Касбга садоқат

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бирга ишлаган ҳамкасбингиз ҳақида кўп нарсани биламан деб ўйлайсиз. Аммо вақти келиб у инсон ҳақида бирор нарса ёзмоқчи бўлсангиз, гапни нимадан бошлашни билмай қоласиз…

Чунки, “Олдингдан оққан сувнинг қад­ри йўқ” деганларидек, ҳамма вақт ҳам ёнингда юрган одамлар ҳақида дилингдаги илиқ сўзларни айтавермайсан, эътибор қилавермайсан. Шунинг учун қадрдон ҳамкасбларимиздан бири, аллақачон устозлик мақомидаги инсон — Алиназар Эгамназаров ҳаётий йўли ҳақида ҳам сўз айтмоқ бўлиб, “гапни нимадан бошласам экан”, дея бироз тараддудланиб қолганимиз рост.

Алиназар Эгамназаровнинг акаси туман газетасининг бош муҳаррири эди. 14 ёшли ўспириннинг газетчиликка ҳаваси ўшанда уйғонганди. Аввалига мактаб ҳаёти, Хонобод қишлоғидаги айрим янги­ликларни қоғозга тушириб, акасига кўрсатарди. Акаси эса ундаги қизиқишни рағбатлантирмоқчи бўлди ва бир-иккита мақоласини газетада чоп эттирди. Шунда бутун мактаб, Хонобод қишлоғи аҳли унга қойил қолгандек эди. Бора-бора ундаги қизиқиш мақсадга айланди. Қунт билан ўқигани боис мактабни муваффақиятли тугатиб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети талабаси бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги номдор журналистлардан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Алиназар Эгамназаровнинг журналистика соҳасидаги меҳнат фаолияти ана шундай бошланган эди.

— Университетни тамомлаган йилим йўлланма билан Сирдарё вилояти, “Сирдарё ҳақиқати” газетасига ишга борганман, — деб хотирлайди Алиназар ака. — Вилоятга жўнаб кетишим олдидан акамнинг бир оғиз айтган гапи дил-дилимга муҳрланиб қолган. “Тўғри юрсанг, узоққа борасан”, деганди акам. Бу ўгитга ҳали-ҳануз амал қилиб келаман. Бу газетада ишлаганим менинг бахтим бўлганини кейинчалик ўзим ҳам ҳис қилдим. Ўша кезлар таниқли шоир Акмал Пўлат бош муҳаррир, яна бир катта шоиримиз Султон Акбарий муҳаррир ўринбосари эди. Акмал аканинг ташкилотчилигига қойил қолганман. Газетанинг нуфузи ошишида у кишининг хизмати беқиёс эди. Кейинчалик газетага Исмоил Сулаймонов бош муҳаррир, Нўъмон Насимов ўринбосар этиб тайинланди. Исмоил ака тўғрисўз, ҳалол киши эди. У журналистикани касбга айлантириб ол­манглар, журналист кўрпачада чордона қуриб ўтирадиган одам эмас. Бир жойда ўтириб қолманглар. Халқни ичига ки­ринглар. Одамлар сизларга ишониб, бировга айтмаган дардини айта олса, ҳақиқий журналист ҳисобланасизлар, дерди.

Нўъмон Насимов эса менинг тортинчоқлигимни кўриб, кўп марта насиҳат қилганлари ёдимда:

— Алиназар, — дерди у киши. — Ҳадеб тортинчоқлик қилаверманг. Сизни билмайдиган одам бизни назарга илмаяпти деб ўйлаши мумкин, — дерди у киши куйиниб.   Шу тортинчоқлигим туфайли уч-тўрт бор панд еган пайтларим ҳам бўлган, — дейди устоз жилмайганча.

“Сирдарё ҳақиқати” газетасидаги тўрт йиллик ижодий фаолият унинг қалами чархланишида асосий омил бўлди. Сирдарёни қадамба-қадам кезиб чиқди. Миришкор деҳқонлар билан тонготар гу­рунглар қилди. Энг асосийси, ёзаётган объектини мукаммал ўргангачгина қўлига қалам олди. Кейинчалик Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов тавсияси билан “Тошкент оқшоми” газетасига ишга ўтганида сирдарёлик устозларнинг мактабини ўтагани жудаям асқотди. Ҳатто ўша пайтдаги газета бош муҳаррири Саъдулла Караматов бундай тайёр журналист газетага доим ҳам келавермайди, деб эътироф этган эди. Мазкур газетадаги ўн тўққиз йиллик ижодий жараён туфайли долзарб мавзудаги кўплаб мақола ва очерклари дунё юзини кўрди.

1987 йилнинг ўрталарида ўша пайтлардаги “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Ўткир Ҳошимов журналнинг публицистика бўлими фаолиятини кучайтириш мақсадида Алиназар Эгамназаров номзодини маъқуллади. Узоқ йиллик ҳамкорлик жараёнида ҳамкасбининг ҳалоллиги, масъулиятни чуқур ҳис қилиши, касбга садоқатига кўп гувоҳ бўлган адибимиз бу шарафли вазифани ҳеч иккиланмай унга топширишга қарор қилди.

Журналдаги ўн йиллик фаолияти давомида ёзган қатағон қурбонларининг фожиали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Сургун” очерклар тўплами, Антонина Хлебушкина раҳбарлигидаги Болалар уйи ҳақида “Азиз даргоҳ” қиссаси, миллий қадриятларга доир “Дўппидаги доғ” эссеси, иккинчи жаҳон урушида беш фарзандидан айрилган Зулфия ая Зокирова ҳақидаги “Беш жангчининг онаси” каби очерк ва мақолалари ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Пойтахтдаги Республика Марказий давлат архиви, Москвадаги ҳарбий-тарихий архивда олиб борган изланишлари натижасида дунёга келган “Сиз билган Дукчи Эшон” ҳужжатли қиссаси минглаб ўқувчиларнинг қалбини ларзага солгани ҳам ҳақиқат. Миллат фидойиси бўлган Дукчи эшон фожиасидан таъсирланган ўқувчилар таҳририятни хатга кўмиб ташлашганди. Журналда бирга ишлаганимиз боис муаллифни биринчилар қатори қутлаганмиз.

Катта меҳнат ва фидойилик самараси ўлароқ дунёга келган бу қимматли асар ҳақидаги фикр алмашувлар чоғи ижодкорнинг айтган сўзлари кечагидай ёдимда.

— Одамларимиз аждодларининг мардлигини билиши керак ва фахрланиши лозим. Камтарона хизматимга мухлислар эътибори менга куч бағишлади, — деганди ака миннатдорлигини яширмай. — Айниқса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу асар ҳақида “Ҳурматли Алиназар Эгамназаровнинг “Сиз билган Дукчи Эшон” китобини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ёшлигимиздан буён эшитиб юрган узуқ-юлуқ ҳикоялар таъсириданми, Дукчи Эшон ҳақида бирор нарса билишга кўпдан қизиқишимизга қарамай, бир илмий нарса топиб ўқишга муяссар бўлиш қийин эди…

Мана, энди биродаримиз Алиназар Эгамназаровнинг чин дилдан тер тўкиб қилган меҳнатлари самараси ўлароқ, ажойиб ҳужжатли бир асар дунёга келибди. Ҳа, “Сиз билган Дукчи Эшон” китоби аниқ далил ва ҳужжатлар асосида қўшиб-чатимай ёзилган илмий асар. Унда ҳеч қандай бадиий олиб қочишлар, бўртиришлар йўқ. Ҳамма нарса соф илмий асосда, ашёвий далиллар ва архив ҳужжатлари билан исботланган. Китобда асарнинг бош қаҳрамони Дукчи Эшон — Муҳаммадали Эшон Собир ўғли раҳматиллоҳи алайҳининг таржимаи ҳоллари, ижтимоий келиб чиқиш­лари, миллий озодлик йўлидаги жиҳодлари катта аниқлик билан ёритилган”, — дея чиройли фикрлар билдириб, дуолар қилганларини эшитганимда бошимиз кўкка етган, — дейди Алиназар ака.

— Болалигим ўтган қишлоғимиздаги Зулфия аянинг жасорати ҳақида кексалардан хилма-хил ҳикояларни кўп эшитган эдим. Ниятим катта бир очерк ёзиш эди. Ая ҳақида ёзиш олдидан узоқ йиллар тайёргарлик кўрдим. Ниҳоят, орзуим амалга ошди. 1989 йили Зангиота тумани, Хонобод қишлоғилик Зулфия аянинг беш фарзанди Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлгани ҳақида “Беш жангчининг онаси” номли очерким чоп этилди. Бу матонатли аёл тоғлар ҳам кўтаролмайдиган ғам-ғуссани мардонавор енгиб, набираларини оёққа қўйгани ҳақида ҳикоя қилгандим. Шу очерк туфайли ая яшаган маҳалла ва Хон­ободдаги мактабга у кишининг номи берилганди. Афсуски, кейинчалик негадир унинг номи олиб ташланди…

2018 йилда Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқи қўшган ҳисса ҳақида китоб-альбом тайёрлаш тўғрисида фармойиши эълон қилинди. Оммавий ахборот воситаларида Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги мақола ва очерклар кетма-кет эълон қилина бошланди. Жумладан, Алиназар акага ҳам “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси муҳаррири қўнғироқ қилиб Зулфия ая ҳақида яна ёзишни сўради. Ижодкор у аёл ва болалари хотирасини абадийлаштириш ҳақида янги мақоласи тайёрлигини айтди ва таҳририятга етказди. Мамлакатимизда бошланган хайрли ҳаракат туфайли уруш йиллари жангда қатнашган ўзбек ўғлонлари сони олдин айтилганидан кўпроқ, ҳар уч кишидан биттаси жангоҳларда бўлганидан хабардор бўлдик. Фронт орти меҳнаткашлари ҳам жангчилардан кам жасорат кўрсатмаган экан. Бу фармойиш яна кўп­лаб тарихий воқеаларни жонлантиришга сабаб бўлди.

Яна бир қизиқ воқеа. Ўша йили Ўзбекис­тон делегацияси сафида Беларусь давлатида бўлган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид у ерда Иккинчи жаҳон урушида беш фарзандидан айрилган аёл – Анастация Купрянова ва унинг беш фарзанди хотирасига ўрнатилган маҳобатли ҳайкални кўриб, шу заҳотиёқ “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳарририга қўнғироқ қилиб, Зулфия ая ва унинг фарзандлари ҳақида мақола тайёрлашни тайинлабди. Муҳаррир янги мақола аллақачон столи устида эканлигини айтибди. Ҳассос шоиримиз мен боргунча чоп этмай туринг, унга қўшимча қиладиган, бойитадиган нарсалар бор, дебди.

Ўз навбатида иккинчи мақола ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмади.

— Иккинчи жаҳон урушида дунё бў­йича 55 миллион киши қурбон бўлган экан, – дейди қаҳрамонимиз ўкинч билан. — Машъум уруш тарихида бир оиладан беш нафар фарзанди ҳалок бўлган учта оила бор экан. АҚШнинг Айова штатидаги Том ва Алетта Селливанлар оиласи, Беларусдаги Анастация Купрянова оиласи, Ўзбекистонда эса Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Хонобод қишлоғилик Зулфия ая Зокирова оиласи мана шундай оғир жудоликка учраган.

Юқоридаги икки давлатда у оилаларга алоҳида эҳтиром кўрсатилганди. Мана, мамлакатимизда ҳам давлатимиз раҳбарининг эътибори билан тарихий адолат тантана қилди. Пойтахтимиздаги янги барпо этилган “Ғалаба боғи”да Зулфия ая Зокирова ва унинг келинлари, набираларининг муҳташам ҳайкали қад ростлади.

— Ўз навбатида беғараз саъй-ҳаракатингиз мевасини ўзингиз ҳам кўрдингиз. Давлатимизнинг юксак сийлови — “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирландингиз, — дедим у кишини яна бир бор табриклаб.

— Ўтган йилнинг 29 август куни ҳаётимдаги чароғон кунлардан бирига айланди, — деди адиб фахр билан. — Кўксаройда давлат раҳбарининг қабулида бўлдик. Мен биринчи қаторда эдим. Сира ёдимдан чиқмайди. Тақдирлаш маросимидан сўнг Президентимиз олдинги қатордагиларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. У кишининг: “Сиз ажойиб инсонсиз. Қаридим деманг. Янаям кўпроқ ёзинг. Мен ёзганларингизни кузатиб бораман”, деганларида жуда ҳая­жонланиб кетдим. Ўзингиз ҳам журналистсиз. Гоҳида танишлардан бирортаси фалон газетада мақолангизни ўқидим, деса ижодкор нечоғли севиниб кетишини яхши биласиз. Давлат раҳбарининг эътирофини эшитган ижодкорнинг ҳолатини энди тасаввур қилаверинг. Назаримда бир неча ўн йилларга ёшариб кетгандек бўлдим. Ишонсангиз ўша рағбатдан сўнг анча вақтлардан буён ўйлаб юрган ишларимни жадал бошлаб юбордим.

Алиназар ака ҳақида ёзмоқчи бўлганимда “Шарқ юлдузи”да бирга ишлаган чоғларимиз магнит лентасидай бир-бир кўз олдимдан ўтди. Гавдали, қошлари қалин киши столга муккасидан тушганича навбатдаги мақолани қоғозга туширяпти. Гоҳо юзида табассум, баъзан ўйчанлик зуҳр бўлади. Ёзганидан кўнгли тўлгач, қўлларини бир-бирига ишқалаганча жилмайиб қўяди. Яна у кишининг дўстларга садоқати кўз олдимда намоён бўлади. Бирон бир ўртоғи, ёки курсдоши ҳақида шундай тўлиб-тошиб ҳикоя қилардики, танимаган одамингизни сиз ҳам яхши кўриб қолганингизни сезмай қолардингиз. Беихтиёр журналистиканинг нонини емоқчи бўлган ёшларга мана шундай устозлар ибратнинг юксак намунаси эканидан кўнглингиз тўлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкор Алиназар Эгамназаров шу кунларда саксон ёшини қаршиламоқда. Аммо устоз белни маҳкам боғлаб яна ижод оламига шўнғиган. Ҳар доимгидек у кишидан маънавиятимиз оламини бойитадиган гўзал асарлар кутиб қоламиз.

Юсуф АБДУЛЛАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 9 =