“Фамилиям… “по паспорту” шундай” ёхуд тилимизга эътиборнинг сустлиги ҳақида

Хайриятки, кейинги 3-4 йил ичида она тилимизга бўлган муносабат тубдан ўзгарди, унинг халқаро мавқеи ва нуфузини ошириш борасидаги амалий ишлар бошланди. Қарийб 25 йиллик ихтиёрий сукунат барҳам топиб, ҳар тугул, иш қоғоздан амалиётга кўчди. Буни шу қисқа муддатда чорак асрдан ортиқ вақт давомида қилинган (аниқроғи, қилинмаган) ишлардан кўра, кўпроқ ҳужжат қабул қилинганида ҳам кўриш мумкин.

 

Чунончи, сўнгги бир йилда бу борада 17 та ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат ҳамда битта қонун қабул қилинди, Президентнинг 2 та фармони ва қарори, шунингдек, ҳукуматнинг 12 та ҳужжати амалиётга тат­биқ этилди. Бунда, энг муҳими, узоқ йиллар давомида одатга айланиб қолган қандайдир мавҳум ва тусмоллардан иборат турли қоғозлар ўрнини ижро муддати ва масъуллари аниқ белгиланган ҳужжатлар эгаллади.

Гарчи, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида жиддий қарама-қаршиликларга қарамай она тилимизга Давлат тили мақоми берилди. Шундан сўнг ҳар йили октябрь ойида Ўзбек тили байрами эканини бир эслаб қўйиш учун расмий тадбирлар ўтказилди. Аслида, қонунда юртимизда ўзбек тилида сўзлашилсин, барча ёзишмалар шу тилда юритилсин, халқаро майдонга чиқиб, юксак минбарларда ўзбек тили янграсин, ҳатто хорижда ҳам ўзбек тили ўрганилсин, деган олижаноб мақсадлар мужассам эди.

Яратганга шукурки, кейинги вақтларда юқоридаги орзуларнинг дастлабки рўёбини кўра бошладик. Она тилимиз БМТ минбаридан илк бор янграши (Президентимиз икки бор, Сенат раиси бир бор) натижасида дунёнинг илғор университетларида ўзбек тилини ўрганиш кўлами кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ҳукуматимиз саъй-ҳаракатлари билан қилинган, қилинаётган амалий ишларни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз, қайсидир маънода, ушбу жараёнда иштирок этаё­тирмиз ҳам.

Оз бўлса-да, эришилаётган бу ютуқлар ўзимизники, аммо очиқ тан олиш керак, ўзбек тилининг чинакамига ўз мавқеини эгаллаши ва халқаро нуфузи ортишига рўйхушлик бермаётганлар, баъзан очиқчасига қарши бўлаётганлар, афсуски, 30 йил аввалгидек кўп бўлмаса-да, учраб турибди. Бу ҳолат ҳали-ҳамон “катта оға”лик даъвосидан кечолмаётганлар томонидан янграш билан бирга, ўқтин-ўқтин ичимизда бўй кўрсатаётгани кўнгилни хира қилади.

Бундай таҳдидларга қарши қатъий курашиш, она тилимизни ҳар қандай бало-офатдан асраш ва келажак авлодларга янада бой ҳолда етказиш Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган тил сиёсатининг устувор йўналишидир. Табиийки, бу жараёнда барча фаол иштирок этиши керак, айниқса, зиёлилар — илм-фан, таълим, маданият, санъат аҳли ва давлат хизматчилари пешқадам бў­лишлари лозим.

“Ҳар не истарсан ўзингдан истагил”, дей­ди миллий маънавиятимиз дарғаси Алишер Навоий. Замонавий тил билан айт­ганда, ислоҳотни аввал ўзингдан бош­­ла, ниманидир ўзгартирмоқчи бўлсанг ёки яхшилик истасанг ҳам, биринчи галда ўзингдан қидир, демоқчи буюк аждодимиз. Шундай экан, бугунги глобаллашув даврида миллатни бошқа миллатлардан ажратиб турадиган ва кўзга ташланадиган дастлабки жиҳат — исм-шарифларимиз миллийлигимизга хосми? Ота-боболаримиз асрлар давомида яхши ниятлар билан фарзандларига қўйган бир-биридан чиройли ва бамаъни исмларни тўғри ёзиб, тўғри талаффуз қиляпмизми? — деган савол туғилади.

Ер юзида қанча миллат бўлса, ҳар бирининг ўзига хос ва уни маълум даражада бошқалардан ажратиб турадиган исм-шарифлари мавжуд. Масалан, Жануби-шарқий Осиё халқларини исм-шарифига қараб (ҳатто японни корейсдан, хитойни веътнамликдан бемалол фарқласа бўлади) исталган бошқа ҳудуд вакилларидан ажратиш мумкин. Европа халқларида ҳам қайси миллат вакили эканини билдириб турадиган жиҳатлардан бири бу — уларнинг исм-шарифларидир.

Айтайлик, Михаил деган исм унинг кўпроқ рус халқига мансублигини англатса, шунинг асл бошқача шакли Михайло, Микаел ёки Майкл аксар ҳолларда румин, поляк, немис, инглиз ёхуд даниялик ва ҳоказо эканини тасдиқлаши барчага аён. Ёхуд ҳинд, араб, грузин, ҳатто қардошимиз турк халқларининг исм-шарифини адаштириб юбориш деярли кузатилмайдиган ҳодиса. Бу ҳам ўша халқларнинг ўз тарихига муносабатини, аждодларига ҳурматини акс эттириш билан бирга, миллатпарварлигини кўз-кўз қилиб туради.

Хўш, бу масалада бизда аҳвол қандай? Биз ота-боболаримиз яхши ният билан қўйган исм-шарифимизни қадрлай олаяпмизми, тарихимизга, аждодларимизга ҳурматимизни намоён қиляпмизми?

Болаларимизга баъзан асли номаълум ёки ҳеч қандай маъно бермайдиган исмлар ҳам қўйилаётгани, баъзан эса исмлар замонавий ва жарангдор деб мутлақо қисқартириб юборилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Юқорида миллий тилни асраш ва ривож­лантириш борасида биринчи галда илм-фан, таълим, маданият ва санъат намояндалари, давлат хизматчилари бошқаларга ибрат-намуна бўлиши лозимлигини қайд этдик. Қуйида ана шу ҳақда мухтасар мулоҳаза юритамиз.

Биз ўттиз йил давомида собиқ тузумга хос кўпгина номаъқул мерослардан қутулдик. Ҳатто иқтисодий бошқарув тизимида ҳам бу яққол кўрина бошлади. Аммо миллатнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бўлган исм-шариф масаласида ҳамон эътиборсизлик қилмоқдамиз. Йўқ, биз бу ўринда -ов, -ев, -вич кабилардан воз кечиш керак дейиш фикрида эмасмиз. Бу кўп вақт ва маблағ талаб қилишини яхши тушунамиз. Шунчаки, айрим исм-шарифлар ҳамон нафақат тилимиз, балки умуман миллийлигимизга мутлақо ёт бўлган шакл­­да ифода этилаётганидадир.

Масалан, бирор сана муносабати билан матбуотда мукофотланганлар рўйхати эълон қилинганда, у ердаги “турфа хиллик”ни, “ранг-баранглик”ни кўриб ҳайрон қоласан киши. Бу ҳайратнинг боиси бир-биридан ажабтовур исмлар, бир-биридан ғаройиб фамилиялар. Нега бундай деб сўрасангиз, ҳаммасининг жавоби бир хил:   “Паспортимда шунақа!”. Ҳой, барака топгур, паспортни ўзгартириш муаммо эмас-ку, ахир бобонгни ё момонгни “Юлдаш, Кадир, Халта, Халтура, Джахангир, Юльчи, Ядгар, Гапур, Яркиной де­йишмаган-ку”, деб ҳар қанча тушунтиришга уринманг, бари бефойда. Топган баҳонаси “По паспорту так”. Тамом-вассалом! Нима бало, бу паспорт деганлари жаннатга йўлланмамикан, деб ўйлаб қоласан гоҳо. Шу исмларни ўзбекча қилиб Йўлдош, Қодир, Холтой, Холтўра, Жаҳонгир, Йўлчи, Ёдгор, Ғофур, Ёрқиной деб ёзса обрўйи тушиб қоладими ё биров унинг ёқасидан оладими? Ўзга тилдагисидан кўра асли ўзбекчаси чиройли ва жарангдорроқ-ку!?

Бу масалага муқаддас китобларда ҳам алоҳида эътибор қаратилган, хусусан, ота-она томонидан қўйилган исмга қўшимча қўшиш, уни қисқартириб ёки бузиб айтиш динимизда ҳам қораланади. Боболаримиз ўз исм-шарифлари билан ифтихор қилишган, буни насл-насабнинг тозалигини англатиб турувчи муҳим жиҳат сифатида қаттиқ ҳимоя қилишган. Исми ё шарифини бузиб айтган кишига жиддий танбеҳ беришган. Буни миллий маънавият деб билишган, қадрлашган.

Ўзим аввал ишлаган ташкилотлардан бирида бир шахснинг фамилияси уч ўринда уч хил ёзилганига дуч келгандим: Киямов, Киемов, Қиёмов! Бошқа бириники эса ундан ҳам ошиб тушган — нақд тўрт хил: Юлдашев, Юлдошев, Йўлдошев, Йулдашов! Бу бир кишими ё тўрт киши деган, савол туғилиши табиий. Аввалига истиҳола юзасидан ботинолмадим, барибир бўлмади. Ташкилотда Йўлдошев фамилияли биргина киши борлигини билгач, ўзим орқали ўтадиган ҳужжатлардаги фамилиянинг ҳаммасини бир хил — Йўлдошевга ўзгартириб чиқдим. Натижаси кўп куттирмади, уч-тўрт дақиқа ўтар-ўтмас биров шиддат билан хонамга кириб келди ва “менинг фамилиям Юлдашев! По паспорту шундай”, дея дағдаға қилди. Куяйинми, кулайинми, деганлари шу бўлса керак.

Мустақилликка эришганимизга 30 йил тўлаётган бўлса-да, бундай ажабтовур исм-фамилиялар исталганча топилади. Ана шундай “нодир” исм-фамилиялилардан бирига “Паспортни ўзгартириш қийин эмас, масалан, менинг исмим ҳам дастлаб берилган паспортга кўра Джуманазар эди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, ҳали собиқ тузум даврида – 1987 йили “Д”ни олдириб, ўзбекча ёздирганман, осмон узилиб ерга тушмаган. Кўп вақт кетмаган — бориб ариза ёзганман ва бир неча кундан кейин паспортимга Жуманазар деб ёзиб беришган”, деб тушунтиришга уриниб кўрдим, бефойда. Ўзи айтмоқчи “ўз позициясида” ҳамон мустаҳкам турибди. Қанийди, ана шу емирилмас позициясини она тилига ҳурмат борасида ҳам қўллай олса! Отасига катта-катта раҳматлар айтардик.

Синчков юртдошларимиз яхши билади, Президент, Бош вазир ёки Сенат раиси каби энг катта амалдорлар кўпчиликнинг олдида давлат тилида гапиради, адабий тилда интервью беради. Балки, журналистларимиз адабий тилда гапирмайдиган амалдорлар билан суҳбат қилмаслиги, улардан интервью олмаслиги керакдир. Эҳтимол, ўшанда улар адабий тилни яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилармиди…

Президентимиз шу йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида: “Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. У халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қад­риятларига асосланган”, деб таъкидлар экан, кескин кураш ва рақобат ҳукм сураётган бугунги дунёда манфаатлар тўқнашуви кучайиб, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди. “Иқтисодий камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар олиб боряпмиз. Лекин маънавий қашшоқликни қандай қисқартирамиз? Фикр қарамлигидан қандай қутуламиз? Ислоҳотлар учун маб­лағ ва инвестицияларни топяпмиз, лекин маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун руҳий ресурсни қаердан топамиз?” — деб ўта жиддий ва кечиктириб бўлмас масалаларни ўртага   ташладики, бу, биринчи навбатда, зиёлилар ва давлат хизматчиларини янада сергак торттириши керак.

Бугун оммавий таъсир кўрсатиш масаласида телевидение ва интернетнинг олдига тушадигани йўқ. Шундай экан, телетомошабинларга, асосан, маиший-ишқий мавзудаги хорижий сериаллару енгил-елпи “кўнгилочар” дастурларни тақдим этавериш ҳеч қандай самара бермайди. Халқимизнинг ўзига хос менталитети, қад­риятлари ва турмуш тарзига мос сериаллар ва “кўнгилочар” дастурлар тайёрлаш, эфирга узатишдан олдин адабий тил қоидаларига нечоғли риоя қилинганини кўрикдан ўтказиб олиш шарт. Токи томошабин, айниқса, ёшлар бундан ибрат олсин, ўзаро сўзлашувда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилиш кўникмаси шакллансин. Бу билан оддий сўзлашув маданияти йўқолиб, тобора дағал ва қашшоқ бўлиб бораётган тилимиз мусаффолиги ва жозибадорлигини сақлашга ҳисса қўшган бўламиз.

Миллий ғоя ва маънавиятимизни тарғиб қилувчи кўрсатув ва медиа маҳсулотлар эса деярли кўринмайди. Айниқса, миллий сериаллар намойишидаги аксарият диалоглар, монологларда қулоққа айтиладиган гапларнинг бемалол экранда жаранглаши кишини ўйга толдиради. Бу кетишда 5-10 йилдан кейин Киям, Юлдаш, Курбан, Ачил ва ҳоказо каби ўрисча ёзиладиган исмлар ўрнини ўша Кериме, Кемал, Фериде, Музефферлар эгалламаслигига ким кафолат беради?

Таҳлилларга кўра, бугун Ўзбекистонда фаол телеаудиториянинг 52 фоизи аёллар, 42 фоизи эркаклар экан. Уларнинг 43 фоизи меҳнат бозорида ишлаётган фуқаролар бўлиб, телетомошабинларнинг 83 фоизи ўзбек тилида сўзлашувчи аудитория ҳиссасига тўғри келади. Шундай бўлгач, томошабинга тақдим этилаётган телемаҳсулотлар ҳам ўзбек адабий тилига хос бўлиши керак эмасми?

Аҳамиятли жиҳати шундаки, телетомошабинларнинг енгил-елпи, мусиқий-кўнгилочар кўрсатувларга эмас, балки таҳлилий-танқидий, ижтимоий-сиёсий ахборотларга бўлган қизиқиши ортган. Буни Ўзбекистонда телевидение аудиторияси тадқиқотларини амалга оширувчи “Kantar Research” МЧЖнинг 2020 йил якуни бў­йича эълон қилган тадқиқоти натижалари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, “Sevimli” телеканалида ҳар куни 4 маротаба тўғридан-тўғри жонли тарзда эфирга узати­лаётган “Замон” информацион-таҳлилий дастури аудиторияси 18,1 фоизга ошган ва барча телемаҳсулотлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.

Ҳимолай тоғларида яшайдиган тай халқи ёш келин-куёвга “бир-бирингни худди китдек яхши кўринглар, бир-биринг­­га худди итдек садоқатли бўлинглар!” — деб тилак билдиришар экан. Бу бизга қанчалик ғалати эшитилмасин, ўша халқнинг бор бисоти шу — луғатида бундан ортиқ эзгу тилак йўқ экан. Яратганга шукурки, бизнинг тилимизда ифодалаб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ана шу тилимизнинг софлигини асраш, бойитиш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, аввало, илм-фан, таълим, маданият ва санъат аҳли, давлат хизматчиларининг бурчидир.

Жуманазар МЕЛИҚУЛОВ,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

директорининг маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 12 =