Жинғилзорларни қандай асраб қоламиз?

Ёбонларни айланиб бўлиб, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳридан Жиззах шаҳрига қайтиб келмоқда эдик. “Мирзачўл — Жиззах” катта асфальт йўлининг чап ва ўнг томонидаги ариқ ва йўл ёқаларида сон-саноқсиз саф тортган жинғил буталарига кўзимиз тушди. Офтоб тиғига бардош бериб кўкка бўй чўзаётган буталар чор-атрофга ўзгача кўрк-тароват бағишлаб турарди. Шу билан бирга ушбу бутазор ичи узоқ вақтдан бери қанчадан-қанча судралиб юрувчилар, кемирувчилар, қўйингки, барча жонзотларга муқим ва ишончли бошпана, озуқа ва емиш топишнинг асосий манбаи бўлиб келган.
Юзлаб турдаги ҳашаротлар ҳам бу ўсимлик бўлган жойдан кўнгил узиб кетолмайди. Керак пайтда жинғил уларни хавф-хатардан, муқаррар кўнгилсизликдан асраб қолади. Айниқса, уни кузда ранго-ранг гуллаганида кўрсангиз, ёнидан кетолмай қоласиз. Жинғил нафақат чўл ўсимлиги, балки тоғу адирликларда ҳам бемалол томир отиб кетаверади. Мирзачўлнинг ҳақиқий кўрки бўлган бу бутасимон дарахт ҳозирги кунда зовурларнинг қирғоқларида ҳам топилади. Кейинги йилларга келиб ғалладан бўшаган экинларга ўт қўйиб юборилиши натижасида бу ўсимликка ҳам жиддий зиён етмоқда. Баъзида эса зовурларнинг ҳимоя зоналарига атайлабдан ўт қўйиб юборилаяпти. Ўт-ўланга қўшилиб жинғиллар ҳам ёниб, зовур атрофини файзсиз ҳолатга келтирмоқда. Оқибатда шу атрофдаги ҳайвонот дунёсига ҳам зарар етаяпти.
Одатда, қушлар жинғилга уй қурмайди. Сабаби бўйи дарахтлардан анча паст. Аммо қанотли дўстларимиз унинг устида полапонлари билан учиб-қўниб ўйнашни хуш кўрадилар. Сирасини айтганда, жинғил Мирзачўлга хол бўлиб тушган. Жинғилзорлар ичидаги жониворларнинг миграцияси қандай кечаяпти? Улар мазкур жараён чоғида бошқаларини қисиб қўймайдими? Ёки бошқа жойда кўпаядими? Шу сингари талай саволлар кўп-у, аммо жўяли жавоб йўқ.
Негадир сўнгги вақтларга келиб, тилсиз, забонсиз, бечора жинғилларнинг ҳоли баттар хароблаша бошлади. Тўғрироғи, қўлига болта ушлаган одам йўл ва зовур бўйларини яшнатиб, чиройли бағишлаб турган минг-минглаб жинғил буталарини остидан кесиб кетишнинг зап ҳадисини олди. Оқибатда бир-бирига қўл бериб, яқин ўсган ўсимлик йўқлик сари завол тутмоқда. Унинг сони йилдан-йилга камайиб, йўқолиб бормоқда. Алҳол, дастлаб қиш кунлари аҳоли ноиложликдан, уйини иситиш учун бу ишга қўл ураётгандир деган фикрда эдим. Мен янглишган эканман. Маълум бўлишича, экинларга халақит беради деб уни остидан чопиб ташлар эканлар.
Тут, гужум, туронғил, саксовул, савр, чинор, қандим, жинғил каби манзарали, нашвати, анор, бодом, ўрик, ёнғоқ, хурмо, гилос сингари мевали дарахт ва буталар жаннатмакон ўлкамиз экотизими учун ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шундай бўлгач, бундай кўчатларнинг тур ва навлари кўпайтирилса, фойдадан холи бўлмайди. Айни кезда бу жабҳада юртимизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот институтларида илмий фаолият асносида шуғулланаётган олимлар, фермер-деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, миришкорлар, боғдорчилик орқасидан тирикчилик қилаётган хусусий жамоалар, шу аснода уста, тажрибакор ишбилармонлар ҳам ташаббус кўрсатишлари лозим. Бу гапларни нега куйиниб, ачиниб ёзаяпман? Ахир яшил ҳудудлар нафақат инсонларнинг соғлом ва тўғри ҳаёт кечириши учун, эҳтимол, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тупроқ ва сув ресурслари, иқлим ўзгаришларига ҳам жиддий ва сезиларли, ижобий таъсир этиши сир эмас. Қолаверса, Ўзбекистон ҳудудида, янада аниқроқ айтганда, зовур ва йўл бўйларида кўп йиллардан бери ўсиб, гуркираб келаётган, аммо бута сифатида анча-мунча камёблашиб, ноёблашиб қолган дарахт ва буталарнинг селекцияси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилса тузук бўлармиди, деган ўй кечди кўнглимдан.
Аслида, чўл ҳудудларида яшил майдонларни ташкил этиш, борларини эса асл ҳолича сақлаб қолиш, асраб-авайлаш ўша жойдаги экологик барқарорликни тиклаш учун муҳим аҳамият касб этишини эслатиб ўтмоқчиман.
Енгил елвизакдан чайқалаётган зовур бўйидаги жинғиллар юпқа шохлари чодирини ёйиб, ён-атрофни ҳар тарафдан қуршаб турарди. Манзарага маҳлиё бўлиб анча туриб қолибман. Бир маҳал олдимда узун бўйли, қорувли бир отахон пайдо бўлди. Танишдик. Исми Олимжон Эсиргапов экан. Отахоннинг фикрлари менга маъқул келди. Шу боисдан уни айнан келтирмоқчиман: «Муштдайлигимдан ишқим деҳқончилик ва боғдорчиликка тушган, десам, муболаға бўлмас. Натижада отамдан дарахт экиш сирларини ўрганиб, гўзал боғлар яратдим. Ҳозирда бу чорбоғлардан фарзандларим, набираларим ва қўни-қўшниларим баҳраманд бўлишмоқда. Афсуски, юртимизда “Яшил макон” лойиҳаси кенг қулоч ёйган бир кезда жинғилзорлар йўқотиб юборилаётгани ачинарли ҳолатдир. Айниқса, ҳавонинг тозалиги ва мусаффолигини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутган дарахт ва буталар сонини кўпайтириш ҳам асосий вазифалардандир. Уйим “Мирзачўл — Жиззах” катта йўли яқинида. Йўл бўйларидаги жинғил буталари яшнаб, кўзни қувонтиради. Аммо бу гўзал ва жозибадор бутанинг умрига зомин бўлинаётгани хунук воқеадир. “Яшил дўст”ларимиз умрини қисқартираётганларга танбеҳ ҳам бериб кўрдим. Улар олдимда: “Хўп, бундай ҳол бошқа такрорланмайди”, —дейди-да, бироздан сўнг билганидан қолмайди. Аслида, мазкур номаъқулчилик, бешафқатлик танбеҳ беришнинг ўзи билангина ижобий ечим топмаслиги беш бармоқдек ҳаммага аён. Умуман олганда, мавжуд жинғилзорларнинг кейинги тақдири, ҳолати айрим вақтларда эътиборсиз қолиб кетаётгани кўпчиликнинг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда. Таклифим: яшил борлиқ масаласи чуқур таҳлил этилиб, қонун йўли билан жинғил кушандаларининг танобини тортиб қўйиш даркор. Тўғри, Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасида, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни фақат санитария мақсадларида кесиш ҳамда биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда кесиш тартиботи белгиланган бўлиб, бунга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган қарорига кўра йўл қўйилиши аниқ-тиниқ, кўрга ҳассадек кўрсатиб қўйилган-ку ахир. Афсуски, бу ҳақли талабларни назар-писанд этмасдан, қимматбаҳо жинғил буталарига қирон келтирилаяпти. Бу қилмиш жиноятдай гап. Уни кечириб, хаспўшлашнинг имкони йўқ. Буни ўз номи билан она табиатга хиёнат деб аташ лозимдир. Дарвоқе, қонунбузарлар тегишли жаримага тортилаётган ва қонунда белгиланган жазо қўлланилаётган бўлса-да, она табиатга етказилган зарар бу билан жойига тушмайди”.
Дарҳақиқат, фуқаронинг куйинчаклик билан айтган фикрларида жон бор. Боиси экологик масалалар орасида атроф-муҳитга ўсимлик дунёсининг таъсири ва аҳамияти беқиёсдир. Бунга нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг аксарият давлатларида жиддий масала сифатида эътибор берилади. Ҳар нечук, ўсимлик дунёсини асраб қолиш ва кўпайтириш энг асосий жабҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг ечимини топиш учун дадил ҳаракатлар бошлаб юборилган. Президентимиз ташаббуси асносида бошланган “Яшил макон” умумий лойиҳаси доирасида куз ва баҳор мавсумида етарлича кўчат экиш мақсад қилинганди. Аҳамиятлиси, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси экологик муаммолар ечимига қаратилган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади. Негаки, иқлим ўзгариши дунё давлатларини ташвишга, хавотирга солаётир. Дарахт ва буталар сонини кўпайтириш ҳам асосий вазифага айланган. Унинг ечимини топишга астойдил киришилган.
Сирасини айтганда, Жиззах воҳасини келажак насимларга тоза ҳаво, ноз-неъмат берадиган, улашадиган, кўзни қувонтирадиган яшил либосли минтақага айлантириш аҳолининг юраклари тубидаги ниятдир. Агар бу ниятлар ижобат топса, Жиззах воҳаси замини латиф қиёсга кирган бўлармиди?
Тўғри, ҳар йили қишда аҳоли орасида жинғил ва бошқа ўсимликларни кесмаслик, уни нобуд этмаслик масаласи кўтарилади. Чунки табиатда ҳар бир турнинг ўрни, вазифаси мавжуд. Борди-ю, нимадир бўлиб ўша мувозанат бузилгудек бўлса, унинг жабрини одамзод тортишга маҳкум бўлиб қолади. Афсуски, орамизда табиатга мислсиз зиён-заҳмат етказишдан тоймайдиган, қулоқсиз инсонлар оз бўлса-да учраб туради. Мабодо сиз уларга: “Оғайни, сиз, нотўғри йўл тутаяпсиз”, деб айтгудек бўлсангиз, дарҳол: “Биттагина бута кесилгани билан осмон узилиб ерга тушармиди?” деб жиртакилик қилади. Ҳаттоки сиз билан ёқа бўғишишгачаям боришдан тап тортмайди. Қолаверса, очиқ, яйдоқ далада ўсган жинғилларга кўз-қулоқ бўлишнинг иложи йўқ. Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин. Аслида, биз учун кичик, майда масаланинг ўзи йўқ. Шундай бўлгач, йўл ва ариқ ёқаларига ажиб бир жозиба, уйғунлик бахш этиб турган жинғилни йўқотишга зўр бермайлик. Зеро, бугун биз асраган ўсимлик эртанги авлоднинг кўзини қувонтиради. Оммавий ахборот воситалари табиатни муҳофаза қилиш, унинг бойликларидан тежаб-тергаб фойдаланиш ҳақида тез-тез бонг ураётганига қарамай, бу нарса кенг жамоатчиликка сезиларли таъсир кўрсата олмаяпти. Фақат сўз билан, тушунтириш билан бирор-бир натижага эришиш қийин. Кўпчилик биладими, йўқми, Жиззах, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл катта асфальт йўли бўйи яқинидаги аҳолининг баъзилари жинғилга қирон келтираяпти. Уни таг-томири билан чопиб олиб кетаяпти. Шу важдан қуйидаги таклифларни баён қилмоқчиман:
Биринчи галда, аҳоли ўз вақтида газ ва кўмир билан таъминланиши лозим. Шунингдек, фуқаролар экологияга оид қонунларни шунчаки, юзаки билишади. Шу боис мактаб, лицей, коллеж, ҳунар-техника билим юрти, олий ўқув юртларида экология илмидан чуқурлаштирилган сабоқлар берилса, республикамизнинг барча вилоятлари, туманларнинг ўз “Қизил китоби” бўлса? Борди-ю, бу таклифим эътиборга олингудек бўлса, экологик қалтис вазиятнинг илдизига болта урилиб, у қисман бўлса-да камаярмиди?
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.