Венгрияда яшаган ўзбек олими

Дунёга машҳур венгриялик туркшунос Ҳерман Вамбери Дуна Шердахили ( Нидермаркт ) номли кичик шаҳарчада, 1832 йилда 19 мартда   туғилган эди. Ҳерман гарчи ота-онасидан эрта етим қолган, оқсоқ ва нимжон   бўлса-да, билим олишга, айниқса, тил ўрганишга қизиқади. Маълумотларга кўра, у ўспиринлигидаёқ венгер, лотин, француз, инглиз, яҳудий, рус тилларини яхши ўзлаштирганди. Ке­йинчалик бу тилларнинг ёнига немис тили ҳам қўшилди. 20 ёшга кирганида Вамберининг венгер тилининг келиб чиқишини ўрганишга қизиқиши уни – туркология­­га жалб қилди. Маълумки, венгер тили олтой тиллари оиласига киради. Вамберининг орзуси венгер тилини олтой тиллари оиласининг фин-угор гуруҳларигами ёки туркий тиллар гуруҳига киришини аниқлашдан иборат эди. Шу мақсадда у 1857 йили Осиё мамлакатларидан энг яқини бўлган Туркияга йўл олади.

Ҳерман болалигиданоқ илмга чанқоқ бўлиш билан бирга шижоатли ва таваккалчи эди. Истанбулда у бир неча йил турк тили ва адабиётини, мусулмонларнинг яшаш тарзини ва менталитетини жиддий ўрганади. Аввал Усмонли давлатининг амалдорларидан Поша Ҳусайн Доим хонадонида, сўнгра дўсти ва маслаҳатчиси Мулла Аҳмад афанди таъсирида деярли усмонли турк қиёфасига киради ҳамда Фуод Поша идорасига ишга ўтади. “Бир неча йил турк хонадонларида бўлишим, ислом мактабларига ва китоб дўконларига қатнаб юришим”, деб эслайди, Ҳерман Вамбери, “мени тезда туркка, ҳатто афандига айлантириб қўйди”. Ҳерман бу ернинг шарт-шароити­­га ва муҳитига шу қадар ўрганиб кетган эдики, у Усмонли давлатининг ҳукмрон доиралари билан яқинлашишга ва кейинчалик Усмоний давлатининг катта амалдорларидан Меҳмет Фуод Пошонинг котиби даражасига кўтарилишга эришди.

Вамбери Туркиядалик пайтида турк, ўзбек, араб ва форс тилларини ҳам чуқур ўзлаштириб олади. Ислом дини қонун-қоидаларини чуқур эгаллайди. Шунингдек, у тилшунослик борасида катта иш қилиб, 1858 йилда 14 минг сўздан иборат “Немисча — туркча”, 1860 йилда 40 минг сўзни ўз ичига олган “Ўзбекча — немисча” луғатни Истанбулда нашр эттиради. Тилшуносликка доир асарларни яратгани, туркчадан қилган таржималари ва туркий тилларга доир тадқиқотлари учун Венгрия Фанлар академияси мухбир аъзо­лигига сайланган ва Европанинг етук шарқшунослари орасида шуҳрат қозонганига қарамай Ўрта Осиёга боришга аҳд қилади.

“Тилларни ўрганишдаги менинг муваффақиятларим, — деб хотирлайди у “Ўрта Осиёга саёҳат” асарида: — Шарқ бўйлаб саёҳатни давом эттиришим учун мени руҳлантирди. Мен Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат қилишга бел боғлар эканман, афанди қиёфасини сақлаб қолишни ва Шарққа шу мамлакатларнинг табиий фуқароси сифатида кириб боришни тўғри деб ҳисобладим”.

Ниҳоят, Вамберининг орзуси ушалиб Мозандарон, Болқон ва туркман чўллари орқали 1863 йили 30 майда Хивага кириб келади.

“Мен аввал Хиванинг шунчалик чиройлилигини фақат қиёсдан бўлса керак деб ўйлардим. Йўқ, йўқ! Хива атрофидаги баланд миноралар, соя ташлаб турган кичик ҳовлилар, кўм-кўк яйловлар ва тўкин-сочин бозорлар ҳозир ҳам, Европанинг ғоят гўзал шаҳарларини кўрганимдан сўнг ҳам мен учун чиройли бўлиб туюлаяпти” дея ёзганди кейинчалик Вамбери ўз китобида.

Айниқса, Вамберини Гурлан шолиси, Янги Урганчда етиштирилган пахта, Ҳазорасп пилласидан олинадиган ипак, Хива ноки, Карвак олмаси, бутун дунёга машҳур Хоразм қовунлари ниҳоятда ҳайратга солади.

“Дунёда Амударёга ўхшаши йўқ, ҳатто машҳур Нил дарёси ҳам бундай эмас. Аминманки, мен билган дарёлар ичида суви ширини Амударёдир. Мевалари Эрон ва Туркиядагина эмас, бутун европадагилардан тотли. Тенги йўқ, ажабтовур қовунлари Пекингача маълум. Айтиш­ларича, Усмон салтанатининг султони вақти-вақти билан Урганч қовунларини хушлаб қолар экан. Бу қовунлар Россияда ҳам юқори баҳоланади. Бир арава қишки қовунга, бир арава шакар тўлашади. Уларнинг ширинлиги тўғрисида европалик ҳатто тасаввур ҳам қилолмайди. Улар шу даражада ширин ва хушбўйки оғизда эрийди. Агар улар нон билан ейилса, бизга инъом этган энг яхши таом шу бўлади”, дея таассуротларини қоғозга туширганди у кейинчалик ўзининг саёҳатномасида.

Шу тариқа у бир ой Хивада бўлиб Мадаминхон мадрасасининг мударриси бўлган Исҳоқ Иброҳим ўғлини ўзи билан сафарга олиб чиқади. Улар биргаликда Бухоро ва Самарқандда ҳам бўлиб, Қаршида уч кун туришгач, Амударёни кечиб ўтиб Ҳиротга, ундан Машҳадга, сўнгра Теҳрон ва Истанбул орқали Будапештга боришади.

Суратда: (чапдан) Исҳоқ Иброҳим ва Ҳерман Вамбери. Теҳрон. 1864 йил

Исҳоқ Иброҳим Хива хонлигининг Қўнғирот беклигидан бўлиб, 1836 йилда туғилган, яъни Вамберидан 4 ёш кичик эди. Тарихий манбаларга кўра, Исҳоқ Иброҳим ўғли машҳур тасаввуфшунос Ҳаким ота-Сулаймон Боқирғонийнинг 27-авлоди бўлган.

Будапешт шаҳрига борганидан кейин Исҳоқ бир қанча муддат европача овқатларни ея олмай юрган ҳамда ўз миллий кийими (оқ кўйлак, узун оқ иштон, чопон, салла)ни европа кийим-кечагига алмаштирмасдан, бошда салла, устда чопон, шаҳар билан таниша бошлаган. Бироқ аста-секинлик билан Исҳоқ Иброҳим ўғли Европа муҳити, одатларига тезда кўникиб, венгер тилини ҳам тезда ўзлаштириб олади.

Вамбери Англия сафарига отланаркан, Исҳоқни тил ўрганасан, дея дўсти Йўзеф Буденз (1836-1892)га топшириб кетади. Икковлон Халас (Halas) томонга, Арўн Силади (Áron Szilády) ёнига боришади. Халас XIII асрдан бери қуман турклари жойлашган энг муҳим маконлардан бири бўлиб, у “туркологиянинг кичик шаҳар-давлати” ҳисобланар эди.

Бу пайтда Jász (Йас — кенг майдон)даги қуманлар тили ва тарихини тадқиқ этаётган таниқли олим, Венгрия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Иштван Гийарташ (István Gyarfás) ҳам Халасда яшарди. Адабиётшунос Арўн Силади ва тилшунос Йўзеф Буденз маслакдош, қадр­дон эдилар. Ана шундай олимлар даврасига тушиб қолган Исҳоқ етук ақлу салоҳияти боис тезда венгер тилини ўрганади.

Арўн Силадининг 1864 йил 30 сент­ябрда Будензга ёзган мактубидаги фикр­ларига қараганда, Исҳоқ Иброҳим тил ўрганиш бобида катта муваффақиятга эришган.

Вамбери 1865 йилда Лондондан Будапештга қайтиб келади ва Исҳоқ ҳақидаги тасаввурларини шундай қоғозга туширади: “Бир йилдан сўнг Англиядан қайтиб келсам, қайси кўз билан кўрайки, муллам венгер либосида, салланинг ўрнида сўнг­­ги модадаги причёска. Венгер тилини тез ўрганиб олган. Менинг мулламни ҳамма ёқтириб қолган. Икки йил аввалги Хива мадрасаси мулласининг башанг кўринишини қаранг”.

Будапешт университети олтойшунослик ва фин-угоршунослик кафедрасига мудирлик қилган, шу соҳадаги илмий ишлари учун Венгрия Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган Йўзеф Буденз (1836-1892) “Тилшунослик хабарлари” журналининг 1865 йил сонларидан бирида шундай ёзган эди: “Ўтган (1864) йил май ойининг охирида бу ер (Пешт шаҳри)га Ҳерман Вамберига Туркис­тон йўлида ҳамроҳлик қилган Қўнғирот шаҳрилик (24 ёшлар атрофида) ёш ўзбек Мулла Исҳоқ келган эди. У билан уч ой бирга бўлдим ва бундай ажойиб имконият менинг Хива ўзбеклари шевасини ўрганишимга катта наф келтирди. Мен бу борада ёзган бир неча қўлёзмаларимни унинг талаффузи асосида мукаммаллаштиришга эришдим. Хива хонлигидаги ҳозирги ўзбек тилининг намуналари бўлган бу қўлёзмаларимни оз бўлса-да, туркий тилларни билишга қизиққан кишилар эътиборига ҳавола қиламан. Келтирилган қисман тўлиқ (венгерча) таржима туркий тиллар тузилиши билан маълум даражада таниш бўлганлар учун маълумотнома вазифасини ўташи мумкин. Бундан ташқари, матнлар эълон қилинганидан сўнг қизиққан ўқувчилар учун Хива — ўзбек шеваси асос­лари ҳақида қисқача грамматик очерк ҳам илова қилиш ниятидаман. Венгер тилидаги асл нусхаларни ўзбек “либос”ида кўриш шу мамлакат тилшунослари учун, айниқса, мароқли бўлади, деб ўйлайман”.

Шу тариқа Европага мослашган, венгер тили ва ёзувини ўрганган Мулла Исҳоқ Вамбери ҳамда унинг дўстлари ёрдамида Фанлар академиясининг шарқ қўл­ёзмалари бўлимига ишга киради. Исҳоқнинг вазифаси шарқ қўлёзмаларини тадқиқ этиш ва таржима қилиш, шунинг­дек, шарқ тиллари ўқитувчиси ҳам эди. Унинг она тили ўзбек тили эди, шунинг­дек, у ўрта асрлардаги Ўрта Осиё туркий адабий тилини — чиғатойчани мукаммал савияда билар эди. Исҳоқ Қўнғиротий ўша пайтдаги европалик тилшунослар учун қандай қийматли хазина эканлигини тасаввур қилиш учун айтсак, муқояса қилсак, бу ҳол қадимги Одиссея кемасидаги денгизчиларнинг замонавий Голландия денгиз академиясига денгиз тугунларини ечиш бўйича мастер-класс сабоқлари (маҳорат дарслари) бериш учун келиши каби ғаройиб бир ҳодиса эди.

Йўзеф Буденз Мулла Исҳоқнинг венгер тилини ўрганиши ҳамда академия кутубхонасида шуғулланиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берган. Мулла Исҳоқ ҳатто унинг ёрдами билан буюк венгер шоири Шандор Пётефининг дўсти, 1865-1879 йилларда Венгрия Фанлар академия­сининг бош котиби бўлиб хизмат қилган Янош Арўн (1817-1882) билан танишган ва унинг “Ажабли (ажойиб) оҳунинг ҳикояти” деган асарини ўзбек тилига таржима қилган. Бу асарнинг венгер китобхонлари учун аҳамиятли томони шундаки, унда қадимги венгер ва хунларнинг Шарқдан келиб чиққанлиги ҳақидаги ривоят тасвирланган эди. Исҳоқ Иброҳимнинг таржимаси Венгриядаги “Косору” журналининг 1865 йил 9-сонида нашр этилади.

1865 йил. Венгрия. Ушбу давлат Фанлар академиясининг филология бўлими ўша санада “Тилшунослик ахбороти”нинг 4 томлик 2-сонини чоп этиб, 271-315-саҳифаларда ўзбек халқ мақолларини нашр қилди. 44 та мақол, эртак, топишмоқлар киритилган тўплам тез орада Европа илмий жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди. Чунки, шунгача бўлган даврда Европада ўзбек халқ мақолларини ҳеч ким чоп эттирмаганди. Қолаверса, ушбу мақол, топишмоқ ва эртакларни нашр қилдирган шахс ҳам ўрта осиёлик мухожир эди-да. Исҳоқ Иброҳим қуйидаги мақолларни таржима қилганди.

Бундан ташқари, Мулла Исҳоқ 13 та латифа, эртакларни ҳам ўзбекчадан венгерчага таржима қилган. Хуллас, асли қўнғиротлик Исҳоқ 1865 йилдаёқ ўзбек халқ оғзаки ижодини Европага тарғиб қилган эди. Яъни, Хоразмдан келган Исҳоқ Иброҳим Европада етук шарқшунос, фольклоршунос ва таржимонга айланди. Табиийки, Йўзеф Буденз, Шандор Пётефи, Янош Арўн сингари ўз даврининг энг пешқадам, таниқли олимлари билан ҳамкорлик қилган Исҳоқ Иброҳимнинг қисқа фурсат ичида бундай кенг кўламдаги ишни амалга ошириши унинг етук ақлу салоҳиятидан дарак бериб турибди.

Шунингдек, Й.Буденз венгер матнларини Исҳоқ Иброҳимга тушунтириб, уларни ўзбек тилига таржима қилдирган. Шу йўл билан Исҳоқ венгер шоири Янош Арўннинг “Будданинг вафоти” қаҳрамонлик эпосининг олтинчи қўшиғини ҳам ўзбекчалаштирган. Табиийки, Исҳоқнинг бу таржимаси Буденз учун ўзбек ва венгер тиллари тузилишини таққослаш, қиёслаш учун керакли бўлган бу Исҳоқ Иброҳимнинг венгер тилидан ўзбек тилига қилинган илк бадиий таржимаси ҳисобланади.

Шунингдек, Исҳоқ Иброҳим Ҳерман Вамберининг 1867 йилда “Юсуф ва Аҳмад” достонини аслий матни ва немисча таржимасини нашр этиш ишида бевосита иштирок этган. Юқори таржимонлик қобилияти учун уни Вамбери “жонли луғат” деб атаган. Баъзи манбаларда Вамбери Хива хонлиги ҳудудларида эканида “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонини ёзиб олгани ва бу ишда унга мулла Исҳоқ ёрдам берганлиги қайд этилади.

Исҳоқ Иброҳим 1865 йил 7 июлда адабиётшунос Арўн Силадига ёзган хатида Венгрия Фанлар академияси кутубхонасига ишга кириб, хизматни бош­лаганини айтган. Бу ва бунга ўхшаш тарихий мактублардан бизга аён бўлишича, у кутубхонадан ойига 25 фўринт (forint) ойлик олган; кутубхона бюллетенида у ҳақда “кутубхона ходими” деб ёзилган; Исҳоқнинг кутубхонага ишга жойлашувида Йўзеф Буденз тавсияси ҳисобга олинган; академия бошқарув­нинг 1866 йил 21 январдаги қарорида ҳам унинг расман кутубхона ходими вазифасида ишлаётгани таъкидланган.

Мулла Исҳоқ шарқ ва ғарб маданияти орасидаги фарқларни чуқур англаган, ҳаётдан сабоқ олган замонавий, маданиятли шахс бўлган. Мулланинг можор тилидан ташқари олмон, лотин, юнон, француз ва инглиз тилларини ҳам ўргангани маълум. Бу унинг ҳам оддий одамлардан бири бўлмаганлигини, фавқулодда иқтидорли шахс бўлганини билдирмоқда. У Можорис­тоннинг турли вилоятлари ва шаҳарларига саёҳат қилган. Унинг Вена, Эстергўм, Гийўр, Кўмарам ва Пўзсўни (Братислава) (Viyana, Esztergom, Györ, Komárám ve Pozsony (Bratislava) шаҳарларига боргани маълум”   Венгриядан олис хоразмлик йигит шу тариқа Венгрия Фанлар академия­сида фаолият кўрсатиб, Европа шаҳарларини кезганича ҳаёт кечиради. Ҳаттоки оила қуриб Европача асосда яшай бош­лаган.

Жаноб Исҳоқ Иброҳим академияда ишламаган пайтда, Шандўр Кўвачининг аниқлашича, 1888-1892 йилларда Вамберининг хизматида бўлган ва Будапешт­даги Фаранг Жўзеф кўчасидаги 24-уйда, ўз оиласи, бола-чақаси билан бирга унинг ёнида яшаган.

Ўша пайтдаги венгер матбуотидаги ёзувларга таяниб шуларни айтиш мумкин: жаноб Исҳоқ Иброҳим Валанжа шаҳрилик (Velence) Фажар (Fejér) деган қиз билан турмуш қурган ва 1892 йилда Венгрияда вафот этган.

Венгрия Фанлар академиясининг академиги Й.Буденз (1836-1892) Исҳоқ Иброҳимнинг ўзига катта ёрдам берганини эътироф қилиб шундай ёзганди: “Исҳоқ билан уч ой бирга ишладим ва бундай ажойиб имконият менга Хива ўзбеклари диалектини ўрганишим учун катта фойда келтирди. Мен бу борада ёзган бир неча қўлёзмаларимни унинг талаффузи асосида мукаммаллаштиришим мумкин эди”.

Вамберининг асарлари Ўрта Осиё тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эгалиги дунё илму фанида тан олинган ва эътироф этилган. Айниқса, унинг “ўтмиши кўмилган миллатнинг истиқболи ҳам зулмат пардаси остидадир” деган фикрлари ўзининг кенг қамрови билан насиҳатомуз мақол даражасида ўзбек зиёлилари орасида кенг тарқалгандир.

Шундай экан, Вамберининг барча асарлари бизнинг тарихимизни бошқа манбаларга таққослаб ўрганувчи ноёб манбадир. Шуларни эътиборга олиб, кино соҳасидаги ушбу мавзуни давом эттириб “Ўзбеккино” ДАК томонидан Вамбери ва Исҳоқ Иброҳим ҳақидаги сериални Венгрия, туркиялик киноижодкорлар билан ишланса, халқаро даражадаги санъат асари юзага келарди.

Шу каби Вамбери асарларининг Ўрта Осиё тарихини ўрганишдаги аҳамияти катта эканлиги, унинг бевосита Хоразмда бўлганлигини эътиборга олиб, яна Хива шаҳрида унинг номига кўчалардан бирини номлаш ўринли бўларди. Бундай эъзоз ва эътирофни эса Венгрия Фанлар академиясида ишлаш даражасига етган унинг ҳамроҳи ва шогирди — Исҳоқ Қўнғиротийга ҳам кўрсатиш, унинг номи ҳам Хива кўчаларидан бирига қўйилса, адолатдан бўлар эди.

Табиийки буларнинг бари юртимизнинг туристик салоҳияти юксалишига, Венгрия — Ўзбекистон дўстлик алоқаларининг янада юксак поғоналарда давом этишига омиллардан бири бўларди.

Умид   БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − four =