“Швеция матбуотида танқид қилинган ҳолатга зудлик билан чора кўрилади”
Турли даврларда замоннинг зайли билан юртимизни тарк этиб кетган ватандошларимиз бугун жаҳоннинг барча ҳудудларида ҳам топилади. Швециядаги муҳожир ватандошларимиздан бири Муқим Маҳмудовнинг икки ўғли Шамсиддин ва Нуриддин Маҳмудовлар яқинда Ўзбекистонга келишган эди. Дунё кўрган кишиларнинг суҳбатини олган яхши, деб, улар билан кўришдик, гаплашдик. Қуйида суҳбат асносидаги айрим фикр ва мулоҳазаларни умумлаштириб, эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Ватандошларимиз юрт соғинчи, Она тупроқ қадри, муҳожирликдаги ҳаёти, ўқиши, ишлари ҳақида ҳикоя қилдилар. Ҳар бир нарсада ҳикмат бор, деганларидек, уларнинг гурунглари ҳам муштарийларимизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
Ташқарига биринчи қадам
Отамиз ҳам, онамиз ҳам ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетида ўқишган. Ўша ерда танишиб, турмуш қурганлар, биз шу тупроқда туғилганмиз. Лекин 2007 йилдан бери Швецияда яшаб келмоқдамиз. Бу давлат Скандинавия яриморолнинг шарқий қисмида жойлашган. Майдони Ўзбекистонникидан бироз катта, аммо аҳолиси кўп эмас, 10 миллиондан зиёд. Швеция давлат тузумига кўра, конституцион монархия ҳисобланади. Ўлка ҳудудининг 9 фоизи кўллардан, 50 фоиздан зиёд қисми ўрмонлардан иборат. Аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини шведлар ташкил қилади. Расмий тил — швед тили. Аҳолининг 80 фоиздан кўпроқ қисми шаҳарларда яшайди. Швеция интенсив қишлоқ хўжалигига эга бўлиб, юксак даражада ривожланган индустриал мамлакат ҳисобланади.
Даставвал, Швеция тўғрисида ўзимизнинг ҳам умуман маълумотимиз йўқ эди. У ерга кетишимизни йўлга чиқишдан бир ҳафта олдин билганмиз. Ота-онамизнинг: “У ерда арча эксак, фалон пул беришаркан, шу билан кун кўриб, болаларимизни ўқитамиз”, деб гаплашишганини эслаймиз. Швецияда нақд ўрмоннинг орасига шаҳарлар тушган. Икки-уч соат дарахтларнинг орасида кетиб борарканмиз “Шу ўрмоннинг ичига ташлаб кетишаркан-да”, деб ўйлагандик. Секин-аста ҳаммаси изига тушиб кетди.
Дастлаб борганимизда, шубҳасизки, тилни билмаганмиз. Мактабда синфдошлар бошқача нигоҳ билан қарашарди. Тилни ўрганганимиздан сўнг шведлар орасида яшаш енгиллашди. Хоккейга қатнаб, шведлар билан ўша ерда яхшигина танишиб олдик. Лекин биз ўзбекмиз, миллий қадриятларимиз, динимиз мавжуд. Швед маданиятининг бизга тўғри келадиган томонлари бор, тўғри келмайдиган томонлари ҳам бор. Мослашиш мумкин бўлган жиҳатларига мослашдик.
Швеция фуқаролигини олганмиз, бир шведга қандай муносабатда бўлса, бизга ҳам шундай муносабатда бўлишади. Улар текин ўқиса, биз ҳам текин ўқий оламиз. Улар ишлайдиган ишларда биз ҳам ишлаймиз қўлимиздан келса, албатта.
Бир ишни ўғлингизга ёки бегонага бериш керак бўлса, ўғлингизни танлайсиз-ку. Ўзбек ёхуд бошқа миллат вакилига кўмак бериш мумкин бўлса, ўзбекни танлайсиз. Уларда ҳам шундай. Лекин ўз ишингизнинг устаси бўлсангиз, кўкрагингиздан итаришмайди.
Бироз кулгили, аммо жуда оғир…
Швецияда яшаётганимизга ноябрда 14 йил бўлади. Ақлимизни таниганимиздан бери у ёқда яшаётганимизни ҳисобга олсак, Ўзбекистондан кўра Швеция ҳақида таассуротларимиз кўпроқ. Аммо барибир Ватан деганда шу юртни тушунамиз. Ватанни қўмсаш катта бўлганимиз сари кучайиб бораверди. Ўзбекистонда аммаларимиз, холаю тоғаларимиз бор. Швед ўртоқларимиз билан гаплашганимизда, “Бувимникига бориб келдим. Бувим фалон нарса пишириб берди”, дейди. Биз эса шу нарсадан маҳрум эдик. Бизнинг фақат ота-онамиз бор эди. Мактабга борамиз, уйга келамиз. Яна атрофдаги ўзбеклар билан ҳам озгина борди-келдимиз бўлган. Лекин қариндошчилик бошқа нарса-да. У пайтлари ватандагилар билан телефонда ҳам гаплашолмасдик. Дадамизнинг келиб чиқиши асли Ўшдан, шунинг учун улар билан оз-моз мулоқот бўлган.
Ёшликдан қариндошлар билан бирга бўлмадик. Ҳозир, айниқса, билинади. Хоразмга борганимизда бизни ҳеч ким тузук танимади. Ўзимиз ҳам баъзан холалар ёки тоғаларни бир-биридан ажратолмай қоламиз. Бу бироз кулгили, аммо ўйлаб кўрсангиз, жуда оғир…
Бир гап бор эди: “Ўзингнинг давлатингда “швед”сан, Швецияда — муҳожир”. Ватанимизда бизга “бу швед бўлиб кетган” деган нигоҳ билан қарашади. Шведлар бизни бегона деб биладилар. Шундай қилиб, аросатда қолиб яшадик. Лекин Худога шукур, бизнинг энг катта ютуғимиз тилимизни сақлаб қолганимизда бўлди. Ота-онамиз Ватанни тил ва дин орқали кўнглимизга эккан. Биз тенги ўзбек болалари ҳозир тилини унутиб юборишган, бобо билан невара бир-бирини тушунмайди.
Диний бағрикенглик борасида
Швецияда ўзининг миллатини устун қўйиш бор, барибир. Иш қидираётганда кўп дуч келиш мумкин бу нарсага. Анкеталарга асл исм-фамилиянгизни ёзсангиз иш чиқавермайди, шведча исм-фамилия ёзсангиз дарров ишлар чиқиб келишни бошлайди.
Шунингдек, бизнинг мусулмонлигимиз, намозхонлигимиз бор. Шведларнинг ҳам баъзиларида ислом тўғрисида хато тушунчалар мавжуд. Аммо тизим бундай эмас. Масалан, онамиз мактабда ўқитувчи. Бир сафар мактабнинг кичик бир хонасида намоз ўқиётганларида эркак фаррош кириб, бақир-чақир қилиб, сўккан. “Нимага бу ерда намоз ўқияпсан?” — деб. Онамиз қўрқиб қолиб, ўша ердан ўтиб кетаётган мактаб директорига бўлган воқеани айтиб, йиғлаб юборганлар. Эртаси куни ўша фаррош ишдан ҳайдалган. Демоқчимизки, тизимда эркинликлар бор. “Бир одам намоз ўқигани учун таҳқирланибди, буни мактаб директори била туриб, босди-босди қилибди”, деган гап чиқиб кетадиган бўлса, мактаб учун бадномлик бўлади.
Яна бир мисол, яқинда бир катта компания мусулмон ходимларига танаффус вақтида ҳам намоз ўқиш мумкин эмас, деган талаб қўйган. Бу ҳолат газеталарда эълон қилиниб шов-шув бўлиб кетди. Кейин ўша компания намоз ўқишга рухсат беришга мажбур бўлди. Чунки ходимнинг ўз ихтиёрида бўлган вақтдаги фаолиятига ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ. У ноқонуний ишлар билан шуғилланмаса бўлди.
Аммо одамларда ҳар хил фикрлар бўлиши мумкин. Охирги йилларда мусулмонлар кўпайгани сабабли қаршиликлар ҳам бироз сезиляпти. Бошқа томондан, бизнинг мусулмонлар ҳам ҳар доим одобли бўлаверишмайди. Доим ҳам исломни тўғри суратда кўрсатишолмайди.
Энг арзон ишчи — ўзбеклар…
Ўзбеклар Швецияда ҳам анчагина. Асосан, кўпчилиги ишлаш учун борган. Фаррошлик, устачилик ва шу каби жисмоний ишларга ёлланишади. Ёки киракашлик қилишади. Ақлий ишларда ишлайдиганлари кам. Шведларнинг ўзлари ҳам айтиб қолишади: “Олий маълумотли кишилар ҳам бу ерда шафёр бўлиб юришади”, деб.
Ўзбеклар Швецияда янги халқ, яқин 5–10 йил ичида бориб жойлашишмоқда. Шунинг учун ота-оналар жисмоний ишлар ортидан пул топишса, уларнинг болалари ўқиб, давлат ишларига ҳам жойлаша бошлайди.
Шведларда бир гап бор: “Арзон ишчи қидирсанг, полякни ёлла, ундан арзони —украин. Энг арзони керак бўлса, ўзбекни ёлла”. Ҳа, швед учун арзимаган ҳисобланган пул ҳам ўзбек учун мўмайгина маблағ.
Шунингдек, Нуриддин мана бундай қўшимча қилди: “Мен Швециядаги энг нуфузли университетлардан бири бўлган Упсалада фармацевтика бўйича ўқийман. Талабаларнинг ярми швед бўлса, қолган ярми бошқа ерлик. Лекин бу олийгоҳда ҳозирча мендан бошқа ўзбек йўқ”.
Бола ота-онасидан олиб қўйилиши мумкин
Биз Швециянинг қишлоғида ҳам, шаҳарида ҳам яшадик. Қишлоқдаги мактаб таълими шаҳарлардагидан анча яхши. Ўқитувчиларнинг қиладиган иши камроқ бўлгани учун ўқувчиларни бемалолроқ ўқитади. Марказлар ва чекка ҳудудларда мактабларнинг бир хил статусда бўлишига катта эътибор қаратишади.
Швециянинг бошқа барча соҳаларида бўлмагани каби таълим тизимида ҳам пора, таниш-билишчилик каби иллатлар йўқ. Биз кичик синфлигимиздан бери Швеция таълимини олаётган бўлсак, бир марта ҳам пора, деган нарсага дуч келмадик. Балки жуда катта бир одамнинг, вазирнинг боласи бўлса, қандайдар “қўллаб юбориш”лар бўлиши мумкиндир. Лекин ундай нарслар рўй берса ҳам, дарров газеталарга чиқиб кетади.
Онамиз педагогика бўйича ўқидилар. Диплом ишида Ўзбекистон таълим тизими билан Швеция таълим тизимини солиштирган. Ўқиб ачиндик. Ёш қизлар билан интервью уюштирилган. Баъзилари: “Ёшлигимда яхши ўқирдим, кейин ташлаб кетдим. Оиламиз камбағалроқ, ота-онамнинг мени ўқитишга кучи етмади. Ҳеч нарсани билмайдиганлар ҳам “беш” олиб кетаверади. Ўқитувчи ўзига берадиган совғага қараб баҳо қўяди”, деб айтган… Биз ҳам Швецияга дастлаб борганимизда молиявий аҳволимиз у қадар яхши эмасди. Аммо мактабда аълочи ўқувчилар бўлганмиз. Ўқитувчи сен пулдорнинг боласи эмассан, ёки бегона юртдансан, деб ажратмаган.
Ўқитувчиларнинг ҳурмати ҳам баланд. Ортиқча иш қилмайди. Бир соат дарс ўтса, шу дарсни ўтишга тайёрлангани учун яна бир соат дарснинг пулини қўшиб беришади.
Мактаб пайтида боланинг уйида ўқишга халақит берадиган ҳолатлар сезилса, тезда чоралар кўрилади. Ҳатто бола ота-онасидан олиб қўйилиши ҳам мумкин.
Швецияда халқ таълими каби олий таълим ҳам текин. Масалан, талаба оилали бўлса ҳам, ижарада туришини, еб-ичишини, остидаги машинасининг харажатларини қоплай оладиган даражада пул топа олиши мумкин. Бунинг уддасидан чиқолмаса, давлат унга жуда кам фоизли қарз беради. Қарзни эса аниқ бир ишга жойлашиб, ишлашни бошлаганидан кейин тўлаши мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз керакки, 14 йилга яқин вақт давомида Швецияда яшаётган бўлсак, Ўзбекистонда ривожлантирилиши керак бўлган соҳаларни кўрамиз-да, “Қандай қилиб шунга ҳисса қўшсам, бўлади, у ерда олган билимим билан ватанимга қандай наф етказишим мумкин”, деб ўйлаймиз. Қачондир у ерда ўзлаштирган ютуқларимизни бу ерга олиб келиш ниятимиз бор. Энг биринчи ўзгариши керак бўлган соҳа — таълим тизими. Бу ўзгарса, бошқа ҳамма нарса изига туша бошлайди.
Қонунга ҳурмат
Шведлар қонунни ниҳоятда ҳурмат қилишади. Масалан, гувоҳи бўлдикки, Ўзбекистонда кимдир йўл ҳаракати қоидасини буздими, ноҳақ бўлса ҳам, ЙПХ ходимига эътироз билдириб туравераркан. Швецияда эса аксинча. “ЙПХ ходими мени тўхтатди”, деб айтишга уялишади. Чунки эшитувчилар ҳам: “Ўзингдан айб ўтган-да”, дейишади. Йўлда минг тирбандлик бўлса ҳам, четдаги жамоат транспортлари учун ажратилган йўлга ҳеч ким чиқиб кетмайди. Кутиш керак бўлса, кутиб ўтираверишади. Энг оддий нарсаларга ҳам жиддий қарашади. Масалан, кўчада ёки бинода кичик бўлса ҳам ахлат ташлолмайсиз. Жазодан қўрққанингиз учун эмас, уялганингиздан. Халқнинг онги шундай шаклланган.
Шунингдек, юқорида таълим ҳақида гапирганда ҳам айтдикки, коррупция урчиб кетмаган. Деярли ўн йилларга яқин вақтдан бери ҳоккей ўйинларига ҳакамлик қиламиз. Шу жараёнда ҳам бирор марта кимдир келиб, бизга пул таклиф қилмаган. Шведлар бу нарса ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди, тўғриси.
Матбуот реал кучга эга
Швеция матбуоти реал кучга эга. Бирор газетада қандайдир танқидий мақола чиқса, албатта, танқид остига олинган ҳолат ўрганилиб, чора кўрилади. Фаолияти танқид қилинган бўлса, унга чора кўрилишидан аввал пушаймонлик билан ўзи истеъфога чиқиб кетадиган мансабдорлар ҳам бор. Бир қизиқ мисол айтадиган бўлсак, Швециядаги энг катта партиялардан бирининг етакчиси Мона Салин исмли аёл давлатнинг пулига ўзи учун икки дона шоколад олган. Охири шуни деб ишдан кетди. Хуллас, матбуотда бирор нарса эълон қилинса, реакция ва натижа, албатта, бўлади.
Ғурур
Швеция 100 йил олдин жуда ёмон аҳволда бўлган. Ичкиликбозлик шу даражага етганки, ароқни тақиқлаш халқ орасида овозга қўйилганда натижалар салбий чиққан. Ишхоналарда пул ўрнига ароқ бериладиган даражага етган. Шу йўл билан халқнинг онги паст даражада ушлаб турилган. Аммо халқ абадий бундай яшамайди. Шундай қилиб, шведлар тарихда ҳеч қачон ҳозирги пайтидагидек ривож топмаган. Бу сабабдан улар давлати билан ғурурланишади.
Швециядан чиқиб кетадиганлар кам. Кетса ҳам, кўпинча совуқ иқлимдан қочиб кетишади. Ёки катта-катта компания раҳбарлари бойлик орттириш учун кетиши мумкин. Чунки Швецияда солиқлар анча баланд. Лекин ҳеч ким кун кўролмай қолиб, давлатни ташлаб кетмайди.
Швед халқи ниҳоятда оддий, ортиқча нарсаларга интилиб юбормайдиган халқ. Бир шведдан “Ҳаётда мақсадинг нима?” — десангиз, “Volvo”, вилла ва ит”, деб жавоб беради. Яъни, битта “Volvo” машинаси, битта вилласи ҳамда битта ити бўлса, кифоя.
Шведлар узоқ вақтдан бери осойишталик, тўқчиликда яшашаётгани учунми, жуда бемалол. Айниқса, қишлоқ жойларда ҳеч қандай муаммоси йўқдай яшашади. Давлат ишларида ишловчилар тавозели. Одамларда бир-бирига бўлган ишониш кучли. Биз дастлаб яшаган жойда тухум сотадиган дўконча бор эди. Камера ўрнатилмаган, кўпинча сотувчиси ҳам бўлмасди. Бориб тухумни оласиз, фалон дона тухум олдим, деб ёзасиз, пулни ташлаб, қайтим қутисидан қайтимни олиб кетаверасиз. Бу сиз билан биз учун ҳайратланарли, тўғрими? Ваҳоланки, биз мусулмонмиз, ёлғон гапириш, ўғрилик қилиш гуноҳ эканини биламиз.
Яна, ватандошларнинг бир-бирига қиладиган муносабатлари фарқли. Бир воқеани айтсак: Ўзбекистонда эмас, Қирғизистонда бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам бўлганини эшитганман, лекин гувоҳи бўлмаганман. Хуллас, бундан 2–3 йил аввал Қирғизистонга қўндик. Аэропортда ходим: “Сумкангни ерга қўй, оч!” — деб қўпол муомала қиляпти. Кейин: “Паспортингни бер”, деди. Паспортнинг рангини кўриб, муомаласи ўзгарди. Қирғизчада сўкиб турган одам, ўзбекча гапира бошлади. Чет эл фуқаросининг паспорти бўлгани учун ўша жойда бизга ҳадди аълосида ҳурмат кўрсатди. Ўзининг халқи бўлса, ерга ураверар экан.
Ўзбекистонда бунинг бошқачароқ, тил билан боғлиқ кўринишини учратиш мумкин. Одамлар қайсидир бир чет тилида, асосан, рус тилида яхши гапира олишса, ўзларини элита қатлам вакилидек ҳис қилишар экан. Швецияда ҳам баъзи ватандошларни кўрамизки, боласи билан ҳам швед тилида гаплашади, кўчада ҳам. Ўзбекча гапирсангиз, ўзбек тилини билмаганга олади ўзини. Ваҳоланки, бу ўзининг зўрлигини кўрсатиш эмас, балки паст кетишдир. Ўз она тилини қадрламаган халқдан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин?!
Балки дунёвий жиҳатдан айрим томонлардан орта қолиб кетгандирмиз, аммо миллийлик, маънавият, маърифат, диёнат, тил нуқтаи назаридан устунликларимиз бўлса борки, кам эмас. Албатта, бу нарсаларни сақлаб қола билмоқ жуда-жуда муҳимдир.
Шаҳзод ШОДМОНОВ
ёзиб олди.