Камала Ҳарриснинг сиёсий йўли
Маълумки, Америка Қўшма Штатларида ўтган йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Дональд Трамп устидан ғолиб чиққан Жо Байден билан биргаликда мамлакат вице-президентлигига 57 ёшли Камала Ҳаррис муносиб деб топилди.
Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Камала Ҳаррис — Калифорния штати тарихида округ прокурори ва кейинчалик Калифорния бош прокурори лавозимларига сайланган биринчи қора танли аёлдир. Бундан ташқари, у АҚШнинг биринчи сенатори эди. Энди у мамлакат вице-президентлигидаги илк афро-америкалик ва келиб чиқиши осиёлик биринчи аёл ҳисобланади. Биз қуйида дунё сиёсатида бўй кўрсатган — АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ҳақида қисқача ҳикоя қиламиз.
Камала Деви Ҳаррис 1964 йилнинг 20 октябрида Калифорния штатининг Окленд шаҳрида туғилган. Унинг онаси Ҳиндистонда туғилган Шьямала Гопалан, отаси эса ямайкалик муҳожир Дональд Ҳаррис бўлиб, улар 1962 йилда Беркли университетида танишган эди. Ўша пайтда Шьямала саратон касаллигини даволаш бўйича диплом ишини ҳимоя қилаётган, Дональд эса иқтисодчи эди. Иккаласи ҳам Америкада барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлари таъминланиши бўйича жадал бораётган ҳаракатнинг фаолларидан бўлиб, турли митинглар ва намойишларда иштирок этишарди. Тез орада ўзаро оила ришталарини боғлаган икки ёшнинг илк фарзанди дунёга келади.
Камаланинг исмини онаси, асли келиб чиқиши ҳинд бўлгани боис, ҳиндча “Нилуфар гули” маъносини берувчи “Камала” деб қўяди. Камаланинг иккинчи исми Деви бўлиб, бу исм ҳам унга Ҳиндистоннинг фаровонлик ва тараққиёт маъбудаси Лакши-деви шарафига қўйилган. Икки йилдан сўнг оилада яна бир қиз фарзанд туғилади. Унга Майя деб исм қўядилар.
Лекин Шьямала ва Дональднинг оилавий иттифоқи узоққа чўзилмаган. Камала етти ёшдалигида ота-онаси ажрашади. Натижада Шьямала иккала мурғак қизларини ёлғиз ўзи тарбиялашга мажбур бўлган. Чунки ўша пайтда Камаланинг синглиси Майя ҳам тўрт ёшга тўлган эди. Уларнинг оиласи Калифорния штатининг асосан афро-америкаликлар яшайдиган камбағал мавзесида истиқомат қиларди. Бироқ 1960 йилларнинг охирида Калифорнияда этник озчиликка мансуб аҳолини бошқаларга “интеграция қилиш” дастури эълон қилинади ва унга кўра, камбағал оилалардаги қора танли болаларни бадавлат оқ танли аҳоли вакиллари яшайдиган ҳудудлардаги мактабларга кўчириш амалиёти жорий этилади. Натижада Камала ҳам шундай мактаблардан бирида ўқий бошлайди. Кейинчалик, ўқитувчилари ва синфдошлари ўшандаёқ Камаланинг ақлий салоҳияти жуда юқори эканини таъкидлашарди.
Шьямала эри билан ажрашгач, қизларини бир неча марта ўзининг ота-онаси яшайдиган Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрига олиб боради. Шунингдек, қизлар отасининг Ямайкадаги оила аъзоларини кўриш учун ҳам бир неча бор бу мамлакатга сафар қилган. Умуман, Камала ва Майянинг тарбиясида онасининг қатъиятли аёл экани муҳим ўрин тутади. Айнан онаси уларга ҳамиша ўта кучли фуқаролик аҳдида туриш ва ҳамиша ўз ҳуқуқларини талаб қилишни ўргатган.
Камала Ҳарриснинг ўзи бу ҳақда шундай деб ёзади: “Онам бизга доим яхши таълим олиш муҳимлигини уқтирган. У бизга тиришқоқликнинг нақадар аҳамиятли эканини тушунтирган. Ҳеч қачон бировлар сизнинг кимлигингизни айтмасин, балки сиз уларга кимлигингизни кўрсатинг, дея таъкидлаган. Волидам бизга орзупараст бўлиб қолманг, балки уларни амалга оширувчи бўлинг, деб уқтирган. Онам бизнинг қалбимизда ҳақиқат албатта ёлғоннинг устидан ғалаба қозонишига нисбатан қатъий ишончни шакллантирган”.
Камала ўсмир қизлигида ҳиндлар ибодатхонаси ва баптистлар черковига қатнай бошлайди. Бу ҳақда у ўзининг “Биз билан ёнма-ён ҳақиқатлар” номли таржимаи ҳол китобида шундай деб ёзади: “Онам икки нафар қора танли қизни тарбиялаётганини жуда яхши тушунган. Шунинг учун ҳам бизни ўзига ишонган, мағрур қора танли аёллар бўлиб етишишимизни хоҳлаган”.
Гарчи Камаланинг онаси қизларини ҳинд анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаган бўлса-да, оилада барибир Африка анъаналари устун келади. Афтидан бунга онаси Шьямаланинг афро-америкаликлар жамиятларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тадбирларида жуда кўп қатнашгани ва унинг дўстлари, асосан, шундай инсонлардан иборат экани сабаб бўлгандир…
Камала Ҳаррис Ҳиндистонда яшовчи бобоси ва бувисининг олдига тез-тез бориб турар ва болалик пайтларини шундай деб эслайди: “Мен ёшлигимда Ҳиндистонга борсам, бобом ўртоқлари билан тонгги сайрга олиб чиқарди ва улар соҳил бўйлаб узоқ суҳбатлашар экан, демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашнинг муҳимлигини таъкидлар эдилар”.
Дарҳақиқат, Камалага айниқса, бобосининг демократик жамият ва аёлларнинг ҳуқуқлари бўйича қарашлари катта таъсир кўрсатади. У кейинчалик ҳам бобоси билан тез-тез телефон орқали суҳбатлашиб тургани, ундан сиёсат бўйича кўп маслаҳатлар олганини эслаб, “айнан бобомдан олган сабоқларим менинг бугунги даражага етишимга сабабчи бўлди”, деб ёзади.
Шьямала Гопалан эри билан ажрашгач, Камала 12 ёшга тўлганда икки қизи билан биргаликда Канадага кўчиб боради. Чунки унга Монреалдаги Макгилл университетида профессор лавозимида ишлаш таклиф этилган эди. Камала Ҳарриснинг ўз таржимаи ҳол китобида ёзишича, Монреалдаги пайтида улар яшайдиган уйнинг кириш эшиги олдидаги ўтлоқзорда болаларнинг ўйнашлари маҳаллий маъмурият томонидан тақиқланган эди. У эса синглиси Майя билан ана шу тақиққа қарши биринчи самарали намойишни ўтказади ва мавжуд чеклов ҳақидаги қоиданинг бекор қилинишига эришади.
Камала ва синглиси Монреалда яшаган пайтларида бу шаҳар чеккасидаги Уэстмаунт мавзесида ўрта мактабда ўқийди ва ниҳоят, Монреалда 5 йил яшагач, яна Америкага қайтиб келади.
Шундан сўнг у 1982-1984 йилларда Вашингтондаги “қора танлилар учун тарихий коллежлар” деб аталувчи Горвард университетининг сиёсат ва иқтисод бўйича бакалавр бўлимини тугатади. Сўнгра Калифорниядаги Беркли университетида юриспруденция йўналиши бўйича магистрлик диссертациясини ҳимоя қилади. Шу тариқа, у 1989 йилда юқоридаги университетнинг Ҳастингс коллежини юрист мутахассислиги бўйича тамомлайди.
Шундан сўнг, Камала Ҳаррис 1990 йилда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи имтиҳонни топширади. Бироқ адвокатликдан кўра, Окленддаги Аламеда мавзесида округ прокуратурасида ишлашни афзал кўради ва 1998 йилгача ўша ерда аввал, прокурор ёрдамчиси, кейин ўринбосари вазифаларида фаолият юритади. У терговда ишлаш жараёнида уюшган жиноятчиликка, гиёҳванд моддалар савдоси ва жинсий зўравонликка қарши шафқатсиз кураш олиб боради. Шунингдек, Сан-Франциско округ прокурори пайтида ўсмирлар ўртасидаги фоҳишабозликка қарши курашга катта эътибор қаратади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг топшириғига кўра, шаҳардаги вояга етмаган фоҳиша қизларга нисбатан жиноятчилар эмас, балки жиноятнинг қурбонлари сифатида қарайди ва уларнинг қўлга тушганларини қамоқхоналар ўрнига, реабилитация марказларига жўнатади.
Камала Ҳаррис шу тариқа мансаб пиллапояларидан кўтарилиб, 2004 йилда Сан-Франциско прокурори даражасига етишади. 2010 йилнинг сўнгида эса Калифорния штати бош прокурори этиб сайланади. У бу жараёнда рақибидан 56,5 фоиз овоз билан устун келади ва бундай даражага эришган биринчи афро-америкалик аёл сифатида эътирофга молик. Камала, шунингдек, синглиси Майя Ҳаррис унинг сиёсий фаолиятида доим кўмакдош бўлиб келаётганини айтади.
Кузатувчилар Камала Ҳарриснинг айнан прокурорлик фаолияти уни сиёсат билан шуғулланишига сабабчи бўлганини таъкидлашади. Камала бўлажак демократ сиёсатчи ўлароқ, Демократик партиянинг кескин сўл қарашлари ва консерватив фикрлари ўртасидаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади. Пировардида, Камала Ҳаррис 2017 йили АҚШ Сенати аъзолигига сайланади. Бу сафар ҳам у илғорлардан бўлди. Яъни, Сенатдаги биринчи ҳинд, иккинчи қора танли аёл сифатида эътироф этилди.
Камала Ҳаррис 2019 йилнинг 21 январида Америка Қўшма Штатлари президенти сайловларида иштирок этишини эълон қилади. У мамлакат жиноят кодекси ва имиграция тўғрисидаги қонунларини ислоҳ қилиш зарурати ҳақида фикр билдирар экан, йирик корпорациялардан ўзининг сайлов кампанияси учун пул олмасликни ваъда қилади.
Тақдирни қарангки, Камала Ҳаррис сайловолди дебатларида айнан ўзининг яқин дўсти, марҳум Бо Байденнинг отаси Жо Байден билан рўбарў келади. Чунки Жо Байденнинг 2015 йилда саратон хасталигидан вафот этган тўнғич ўғли Бо Байден 2010 йилнинг бошида Делавэр штатининг прокурори бўлиб ишлаган. Камала Ҳаррис эса Калифорния штати прокурори эди. Иш юзасидан яқин ҳамкорликда бўлган бу икки инсон кейинчалик яқин дўстларга айланган ва ҳатто Бо Байден Камала Ҳарриснинг Америка Сенатига номзоди қўйилишини шахсан қўллаб-қувватлаган эди. Кейин эса у марҳум дўстининг отасига рақиб сифатида президентлик сайловларида қатнашди.
Пировардида, дўстлик ғалаба қозонди. Камала Ҳаррис 2020 йилнинг 8 мартида ўз сайловолди кампаниясини тўхтатишини эълон қилиб, тарафдорларини Жо Байденнинг номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди. Балки улар ўзаро келишгандир. Буниси бизга маълум эмас.
Америка Қўшма Штатларининг ҳамиша кескин ўтувчи президентлик сайловларида бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Узоққа бормайлик, 2008 йилги праймериз сайловларида бир партия вакиллари Барак Обама ва Ҳиллари Клинтоннинг ўзаро қанчалик қатъий курашганини яхши эслаймиз. Кейин Ҳиллари Клинтон мағлуб бўлди ва Барак Обама президентлик лавозимини эгаллагач, уни Давлат котиби этиб тайинлади. Бу сафар эса Жо Байденга қўл берган Камала Ҳаррис ҳақли равишда Америка Қўшма Штатлари вице-президентлигини эгаллади.
* * *
Энди мухтасар АҚШнинг биринчи аёл вице-президенти Камала Ҳарриснинг шахсий ҳаёти ҳақида:
Камала Ҳаррис 1994 йилда Калифорния штатининг Қонунчилик кенгаши спикери Уилли Браун билан танишади. Бу пайтда Уилли 60 ёшда, Камала эса 30 ёшда эди. Шунга қарамай улар биргаликда жамоатчилик олдида кўриниш беришни бошлайди. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Браун Сан-Франциско мэри этиб сайланади. Бироқ иккаласининг оилавий ҳаётдаги истиқболини кўришга кўзи етмаган Ҳаррис у билан ажрашади. 1996-2004 йилларда мэр бўлиб ишлаган Уилли Браун бугунги кунда қарийб тўқсон йиллик умр давонига яқинлашмоқда. Уларнинг кейинги муносабатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот учрамайди ҳисоб.
Камала Ҳаррис ҳозир турмуш ўртоғи, ҳуқуқшунос Дуглас Крейг Эмхофф билан бирга ҳаёт кечиряпти. Улар 2014 йилда турмуш қурган. Ўз фарзанди бўлмаган Камала эрининг иккита боласига ўгай она ҳисобланади. Бу ҳақда унинг ўзи “Элле” журналига берган интервьюсида Эмхоффнинг болалари Коул ва Элла уни “ўгай она” эмас, балки “ойижон” деб чақиришларини айтган.
Асли келиб чиқиши яҳудий Эмхофф кўнгилочар соҳалар саноатида юрист бўлиб ишлаш билан биргаликда Жоржтаун университетининг фахрий профессори ҳам ҳисобланади. У ҳозирда “ДЛА Пайпер” деб номланган Халқаро юридик фирманинг йирик ҳамкоридир.
Шуни айтиш керакки, Камала Ҳаррис АҚШ вице-президентлигига номзодини қўйган энг бой инсон саналади. Унинг хусусий жамғармаси 6 миллион 300 минг долларни ташкил қилади. Бу маблағ унинг ўтган йилги молиявий ҳисоботида кўрсатилган. Ҳаррис шахсий бойлиги миқдори бўйича ҳатто президент Байдендан ҳам бадавлатроқдир. Байденнинг хусусий капитали 2 миллион 700 минг доллар эканини президентликка номзодини қўйишдан олдин топширган молиявий ҳисоботида акс этган. Албатта, ҳисоботда кўрсатилган бойликка уларнинг барча мол-мулки ва банклардаги ҳисоб жамғармаларидаги пуллари ҳам киради. Камала Ҳаррис бойлигининг катта қисми унинг эри Дуглас Эмхоффнинг номига расмийлаштирилган. Ҳарриснинг ўз номида эса фақат 1,7 миллион долларлик маблағи кўрсатилган, холос.
“Нью-Йорк Таймс” газетасининг таҳлилига кўра, 2018 йилда Ҳаррис ва турмуш ўртоғининг умумий даромади 1,9 миллион долларни ташкил қилган. Улар бу маблағнинг 37 фоизини солиққа тўлаган. Ҳарриснинг ўзи 2019 йилда китоб ноширчилигидан аванс сифатида 277 763 доллар даромад олганини қайд этган. Камала Ҳарриснинг АҚШ вице-президентлигига номзоди қўйилар экан, албатта, бунда унинг наслий келиб чиқиши, ҳуқуқшунослиги ва сиёсий дастури муҳим аҳамият касб этди. Америкалик миллионлаб оддий сайловчилар ўзларининг орзулари рўёбга чиқишига, кундалик турмуш тарзи ўзгаришига, жамиятда адолат устуворлиги таъминланишига ишонганликлари учун ҳам айнан унинг номзодини ёқлаб овоз беришган.
Шуни қайд этиш керакки, вице-президент Америка Қўшма Штатларида лавозим бўйича иккинчи шахс ҳисобланади. Гарчи унинг ваколатлари унчалик кўп бўлмаса-да, энг муҳим конституцион вазифаси – амалдаги президент вафот этса, лавозимидан кетказилса (импичмент орқали) ёки бошқа сабаб билан лавозимидан кетса, унинг ўрнини эгаллайди. Америка тарихида шу пайтгача 48 нафар вице-президент ўтган. Шулардан 8 нафари амалдаги президентнинг ўлимидан сўнг Президентга айланган.
Шундай қилиб, Камала Ҳаррис бу мамлакатнинг 49-вице-президентидир.
1920 йилда америкалик аёллар овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритган. Ўшанда улар намойишга чиққанларида ўз ҳаракатларининг ранги сифатида оқ рангни танлаган эди. Камала Ҳаррис ҳам ўтган йилги сайловларда вице-президентлик лавозимида ғолиб чиққач, жамоатчиликнинг олдида оқ либосда кўриниш берди ва қуйидаги сўзларни айтди: “Мен АҚШда бу лавозимни эгаллаган биринчи аёлман, аммо охиргиси бўлмайман. Чунки бугун юртимиздаги ҳар бир ёш қизалоқ бизга қараб, Америка Қўшма Штатлари – имкониятлар мамлакати эканини билади”.
Ҳаррис хоним ўзини ҳар доим “америкалик” сифатида таништиради ва бундан ғурурланишини айтади. У 2019 йилда “Вашингтон пост” газетасига берган интервьюсида сиёсатчилар терисининг ранги ёки келиб чиқишига қараб лавозимга ўтирмасликлари кераклигини таъкидлаб, “Менинг фикрим шуки: мен ким бўлсам, ўшаман. Шунга кўникканман. Сиз буни тушунишингиз лозим, мен бундан қисилмайман”, деган эди.
Ҳа, АҚШнинг янги вице-президенти Камала Ҳаррис ана шундай мағрур, дангал, очиқкўнгил ва шу билан биргаликда қатъиятли аёллардандир.
Алишер ШОЙИМОВ,
журналист