Туртки бўлмаса…

Наинки ўзбек, балки барча туркийзабон халқлар адабиётида ўзининг оташин ғазаллари, қўшиққа айланган дилбар ашъорлари билан кенг шуҳрат қозонган мумтоз адабиётимизнинг улкан намояндаларидан бири Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машрабга нисбатан муносиб макон қайда, дея савол қўйишнинг ўзи ўнғайсиз. Аммо…

“Девонаи Машраб”, “Эшони Машраб”, “Ҳазрати шоҳ Машраб” номлари билан машҳур бўлган бобомизнинг бугунги манзил-макони қаерда? Обида, музей, кутубхона ёки унинг номига аталган алоҳида маж­муа борми?

Тўғри, Наманган вилоят марказида “Машраб кўчаси” бор. Аммо шоир у ердан юрганми, йўқми, буниси номаълум. Шу кўчада, жуда яшнатиб юборилмаган бўлса-да, кинотеатр ҳам бор.

Бироқ “Девони Машраб” ҳамда шу пайт­гача ўрганилмай келинган панд-насиҳат тарзда битилган “Мабдаи-нур” (“Нурнинг ибтидоси”), “Кимё” асарларида ахлоқий-таълимий, маърифий-дидактик ва умуминсоний фикрларни ифода этиб, шарқ ижтимоий фалсафий илми ривожига катта ҳисса қўшган алломаи замонга яхлит бир мажмуанинг йўқлигини қандай изоҳлашни ҳам билмадик…

Аслида, чамаси бундан ўн йиллар аввал Наманганда Бобораҳим Машраб номида боғ барпо этилганди. Боғда музей ҳам бор эди. Бирор туп дарахт соя ташламаган бўлса-да мажмуада Машрабхонлик тадбирлари ўтказилиб туриларди. Аммо ке­йинчалик бу жой тадбиркорлик субъектига, аниғи “Афсоналар водийси” ихтиёрига берилди. Чунки авваллари одамларнинг Бобораҳим Машраб хиёбонига боришининг иложи йўқ эди. Боғ чуқурликда қолиб кетган бўлиб, на бирон дарахт кўкартирилди, на қадамжога айлантира олинди…

Шу ўринда бир ривоят: ўтган замонларда кекса бир чол ўғлини кал­таклаб, кўчалардан олиб ўтибди. Буни кўрган одамлар сабабини сўрашганда: “Бу фақат менинг айтган ишимни қилади, холос”, деб жавоб қайтарибди. Одамлар эса “Эй, мия­­си йўқ чол, айтганингни қиларкан-у, нега савалайсан”, дейишибди. Алқисса, отахон ўғлини бир неча қишлоқлардан савалаб олиб ўтибди, бир хил савол ва жавобларни эшитибди.

Шу тариқа яна бир қишлоққа боришса бир қиз аввалгилар берган саволни такрорлабди. Жавобини эшитгач: “Яхшилаб саваланг, ота. Нега фақат айтганингизни қилади, ўзининг фикри, фаросати йўқми, наҳотки ўзидан билиб бир иш қилолмаса?!” — дебди. Чол бу жавобдан хурсанд бўлибди ҳамда ана шу зукко қизни никоҳлаб ўғлига берган экан…

Алқисса, бу ривоят тагида айни ҳақиқат бор. Халқимизда ўз мустақил фикрига эга бўлмаган одамларни содда қилиб “еталатма” дейишади. Топиб айтилган гап, шундай эмасми?

Бизнинг Наманганда ҳам шундайга ўхшайди, яъни мустақил ташаббус қилиш йўқ-да. Юқори идоралардан буйруқ кутишади. Етовга ўрганган…

Атрофга қаранг, қачонки, давлатимиз раҳбари мажлисларда тилга олиб, расмий буйруқ берсагина эътибор қаратадиган тоифага тушиб қолгандаймиз. Кимдир туртсагина сезадиган, туртилмагунча уйғонмайдиган феълимиз қачон ўзгаради?!

Президентимиз аввалги йилларда Наманганга ташрифлари чоғида Исҳоқхон Ибратнинг фаолиятини намуна қилиш, фахрланиш кераклигини айтиб, махсус топшириқ берганларидан кейин фаол ҳаракатлар бошланганди. Ибрат номидаги ихтисос­лашган мактаб, ҳавас қиларли даражада мажмуа барпо қилиниб, китоблари чоп этилди.

Лекин афсуски, бугунги кунда деярли фойдаланилмаётган, каттагина олд майдони бўлган Машраб номидаги кино­театри анчагина хароб аҳволга келиб қолган. Қанийди шу жойда Шоҳ Машрабнинг маж­муаси, кутубхона, музе­йини, нашриёт уйини жамлай олсак. Довруғини достон қилса бўладиган “Машрабхонлик кунлари”ни муносиб мас­канда ўтказиш тараддудига тушсак, Шоҳ Машраб руҳини ҳам шод этган бўлармидик…

Саида ИСМОИЛОВА,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси

Наманган вилоят бўлими мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =