Мария Тереза Лиуззо: “Биз дунёга сўз эркинлиги ва эркин сўз учун масъулмиз!”

Мария Тереза Лиуззо — Италиянинг Калабрия провинциясидаги Монтебелло Жонико муниципалитетининг қирғоқ бўйидаги Салине Жониче қишлоғида туғилган. У Р. Бенинтенде лирик ва драматик ассоциацияси президенти. “Le Muse” адабий журнали директори. Унинг бир қанча адабий ишлари чоп этилган. Чунончи, 1992 йилда “Jeyson Ed” нашриётида “Илдиз” тўплами чоп этилди. Шундан сўнг “Психика” (1993), “Апейрон” (1995), “Эвтаназия утопияси” (1997), “Тасвир аутопсияси” (2002), “Соя қорасидан ошмайди” (2006), “Генезис” (2008), “Мен ҳозир гапирмайман” (2020), “Онанинг оч сояси” (2022), “Қайтиш нури” (2022) каби кўплаб асарлари нашр этилган. Унинг ижоди италян тилидан ташқари, инглиз, араб, румин, рус ва бошқа хорижий тилларга ўгирилган. Мазкур суҳбатни газета муштарийлари эътиборига ҳавола этишдан мурод шуки, биринчидан, адабиёт ва журналистика — дунёнинг қайси юртида бўлмасин, инсон эрки, озодлиги ва юксак маънавият бешиги ҳисобланади. Иккинчидан эса, мақсад — бугунги дунё ижодкорлари фаолияти билан ўзбек ўқувчиларини ҳамда Ватанимиз ижод оламини уларга танитишдан иборат.

Шерзод Комил Халил:

— Италия маданияти, тарихи ва санъатига ҳурмат туфайли мен сизга анъанавий инглиз тилида эмас, италян тилида мурожаат қиламан. Шу боис суҳбат давомида мабодо баъзи хатоларга йўл қўйсам, мени афв этасиз. Биламан, сиз нафақат италян тилида шеърлар қоралайсиз, балки эсселар, романлар ҳам ёзасиз, яъни наср ҳам сизга бегона эмас. Шу маънода сиз ўзингизни ижодкор сифатида кўпроқ ким деб биласиз? Умуман, адабиёт сиз учун нимани англатади?..

 

Мария Тереза Лиуззо:

— Адабиёт мен учун, аввало, қалб, тирик, битмас-туганмас мерос, билим, эҳтиром, умумбашарийликка дахлдор бўлган санъат, у ҳар қандай ҳолатда ҳам биздан унинг шаънига доғ туширмасликни, мудом ҳалол ўйнашни ифодалайдиган сезимни англатади. У қон, ақл, нафас, осмон, денгиз, юрак, эҳтирос, мусиқа, ишқ ва сукунатдан яратилган сўздир. Ундаги сўзлар, фикрлар, ҳатто тиниш белгилари ҳам менинг ҳис-туйғуларимнинг ғалаёни, у бизни азоблайдиган ва инсоний қилиб тарбиялайдиган бир нарса. Мен уни худди сиз каби хоҳ шеърда ёзаманми, хоҳ насрда, бунинг фарқи йўқ. Мен улардан ҳар иккисининг ҳам онасиман (бу жонли ҳиссиётни сентиментализм билан алмаштирмаслигингизни сўрардим, ахир бу жуда бошқача нарса). Умуман, мен адабиётни бир-икки таъриф билан ифодалаб бера олмайман.

 

Шерзод Комил Халил:

— Мен сизнинг эътиборингизни ўзбек ва италян адабиётлари ўртасидаги алоқаларга қаратмоқчиман. Очиғини айтсам, Италияда ўзбек адабиётига муносабат қандай эканлигини билмайман. Аммо шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистонда италян мумтоз адабиётига қизиқиш анча олдин бош­ланган. Боккаччодан тортиб Петрарканинг сонетларигача, “Декамерон”дан “Илоҳий комедия”гача бизда аллақачон таржима қилинган. Буюк ўзбек шоири Абдулла Ориф “Илоҳий комедия”ни маҳорат билан мураккаб терцина услубини сақлаган ҳолда ўзбек тилига ўгирган. Эндиликда ёшлар Умберто Эко каби замонавий постмодернизм вакиллари бўлган италян ёзувчиларининг асарларини алоҳида иштиёқ билан ўқимоқда. Сизнинг бу борадаги муносабатингиз қандай?..

 

Мария Тереза Лиуззо:

— Менинг ўзбек адабиётига бўлган қизиқишим туркий адабиёт билан бевосита боғланган шоир Элдор Аҳадов туфайли юз берди. Биз Италияда “Italian Book” нашриётида чоп этилган антологиямизни нашрга тайёрлаганимизда, Элдор Аҳадовнинг кўплаб туркий халқлар шоирларидан ўгирган таржималаридан фойдаланганмиз. Ўшанда мен унинг таржималари орқали ўзим учун Абдулла Орифни кашф қилдим. Бу тахминан 2008 йилларда эди. Шоирнинг 2016 йил Хьюс­тон (АҚШ) да вафот этгани ва у Дантенинг “Илоҳий комедия”сини ўзбек тилига ўгирган таржимон эканини, ўлимидан бироз олдин Италия Президенти томонидан олтин медаль билан мукофотланганини матбуотимиздан ўқиб, унга нисбатан хайрихоҳлигим ва бу орқали ўзбек адабиётига бўлган қизиқишим ошди. Цивилизациялашган дунёда бизнинг маданий алоқаларимиз янада ривож топишига ишонаман. Шахсан мен доим ўсишнинг маданий воситаси бўлган янги адабий қиёфаларни кашф этишни бирламчи вазифам деб биламан, шундай экан, нега италян ва ўзбек адабиётлари бир-бирларини кашф этмасин, ахир биз бир бутун инсониятмиз. Назаримда, бундай локал узоқлик ва билим яширадиган каннибализм — рамз етишмаётган руҳи ўлик дунёларга хосдир. Тасаддуқки, биз бундай эмасмиз, аксинча, биз она сайёрамизни қутқариш учун ўзаро маданий яқинликни, имон, умид, қатъият, сабр-тоқатни адабиёт воситасида биргаликда қалбларга сингдирсак, яқинлик шунда инъикос этади.

 

Шерзод Комил Халил:

— Мария Тереза Лиуззо хоним, бугунги кунда адабиётнинг жамиятга таъсирини қандай баҳолаган бўлардингиз? Нима деб ўйлайсиз, адабиёт аввалгидек кучлими? Оммавий маданият ва глобализмнинг таъсири бошқа модаларга йўл бердими? Сизнингча, эндиликда адабиётнинг кучи нимада? Бугунги кунда шоирнинг, ёзувчининг вазифасини қандай тушунасиз?..

 

Мария Тереза Лиуззо:

— Менинг назаримда, бугун адабиёт коррозияга учраган металл сим каби ғалати таассурот беради, у ўтмишдагидек қудратли эмас, аввалги қадр ва қадриятларини йўқотган. Мен таассуф билан ўйлайманки, бир вақтлар Европа маданиятининг жаҳондаги устунларидан бўлган адабиёт нафақат ҳақсизликка қарши курашган, адолат учун маёқ бўлган. Эндиликда биз ҳақиқий ижодкорларни ҳам бутунлай йўқотиб қўйгандекмиз. Расмий танқидчилар томонидан тан олинган янги улуғлар ҳам ўз вазифасини адо этмаётгандек таассурот беради менга. Бугун ижтимоий тармоқларда кўплаб ижодкорларни кўришингиз мумкин, аммо у ерда ҳақиқий санъат билан уни суистеъмол қилиш, стерил ва ностерил қатламлар, безовта қилувчи ва ифлослантирувчи шакллар беўхшов чиқиндилар сингари аралашиб кетган, ҳақиқий ва ноҳақиқийни ажратиб олишингиз осон бўлмайди. Сиз ёлғон билан мода кетидан қуваётган, муайян мафкура қуролбардорлари бўлган ижодкорлар билан том маънодаги санъат фидойиси бўлган шоирни ёки ёзувчини бир қарашда таниб олишингиз осон эмас. Чангалга тушган бехабар қурбонлар эса, ёлғон ва оригинал бўлмаган касларнинг тўрига илиниши ва шуни адабиёт деб ўйлаши мумкин. Хаёлий тўрга илинганлардан руҳланган ноасл ижодкорлар саккизоёқ каби ҳамма жойда ўзининг чангалини солади ва баъзан ўзига рақиб деб аталган асл ижодкорларни заҳар сочувчи хаёлоти билан обрўсизлантиришга уринадилар. Уларнинг мақсади — ижоди ҳеч қандай бадиий қимматга эга бўлмаган ҳолда, ўзини унвонларга муносиб кўриш, ҳар қандай ҳолатда шу каби нарсалар билан мақтанишни ўзига касб қилиб олишдир. Бу каби ўртамиёналар адабиёт қадриятларининг борини ҳам йўқ қиладилар. Биз эса адабиётга ҳақиқий бадиий персонажларни олиб кирган, миллий ва халқаро маданиятга фидойилик билан хизмат қилаётган, умумадабий меросни ҳалоллик ва камтарлик билан бойитган чин адиблар руҳониятини жуда кеч илғаб қоламиз ёки йўқ. Яна шундай нарсалар борки, одам айтишдан ҳаё қилади. Ўзини адабиётга тааллуқли деб биладиган “бўшашган тўплар”ни усталик билан ўйнаётган циркчи аёлнинг таъсирига тушиб қолганлар томонидан ижод оламига етказилаётган зарар, айтишимиз жоиз, булар ўзига-ўзи медаллар беради ва ҳар хил унвонлари билан мақтанади, уларга буни қилишга рухсат берган амалдорлар эса сукутда. Улар бу масхарабоз “зодагонлар” томонидан қилинаётган шантажларга бефарқ қарашади ва соғлом одамларни Оге отхонасидан ташқарига чиқадиган чириётган гўнг билан заҳарлаётганларнинг олдини тўсиш учун ҳеч нарса қилмайди. Айрим ёзувчи ва шоирларнинг қадр-қиммати ортида шундай акробатлар яширинган бўлиб, улар ўзларининг “0” қийматини ижтимоий тармоқларда ҳукмронлик қилаётган латта терувчиларнинг шафқати остида давом эттираверадилар. Келажакдаги Нобель номзодларининг исмларини ғурур ва беҳаё­лик билан, жазосиз таклиф қилаётганлар (издошлар) ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Адабиётга ҳаёт бахш этган қадрли адиблар бугун “ноқулай қаҳрамон”га айланишди. Эндиликда кун сайин янги модалар ихтиро қилинмоқда, биз майда ва зўравон одамлар билан андармонмиз, шу боис биз “МАДАНИЙ БИРЛАШМАЛАР” билан эмас, аксинча “ЖИНОЯТ БИРЛАШМАЛАРИ” билан тўқнаш келгандекмиз. Бундай паллада чинакам шоир ва ёзувчининг вазифаси ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Улар чин санъатни ҳимоя қилиш ва келажакка узатиш учун фидо­йилик кўрсатишга мажбурлар.

 

Шерзод Комил Халил:

— Тушунарли. Келинг, энди шахсийроқ савол бераман, сиз ўзингиз ҳозирда қандай адабий лойиҳалар устида ишлаяпсиз? Умуман, нима ёза олдингиз ёки ёзолмадингиз? Ёзиш сизга нима беради? Сиз ёза олмасликдан қўрқасизми ёки бефарқмисиз?

 

Мария Тереза Лиуззо:

— Мен ҳозир “Жаҳон адабиёти тарихи”нинг бешинчи жилдини яратишдан иборат бир маданий лойиҳа устида ишлаяпман. Мен нимадир ёзган бўлсам, табиат ва инсониятни ўз ичига олган ҳар бир нарсага қалб ва ақлдан келган нарсаларни қоғозга муҳрлашга интилганман ва шу йўсинда ёзишда давом этаяпман. Цивилизациялашган мамлакатда муҳим ижтимоий ва маданий юксалиш учун тинчлик муҳим ўрин тутади. Мен такаб­бурликсиз қўшнимизни ўзимиз каби севишни, ҳаммамиз ўзимизни бир Худонинг бандаларидек ҳис қилишимизни, қадриятларга бой инсоният жамиятини яратиши ёки шунга намуна бўлиши мумкин бўлган ҳамма нарсани қидираман. Мен 20 га яқин китоб ёзганман, шу жумладан, 5 та роман. Ҳозир икки режиссёр неореализм ҳақида фильм суратга олиш умидида менинг романларим устида ишламоқда. Яқин орада яна иккита шеърий тўпламимни ёзиб тугатдим, аммо уларни ҳозирча нашр этиб улгурмадим, тез орада улар нашр этилади. Чет элда таржималарим кўп, омма олдида чиқишларим кам учрайди. Болалигимдан яширинча ёзардим. Мен ҳаёт, борлиқ қўшиғини ҳамиша унинг қоронғи ва яхши томонлари билан тасвирлаганман, уруш ва тинчлик, бекорчилик ҳақида ёзганман, лекин имтиёзли меҳнатни муҳтожликдан халос бўлиш, маънавий қутқариш сифатида кўрганман. Минглаб бегуноҳ ўлимларни, озодликнинг қадрини, қуллик азобини, аёл бўлиш машаққатини тасвирладим. Менинг китобларим мактабларда ўқув ва ижтимоий шарҳ китоблари сифатида қабул қилинган. Мен ёзмасликдан қўрқмайман, бунинг учун ўлган бўлишим керак, ёзишдан мени фақат ўлим тўсиб қолиши мумкин. Энг чиройли ёзуғларим дард ва изтиробдан туғилган. Агар сизда худбинлик бўлмаса, мулоҳазаларингиз туғилади. Қайта-қайта такрорланаётган геноцидлар, қуллик, қирғин, мисли кўрилмаган зўравонлик ва жиноятларнинг қайта бошланаётганини кўриш учун “лупа”ни ақлга келтириш кифоя. Менимча, ёзишга журъати етмаган одам яшашга лойиқ эмас ва умуман ёзмаслиги керак. Ёзиш сеҳрли ҳийла эмас, балки қондир. Бу воз кечиш, қурбонлик, фидойилик, яширмаслик керак бўлган ҳақиқат, қадр-қиммат ва ҳурматдир. Бир зум олдин фаррошдан жирканадиган, лекин амалдорга сажда қиладиган одам бўри олдидаги ювош қўзичоқдек болаларга эртак ёзиб, уларни алдамаслиги керак! Лекин ҳамма биладики, подага чўпон, сўқирга таёқ керак. Рицар қилични унутса, шоир сўзни ёддан чиқарса, тамом бўлади. Замонавий тараққиёт даврининг “дракула”лари — мана шундай регресслар устида қурилган. Армиялар даҳшатли қуроллари билан енгишни, жоҳиллар эса бизни ўзлигимиздан маҳрум қилишни хоҳлайди, лекин улар шунчаки руҳсиз қўғирчоқлар. Шундай паллада шоирлик қони ва ёзувчилик ҳамияти билан ёзганларгина омон қоладилар. Ёлғон жиноятига обуна бўлган фирибгарлар эса вақти-соати билан йўқ бўлиб кетади, шу боис биз бу борада ақлли бўлишимиз ва сохта яхшилик­лардан эҳтиёт бўлишимиз зарар қилмайди.

 

Шерзод Комил Халил:

— Сиз билан суҳбатни мен ўзбек матбуоти учун, инчунин, мустақил газетамиз “Hurriyat” учун олдим. Газета мухлисларига қисқа тилакларингиз ва фикрларингиз бўлса билдирсангиз. Газета ўқиш камайиб бораётган, инсон эрки ва мустақиллиги тобора глобаллашаётган муҳитга тортилаётган бир даврда, адабиёт ва матбаанинг одам онгига ва унинг ривожланишига таъсири борасида қарашларингиз қандай?..

 

Мария Тереза Лиуззо:

— Мен бунинг машаққатини, ўқувчиларни манбага жалб қилишдаги муаммолар, тиражларнинг камлиги, ташқи ва ички таъсирлар, ҳамма-ҳаммасини тўғри тушунаман. Чунки мен ҳам мустақил нашр юритишга масъулман. “Le Muse” журнали ва унинг қошидаги “Аlesandro today” газеталари билан ишлаш жараёнида бу муаммолар гирдобидан озми-кўпми сузиб ўтиб бораяпмиз, аммо бундан нолишни хаёлимга келтирмайман ва келажакка ўз қарашларимиз ва муносабатларимизни акс эттириш учун бир минбар сифатида бу жараёнга некбин қарайман. Ичимда оптимизм бор. Ахир биз бу адабий-матбаа минбари орқали дунёдаги ёвузлик, қарама-қаршиликлар ва бошқа талотўпларга нисбатан ўз позициямизни, эркин муносабатимизни билдира оламиз. Мен ўйлайманки, сизнинг газетангиз “Hurriyat” ҳам худди шундай пози­цияга эга. Мен газетага, унинг аудиториясига бу йўлда муваффақият тилайман. Биз дунёга сўз эркинлиги ва эркин сўз учун масъулмиз. Мана шу масъулликни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак! Газета ўз обуначиларига инсон эркини ва унинг мустақиллигини, ҳаётга, жамиятга муносабатини ифодалаб берувчи бир минбар ўлароқ яшаши керак. Жаҳонда Ўзбекистон матбуотининг ўрнини кўрсатувчи катализатор бўлишида газетангизга омад ёр бўлсин. Сизга ва “Hurriyat” газетасининг жамоасига бу борада энг яхши тилакларимни билдириб қоламан.

Шерзод Комил Халил

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 10 =