ЧОРАСИЗНИНГ ЧОРАСИ

ёхуд матбуот инқироздан қандай қутулади?

Ҳозир мамлакатимиздаги замонавий медиамакон янги ташкилий-технологик жараёнларни шиддат билан бошдан ўтказмоқда. Пировардида ХХI аср ўзбек журналистикаси назарияси ва амалиётида ҳам кўплаб ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 26 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, “Мамлакатимиздаги барча сиёсий-ижтимоий институтлар каби Ўзбекистон журналистикаси ҳам ҳозирги рақамли технологиялар даврида янги шаклланиш жараёнини бошидан кечирмоқда.

Бугун авлодлар, ижодий мак­таблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим”.

Шу билан бирга, ўзбек медиамаконининг турли сегментларида ОАВ ва миллий журналистикамизга нисбатан танқидий қарашлар ҳам шаклланмоқда. Буни медиа ҳақидаги назариялар билан медиаиндустриялар фаолияти ўртасида катта тафовут юзага келаётганидан ҳам билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, замонавий инсон ҳаёти ва ижтимоий тараққиёт жараёнида рақамли медианинг ўрни ҳам тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Замонавий журналистика ва оммавий ахборот воситалари тарихий трансформациялашув жараёнида турибди. Буюк британиялик таниқли социолог, оммавий коммуникация назариётчиси Дэнис Маккуэйл айтганидек, “ОАВ учта муҳим куч кесишган нуқтада — иқтисод, сиёсат ва технологияларнинг қоқ марказида жойлашган”. Амалиётда мана шу учта куч мамлакатимиздаги ОАВ тараққиётига ҳам турли давр­ларда турлича таъсир этиб келмоқда. Айниқса, буни кейинги ўн йилликларда — янги технологияларнинг кириб келиши, конвергент муҳитнинг пайдо бўлиши жараёнида янада яққолроқ кузат­япмиз. Кўп­лаб халқаро тадқиқотчи олимлар “Нима учун анъанавий журналистика чуқур инқирозга юз тутди?” деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу “инқироз” анъанавий ОАВнинг ўзига хос бизнес модели билан боғлиқ. Чунки ҳозир ҳар бир одам хоҳлаган манбадан истаганча ахборот олиш имконига эга. Бунинг устига улар яна барча ахборотни бепул тақдим этади. Аҳолининг эса ахборот учун пул тўлаш мажбурияти кундан-кун камаймоқда. Шунинг учун аудитория ахборот манбаи сифатида газеталар ва ҳатто телевидениега ҳам кам мурожаат қилмоқда. Табиийки, қаерда муштарий, ўқувчи, томошабин, интернет фойдаланувчиси кўп бўлса, реклама ўша ёққа қараб “қочади”.

Мамлакатимизда чоп этиб келинаётган газета-журналлар кейинги йилларда бошқа оммавий ахборот воситалари сингари катта ўзгаришларга дуч келди. Ушбу ўзгаришларнинг барчаси ҳам босма нашрлар фойдасига ҳал бўлаётгани йўқ. Лекин шу билан бирга, уларнинг аксарияти давр ва жамиятнинг ажралмас қисмига айланди ва ўқувчиларнинг эҳ­тиёжини қайсидир маънода қондириб келмоқда. Босма нашрлардаги замонавий ўзгаришлар, аввало, энг янги техноло­гиялардан фаол фойдаланиш жараёнида кўзга ташланмоқда.

Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган таб­ригида қайд этилганидек, мамлакатимизда бугунги кунда 1893 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси сайтидаги маълумотга кўра, айни пайтда газеталарнинг саноқлисигина ўн мингдан кўпроқ ададда чоп этил­япти. Ҳудудлардаги аксарият газеталарнинг адади эса мингтага ҳам бормайди. Бу эса уларнинг фақат зарарга ишлаётганини кўрсатади.

Кўп мутахассисларнинг фикрича, газеталарнинг ўз анъаналарига бефарқ муносабатда бўлиши доимий муштарийларнинг кетиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Шунга қарамай, ҳозир замонавий нашр деганда, аввало, юқори даражадаги интерактивлик билан медиамаҳсулотларга кириш (ёки уни шарҳ, блог, муаллифлик рукнлари ва бош­қалар орқали яратиш) имкониятини берадиган веб-сайт­лар тушунилади. Янги медиаплатформалар (ахборот етказувчилар)га веб-сайтлар, журнал ва газеталарнинг iPad версиялари, мобиль (смартфонлар учун) ва бошқа турли иловалар, 3G телевидение, mp3 плеерлар, инфоэкранлар, медиа­экранлар киради.

Янги даврга хос асосий хусусиятлар (ашаддий рақобатчилик, ўзгарувчанлик, ахборот глобаллашуви, рақамлаштириш) таъсирида оммавий ахборот воситаларининг вазифаси ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Жумладан, матбуотнинг ҳам асосий хусусиятлари ўзгарди. Оммавий ахборот воситалари тобора кўпроқ универсаллашмоқда. Супер ва интерфаоллик хусусиятларига эга бўлмоқда. Технологик янги­ликлар аудиторияга контентни қабул қилиш учун янги (рақамли фото, видео, аудио ва ҳоказо) имкониятларни очиб бермоқда. Матбуотнинг замонавий моделлари ишлаб чиқилмоқда ва амалда қўлланмоқда. Бу ОАВни жамоатчилик билан алоқалар воситаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтига айлантирмоқда.

Ҳозир айнан матбуотда турли ёшдаги ходимлар ишлайди. Таҳририятларнинг ижодий гуруҳлари қисқартирилмоқда. Турли лавозимларни бирлаштиришга мажбур бўлинмоқда. Газеталар реклама бозорида ўз позициясини бой бермоқда. Ҳудудий босма нашрлардаги ходимларнинг ўртача ёши пенсия ёшига яқинлашмоқда. Бу эса консерватизм ва қарор қабул қилишда мослашувчанлик каби тенденцияларни пайдо қилмоқда. Шунинг учун ҳам кўп газеталар бир хил қолипдаги интервьюлар, жанр қоидаларига мос келмайдиган материаллар, одатий ҳисоботлар билан тўлиб тошган.

Aлоқа янги турлари (интернет, мобиль контент)нинг тез тарқалиши босма нашрларни реклама бозоридан сиқиб чиқармоқда. Баъзи нашрлар қоғоз вариантини тарк этиб, фақат интернет платформасида қолмоқда.

Босма нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий буюртма ёки давлат гранти кўринишида танловлар ўтказилади. Ижтимоий буюртма учун бирор ташкилот (Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликлари ва ҳоказо) фондидан маблағ ажратилади. Бундай рағбатлардан аксарият нашрларнинг хабари йўқ. Билганлари ҳам медиалойиҳа ишлаб чиқиб базўр қўлга кирит­япти. Баъзи ҳолларда ажратилаётган маблағ жуда кам бўлгани учун нашрлар танловда қатнашмай қўя қолади. Сабаби, тўлдириладиган ҳисоботлар талайгина. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, телевидение учун ажратиладиган пуллар нашрлар грантларидан анча кўп. Шундай нуқтаи назар баъзи “гигант” ва оддий нашрлар орасида ҳам кузатилади. Бу ҳолатдан айрим журналистларда норозилик кайфияти уйғонмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг ҳолати тўғрисидаги ўтган йилги ҳисоботига кўра, мамлакатимиздаги босма оммавий ахборот воситалари бозори чуқур инқироз ҳолатида. Босма нашрлар муштарийлари фаоллиги кескин пасайган. Бунинг оқибатида “Тошкент оқшоми”, “Вечерний Ташкент” газеталари, “Жажжи академик” журнали каби ўнлаб нашрлар фаолиятини тўхтатган.

Шу ўринда оммавий ахборот воситалари ва ҳокимият ўртасидаги ҳамкорликнинг номувофиқ шакллари ҳақида ҳам гапириш мумкин. Оммавий ахборот воситалари ҳокимият томонидан қўйилаётган “ўйин қоидалари”га риоя этишга мажбур қилинмоқда. Баъзи мавзуларга табу қўйиш, сиёсий жиҳатдан ўзини ўзи цензура қилишдан ўзга чораси қолмаяпти. ОAВ бир томондан жамиятдаги сиёсий плюрализм ва ахборот бозоридаги эркин рақобат шароитида фаолият юритади. Бошқа томондан улар ҳокимият органларига жуда боғлиқ, яъни ҳокимият қўл остидаги корхоналарга айланиб қолган. Нашр саҳифалари кўпинча расмий ҳужжатлар, ҳисоботлар, шаблон суҳбатлар билан тўлдирилади. Буни кўпроқ ижтимоий-сиёсий газеталар саҳифаларида учратиш мумкин.

Сўнгги пайтларда кўпгина таҳририятлар QR кодлардан фойдаланмоқда. Масалан, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Правда Востока”, “Народное слово”, “Hurriyat”, “Ўзбекистон овози”, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Зарафшон”, “Дўстлик байроғи”, “Фарғона ҳақиқати” ва бошқалар бу технологияни самарали қўлламоқда.

Жаҳон амалиётида бепул газеталар ҳисобига босма нашрларни сақлаб қолишга уриниш кузатилмоқда. Ёки ОАВни қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий солиқ йиғимлари жорий қилинган бир пайт­­да бизда “газета керакмас” деган иддаоларни ҳам илгари сурилмоқда. “The Washington Post”, “Chicago Tribune”, “Chicago Sun-Times” ва “The Dallas Morning News” ҳам бундай ғоя­дан четда қолиб кетмади. Улар газеталарни текин тарқатиш йўли билан рақобатчиларни енгиш ва ёшларни газета мутолаасига қайтаришга уринмоқда. Қолаверса, ёшлар аудиториясини жамлаш орқасидан янги реклама берувчи ҳамкорларни топиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу ўринда хорижий нашрларнинг, хусусан, замонавий Aмерика оммавий ахборот воситаларининг ривожланишини белгилайдиган ва муқаррар равишда бутун дунё­­га таъсир кўрсатадиган асосий тенденциялар мавжуд. Улар қуйидагича:

Биринчидан, асосий эътиборни алгоритм ва маълумотларга қаратиш. Яъни ҳар қандай замонавий медиа янгиликлар бўлимининг асосий таркибий қисми жонли экранда айланаётган, сайтларга кираётган аудито­риянинг кўрсаткичи ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам газеталарда рақамларга ҳарфлардан кам эътибор берилмайди.

Баъзи таҳририятлар ушбу рақамларнинг барчасини кўриб чиқиб, уни қайта ишлаб, қонуниятларни шакллантирадиган махсус таҳлилчиларни ёллайди. Масалан, улар фалон сарлавҳа яхшироқ чиқибди ё манави материал ҳеч қандай таъсир кучига эга эмас, шунинг учун муаллифини бемалол ишдан бўшатиш мумкин қабилида маслаҳатлар беради.

Иккинчидан, таҳририятларда асосий вазифаси аудиторияни кенг жалб этиш билан шуғулланадиган одамлар пайдо бўлмоқда. Тўғри, бу вазифани баъзи таҳририятлар ҳозир ҳам эски тартиб бў­йича журналистларнинг ўзига юкламоқда. Лекин аста-секинлик билан бўлса-да, бу энди етарли эмаслиги барчага аён бўлмоқда. “The Washington Post” газетасида аудиторияни кенг жалб этиш учун ўнлаб мутахассислар ишлайди. Уларнинг асосий вазифаси — журналистларга ижтимоий тармоқлардаги ҳикоя сюжетларини қандай тарзда тақдим этиш ёки истеҳзо ва кесатиқ шарҳларга қандай жавоб бериш ҳақида маслаҳатлардан иборат.

Aмерикалик медиаменежерлар ўқувчиларни жалб қилиш замонавий оммавий ахборот воситалари учун энг асосий муаммо эканини ва буни фақат яхши таҳлил-мазмун бериш билангина ҳал этиш мумкинлигини англади. Ушбу таҳлил-мазмунни “сотиш” ва унинг истеъмолчиси билан фаол мулоқотга киришиш талаб этилади.

Шу каби эҳтиёжлар янги-янги формат (шакл)ларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Масалан, “USA Today” таҳририяти ўзининг ҳатто ишлаб чиқаришга доир йиғинларини ҳам видеотасвирга олмоқда. Сўнг ушбу видеони материал билан бир вақтнинг ўзида тармоқларга жойлаштиради. Таҳририят бу билан қарорларни қабул қилишда шаффоф­ликка амал қилаётганини кўрсатади ва минглаб синчков ўқувчи (томошабин)ларни жалб қилади.

Учинчидан, меҳнат бозори тобора ўзининг шахсий аудиториясига эга бўлганларни қадр­ламоқда. AҚШ газеталарига энди “олтин қалам” эгалари (улар ўзи шундоқ ҳам кўп) керак бўлмай қоляпти. Машҳур интернет тадбиркори ва amazon.com асосчиси, миллиардер Жефф Безос 2013 йилда “The Washington Post”ни сотиб олганида, у киритган ўзгартиришлардан бири бу газетачиликда тажрибаси бўлмаган, аммо ижтимоий тармоқларда ўн минглаб обуначилари бўлган одамларни ишга ёллаш бўлди. Газета аудиторияси ана шу кичик-кичик аудиториялар ҳисобига дарров кўтарилди.

“The Washinton Post”нинг бошқарувчи муҳаррири Эмилио Гарсия-Руйсдан “Газетангизга “олтин қалам” соҳиби ёки твиттерда олти-етти минг обуначиси бўлган “рақамли йигитча”ни ишга олиш танлови қўйилса, кимни танлаган бўлардингиз?” деб сўрашганида “AҚШ меҳнат бозори шундоқ ҳам “олтин қалам” эгалари билан тўлиб тош­ган. Биз рақамли аудито­риямизни кенгайтиришимиз керак”, деб жавоб берган эди.

Хулоса: газеталаримизда чуқур таҳлилий материаллар етишмаяпти. Жанр­лардаги бир хиллик, ҳокимият манфаатларига таъсир қиладиган муаммоли, таҳлилий, танқидий материалларнинг жуда камлиги, шунингдек, журналистларнинг касбий маҳорати пастлиги, матбаа сифати ҳаминқадарлиги, газеталарнинг тартибсиз нашр этилиши муштарийлар аудиториясини ўзидан узоқлаштиряпти.

Шу боис, янги медиа муҳитида матбуот ўзига хос ўрнини топиши, бозорнинг муҳим сегменти экани, ҳокимият ва жамият ўртасидаги ўзаро кўприкка айланиши айни пайт­­да жуда муҳим.

Акбар НУРМАТОВ,

Ўзбекистон журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети

доценти, филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − eleven =