Кўнгилда ҳайрату ҳаяжон

Мана бир неча кундирки, ичимга сиғмай юрибман. Гўёки, руҳим еттинчи фалакдан ҳам юксакда. Юрагим бошқача урмоқда. Унинг ҳар бир зарбида туркий нидолар бор, туркий нолалар бор, туркий наволар бор. Нидолар, нолалар, наволар – маним покиза орзуларим, ўйларим, мақсадларимдир. Бу нидолар ҳазрат боболаримдан мерос. Бу нолалар балки Ҳисор тоғларидан ҳам қадимийроқдир. Бу наволар кўҳна ва навқирон кентларимда қад ростлаб турган – Оқсарой, Регистон гумбазларию деворларига жило бағишлаб турган ранглар мисоли рангин, мен учун жуда азиз ва мукаррам. Такрор айтаман, ҳаммаси рангин, ҳаммаси нурли. Кўнг­лингни қувонтирадиган хайрли ишлар бўлса, қалбингни олам-олам ҳайрату ҳаяжон маскан этиб олар экан. Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилгани билан боғлиқ хушхабар дилга шунча хуррамлик бағиш­лади. Бундай қувонч менга ўхшаган қаламкашларники деб ўйлаган эдим. Йўқ, хато қилган эканман. Бу ўзбекман деган барча кишининг шодиёнаси экан. Йўқ, яна янглишдим, адабиётни севган, уни ҳаёт деб билган барча кишиларнинг айёми экан. Бу байрам барчамизга қутлуғ бўлгай, муборак бўлгай!

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг Минск шаҳридаги бюсти.

Эсимда, ўқувчилик даврларимда адабиёт ўқитувчимиз Халил домла Навоий ҳазратдан байтлар ўқиб берар ва сатрлар қатидаги оламжаҳон мазмун ва моҳият тўғрисида сўзлаб берар эди. Биз тушунсак-тушинмасак, афсуски, бу шўро замони сўз мулкининг султони меросини туб моҳияти билан ўрганишга ва уни тарғиб этишга йўл бермайди, деган сўзларни бир ҳазин армону ўкинч билан айтарди.   Мамлакатимизда 1991 йил – Алишер Навоий йили деб эълон қилинган чоғда шу устозимиз бениҳоя қувонган эди. Шояд, энди улуғ бобокалонимиз хазинасидан чинакамига баҳраманд бўлсак, деган гаплари ҳали-ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Шунга ҳам ўттиз йил бўлибди. Халил домла ҳозир пенсияда. Қишлоққа борган пайтларимда устознинг зиёратига бориб тураман. Ростини айтишим керак, кейинги йилларда адабиёт ва адабиёт аҳлига берилаётган юксак эътиборлардан устознинг боши осмонда. Аллоҳ бизга қандай саодатли кунларни насиб этмоқда, Илоҳим, рўзи маҳшарга қадар шундай бўлсин, деб дуо қилади.

Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий номи ва унинг ҳаётбахш ўгитлари болалик чоғларимиздан бизга ҳамроҳ бўлиб келаётир.

Ишонч билан айтаман, ўзбекман деган киши борки, Алишер Навоий номини эшитиши билан кўнгли фахру ифтихорга тўлади. Ҳазрат Алишер Навоий ҳақиқий маънода бутун бир миллат, давлатнинг тимсолига айланган ўзбекнинг буюк фарзандидир. Кейинги йилларда миллатнинг бу каби улуғларига эҳтиром кўрсатиш ва уларнинг меросларини нафақат мамлакат балки жаҳон миқёсида тарғиб этиш ишлари ҳадди аълосига етмоқда. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580, Ўзбекис­тон Қаҳрамони ва Халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовлар таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарорлари беқиёс тарихий аҳамиятга эга. Ушбу муҳим ҳужжатларнинг ижроси сабаб маънавий-маърифий ҳаётимизда улуғ ўзгаришлар бўлишига эса асло шубҳа йўқ.

Мамлакатимиз раҳбари жаҳоннинг энг катта минбарларидан туриб улуғ аждодларимиз ҳақида фахр ила сўз айтмоқда. Бу билан башарият тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғ боболаримизга бўлган соф муҳаб­бат ва эҳтиромини намойиш қилмоқда. Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 71-сессиясида улуғ аждодимиз, муҳаддис бобомиз Имом Бухорийни тилга олганини улкан жасорат дея баҳолаш мумкин. Яна жаҳоннинг энг катта минбаридан туриб ўзбек тилида маъруза қилгани она тилимиз – ўзи юксак мақом ва мартабага эга Навоий тилининг дунё миқёсидаги нуфузини янада оширди. Яна бир маълумот. 2019 йил 15 октябрда Озарбайжон пойтахти Бокуда Туркий тилли давлатлар кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтган эди. Унда мамлакатимиз Ўзбекистон илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этганди. Ана шу анжуманда Президентимиз савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалаларида муҳим ташаббусларни илгари сурар экан, кенгашга аъзо мамлакатларнинг адабиёт ва санъат, маданият соҳаларида улкан ютуқларга эришган ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида мукофот таъсис этиш ғоясини ҳам ўртага ташлаган эди. Яқинда бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитида бутун туркий дунёнинг фахру ғурурига айланган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номидаги Туркий кенгаш мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги таклиф аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан якдиллик билан маъқулланди. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий номига муносиб бундай эҳтиром, шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг сайъ-ҳаракатлари мевасидир.

Ҳа, Алишер Навоий барча туркий халқларнинг ардоқли шоиридир. Бундан ташқари туркигўй шоирлар Навоийни ўзларига устоз деб биладилар. Фузулий, Абай, Махтумқули каби шоирлар Навоийнинг маъно хазиналаридан баҳраманд бўлганликларини эътироф этишган. Таъкидлаш керак, Алишер Навоий туркий тил имконияти бениҳоя улкан эканлигини амалда исбот этиб кетган азиз ва муҳтарам зотдир. Унинг қутлуғ мероси – “Чор девон”, “Хамса”, “Арбаъин”, “Назмул жавоҳир”, “Муҳокамат ул луғатайн”, “Маҳбуб ул қулуб” кабилар асрлар оша бу ҳақиқатни баралла айтиб келмоқда ва айтаверади. Шу маънода Навоий нафақат туркий халқлар адабиётини юксак мақомларга кўтаргани билан аҳамиятли, балки жаҳон адабиёти ривожига бемисл хизмат қилган ижодкор сифатида ҳам бундай эҳтиромга албатта арзийди. Француз шоири Луи Арагоннинг, “Навоий жаҳон шоирлари орасида туриб, баралла овоз билан ўз ғазалларини ўқимоқда. Замонанинг энг буюк шоирлари – Неруда, Гильен, Альберти, Лонгфелло, Нозим Ҳикмат, Незваллар бу зот қаршисида тиз букадилар.

Навоийнинг адабий мероси дунё халқлари қалбида асрлар давомида яшаб келди ва яшайверади”, — деб ёзган фикрлари ҳам бизнинг фикрларимизни тасдиқлайди деб ўйлаймиз.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, буларнинг барчаси мамлакатимиз адабий, маънавий ҳаётида янги саҳифа очди.

Ғайрат Мажид,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари,

шоир

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =