Балиқни бошидан тозалаган юрт

Порахўрлик Осиё халқларининг ўзига хос хусусиятларидан бири бўлган, дея хотирлайди мамлакат бош вазири бўлган Ли Куан Ю ўз асарларида. Сингапур давлатини коррупциядан тозалаш — лойқа сувни зилол ҳолга келтиришдан-да қийин, дейишган. Ли Куан Ю 30 йилдан ортиқ миллат отаси сифатида ҳукумат тепасида турган бўлса, бу талотўп вазиятни тартибга солиш учун астойдил ҳаракат қилади. У балиқни бошидан тозалашга қарор қилиб, майда порахўрларга нисбатан арқонни узун ташлаб қўйган. Доно Ли бор диққат-эътиборини юқори давлат амалдорларига қаратганди. Коррупцияга қарши бюро директори исталган одамга қарши иш очиш ҳуқуқига эга бўлган. Ли Куан Ю шубҳа остига тушган дўстлари, ҳатто қариндошларини ҳам аяб ўтирмайди.

“…Парламент аъзоси Фи Ю Кок нақ 4 марта лавозимини суиистеъмол қилиб, жазога тортилди. Етказилган зарар 60 минг АҚШ долларига тенг эди. У қамалиб, бироз муддатдан сўнг 36 минг АҚШ доллари гаров пули эвазига озодликка чиқди ва Таиландга қочиб кетиб, ночор яшай бошлайди.

Энг ачинарлиси, Фи Ю Кок Миллий ривожланиш вазири Ти Чен Ванни ҳам жиноий ҳаракатларига шерик қилган эди. Бир ҳафтадан сўнг, жаноб Ван ўз жонига қасд қилди…”, деб хотирлайди Ли Куан Ю.

Амалдорларни қамаш, қувғин қилиш ва уларнинг ўз жонига қасд қилиши каби ҳолатлар одатий тусга кирганди. Жазолар аёвсизлигидан давлат хизматчилари у ёқда турсин, оддий фуқаролар ҳам ўғрилик қилишга ниҳоятда қўрқарди. Йирик амалдорларга бўлган муносабат қуйи поғонадаги давлат хизматчиларининг фаолиятини қатъий тартибга солиб турган.

“…Расмий қароргоҳим давлатга тегишли. Оддий фуқаролардан ҳеч қандай устунлигим йўқ. Машина, ҳайдовчи, боғбон, ошпаз ва бошқа хизматчиларим ҳам умуман бўлмаган…”, деб ёзади Ли Куан Ю.

Ҳукумат ишлайдиган фуқароларга қамчи билан бир қаторда ширинлик ҳам тутарди. Бу давлат амалдор ва судьяларининг ойлиги анча баланд бўлган. Масалан, Сингапур бош вазири дунё­даги энг ойлиги юқори вазир бўлиб, судьялар ҳам йилига 1 миллион АҚШ долларидан кам маош олмаган. Ли Куан Ю кам ойликка ишлаган раҳбар ва ходимлар кўплаб етакчи давлатларни касодга учратган, деб ҳисоблаган…

Сингапурда давлат хизматчиси учун барча қулайлигу шарт-шароитлар яратилиши билан бирга, мансабини суиистеъмол қилганларга қасос, мол-мулк мусодараси, қашшоқлик ва оила учун шармандалик тизими қатъий ишлайди. Ҳатто ҳозир ҳам ҳар бир амалдор: “Сен ва оиланг доим таъминланасан. Фақат ҳалол ишла! Қоидани бузсанг, жамият сенга чизиқ тортади”, жумлаларини ҳаётий меъзон деб билади.

Мамлакат коррупциядан қандай халос бўлган бўлса, худди шу тартибда ифлос шаҳарни Осиёнинг энг тоза ва дунёнинг намунали марказларидан бирига айлантирди.

Масалан, илгари Сингапурда ичимлик суви умуман бўлмаган. Экватордаги бу шаҳар-давлатнинг канализация ва ариқларида сув ниҳоятда ифлос ҳолда оқарди. Тоза сув қўшни Малайзиядан махсус қувурлар орқали келтирилган. Аммо оролнинг тежамкор аҳолиси ифлос сувларни тўплаб, юқори технологиялар асосида тозалаб, шиша идишларга қуйди. Натижада янги, тоза ичимлик суви пайдо бўлди. Мамлакатдаги барча ифлос сув қайта ишланиб, истеъмолга яроқли ҳолга келтирилади.

Узоқ йиллардан буён Сингапур оқова сувини денгиз ва дарёга чиқармайди. Тежамкор аҳоли нафақат денгиз суви, ҳатто ёмғир ва қор сувидан ҳам худди шундай унумли фойдаланади. Бугун Сингапурда 15 та сув омбори мавжуд. Мактаб­ларда ўқувчиларга сувни тежаш уқтирилиб, тоза сувдан унумли фойдаланган фуқаролар коммунал тўловларда чегирма ва енгилликларга эга бўлишади.

Сингапур кўчалари тоза, бинолари баланд ва чиройли. Бу давлатда тупуриш, йўл-йўлакай нимадир еб кетиш, жамоат жойида ёмон мусиқа чалиш ёки одобсизларча қўшиқлар куйлаш қонун билан тақиқланган. Кўчани қўя туринг, ҳатто уй шароитида ҳам яланғоч ҳолда юриш мумкин эмас. Бу “жиноят”ни содир этган киши 2000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди ёки уч ойгача озодликдан маҳрум қилинади.

Бугун Сингапурда сақич чайнаш ҳам мумкин эмас. Сақични мамлакатга импорт қилиш жиноятдир. Давлатга чет элдан сақич олиб кирган, “сақич контрабандаси” билан шуғулланганликда айбланади ва бу учун 100 000 АҚШ долларигача жарима тўлайди ёки 2 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Мамлакатда ҳозир ҳам ўлим жазоси мавжуд. У энг оғир жиноятларга, масалан, ўта ваҳший қотиллик, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиш, коррупция, давлатга хиёнат ва президент ҳаётига суиқасд қилиш каби ҳолатларда қўлланилади.

Сингапур жаҳондаги энг кичик мамлакатлардан бири бўлса-да, баъзи соҳаларда дунёнинг гегемон давлатлари билан ҳам бемалол рақобатлаша олади. Бу ерда табиий қазилма бойликлари, нефть ва газ конлари умуман бўлмаган. Қишлоқ хўжалиги ҳам деярли ривожланмаган эди. Хўжаликка мўлжалланган ерларнинг умумий майдони 10 минг квадрат километрдан сал ошади, холос. Шундай бўлишига қарамай, ақлли иқтисодиётни тизимли равишда йўл­­га қўйиш натижасида бу давлат йилдан-йилга юксалиб бормоқда.

Айтганча, Сингапур 100 фоиз гўштни импорт қилади. 96 фоиздан ортиқ денгиз маҳсулотлари, 93 фоиз сабзавотлар ва 80 фоиз тухум ҳам қўшни мамлакатлардан келтирилади. Тўғри, яшаш учун жуда қиммат давлат, аммо миллий даромад ҳам киши бошига 35 минг долларгача ўсган-да!

Экспертлар турли давлатлар аҳолисининг даромадини ҳисоблаб, Сингапурни жаҳон рейтингининг 4-ўрнига лойиқ топишди. 2019 йилда Жаҳон банки уни бизнес учун энг қулай давлат дея тан олди. Коррупция даражаси пастлиги бўйича 2020 йилдаги “The Transparency Internetional” жаҳон рейтингида Янги Зеландия ва Даниядан кейин Сингапур 3-ўринни эгаллаган. Маълумот ўрнида, бу рўйхатнинг 146-ўрнини минг афсуски, қизил чизиқча билан биз “забт этганмиз”…

Сингапур кўчаларида ички ишлар ходимларини деярли учратмайсиз. Хавфсизлик органлари фақат видеокамералар ёрдамида кузатувни амалга оширади. Бироқ давлатда жиноятчилик даражаси ниҳоятда паст. Маълумотларга кўра, ҳар 100 минг кишига йилига 0,032 фоиз жиноят тўғри келаркан.

Сингапур ҳукумати 2030 йилгача аҳоли сонини 30 фоизга кўпайтиришни мақсад қилган. Сингапурлик фуқаро фарзанд­ли бўлганида, оила ҳисобига боғча тўлови ва тиббий хизматлар учун пул ўтказиб берилади. 2016 йил март ойидан илк фарзанд учун тўланадиган бир марталик пул мукофоти 6 минг АҚШ доллари, учинчи ва кейинги фарзандлар учун эса 8 минг АҚШ доллари қилиб белгиланган. Бир неча йилдан буён АҚШнинг “Bloomberg.com” молиявий-иқтисодий ахборот агентлиги Сингапурни “Дунё­даги энг соғлом мамлакат” дея эътироф этиб келмоқда…

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 10 =