд китобларини чиқармоқда. Ниятим — Ўзбекис­тоннинг таниқли адиблари ва Шукур аканинг зурриёдларини чорлаб, боғим билан таништириш.

Шу жойда гап адиблару шоирлар атрофида айланиб қолди.

— Сирдарёдан иккита буюк сўз устаси етишиб чиққан. Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева. Ҳалима опанинг ҳурмати жойига қў­йилди. Гулистонда унинг номида ижод мактаби очилди. Тўра аканинг сиймосини ҳам шу даражага етказишимиз керак. Ишончим комил, орадан юз йил ўтса ҳам у кишининг шеърлари оҳорини йўқотмайди.

Дарвоқе, А.Хонимқулов ижод табиатини бир адабиётшуносдек тушунади. Буни адабиёт, ижод аҳли ҳақида айтган теша тегмаган гапларидан ҳам анг­лаш мумкин.

Боғ оралаб кичкинагина шийпонга рўбарў келдик. Алиқул кўрпачалар тўшалган сўрига таклиф қилди. Ҳур-ҳур шамол эсиб турибди. “Суҳбат у ёқ-бу ёқдан, гоҳ бошдан, гоҳ туёқдан” (Абдулла Ориф ибораси. М.А.) деганларидек, гурунгимиз қизигандан қизиб борарди. Боғ бўйлаб саёҳатимиз давом этди. Олмазорнинг кунчиқар тарафида бир неча қатор мирзатераклар фалакка дўқ ургандек бўй чўзган.

— Мен улар билан ҳар куни гаплашаман. Азаматларим, дея эркалаб суяман. Аниқ биламан — улар ҳам мени танийди, суяди, — дейди А.Хонимқулов оқбадан теракнинг танасини қучоқлаган кўйи.

Боғ четидаги ихотазорда теракнинг 10 минг туп Мирзачўл нави, кўктерак, қоратол қулф уриб ўсиб ётибди. Унинг айтишича, бу дарахтлар вояга етиб, иморатбоп ёғочга айланаркан ва соҳибига мўмайгина даромад келтираркан. Қолаверса, теракзор, олмазор боғни Бекободнинг кучли шамоли, чанг-тўзон, гард-ғубордан ҳимоя қиларкан. Атрофи эрганак­лар (ёғоч тўсиқ) билан ўралган мўъжазгина плантацияда минг туп терак қаламчалари куртак­лай бошлабди. Ҳафсалали боғбон ўтган йили дала шийпони ёнига бир неча туп япон сафорасини ўтқазибди. Алиқул бу дарахтнинг беназир гўзаллиги, гуллаганда янги тушган келинчакдек чиройли бўлиб кетишини обдан таърифлади. Биз ҳам суҳбатдошимизнинг моҳир актёрдек нутқ ирод этишига маҳлиё бўлиб, япон сафорасига шайдо бўлиб қолдик.

Теракзорнинг кунчиқар тарафида 2,5 гектарлик янги ёнғоқзор барпо этилибди. Ўтган йили бу боққа 400 туп ёш ниҳол қадалибди. Кўчатларнинг қарийб бари амал олибди. Ёнғоқ кўчатлари баҳор қуёшини эмиб, куртаклай бошлабди.

Дарвоқе, “Тараққиёт” (аввалги Карл Маркс) хўжалигида яқин ўтмишда шовуллаган боғ-роғлар бисёр эди. Айниқса, хушбўйи димоқни ёрадиган олмалар бутун мамлакатга машҳур эди. Мазкур хўжаликда туғилиб, вояга етган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева мана бу мисраларни ўша сўлим боғлардан илҳомланиб битгандир:

Қачондир боғларда ғарқ пишган

Қип-қизил олмаларни эслайман.

Оҳ, бизнинг боғларга баҳор келган кез,

Гўдакдай тез,

Тошқиниб гуллади олмаларимиз.

Қуёшнинг нурини борича ичиб,

Шу қуёш нурича лаззатин кучи

Бўлгандир эҳтимол, сезмагандик биз…

 

Сўнгги тўрт-беш йил орасида яна юртимизга “тош­қиниб гуллайдиган” боғларимиз қайтмоқда.

Теракзор оралаб ортга қайтаётганимизда беллари боғланган шох-шаббаларга кўзимиз тушди.

— Буларни ўтин қиласизми? — дея қизиқиб сўради Бойжигит Абдуллаев.

А.Хонимқулов чўплардан бирини олди-да, олма дарахтларига сув юрадиган ариқчалардан бирининг “лаби”га суқиб қўйди.

— Ер тобга келса, мана шу ариқларга помидор кўчатлари экамиз. Ёнига ловия уруғлари ташлаймиз. Кўчатлар ўзини тутиб олгач, чўпакларни тиқиб қўямиз. Помидор ва ловия поялари чўпакка тирмашиб, қуёшга интилади. Бир-бирига халақит бермайди. Шох-шаббанинг ортиб қолганини ўтин қиламиз. Боғимиздан чиқит чиқмайди, — дейди у.

Бу гаплардан боғбонлик ҳадисини олган уста тадбиркорнинг ҳиди келарди. Боғ оралаб машинамиз томон борарканмиз ҳар-ҳар жойда пушти кўйлагини кўз-кўз қилаётган шафтолилар диққатимизни тортди. Алиқулнинг шаҳодат беришича, олмазорнинг бўш жойларига ўрик, олхўри, кўксултон каби мевали дарахтлар ҳам экилган экан.

— Ўрикларимизни бу йилги қаттиқ совуқ урди, — дейди А.Хонимқулов. —Яратганга шукр, қолган меваларимиз яхши.

Боғ сайримиз бир соатдан ортиқроқ чўзилди-ёв. Кислороднинг мўллигидан нафас олишимиз енгиллашиб қолди. Йўл бўйига чиққанимизда Алиқул Хонимқуловни боғда расмга тушишга таклиф қилдик.

— Жуда яхши-да! — дея эгнидаги коржомасини билагига илганча биз томонга юзланди.

— Иш кийимингизни бир четга олиб қўйсангиз бўлармиди? — таклиф қилди Бойжигит ака.

— Йўқ! — деди у. — Ҳамма нарсанинг табиий бўлгани яхши. Сунъийликни жиним суймайди.

Кун чошгоҳдан оққанда боғдан қайтадиган бўлдик. А.Хонимқулов:

— Машинани ҳовлига ҳайданглар. Бир келиб қолибсизлар. Гурунг қиламиз. Мен велосипедда яқин йўлдан олдиларингдан кесиб чиқаман.

Ва мен сизларга яна бир мўъжизани кўрсатаман. Ҳовлимга 300 туп павловния қаламчалари қадаганман. Бу дарахтнинг ёғочи бениҳоя қиммат туради. Тез ўсади. Гуллаганда “оҳ-оҳ” жаннатий гўзаллик яралади, — дея Алиқул Хонимқулов қаричга келган бедазорга қўлларини ёйиб, ниш ура бошлаган қаламчаларни сийпалади.

Шу палла беихтиёр хаёлимга ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Ўрик домла” ҳикояси қаҳрамони келди. Ўрик деса ўзини томдан ташлайдиган домла ушбу дарахтни аёлидай, фарзандларидай севганлиги рост. А.Хонимқулов ҳам ўзининг олмалари, те­раклари, павловниялари, ёнғоқларини Ўрик домладан кам севмайди. Шу боис боғдорчилик ва ғаллачиликка ихтисослашган “Ўрол ўзбек” фермер хўжалиги боғидан ҳар йили миллион-миллион сўм мўмай даромад олмоқда.

Суҳбатимиз Хонимқуловнинг ҳовлисидаги сўрида давом этди. Гап ройиши барибир дов-да­рахтларга бориб тақалаверди.

— Мана бу дарахт — сада, — дея сўри ёнида кўкка бўй чўзган азим дарахтга ишора қилди Алиқул. — Уни ота юртим Пастки Чақирдан олиб келиб ўтқазганман. Баъзилар ҳовлида бу дарахтни ўстиришдан не наф, ернинг умрини бекор ўтказади, дея танбеҳ беришади. Улар саратон пайти сададан жаннат эпкинлари эсишини қаердан билсин?! Ҳовлига тангадек қуёш нури туширмайди.

Инчинун, кондиционерлар бўлмаган замонларда одамлар сада, қоратол соясида дам олиб, ҳузур қилишган. Касал бўлишмаган. Қушдай енгил бўлиб юришган.

— Ижод қандай бўлаяпти? Шундан гапиринг! — дейди гап ройишини бошқа ёққа буришга чоғланиб Бойжигит Абдуллаев.

— Яқинда тўртинчи китобим чиқади. “Оқ писта”, “Ёмғирни соғинган одамлар” деб номланган қиссалар, қатор очерк ва эсселар битдим. Қишлоқнинг иймонли, маънавияти тўкис одамлари образларини яратишга уриниб ётибман, — дейди А.Хонимқулов.

Қаҳрамонимизнинг адабиётга қўшган ҳиссаси ҳисобга олиниб, ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Журналистика унинг ёзувчи бўлиб шаклланишига пиллапоя вазифасини бажарди. Бироқ А.Хонимқулов қаламига мансуб очерк ва эсселар ўқишлилиги жиҳатдан ҳар қандай бадиий асар билан тиллаша олади. Бунга ўтган йили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети талабалари билан бўлган ижодий учрашувда яна бир карра амин бўлганман. Учрашувда қатнашган таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад Алиқул Хонимқуловнинг ўткир пуб­лицист сифатидаги маҳоратини мисоллар ёрдамида очиқлаган эди. Ҳатто “Халқ сўзи”да эълон қилинган бир мақоласини ўқиб, қойил қолганидан тўн ёпганини ҳам яширмаганди.

Ҳа, Алиқул Хонимқулов шунақа феномен. Бир ишнинг бошини тутса, санъат даражасига етказмагунча тиниб-тинчимайди.

Муҳаммадали АҲМАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + ten =