Газетасиз яшай олмайман…

Мен бугунги кун журналистларини тоғ чўққисига интилаётган альпинистларга ўхшатаман. Альпинист тоғу тошлар, қоялар, рўй бериши мумкин бўлган хатарли ҳодисаларга парво қилмагандек, журналист ҳам   ҳаётдаги муаммолар, турли тўсиқларга ён бермайди, ҳамиша олға интилиб, олам, давр, жамиятдаги ўзгаришларни, янгиликка тўсиқ бўлаётган муаммо ва тўсиқларни теран кўз билан кўриб, англаб, ҳаётни борлигича ва одамлар тақдирини, дардини аслича кўрсатишга интилаётган янгиликка ўч, ҳаётга ҳамнафас, қалби жўшқин ва ҳамиша уйғоқ бир қавм деб биламан. Бугун ахборот энг ривожланган даврда, дунёни, еру осмонни бирдек ўраб олган интернет тармоғи ичида яшар эканмиз, медиа оламидаги тезкор жараёнга (ҳар сонияда ўзгарадиган, янгиланадиган хабарларга) талаб кучли эканлиги чин ҳақиқат. Ўқувчилар хабарларни зудлик билан қабул қилиб, яна янгисини билишга қизиқадилар.

Эътиборлиси, бугунги кунда кўпгина идоралар раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, давлат, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича эркин мулоқот қилишлари, муаммо ва камчиликларнинг очиқлик билан кенг муҳокама қилишлари, журналистларнинг қалтис саволларига жавоб беришлари яхши анъанага айланиб бормоқда. Бу ёндашув Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан биридир.

Албатта, беш қўл баравар бўлмаганидек, амалдорлар орасида ҳозир ҳам матбуотни менсимайдиган, ўзини баланд тутадиган, журналист билан мулоқот қилишдан қочадиган одамлар ҳам йўқ эмас. Ундайлар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Лекин бу билан эҳтимол улар ўйлаган “фикр” рўёбга чиқиб қолмайди. Яъни матбуотнинг ўрни, нуфузи ана шундай димоғдорларнинг муносабати билан асло пасайиб кетмайди.

Мен журналистика соҳасида, айнан газета таҳририятида (“Янги Сирдарё” газетаси таҳририятида) 46 йилдан бери ишлаб келаман. Бу соҳа менинг жону таним, тақдирим, дардим, қувонч ва ташвишим десам, ишонаверинг. Яқинларим¸ фарзандларим, дўстларим “шунча ишладингиз, энди дам олинг”, дейишади. Лекин мен уларга мен газетасиз яшай олмайман, таҳририят иккинчи уйим бўлиб қолган, дейман. Чиндан-да шундай. Бу ҳаётда нимаики топган, эришган бўлсам, шу касбим, ишим туфайли эришдим. 1977 йили ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаб, шу ерда иш бошлаганман.   Ҳаётимда, тақдиримда дуч келган барча   қийинчиликларни енгишимда шу касбим менга куч берган, оғир дамларда бардошли бўлишимда таянч бўлган. Қувончли кунларимда эса соғ-саломат юрганим, ижод қилаётганим, атрофимда яхши одамлар, ижодкор дўстларим борлигига, улар мени ҳамиша қўллаб-қувватлаганликлари учун шукр қилганман.

Инсон табиати шунақа, ёшинг улғаявергач, иззат- ҳурмат, эъзоз топишни, меҳнатинг қадр топишини истаб қоларкан. Бунда албатта, энг аввало ишлаётган жамоанг ва соҳанг билан бевосита боғлиқ бўлган нуфузли ташкилот, идора ёки муассасага суянасан. 1984 йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига (собиқ иттифоқ даврида эса унинг республика бўлими дейиларди) аъзо бўлганман. Ўша даврларда уюшмага аъзо бўлиш учун худди имтиҳонга кирган талабадек, нуфузли ҳакамлар ҳайъати синовидан ўтиларди. Ҳамкасбларимиз орасида синовдан ўтмаганлар қанча эди. Мана, салкам 40 йилдирки, шундай нуфузли уюшманинг аъзосиман деб, фахрланиб юраман. Тўғри орада, қанча мураккаб, синовли даврлар ўтди, ўшанда уюшма ана ҳам шундай кунларни бошидан ўтказди. Уюшмани, унга аъзолигини биров сўрамайдиган вақтларни ҳам кўрдик. Ҳатто орамизда “уюшма менга, бизга нима берди” дегувчилар ҳам, уни тарк этганлар ҳам бўлди. Лекин сувда чўкмас, ўтда куймас, деганларидек, уюшмамиз барча даврларда яшади, ишлади, журналистларнинг бошини бириктиришга ҳаракат қилди. Мана, охирги йилларда у яна нуфузини тиклади, дейиш мумкин.   Бу кўп жиҳатдан уюшмага раҳбарлик қилган одамларга ҳам боғлиқ. Ташкилотчи, ташаббускор, ишнинг кўзини биладиганлар бош бўлган жойда ҳамиша адолат қадр топади, соҳада фаолият олиб бораётганлар жумладан, журналистларнинг боши бирикади, меҳнати муносиб баҳоланади. Буни ўзимнинг мисолимда айта оламан. 2019 йил 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот   воситалари куни муносабати билан   Президентимиз фармонига кўра Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони билан тақдирландим. Ўшанда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси (дастлаб уюшманинг вилоят бўлими) мени   ушбу юксак мукофотга тавсия этган эди.   Чунки сенинг кимлигингни, хизматларингни аввало, соҳа мутасаддилари яхши билишади. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг эътиборига, эътирофига сазовор бўлишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ўшандаги бир воқеа ҳамон эсимда.   Мукофотлар пойтахтимиздаги Миллий академик театрида топширилди. Мукофотланувчиларни биринчи қаторга ўтқазишди. Менга қаторнинг бошидаги биринчи жойни кўрсатишди. Мен ёшим улуғлиги,   аёл бўлганим, шунча йил соҳада узлуксиз фаолият кўрсатганим туфайли бу эҳтиром кўрсатилаётганидан беҳад шод эдим. Тўғриси, қанақа мукофот эканлигини ўйламабман ҳам. Мен учун энг муҳими, эътибор эди. Чунки бизнинг касбимизда бир оғиз илиқ гап нондай азизлигини яхши биламиз. Фахрий унвонга сазовор эканлигимни билганимда ва ҳукуматимиз раҳбари — Бош вазир томонидан уни кўксимга тақиб   қўйганида қаттиқ ҳаяжонга тушганман. Оддий ўзбек аёли, оддий журналистга бўлган эҳтиромдан бошим осмонга етган. Ўша лаҳзаларда мен дунёдаги энг бахтли аёл, она эдим. Мукофотланганлар номидан биринчи бўлиб менга сўз берилиши эса янада ҳаяжонлантирди. Мен мамлакатимизда аёлга бўлган эҳтиром, ҳурмат, шунингдек, журналистга кўрсатилган эътироф ва эъзоз, бу мукофот барча сирдарёлик журналистлар, шунингдек, қалами ва меҳри ила ҳаётни, юртимиздаги бугунги ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишларни ёритишга ҳисса қўшаётган журналист хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик эканлиги ҳақида гапирдим.

Буларни нега эслаяпман.

Чунки бу фарахбахш онларни ҳеч қачон унутмайман, доим эслайман.

Яқинда аниқроғи 3 май куни бутун дунёда Жаҳон матбуоти эркинлиги куни нишонланади. Айнан шу сана ёки шу кунлар арафасида юртимизда журналистика соҳасида “Олтин қалам” халқаро танлови бўлиб ўтади. Буларнинг бари мамлакатимизда ОАВга, журналистикага катта эътибор, ғамхўрликдан дарак, албатта.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 294- қарорида оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш билан бирга кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш масалаларига алоҳида урғу берилган эди. Бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятида айнан шу вазифаларни бажариш борасидаги ибратли ва хайрли ишлар кўзга ташланмоқда.

Ана шу жиҳатдан олиб қараганда, уюшмамиз журналистларни қадр­лайдиган, унга суянч   бўладиган, унинг ҳаётдаги ўрни, роли ва нуфузини оширишга хизмат   қиладиган чин маънодаги таянч нуқтага айланиб бораётгани қувонтиради.

Холида ПАРДАБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + fourteen =