Тарихдаги машъум воқеа

Ёхуд 1941 йил 21 июнда Амир Темур қабрининг очилиши, уруш бошлангани ва бошқа ўтмиш воқеалари хусусида таниқли ўзбек кинорежиссёри Малик Қаюмов хотиралари

 

“Ўзбек ҳужжатли киноси мен учун   бу — Малик”.

(Роман Кармен)

 

Ўз даврида ўзбек халқининг энг машҳур инсонларидан   бири бўлган Малик Қаюмов фаолияти ҳақида бундай   эътироф­ни янада кўп эшитиш мумкин. Ҳа, Ўзбекистон ҳужжатли киносининг қалдирғочларидан саналадиган   Малик Қаюмов ўзининг 99 йиллик умри давомида икки юздан ортиқ фильмни суратга олган бўлиб, улар орасида “Паранжи”, “Қудратли тўлқин”, “Олтин тўй”, “Ўн уч қалдирғоч”, “Тожихон билан учрашувлар”, “Хива – тўрт дарвозали шаҳар”, “Инсониятнинг беш қўли”, “Баҳордан баҳоргача” каби халқаро миқёсда нуфузли   совринларни қўлга киритган фильмлари мавжуд.

Касбий фаолияти орқали   дунёнинг 103 та давлатида бўлган, 1937 йилдан то 1991 йилгача кўплаб халқаро миқёсдаги кўрикларда совринларни қўлга киритган Малик Қаюмов   ҳаёти давомида дунёга машҳур бўлган — Сталин, Жуков, Рузвельт, Черчил, Ж.Неру, Л.Б.Шастри, Индира Ганди, Хо Ши Мин каби давлат арбоблари билан учрашиш шарафига ҳам муяс­сар бўлганди.

Малик Қаюмов ўзи   ва болалиги, кино оламига кириб   келиши ҳақида шундай хотирлаган:

— Ўзим туғилган сана ва ойни билмайман. Фақат туғилган йилимни биламан – 1911 йил. Отам ўз болаларининг туғилган кунларини Қуръон саҳифаларига ёзиб қўярдилар. Аммо у вафот этганидан кейин отамдан қолган Қуръон китобини йўқотиб қўйдик ва мен туғилган аниқ сана номаълумлигича қолди. Ойим бу баҳор кунларида, бозорда эндигина кўк пайдо бўлган пайтларда юз берганини айтгандилар.

Биз Тошкентнинг бугунги кунда Эски шаҳар деб аталадиган қисмида, ҳозирги аэропорт яқинида яшардик. Электр йўқ эди, сувни бир чақирим жойдан ташиб келтирардик. Шунга қарамай, ёмон яшамаганмиз.

Отамнинг исми Абдуқаюм эди. У нафақат Тошкентдаги, балки бутун Туркистондаги энг бой кишилардан эди. У бир нечта кўнчилик корхоналарига эга эди. Усталарни Германиядан олиб келарди. Энг сара қўйларнинг териси отамга тегишли эди. Шунингдек, унинг 400 гектар ерда мевали боғлари бўларди. Отни яхши кўрганидан отчопар қурдирганди ва пойгалар уюштириб турарди. Отам вафот этганидан кейин унинг банкдаги ҳисоб-рақамидан ўн миллион тилла пул топгандилар. Отам тилла тангаларни ёмон кўрардилар, бу пуллар чўнтакни тешади, дердилар. Онамга уйланганларида юзта кўйлак, эллик жуфт турли пойабзал, сон-саноқсиз тақинчоқлар, тилла буюмлар ва марваридлар юборган эканлар. Афтидан, шу бойликлар кейинчалик онамнинг беш болани боқишларига имкон берган кўринади. Бир куни мен уч-тўрт ёшларда эдим – отам уйга қайтгач, кўнгли айниётганини айтди ва ухлаб қолди, ҳуфтон намозига ҳам турмади. Эрталаб эса у қазо қилганди.

Бобом (онамнинг отаси) чиройли ойналарни яхши кўрардилар – унинг уйидаги қирқ деразани рангли шишалар безаб турарди. Онам томондан ҳамма қариндошларимиз узоқ умр кўрганлар: бувим юз ўн ёшга кирганлар, онам тўқсон олтига кирганлар, тоғам тўқсон иккига кириб вафот этганлар. Отам томондан бўлган қариндошларимиз эрта қазо қилганлар. Биз беш ўғил эдик, мен уларнинг тўртинчиси эдим. Укам отамнинг вафотларидан кейин туғилган. Ака-укаларим отамга тортдилар ва унча узоқ яшамадилар, мен онамга тортдим.

Ойим ўқимишли аёл эдилар: рус тилида эркин гапирардилар, арабча ўқирдилар, Қуръонни билардилар. Бизни ҳам ўқишга мажбур қилардилар. Шунинг учун ҳам олти ёшга кирганимда акам мени мактабга олиб бордилар.

Ана шундай оилада вояга   етган Маликда   вақт   ўтиб кинога ихлос уйғонди ва   тез орада ўзбек киносининг навқирон   вакилларидан   бирига айланди. Кинога қай тариқа қизиқиш   уйғонгани ва уни бу сирли оламга ким бошлаб   келгани ҳақида у   шундай хотирлагандилар:

— 1929 йили бир куни мактабимизда машҳур адмиралнинг ўғли Николай Николаевич Кладо пайдо бўлди. У ўн уч киши ичидан нимагадир мени танлаб, Ўзбекистондаги биринчи киностудия дарвозасига етаклаб келди. Мен ичкарига кирдим ва унинг эшиклари мен учун бир умрга ёпилди. Кладо мени ўзининг “Бағдоддан келган америкалик аёл” фильмида батрак ролида суратга олди. Кейин яна “Ажал қудуғи”, “Қумлардаги водий” фильмларида   суратга тушдим, аммо мен кўпроқ ўзим кино олишни истардим. Баъзан менга объективга қарашга ва ҳатто дастакни бурашга рухсат беришарди.

Тасвирчи Фридрих Константинович Веригодоровский деган немис одам эди. Мен унга учоёқ ташишда, тунлари плёнка ўрашда, сурат чиқаришда ёрдамлашардим. У менга кинотасвирчи билиши керак бўлган қарийб барча ишни ўргатди.

1930 йили Кладо мени Ленинградга олиб кетди. Унинг уйидаги ўн олти хона китоблар билан лиқ тўла эди. Николайнинг онаси мендан “Уруш ва тинч­лик”ни ўқиганмисан, деб сўради. Мен албатта ўқимагандим. У токчадан бир китоб олиб, олдимга қўйди ва ҳар куни 50 варақдан ўқишни буюрди. Бундан ташқари, у киши менга столда қандай ўтиришни, пичоқ ва санчқини қандай тутишни ўргатди – яъни мен у кишидан оддий Европа этикасини ўргандим.

1931 йилга келиб мен БДКИ (ВГИК)да ўқир эдим. Икки йил ўтгач эса ҳаммасини ўрганиб олдим, деган қарорга келиб, Тошкентга қайтдим ва кино ола бошладим. Дипломни эса ололмадим. Агар ўшанда Москвада қолганимда, мен Тошкентдаги биринчи троллейбусни, аёллар паранжи ташлаган гулханни… яна кўп нарсаларни суратга ололмаган бўлардим. Кейинчалик, собиқ иттифоқ халқ артисти унвонини олганимда, Меҳнат қаҳрамони, Давлат мукофоти совриндори ва бошқа совринларга эга бўлганимда, мени бир ой парта ортида ўтириб, ўша дип­ломни олишга кўндиргандилар.

Шу тариқа Малик Қаюмов номи   кинорежиссёр сифатида 1930 йиллардаёқ   собиқ иттифоқга танила бошлади. Ҳатто 1937 йили Нью-Йорк кино кўргазмасида унинг фильми олтин медаль билан тақдирланди.

Малик Қаюмов ҳаётидаги, шунингдек, тарихдаги машъум воқеа 1941 йилда Амир Темур қабрининг очилиши ва урушнинг бошланиши эди. Бу ҳақда у шундай хотирлаган:

— 1941 йил июнида мени Амир Темур, унинг ўғли Шоҳруҳ ва набираси Улуғбек мақбараларининг очилишини суратга олиш гуруҳига қўшишди. Қазиш ишларида аввалроқ Иван Грозний суяклари қолдиқларидан унинг чинакам қиёфасини тиклаган Михаил Михайлович Герасимов иштирок этарди.

17 июнь куни Шоҳруҳ ва Улуғбек қабрини очдилар. Шоҳруҳ Мирзо кафанга ўралган, Улуғбек эса арчадан қилинган тобутда ётарди. Тарихдан маълумки, буюк олимнинг калласи олинган. Шунинг учун боши танасидан жудо қилинган жасадни топганимизда роса суюнганмиз – кўз ўнгимизда, шубҳасиз, Улуғбек жасади қолдиқлари турарди.

Узоқ давом этган тасвирга олиш ишларидан сўнг чой ичгани чойхонага кирдим. У ерда учта чол ўтирар, улар олдида эски китоб бор эди. Улардан бири мендан “қабрларни очишга алоқангиз борми?” деб сўради. Мен “уларнинг энг каттасиман”, дея ҳазиллашдим. Шунда чол менга: Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас – уруш руҳи чиқиб кетиши мумкин, деди. Мен: буни қаердан биласиз, деб сўрадим. Улар очиқ китобни кўрсатиб: “Ўқи!” дедилар. Арабчани мен мактабдаёқ ўргангандим, шунинг учун ҳам китобдан қуйидагиларни ўқидим: “Буюк Темур жасадига дахл қилма, акс ҳолда уруш бошланади”.

Олимлар олдига — ҳукумат комиссияси раиси, шарқшунос А. А. Семенов, Т. Н. Қори Ниёзий ёнига чопиб бордим. Шундай-шундай, чоллар билан гап­лашиб кўринглар, дедим. Ҳамма юқорига кўтарилди. Улар орасида ёзувчи Садриддин Айний ҳам бор эди. Мен чолларни суратга олиш учун аппарат олдига югурдим. Бироқ улар кетиб қолишганди. Бармоқ тишлаганча қолавердик.

Учинчи қабрни очдилар. Герасимов қопқоқни очиб, оёқ суягини қўлига олди. Шубҳасиз, бу оёқ суя­­ги Соҳибқирон   Амир Темурга тегишли эди: тизза бўғимида шиш кўрдик. 21 июнь куни бош чаноғини чиқариб олдилар, менинг камерам буни тасвирга олди, 22 июнь куни эрталаб эса биз радиодан уруш бошланганини эшитдик. Ўша куннинг ўзидаёқ Герасимов учта калла суягини Москвага олиб кетди. Мен эса Регистон майдонида туғларни ўпаётган, қасам­ёд қабул қилаётган ва урушга отланган ўн минглаб аскарларни кузатиб турардим. Шунда энди улгурсам керак, деб ўйладим. Минорага чиқиб, тепадан ажойиб томошанинг ҳаммасини суратга олдим.

Тез орада фронтга кетдим. Кинотасвирчилар уруш пайтида гранаталар улоқтиришмас ва зарурат бўлмаса отишмас эдилар. Лекин аскарлар билан бирга, қадамба-қадам юрардилар. Доим олдинги сафда икки кишилашиб ишлардилар. Менинг ёнимда дўстим Алеша Сёмин бор эди, у икки марта мени жанг майдонидан ярадор ҳолда олиб чиққан.

1943 йили Ржев яқинидаги Колбасино қишлоғида мен маршал Жуков билан учрашдим. Биз Алеша билан унинг олдига ўзимизни таништиргани бордик. Георгий Константинович кўк чой олиб келишни буюрди. “Сизни Темурийлар мақбарасини қазишда қатнашган, деб эшитдим”, — дея мурожаат қилди у менга. Мен унга ҳаммасини батафсил гапириб бердим. Чоллар ҳақида, китоб ҳақида гапирдим. “Ўзингиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?” — “Нима деб ўйлашимни айтолмайман, чунки бу факт: мен китобда ёзилган нарсаларни ўз кўзим билан ўқидим. Мен Темурнинг бош чаноғини кўмиш керак, деб ўйлайман”. – “У ҳозир қаерда?” – “Москвада, Герасимовда”. – “Қабрни очиш ҳақида ким буйруқ берган?” — “Қазиш ишларига Сталин рухсат берган”. – “Бўпти унда, мен ўртоқ Сталин билан гаплашиб кўраман”. Шунақа суҳбат бўлиб ўтганди. Кейинчалик мен Жуковнинг Сталинга мурожаат қилганини ва урушда бурилиш ясаган Сталинград жанги арафасида сўнгаклар кўмилганини билдим.

Малик Қаюмов Амир   Темур сағанасининг очилиши   ҳақидаги   бу сўзларни     1990 йилда нашр қилинган “Сомон йўли” тўплами учун ёзган ва   2006 йилда россиялик тележурналистлар ишлаган ҳужжатли фильмда ҳам таъкидлаб ўтганди.

Маълумки Иккинчи жаҳон уруши даврини собиқ иттифоқ бўйича 250 кинооператор суратга олган ва улардан 50 дан ортиғи   жанг майдонларида ҳалок бўлганди. Тадқиқотчилар фикрича уруш лавҳаларини   операторлар уч ярим миллион   метр кинотасмага муҳрлашган   ва улар орасида Малик Қаюмов   олган кинолавҳалар ҳам   анчани ташкил қилади.

1944 йили Минск остонасида автоматдан отилган учта ўқ Маликнинг чап оёғига келиб тегади   ва   уни Москвадаги Лефортово госпиталига олиб боришади. Оғир жароҳат туфайли оёғини кесиб ташламоқчи бўлишди…

Бу ҳақда Малик   ота шундай хотирлаган:

— Бир куни палатада ётганимда қизиқ воқеа рўй берганини эслайман: қарасам, ҳамма соқол қиртишлаяпти, у ёқ-бу ёғини тозалаяпти, атир сепаяпти. Нима бало бўлдийкин, деб ўйладим. Йигитлар ақлдан озишибди. Охири чидамасдан: “Нима бўлаяпти ўзи, кимни кутаяпсизлар?” деб сўрадим. Ҳаммаси жўр бўлиб: “Галина Дмитриевнани! Қараб тур, ҳали у киши келганларида сен ҳам енгил тортасан!” дейишди. Галина Дмитриевна Чеснокова узун бўйли, сарвқомат, тилла сочли, мовийкўз аёл эди. У оёғимни кесиб ташлашни бекор қилди – оёқсиз тасвирчилик қилиб бўларканми. Кейин бутун операция мобайнида менинг унга қандай қилиб севги изҳор қилганимни гапириб бергандилар. 1945 йил мартида эса мен 2-гуруҳ ногирони бўлиб гос­питалдан чиқиб кетдим.

Шундан кейин Малик Қаюмов яна Тошкентга қайтиб   кино соҳасида ўз   фаолиятини давом эттиради. 14 та болани асраб олган Шомаҳмудовлар оиласи, Ўрол Тансиқбоев, Галия Измайлова, Зулфия каби   халқимизнинг етук намояндалари   фаолияти   ва бошқа   мавзуларда 200 га яқин кўплаб ҳужжатли фильмлар ишлади.

Ана шундай салмоқли   ижодий меросга эга бўлсада   у   ўзининг айрим афсусланарли, қилишга улгурмаган ишларини   санаб ўтарди:

— Агар мен нимадандир афсуслансам, ўзим суратга олган нарсалардан эмас, суратга ололмай қолган, эътиборсизлик қилган нарсалардан афсусланаман.

Мен бир муддат нон шаҳри бўлолмай қолган 1930 йиллардаги Тошкентдаги очликни суратга олмаганим учун ўзимни кечиролмайман. Мен очликдан силласи қуриб, ишга кетаётган кишиларни кўргандим, уларнинг кўпчилиги йўлда кетаётиб йиқилиб тушардилар. Битта одамга бир кеча-кундузга яримта нон берардилар. Мен масжидлар ва черковларни қандай бузилганини, мадрасаларнинг қандай ташлаб кетилганини суратга ололмаганман. Ўзига ўлчаб берилган ерни олаётиб, бу бахтдан йиғлаган деҳқонни тасвирга туширмаганман. Шаҳарга сув ўтказганларида бухоролик кишининг қандай йиғлаганини, 270 километр узунликдаги Фарғона каналининг 45 кун ичида қандай қазилганини суратга ололмаганман. Бўлажак бадиий фильм учун Фарғона водийсига материал йиғишга келган Сергей Эйзенштейннинг қандоқ ҳайратга тушгани ёдимда. У бу ерда бирон нарса ўйлаб топишга ҳожат йўқ, бор нарсанинг ўзи ҳар қандай тўқимадан таъсирлироқ, деганди.

“Қўлинг теккан ҳамма нарсани яхшилашга ҳаракат қил” — деган эди Александр Довженко менга бир пайтлар.

Ҳа, Малик Қаюмов устозларидан олган сабоқларни кино соҳасида амалиётга айлантирди ва ўз тажрибалари   асосидаги китобларни ҳам   ёзиб қолдирди. Ўзбекистон кинематографиячилар уюшмасига кўп йиллар раҳбарлик қилиб Тошкент шаҳри   ва вилоятларда кўплаб   киносаройлар, кинотеатрлар ташкил   қилинишида раҳбарлик қилди. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб ўз даврининг   халқаро   ва собиқ иттифоқ миқёсидаги   мукофотларига сазовор бўлди. Турмуш ўртоғи Анна Пагосовна билан   фаровон турмуш кечирди. 2008 йилда   Россияда яшаётган фарзандлари   ва набиралари   олдига   бориб яшади ва 2010 йилнинг   29 апрелида   Москва шаҳрида вафот этди. 30 апрель куни эса она шаҳри Тошкентдаги Сағбон қабристонига дафн этилди.

Шу тариқа ўзбек киноси тараққиётига ўз даврида катта ҳисса қўшган Малик Қаюмов   99 йил ҳаёт кечириб эъзоз ва ҳурмат билан дафн этилди. Мана орадан йиллар ўтмоқда. Малик Қаюмов ижодий меросини ўрганиш, унинг фильмларини ЎзТВ каналларида   намойиш этиш, китобларини   қайтадан   нашр этиш , асарлари ҳақида илмий   тадқиқот ишларини олиб бориш   борасида эса ҳозирча   етарлича иш қилинганича йўқ. Менимча Малик Қаюмовнинг   халқимиз   олдидаги хизматлари ва халқаро майдондаги обрў   эътиборини инобатга олиб   унинг номини абадийлаштириш, Тошкент шаҳридаги   кўчалардан бирини у киши   номи билан аташ, пойтахти азимда киночилар   хиёбони ташкил қилиб   унга Худойберган Девонов, Сулаймон Хўжаев, Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Йўлдош Аъзамов, Шуҳрат Аъзамовлар билан бир   қаторда   Малик Қаюмов   бюсти ҳам ўрнатилса, ўринли бўлар эди.

Зеро, улар ўз ижодлари   билан ана шундай   эъзоз ва ҳурматга сазовор хайрли ишларни қилиб кетишган.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =