Китобдан ўзга нажот йўқ!

Биттаси Навоий ҳайкалига қараб сўкиниб бақирса, яна биттаси ул Ҳазратнинг ҳайкалига туфласа, яна бири Мотамсаро она ҳайкалининг устига чиқиб томоша кўрсатса, икки шайтонсифат нусхалар эса пойтахтимиздаги Амир Темур ҳайкали пойида бир-бирининг устига мингашиб қийшангласа…

Бу майнавозчиликларнинг охири борми ўзи? Бунинг асосий сабаби оқсаб, қатор муаммолар ичра қадам ташлаётган — таълим тизими ва бугунги ёшларнинг китоб, матбуот, яъни газета-журнал ўқишдан узоқлашганида, бўлса, не ажаб! Мутолаа ва маънавиятга аллергияси бор авлод яна не қилғилиқларни намоён этади — Худо билади.

Эътибор берсангиз, ёшларнинг анчагина қисми омма эътиборига муҳтож. Нима иш қилмасин, оқибати қандай якун топмасин, бунинг фарқи йўқ. Ҳатто жарима тўлаш у ёқда турсин, қамалиб кетса ҳам майли. Муҳими, у ҳақида ҳамма гапирса, яхши ёки ёмон хотира билан бўлса ҳам одамлар онгида муҳрланса, гўё уни халқ таниса, бўлди… Қолаверса, ана шу йўл билан уч-тўрт танга топса, куни ўтса, олам гулистон! Яна ким билади, хаёлида не ўй, калласида қандай режа? Бизнингча ундайларнинг ўзи ҳам билмайди. Бўм-бўш идишга, хумга ўхшайди уларнинг боши. Худди ғовлаган, гаранг, қандайдир оғунинг таъсирида юрган паж­мурда касларга каби.

Бир қарасанг афт-ангори тузук, қўл-оёғи бутун, кўзи, оғзи бор. Гапиради. Лекин одам эмас! Қанчалик оғир фожиа бўлмасин, шундай: жони бору маънавий жони йўқ…

Узоқ тарихдан аёнки, Герастрат дунёнинг етти мўъжизаси ҳисобланмиш Артемида ибодатхонасини ёқиб юборган. Кимлардир унинг бу қилмишини ҳам тарихда ном қолдириш учун қилинган, дейишади. Агар шундай бўлса, у ниятига етган. Акс ҳолда эҳтимол ҳозир уни эсламаган бўлардик.

Айтишларича, қадимги юнон фуқароси Геростратнинг хўрозлар жанги учун тайёрланган хўрози бўларди. Эгаси учун бу хўроз жуда қадрли бўлиб, уни еру кўкка ишонмасди. Бу хўроз барча жангларда енгиб чиқиб, Геростратнинг обрўсига обрў, шуҳратига шуҳрат қўшишда давом этарди. Кунларнинг бирида одатдагидек хўроз жанги бормоқда эди. Ҳар доимгидек Геростратнинг хўрози пешқадам. Кутилмаганда рақиб хўрознинг эгаси Геростратнинг ёнига келди ва хўрозим енгилаяпти, агар рухсат берсанг, мен хўрозимга ғалаба дуосини ўргатардим, дейди. Герострат рози бўлди. Шу тариқа рақиб томон кетма-кет 3 марта танаффуслар чоғида хўрозига турли дуолар ўргатди ва унинг хўрози ғалаба қозонди. Ҳамма ҳайрон, ҳатто Худога ишонмайдиган Герострат ҳам мағлубият олдида ақли ожиз қолиб, худога ишонадиган бўлди. Бироз вақтдан сўнг Герос­тратнинг олдига бир киши келиб, “Сени алдашди, чунки хўрозлар жангида рақибинг хўрозига ғалаба дуосини ўқимади, балки у уч марта танаффусда худди хўрозига ўхшаш хўрозларни найранг билан майдонга туширди. Сенинг хўрозинг эса навбат билан чиқарилган 4 та хўроз билан олишди ва енгилди”, деди. Бу гапларни эшитган Геростартнинг ғазаби қайнаб, кўзига бутун олам қоронғи кўриниб кетди. Чунки уни алдашганди. Чув тушган Герострат тинмай бир гапни такрорларди: “Наҳотки Худони ҳам алдаш мумкин бўлса”. Бирмунча муддат диний анъаналар ва қадриятлар кўзига яхши кўринган бўлса, энди у бу қадриятлар билан боғлиқ жамиийки нарсаларга нисбатан нафрат ҳиссини туйди. Ҳатто дунёнинг етти мўъжизаси сифатида эътироф этилаётган Артемида ибодатхонаси ҳам унинг кўзига ёлғончи ва олчоқ кимсаларнинг макони бўлиб кўринади. Шунинг учун у Артемида ибодатхонасига ўт қўйди…

Албатта, бу ҳикоя билан Геростратни оқламоқчи эмасмиз. Устига-устак, бу воқеа бўлган-бўлмаганлигига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди. Эътиборингизни асосий бир жиҳатга қаратмоқчимиз, холос. Герострат қайсидир маънода ўз даврининг террорчиси, инсонлар онгини заҳарловчиси эди. Ҳар қандай йўл билан ҳам шон-шуҳратга интилувчи шуҳратпараст кимса эди. Худди ҳозирги тиктокер ёки нима қилаётганини билмайдиган айрим манқурт ёшлар сингари. Ўша пайтда ҳам, бугун ҳам инсоният бу каби тоифаларга қарши курашиб келади. Афсуски, бу кураш аксар ҳолларда бир томонлама амалга оширилади. Яъни, мавжуд муаммони бартараф этиш курашнинг асосий қисми, аммо муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, “Геростратлар”ни юзага чиқарадиган омиллар билан деярли ишимиз йўқ. Жиноятчими, унинг устидан ҳукм ўқилади, жарима ундирилади ёки озодликдан маҳрум этилади. Ҳеч бўлмаганда, камида “жиноятчи” ва унинг ота-онаси ОАВ орқали изза бўлгани, афсусдалиги, қайтиб так­рорламаслигини “изҳор этади”, узр сўраб, тавба-тазарру қилади. Ҳолат шу кетишда давом этаркан, кўзимиз фақат Геростратларни кўраверади ва биз муаммони енга олмасдан, фақат унинг сояларига қарши курашиб юраверамиз…

Бугунги глобаллашув даври, енгил яшашга интилиш ва ижтимоий тармоқлар манияси бутун инсоният, айниқса, ёшларни салкам ақлдан оздирмоқда. Балки бу эркинлик, замонга мослашув, давр билан ҳамнафас юриш, дерсиз. Кечирасизу, бу асло шўхлик ёки бошқа нарса эмас. Шунчаки дебилизм!

Бу “олтин авлод”, эртамиз эгалари шунчалик эътиборга муҳтожки, лайк учун ҳатто… тайёр туради, ўз аждодларининг сиймоларини оёқости қилишгача ва ҳоказо.

Энг ёмони, ўзини донолар доноси деб билувчи бу авлодга сизнинг гапларингиз заррача қизиқ эмас. Куюниб, унинг фойдасини ўйлаб гапирсангиз, энсаси қотиб эшитиши мумкин, лекин ишонаверинг, унинг кўзига камида замондан орқада қолган ва ёшларни тушунмайдиган “қария” бўлиб кўринасиз, холос.

Бундай авлод деярли шаклланиб бўлди, энди бу уларнинг ўзидан кейингиларга таъсирини камайтириш учун таълим тизимини қайтадан ислоҳ қилиш ва китоб тарғиботини, мутолаа тарғиботини кучайтириш шарт ва зарур!

Огоҳ бўлайлик, уйғонайлик азизлар. Ахир Президентимиз ҳам бот-бот фарзандларимиз тарбияси ҳақида жон куйдириб: “Болаларимизни телефон тарбия қиляпти”, деб бежиз куйиниб гапирмаяпти. Китобга, илму маърифатга, матбуотга қайтишдан ўзга нажот йўқ.

Тўғри, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ҳам тақиқлаб бўлмайди. Шунчаки ундан фойдаланиш маданияти ва меъёрларини фарзандларга тушунтиришимиз, сингдиришимиз керак. Зеро, ҳали умид бор. Лекин бепарволик ва лоқайдликнинг бадали янада оғир, янада фожиали бўлиши мумкин. Зеро, донишманд боболаримиздан бири “Илмдан ўзга нажот йўқ”, дея огоҳ этган эди. Илм эса китобдадир.

Шахбоз АБДУРАИМОВ,

педагог

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 17 =