Вобкент – мўъжизалар макони
Ҳар сафар Вобкент десам, баҳри дилим очилиб, руҳимда бир ёруғлик пайдо бўлади. Бу – аввало, болалик таассуротларимдан…
Мен Шофиркон туманига қарашли ота қишлоғим Читкаронда туғилдим. Вобкент туманига қарашли она қишлоғим қўшни Кўлодинада ўсдим. Кўлодина Ҳазрати пир Маҳмуд Анжир Фағнавий сўнгги макон топган Анжирбоққа туташ. Ҳозир икки қишлоқ бирлашиб кетган.
Қишлоғимиз аҳли ва қўшни қишлоқлар аҳолиси ҳамиша Вобкентга боғланиб, унга талпиниб яшаган. Ҳозир ҳам шундай, Сабабки, ўртада масофа яқин. Бизга сув ўша ёқдан, Зарафшоннинг Пирмаст ирмоғи орқали келиб, аввал ариқларга, кейин далаларга тарқаларди. Қишлоқдошларимиз бозор-ўчарни Вобкентда қилишарди. Халқнинг тўй-тантанаси вобкентлик ҳофизу созандаларсиз ўтмас, уларнинг сози, овози билан қизир эди.
Эсимда бор, суннат тўйида биринчи кеча эркаклар базми бўлар, ҳофизларнинг тинимсиз “ҳой-ҳой”и жонга тегарди. Кейин билсам, улар мақом айтишар, ўша “ҳой-ҳой”лар ашуланинг авж пардалари экан… Биз, болалар шўх, ўйноқи қўшиқларни хуш кўрардик. Иккинчи кеча бўладиган аёллар базмида шундай қўшиқларни тинглаб, мазза қилардик.
Қўшдойранинг айни бир зарбда гумбурлаши, улардаги кумуш ҳалқачаларнинг майин шилдирашига даврада рақс тушаётган раққоса қўлидаги қайроқларнинг “қарс-қурс” садолари қўшилиб, оҳангга айрича жозиба бағишлар, мафтун этарди мени… Кейин раққоса оҳангга мослаб қўшиқ айтарди:
Ака, отинг кўкмиди,
Кўк бедаси йўқмиди?
Мунча менга қарайсан,
Севган ёринг йўқмиди?
Кейин яна бир қўшиқ:
Гул яхшию гул яхши, ҳей,
Гулнинг попуги яхши, ҳей.
Томда ўтирган қизчаларнинг
Ҳайдар кокили яхши, ҳей…
Шунда тўсатдан, бир чеккада тўпланиб, тикка турган ёш-яланг йигитлар тўпидан “Лу-лу-лу-лу!” қабилида бир мастона ҳайқириқ учар, бу ароқми, виноми ичиб, ширакайф тортиб, шер бўлиб олган сартарош Латиф тоғанинг “ҳужум” олдидан ўкириши эди. У қўлида бир пиёла май билан ўтирганларни оралаб бораркан, йигитлар тўпидан: “Латиф тоға, бўш келманг!” деган нидолар эшитиларди. Латиф тоға ўртага тушаркан, дойралар тақа-тақ тўхтар, Латиф тоға бир ёқда, раққоса иккинчи ёқда, мухаммас айтиш бошланарди. Мухаммас баъзан ширу шакар шаклда тожикчаю ўзбекча қилиб айтиларди.
Латиф тога: Эҳҳей, воҳҳей!..
Лабат қанду лабат
қанду лабат қанд,
Бухорою Хуросону Самарқанд!
(Маъноси – бир подшо қайси ўлкаларни инъом этай сенга, тила тилагингни, деганда, қизи Бухорою Хуросону Самарқандни беринг, деган экан).
Раққоса “Сад раҳмат!” дер, ўрин алмашинар, Латиф тоға нарига, раққоса берига ўтарди.
Латиф тоға:
Юзингни кўрдим ул чортоқ ичинда,
Очилмиш лолагул япроқ ичинда.
Табассум айласанг, лаъли лабингдин
Мисоли бол томар қаймоқ ичинда…
Лабат қанду лабат қанду
лабат қанд,
Бухорою Хуросону Самарқанд…
Раққоса: Сад раҳмат!..
Хуллас, шу йўсинда давом этар, у ёғи эсимда йўқ, охирида Латиф тоға пиёлани раққосага тутар, раққоса лабини пиёлага теггизиб, майни “ширин” қилиб, Латиф тоғанинг ўзига ичираркан, ҳалиги ёш яланглар қийқириқ, сурон солиб, чапаквозлик қилишарди. Кейин тўйчи она бошлиқ аёллар тизилишиб, раққосанинг елкасига ипак матолар ёпишарди… Эртаси кун бутун қишлоқда дув-дув гап, кечаги тўй ҳангомаси. Биз, болалар яна қачон тўй бўларкан деб орзиқиб кутардик.
Хуллас, Вобкент биз учун ҳам маъмурий, ҳам тижорий, ҳам маданий марказ эди. Ҳозир ҳам шундай. Ёшим улғайган сари Бухоромизнинг бошқа туманларини кезиб, қиёслаб, Вобкентни яқиндан кашф эта бошладим. Туманлар ичида жуғрофий жойлашуви эътибори билан Вобкентга тенг келадигани йўқ, деган хулосага келдим. Бу қасаба бир неча йўллар кесишган жойда, шимолдан жанубга, ғарбдан шарққа шамоллар ўйнаб эсадиган, кўкраги баланд ерда жойлашган… Яна десангиз, Тошкент – Самарқанд – Бухоро катта йўли устида, бир ёғи Ғиждувон, бир ёғи Шофиркон, бир ёғи Пешку, бир ёғи Ромитанга элтувчи йўллар туташган нуқтада. Ёнбошида дарё оқади. Бунақаси яна қайда бор?
Вобкент бозорининг файзу баракаси, бир қадар арзонлиги тилларда достон. Бу нарса харидорларни тўрт тарафдан оҳанрабодек ўзига тортиб туради. Бир гал Ўғилой янгам билан шу бозорга тушиб, сариёғ сотганимиз эсимда. Қишлоғимизда Султонмурод эшон деган боғбон буларди. Худо раҳмат қилсин, у кишининг кетмонидек каттакон кетмон атроф-теваракда топилмасди. Ҳар урганда бир ботмон тупроқни қўпорарди. Томорқасида анжирлари дарахт бўлиб ўсар, уларга нарвон тираб, мева теришар, саватларга жойлаб, бозорга элтишарди. Айтишларича, харидорлар ҳар куни тўпланиб, Кўлодинадан анжир келишини кутиб туришаркан… Шираси тилни ёрадиган, ҳар бири муштдек келадиган бу қора анжирнинг довруғи ҳаммаёққа тарқаган эди. Ўша пайтдаги карсиллаган, ширин-шакар бекзоти, амири, бўрикалла қовунларни айтмайсизми? Далаларда оқпишар, кўкпишар, ширпайванд, руҳижонон ўриклар, олмаю олучалар, тошноку олмурўдлар сероб эди.
Кейин пахтани мошинада териш, карталаштириш баҳонасида барчаси кесилди. Зарафшон суви ўрнига Амударё суви келди. Алмашлаб экиш тўхтади. Заҳар-заққум химикатлардан тупроқ таркиби бузилди. Пахта монополияси бошга бало бўлди…
Хайриятки, у кунлар ортда қолди. Бугун Вобкент тупроғида янгидан боғу бўстонлар яратилмоқда, қишлоқлар ободонлашиб, туман чиройига чирой қўшмоқда. Оққан дарё яна оқади, деган гап бор. Зарафшоннинг олтинга тўйинган, бўтана сувлари яна Бухоро воҳасига таралса, не ажаб. Бу тупроқ минг йиллар давомида ана шу сувга мослашган.
Мен Вобкент десам, хаёлимга яна бир нарса келади. 1962 йил, Тошкентда ўтказилган ёш ижодкорлар семинарида устоз Мақсуд Шайхзода мендан сўраб қолдилар: “Йигит, қатдан бўласиз?”.
“Бухородан” дедим мен.
“Улуғ шаҳарнинг номини тўлиқ айтинг, Бухоройи шарифданман, денг, чала айтманг” дедилар ва сўзда давом этдилар: “Биз Шофирконда Султон Жўра қишлоғида ош еганмиз, Вобкентда бўлиб, минора атрофидан айланганмиз. Нега Вобкент минораси Бухоро минорасидан гўзал?”
“Билмадим” дедим мен.
“Чунки уни шогирди яратган, – дедилар. – Шогирд устоздан уч-тўрт одим олдинга ўтиши даркор. Йўқса, тараққиёт бўлмайди”.
Хуллас, Вобкентга келиб, минораси кўркига маҳлиё бўлиб, унинг атрофида айланганлар озмунчами? Бу тупроқда етишган буюк сиймолар-чи? Турон заминда биринчи бўлиб тарихий асар “Бухоро тарихи”ни битган Муҳаммад Наршахий, Бухоронинг етти азиз пири муршидларидан учинчиси Шайх Маҳмуд Анжир Фағнавий Вобкандий, аёлларни исломга ундаб, улар орасидан отинбувилар етиштирган Мири Калону Мири Хурд авлиёлар, истеъдодли шоир Мужрим Обид, яқин ўтган замон ва замонамизга назар ташлайдиган бўлсак, Саттор Ярашевдек буюк санъаткорлар, Тошпўлат Тожиддиновдек азамат тадбиркорлар, Қори Абдуллазиз Мошиначи ва Юнусмирзодек донишмандлар, Соли Охунжонов ва Акрам Жўраевдек устоз маорифчилар, илм-фанда Нусратилла Баракаев, Исмоил Сафаров, Султонмурод Олим, Носир Маҳмудов каби олиму алломалар, бокс бўйича икки марта жаҳон чемпиони ва икки марта Олимпиада бронза медали совриндори бўлган Аббос Отаевдек спортчилар, сиёсатда яхши танилган Қодиржон Жўраевдек халқ ноиблари шу тупроқнинг фарзандларидир. Шу заминда таваллуд топиб, яшаб, тер тўкиб, ҳалол меҳнати ила донг таратган миришкор деҳқонлар, соҳибкор боғбонлар, уста-ҳунармандлар қанчадан-қанча… Шу ўринда жонажон укам, жаҳонгашта тадбиркор, Халқаро экология хавфсизлиги фанлари академиясининг аъзоси, тадбиркор Анвармирзо Ҳусаинов ҳақида алоҳида тўхталмасак, бўлмас. Анвармирзо билан ижодий ҳамкорлигимиз натижаси ўлароқ “Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом”, “Инсон қалби – қадаҳ, муҳаббат – шароб”, “Дунё нималар йўқотди” каби кўплаб китоблар халққа тақдим этилди. Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилида илк адабий-назмий баёни яратилди. Етмиш беш ҳикоятни ўз ичига олган “Анвармирзо ҳикоятлари” китоби дунё юзини кўрди. Ҳикоятлар битилиши шундай бўлди, Анвармирзо айтиб берди, мен шеърга солдим уларни. Шуниси эътиборлики, бу ҳикоятлар кўлами, жуғрофияси Ўзбекистондан чиқиб бу ёғи Россия, нари ёғи Европа, Америка қитъасига бориб туташса-да, асл моҳияти эътибори ила Вобкент руҳи ила йўғрилган, Вобкент минораси атрофида айланади.
Вобкент марказига яқин Ўба қишлоғи бор. У ерда машҳур ҳакими ҳозиқ домла Саидхон авлодлари яшайди. Болаларда учрайдиган касалликларни даволашади. Болаларнинг оғзи ёки қорни оғриб қолса, одатда ўбалик бўлибди, Ўбага оборинг, дейишади. Она болани Ўбага оборади. Табиб дори-даво қилади. Қарабсизки, эртаси кун бола соппа-соғ. Мана, сизга халқ табобати! Қойил қолмай иложингиз йўқ.
Вобкент мўъжиза-макон. У ерда яшаётганларга ҳавасим келади. Вобкентда маданий-маиший савия баланд. Бунинг намунаси ўлароқ, пазандачилик ривожи хадди адосига етган. Тандирда ёпилган патир нонини емабсиз, дунёга келмабсиз. Ўрта асрлардаги машҳур араб сайёҳи ва тарихчиси Ибн Батута “Мен дунёни кезиб, бирор жойда Вобкент нонидек ширин нон емадим”, дейди. Вобкентда қўй қовурғасидан тайёрланиб, дастурхонга тортиладиган қайнатма шўрва, чучвара, ош, сихкабоб, тухумбаррак, шўрабичакларни бир бор татиган киши яна излаб келиши муқаррар.
Ишончим комилки, Янги Ўзбекистон сиёсати юритилаётган истиқбол замонида бу мўъжиза маконда яшаётган меҳнаткаш, оқкўнгил, ҳамиша илмга, янгиликка чанқоқ Вобкент халқи ажойиб мўъжизалар кўрсатади. Тошкент бағридан Анҳор тошиб оққандек, Вобкент бағридан ҳам Зарафшон тўлиб оқади ҳали. Иморатлар кенгайиб, дарёнинг нариги бетига ўтади. Энди уларнинг салмоғи ошиб бораверади. Дарёнинг икки қирғоғи сўлим оромгоҳларга айланади. Яқин ўн йил ичида Вобкент Янги Ўзбекистоннинг энг кўркам шаҳарлари сирасига киради. Бу ердан ўтган ҳам, қайтган ҳам бир тушиб дарё баҳрасига тўйинган Вобкент ҳавосидан нафас олмагунча, кўнгли тинчимайди.
Жамол КАМОЛ,
Ўзбекистон халқ шоири