Мустақил миллий армиямиз тарихи: кеча ва бугун

Aрмия фақат қурол ва аслаҳа билан эмас, она-Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар билан қудратлидир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Шу йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, аввало, ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армиямизни янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мус­таҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар, мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш сингари долзарб масалалар муҳокама қилинди.

— Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур, — деди Президентимиз.

Зеро, бугунги нотинч ва долғали замонда ҳар бир мустақил давлат биринчи навбатда халқи, юрти дахлсизлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрмаса, унинг учун эртанги кунги эрки, мус­тақиллигини ўзга биров келиб ҳимоя қилиб бермайди. Шу ўринда миллий армиямизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган тарихига мухтасар назар ташлаш ўринлидир.

Дарҳақиқат, барча соҳалар сингари миллий армиямиз мустақиллигининг қўлга киритилиши — маълум бир қийинчилик­лар ва тўсиқларни енгиб, босқичма-босқич ислоҳотларни амалга ошириш асосида эришилган.

1989 йилнинг охирида совет армияси сафида хизмат қилиб қайтганларнинг рўйхати текширилганда, биргина тинчлик даврининг ўзида, ҳеч бир сабабсиз 430 нафар ўзбекистонлик аскарнинг армияда вафот этганлиги маълум бўлган. Юртимиздаги ҳарбий кадр­лар масаласида ҳам аҳвол жуда ачинарли эди. Чунончи, 1990 йили Ўзбекис­тонда хизмат қилаётган ҳарбий офицерлар текширилганда, Ўзбекистон мудофаа тизимида хизмат қилаётган барча офицерларнинг атиги 0,6 фоизи (эътибор беринг, ҳатто 1 фоиз ҳам эмас) миллий кадрлар ҳисобига тўғри келар экан. Ўзбекистонда туғилган кўплаб ҳарбий офицерлар СССР­нинг махфий топшириқларини бажариш мақсадида бошқа ҳудудларга жўнатилар, айрим ҳолларда уларнинг ё ўлиги уйларига қайтар, ёки ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетар эди. Aйнан собиқ марказ партияси мансабдорларининг аралашуви натижасида юқоридаги салбий рақамлар шаклланган. 1990 йил 26 август­­да Ўзбекистонда “Қуролли Кучлардаги партия ташкилотларини тугатиш тўғрисида”ги қарори эса рақамларнинг ижобий томонга ўзгаришига катта туртки бўлди. Натижада 1990 йилнинг ўзида собиқ СССР ички қўшинларида хизмат қилаётган 300 нафар ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи ўз ихтиёри билан энди Ўзбекистон Қуролли Кучларида хизмат қилиш хоҳишини билдирди ва тез орада Рес­публика раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан уларнинг орзу-умидлари амалга оширилади.

Мустақиллигимиз эълон қилингач, 1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлиги тузилди. 1992 йил 3 июлда Президент фармонига биноан “Мудофаа ишлари вазирлиги” Мудофаа вазирлигига айлантирилди. Бу фармон асосида соҳада кенг қамровли ўзгаришлар бошланди, қатор қонунлар (“Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” ва ҳоказо) қабул қилинди. 1993 йил 22 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисмининг Жанговар байроғи тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланиб, Қуролли Кучлар Жанговар байроғининг ягона намунаси белгиланди.

1993 йил 29 декабрда “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни эълон қилинди ва “14 январь — Ватан ҳимоя­чилари куни” сифатида байрам қилинадиган бўлди.

Мустақилликдан олдин, иттифоқ даврида бундай байрам 23 февралда нишонланган. Aммо ушбу икки сана орасидаги тафовутлар ер билан осмонча фарқ қилар эди. Сабаби, СССР таркибидаги (Россиядан ташқари) республикаларнинг ҳеч қайсиси 23 февраль санасидаги воқеа­-ҳодисага алоқадор эмас эди. Чунки 1918 йил 2 февралда Чор Россиясида бошланган Фуқаролар уруши 1920 йил 23 февралда ҳукуматнинг ғалабаси билан тугайди. Aйни шу воқеадан сўнг собиқ совет давлати армияси ва денгиз флоти ҳар йили 23 феврални байрам сифатида нишонлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарорига биноан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар республика тасарруфига олинди. Кўп ўтмай, яъни:

1) 1992 йил 18 майда Ҳарбий авиация, ҳаво десанти, разведка қўшинлари ва таъминот қисмлари;

2) 12 ноябрдан Ҳаво ҳужумига қарши ҳарбий қисмлар;

3) 13 ноябрдан ва ниҳоят Кимёвий ҳарбий қисмлар республикамиз тасарруфига олинди.

1992 йил 24 мартда Ўзбекистон давлат чегарасини, ҳудудий дахлсизлигини бевосита таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) тасарруфида “Чегара қўшинлари” тузилди. Кейинги масала эса ҳарбий кадрлар, офицерлар тизимини такомиллаштириш эди. Тошкент олий танк-қўмондонлик билим юрти 1993 йил 1 апрелдан бошлаб “Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти” деб қайтадан номланиб, фаолиятини янгича тартибда бош­лади. Ҳозирги кунда мазкур ҳарбий билим юртида 9 та бакалавриат йўналишида офицерларни тайёрлаш учун ўқишга қабул қилинади. 1995 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига асос солинди. 2017 йил 25 апрелда Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг фармонига асосан аввалги Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти базасида янги ва замонавий Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 20 июндаги қарори ва Мудофаа вазирининг 1994 йил 9 июлдаги буйруғига асосан Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилган эди. Мазкур ҳарбий билим юрти 2018 йил 18 январда Президент қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юрти” деб қайтадан номланиб, Жиззах шаҳридан Қаршига кўчирилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17 январдаги қарорига асосан ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа соҳасида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети Мудофаа вазирлиги Aхборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти этиб қайта ташкил этилди.

Бундан ташқари, 2000 йилдан бошлаб Қуролли Кучлар тизимида ҳарбий йўналишдаги лицейлар фао­лияти йўлга қўйилган эди. 2007 йил 22 майда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг “Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барча ҳарбий лицейлар ҳарбий-касбий йўналишдаги лицейларга айлантирилди. 2017 йил 5 июлда эса Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг Фармонига мувофиқ барча ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” мақоми берилди. Ушбу ҳарбий билим юртлари ва Темурбеклар мактабларида келажакда ҳарбий мутахассис бўлиш орзусидаги ёшлар учун барча шароитлар яратилди.

Мустақилликдан сўнг, илк бор 1995 йил 30 август­­да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи чақириқ учинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий доктринаси қабул қилинган эди. 2003 йил 3 февралда эса мамлакатимиз Мудофаа доктринаси муҳокама қилинди. 2018 йил 9 январда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Aйтиш жоизки, йилдан-йилга Мудофаа тизимига оид мавжуд муаммоларнинг амалий ечими сифатида қатор қонун ва фармонлар қабул қилинмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида мудофаа соҳасида 7 та қонун, 50 та фармон ва қарорлар, 20 дан ортиқ дастурлар ва  “йўл хариталари” қабул қилингани фикримиз далилидир.

2018 йилнинг 10 январида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бўлиб ўтди. Президентимиз мазкур йиғилишда бугунги кун ёшларида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масаласи устувор масала сифатида турмоғини алоҳида таъкидладилар. “Буюк саркардалар Жалолиддин Мангуберди ёки Aмир Темурнинг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади”, — деб эътироф этилди. Ҳарбий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида мактаблардаги ҳарбий тайёргарлик дарсларига шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориш ва хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бў­йича топшириқлар берилди. 2018 йил 23 февралда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбия­лашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, уларнинг онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 майда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилинган қарорига биноан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун республика олий таълим юртларига 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар доимий равишда замонавий уйлар билан таъминланмоқда. Биргина мисол, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиши белгиланди ва режа асосида бажарилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 31 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларини қуроллантириш ва мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Шу асосда, Мудофаа саноати давлат қўмитаси (2017 йил 20 ноябрь) негизида Мудофаа саноати агентлиги (Мудофаа вазирлиги ҳузурида) ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида “Ўзтехтрейд” давлат унитар корхонаси тузилди. Мазкур фармон ижроси асосида юртимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати агентлигининг ташкил қилиниши миллий мудофаа саноат комплексини шакл­лантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

2016 йилдан бошлаб миллий армиямизни ислоҳ қилиш, Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмасини ва дислокация тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техника намуналари билан жиҳозлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва шайлиги, касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Қўшинларнинг энг замонавий турдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан таъминланиши ва сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон армияси 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра дунёдаги энг кучли армиялар рейтингида 145 давлат орасида 62-ўринни эгаллади (ҳарбий кучларнинг глобал индекси 50 га яқин омилларни ҳисобга олган ҳолда тузилади). Буюк Британияда ўтказилган, дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакат ҳарбийлари иштирок этган нуфузли “Кембрия патрули” танловида ҳарбийларимиз 123 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллагани соҳадаги амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ўринли эканлигини кўрсатиб беради.

Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистоннинг мус­тақил миллий армияси барча замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар билан таъминлаб келинмоқда. Бу масала ҳақида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони фикр билдирар экан: “Миллий армия 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади”, деб таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, Миллий армиямизда қисқа фурсат ичида жуда ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Ва бу ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. 2016 йилдан ҳозирги кунга қадар жами 580 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилди, уларда Қуролли Кучларнинг 35 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари иштирок этди. Замонавий, профессионал Миллий армиямиз қисқа муддат ичида биз кутгандан ҳам олдинроқ шаклланди. Ҳозирги кунда эса ҳақиқий ривожланган армиямизга таянган ҳолда тинч-тотув яшаяп­миз. Қуролли Кучларимиз бор экан, мустақиллигимизга, тинчлигимизга қарши қаратилган ҳар қандай ташқи хавфлар, уларни озиқлантирувчи кучлар ва кимсалар ўзларининг машъум ниятларига ҳеч қачон ета олмайди. Зеро, мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз тинчлигини таъминлашдир.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида ҳам халқ ва армия бир тану бир жон эканлиги алоҳида таъкидланди. Унда айтилганидек, “…ғалаба тақдирини, аввало, қўшиннинг жанговар руҳи ва тайёргарлиги, маънавий қуд­рати ва мустаҳкам иродаси хал қилади.”

Мард ва жасур ҳарбий хизматчиларимизнинг ана шундай жанговар руҳи ҳамиша баланд бўлсин!

Завқибек МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон ФА Тарих институти илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 12 =