Остонаси табаррук ватан

Ватан остонадан бошланади, дейдилар. Бу нақл бежизга айтилмаган. Киндик қони тўкилган, ўсиб, улғайган макони инсон учун азиздир. Шу жиҳатдан олиб қараганда қадимий Мирзачўл мен учун Ватан ичра Ватандир.

Кўҳна тарих саҳнасида гоҳ у – гоҳ бу ном билан аталган ушбу маскан 1963 йил 16 февралда Сирдарё номи билан алоҳида вилоят сифатида ташкил этилган. Бир замонлар чўлу биёбонларга туташиб кетган тўқайзорлар дарё қирғоғидаги яшил чаманлари билан бўй таратган бу заминнинг таровати ўзгачадир.

Бугун ёшим улғайиб сочимга оқ оралади, ҳаётнинг баъзан ўнқир-чўнқир, баъзан равон йўлларидан ўтган инсон сифатида, ўзим улғайган макон ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчиман. Зеро, Ватан мавзусида ёзмоқ ижодкор учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Менинг болалик ва ўсмирлик йилларим ўтган асрнинг 70-80 йилларида, Сирдарё вилоятининг Меҳнатобод деган гўшасида ўтган. Меҳнатободнинг бетизгин шамоллари, тандирдек саратони, қаҳратон қиши ва сўлим баҳори, ҳосил хирмонлари самога интилган саховатли кузи кўз ўнгимда жаннатдек гавдаланади.

Ҳар гал йўлим тушиб, Меҳнат­ободга борганимда дўстларим ва танишларим “шоир келди, ўзимизнинг шоир келди”, дейишади. Уларнинг юзларидаги самимият, ростгўйликни кўрганимда қалбимда фахру ифтихор туйғусини сезаман. Бу туйғу мени шеър ёзишга, ижод қилишга, юксак марраларни забт этишга ундайди.

Меҳнатободдан катта иштиёқ билан Гулистонга қайтаётганимда далаларда меҳнат қилаётган юртдошларимга кўзим тушади. Чўлни бўстонга айлантирган, ҳозирда халқимиз эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бераётган бободеҳқонларга таъзим қиламан.

Ўқувчиларга маълумот учун шуни таъкидлашим керакки, Меҳнатобод ҳудуди айни даврда Ховос тумани тасарруфидадир. 2004 йилгача ўзи алоҳида туман бўлган.

Йўл-йўлакай чўлқуварлар шаҳри – Янгиер шаҳрига етиб келаман. Шаҳарнинг расталари тўлиб-тошган гавжум бозори, спорт ихлосмандларига тўла ўйингоҳи, шаҳарни иккига ажратиб турувчи мовий рангли Жанубий Мирзачўл канали кенг ва равон кўчалари, обод маҳаллалари турли ижтимоий-иқтисодий объектлари, ўзига хос комплексни ташкил этади.

Янгиер шаҳридан ўнг томонга юрсангиз қадимий Ховос ҳудудига дуч келасиз, атрофга боқсангиз, сарҳад билмас кенгликлар кўзга ташланади, Сирдарёнинг қадим кечувлари ер бағридан садо беради.

‘‘М-39’’ автомобиль йўли орқали Гулистон томонга юзланаман, ўнг томонда Боёвут элининг қўналғаси курашга шайланган полвондек кўкрак керади. Сўл томонда чўлнинг тўқайзор, яйловлари ўрнида бунёд этилган Мирзаобод тумани далалари ястанади. Замонавий автоларнинг ғизиллаб ўтишларини кузатиб, хаёлим олис-олисларга кетади.

Қадимий ‘‘Ёғочли сардоба’’нинг гумбазлари тарихнинг тирик кўзгуси бўлса, навқирон Ширин замонавий шаҳарсозлик намунасидир. Сирдарё бўйида жойлашган Гулистон, Сайхун­обод, Сирдарё туманларининг бир томони ўрмонзор, бир томони экин майдонлари бўлган табиат манзаралари, замонавий қўрғонлардаги саноат корхоналари ҳар қандай хорижий сайёҳнинг ҳавасини келтиради.

Сирдарёнинг тилими тилни ёрадиган қовун, тарвузларининг овозаси етти иқлимга кетган. Қишда ҳам мазасини йўқотмайдиган қовун тарвузлардан тотиб кўрмаганлар армонда қолиш­лари бор гап. Ҳар донасида ял-ял ёнган дурларни жамлаётган Мирзачўл анорларини бугун хорижда ҳам яхши билишади.

Кўп йиллар вилоят Маънавият ва маърифат марказида ташкилотчи-мутахассис бўлиб иш юритдим. Касбим тақозоси туфайли тарғибот гуруҳларида Сирдарёнинг барча шаҳару туманларини кезиб чиққанман. Менинг ижодкор сифатида шаклланишимда ўша гурунг­ларнинг ҳиссаси катта деб ўйлайман.

Гулистон шаҳрига етиб келганимда қалбимда ажиб бир эҳтиросни туяман.

Кейинги йилларда шаҳар бутунлай янги қиёфа касб этди, кўп қаватли замонавий бинолар, яшил ландшафт, гуллар жилоси янги куёвга кийдирилган тўндек шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Виқор тўкиб турган вилоят мусиқали ва драма театри, билимдонлар масканидаги Алишер Навоий ҳайкали ғайратимга ғайрат қўшади. Шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб одимлайман, намозшом тушганда маданият ва истироҳат хиёбони ёнидан ўтаётиб қушларнинг тинимсиз сайрашидан вужудим ором топади.

Бугунги ёзганларим остонаси табаррук Ватан ҳақида ўйлаганларимнинг бир қисми холос, унинг танти инсонлари, мўъжизакор табиати ҳақида янада кенгроқ, муфассалроқ асарлар ёзиш ниятим бор.

Алишер НУР,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 2 =