“Тўртинчи тўлқин” болаларга хавф солмоқда…ми?

Минг афсуски, коронавирус пандемияси 2019 йил декабрдан буён Ер шари аҳолисини ваҳимада ушлаб турибди. Чунки шу кунгача яратилган тиббий эмлаш воситалари бу балони даф қилишда камлик қилаётгани сезилиб қолди. Бундан ташқари, Европада қўлланилаётган эмлаш дозалари ёши кекса кишилар орасида ўлим даражасини камайтирган бўлса, болаларда учраётган вирус юқтириш ҳолатларига унчалик таъсири сезилмаяпти. Касалликнинг айрим симптомлари мутация ҳолатида сақланиб қолаяпти.

— Ё мен бугунги ҳолатни ақлимга сингдиролмаяпман ё одамлар ўта ақлли бўлиб кетишган. Улар бу балонинг давосини билишади. Бутун бошли автобусда биргина мен ниқоб тақибман, қолган бирорта одам ниқоб тақмаган. Ўзимга ноқулай бўлди. Тушадиган бекатимга етиб боргунимча автобус ойнасидан ташқарига қараб кетдим, — дейди бир танишим…

 

Хотиржамликка берилиш яхшилик аломати эмас

Аслида, бу янгилик эмас. Кундалик ҳаётда барчамиз дуч келаётган вазият. Аммо бу офатнинг оёғию қаноти бўлмаса-да, қитъадан қитъага маълум сонияларда етиб бораяпти. Бунга “британия штамми” ёки “жанубий африкача хавф”ни ё бўлмаса, “бразилия­ча мутанти”ни мисол қилиб келтириш мумкин. Мамлактимизда ҳам бу балои офат ҳали тўлиқ даф этилгани йўқ. Шундай экан, хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас!

Ваҳоланки, “Euronews” ахборот тармоғи маълумотларига қараганда, Франция ҳукумати “Astra Zeneca’” эмлаш дорисининг таъсир доираси сезиларли эмаслиги боис, уни қўллашни яна бир бор таҳлил қилиб кўриш кераклигини айтмоқда. Айниқса, бундан аввалроқ дунёнинг кўпгина мамлакатларида “британия штамми” аниқланганлиги ҳақида хабар тарқалганди. Эндиликда “Африка хавфи”, “бразилияча мутанти” ер юзини кезиб юргани, коронавирусга қарши яратилган вакциналар мутация ҳолатидаги дарди бедавога муолажа воситаси бўлолмаслиги ҳақида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутасаддилари ҳам айтишаяпти. Бу ҳозирги кунда ҳатто олимларни ҳам ташвишга солиб қўйган.

Бундан шу нарса маълум бўладики, юртдошларимиз юзга тақадиган ниқобларини бир четга йиғиштириб қўйиш­ларига ҳали вақт бор экан.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, ўтган пандемия даврида дунё­­да коронавирусга чалинганлар сони 120 миллионга яқинлашган, ҳалок бўлганлар сони 2,5 миллиондан ошган. Энг ёмони, ана шундай оғир вазиятдан фойдаланиб қолувчи “бойвачча”лар ҳам пайдо бўлгани ачинарли ҳолат. Айниқса, “Twitter” ва бошқа ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга чалинаётган коронавирус пандемияси хавфи ва олдини олишда ишлатилиши мумкин бўлган дори-дармонлар ҳақида текширилмаган, одамни чалғитувчи хабарлар тарқалаяпти. Жаҳон тиббиёти олимлари бундай постларни “шубҳали”, деб баҳолади.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар қандай ахборот сонияларда Ер шарининг бир бурчидан иккинчи бурчига етиб бораяпти. Шундай экан, ижтимоий тармоқларда пандемияга қарши муолажа сифатида тавсия этилаётган ҳар қандай дори воситаларидан эҳтиёт бўлган яхши. Энг муҳими, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ишончли манбаларда фаолият юритаётган мутасаддилар маслаҳатига қулоқ тутган маъқул.

Чунки бу чалғитувчи хабарлар одамларни янада тушкунликка туширишдан ташқари, айрим фойдасиз дори-дармонлар учун ортиқча сарф-харажатлар қилишига ҳам замин яратаяпти. Қанийди бу дориларнинг нархи чўнтакбоп бўлса…

Бу ҳолат дунёнинг кўплаб мамлакатларини қамраб олганлиги, касалликка қарши эмлаш воситалари тўғрисидаги ёлғон маълумотлар кенг тарқалаётгани катта муаммога айланиб бораяпти. Албатта, олдини олиш мақсадида дунё давлатлари ёлғон постлар учун катта жарималар ва бошқа жазо турлари белгилашга мажбур бўлишмоқда. Аммо бойиш илинжидаги айрим корчалонлар ҳамон “яшрин касби”дан воз кечганлари йўқ.

 

Титраган вужудда катта қувват борми?

Буюк Британия жамоат соғлиғини муҳофаза қилиш хизмати (PHE)нинг билдиришича, “Pfizer” ва “Astra Zeneca” вакциналарининг илк дозасини қабул қилган 80 ёшдан ошган британиялик­ларнинг шифохонага тушиш даражаси 80 фоизга камайган.

Дунё статистик маълумотлари ҳам шуни исботлаяпти. Яъни, 70 ёшдан ошган кексалар қабул қилган “Pfizer” вакцинаси касалликнинг оғир шакли кечаётган беморларнинг 60 фоизини, “Astra Zeneca” эса 60-73 фоизгача ҳимоялар экан.

Аммо шунга қарамай, “Astra Zeneca”дан фойдаланишни олимлар маъқуллаган бўлса-да, Европанинг кўпгина давлатлари, клиник синовлар етарли бўлмагани, вакциналар камлиги учун, уни 65 ёшдан ошганларга қўллашни лозим топмаяпти. Бунинг устига, Европа Иттифоқи мутасаддилари ҳозирда одамларнинг бирдан-бир илинжи бўлиб турган “Pfizer” ва “Astra Zeneca” сингари эмлаш воситаларини етказиб беришда тақчилликлар вужудга келганини, бунга сабаб, айрим компаниялар сунъий равишда тақчилликни юзага келтираётганини айтишмоқда.

Бу ҳам етмаганидек, дунё мутахассислари фикрига кўра, вирус билан касалланганлар орасида коронавируснинг янги штаммлари аниқланмоқда экан. Бу ҳолат вакцина ишлаб чиқараётган компанияларнинг кейинги фаолиятига жиддий хавф солиши табиий. Чунки, янги штаммларга эски вакциналар ярамай қолиши эҳтимоли бор.

Сўнгги маълумотларга қараганда, АҚШда коронавируснинг янги тури билан касалланиш кўрсаткичлари бир қадар ўсган. Ҳафта ичида уларнинг сони кунига ўртача 70 мингга ортган, касаллик қурбонлари сони 2 мингдан ошган. Бу борада, АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари директори Рошел Валенски: “Бу статистика, айниқса, янги штаммнинг шитоб билан кенг тарқалиши натижасида биз вирусга қарши курашда эришган катта ютуқларимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин”, деган.

Шу кунгача вирус бир неча марта мутацияга учраган бўлса-да, “британия штамми”дан кўра, жанубий африкача ва бразилча янги турлари энг хавфлиси   бўлиб қолмоқда. Ҳатто АҚШ мутасаддилари қитъада эпидемиянинг “тўртинчи тўлқини” бошланиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳали “биринчи”, “иккинчи” ва “учинчи”сидан қутулмай туриб “тўртинчи тўлқин” хавфи раҳна солаётганини ўйлаб: “инсониятнинг бошида яна қандай кўргиликлар бор экан”, деган мулоҳазага боради киши.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар департаменти раҳбари Майкл Райан: “Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган вакциналар ва эмлаш жараёнлари кўп нарсани ваъда қилаётган бўлса-да, бу вирус устидан узил-кесил ғалаба дегани эмас. Бутунлай соғайишни йил охиригача кутмаслик керак”, демоқда.

Шунингдек, “Инсоният ақл билан ҳаракат қилса, ўз соғлигини (санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб) муҳофаза қилишда давом этса, биз мавжуд шифохоналарга ортиқча юкламаларни, энг муҳими, пандемия билан боғлиқ ўлимлар ва фожиаларни камайтиришга эришишимиз мумкин”, деган у.

Барибир АҚШ дунёда пандемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакат бўлиб қолаяпти. Шу кунгача 28 миллион 500 мингдан ортиқ касалланиш ҳолатлари кузатилган бўлса (бу статистик маълумот), ярим миллиондан ортиқ ўлим ҳолатлари кузатилган. Бу бутун дунё аҳли орасида коронавирус сабаб қурбон бўлганларнинг бешдан бир қисмини ташкил этади.

Ақлбовар қилмас ҳодиса

Дунё олимлари тиббиёт ходимларини болаларда учраётган коронавирус симптомларини чуқурроқ ўрганиб чиқишга чақираётгани бежиз эмас. Пандемия тарқалган дастлабки даврда болаларда ушбу бедаво дардни юқтириш эҳтимоли жуда паст бўлгани маълум, ҳатто болалар касалликнинг оғир шаклига чалинмайди ва юқтирувчи бўлиб қолмайди, дейилганди. Аммо минг афсуски, ўтган давр бу айтилган гаплар исботини топмади.

Британия миллий статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 11 ёшдан кичик болаларнинг 13 фоизи, 12-16 ёшлар оралиғидагиларнинг 15 фоизида “Covid-19” аниқланганидан сўнг, орадан 35-40 кун ўтиб, ушбу балонинг камида битта симптоми сақланиб қолаётган экан.

Бу шуни англатадики, дунё олимлари таъбири билан айтганда, бу офат “узоқ давом этувчи “Covid-19” болаларга ҳам хосдир.

Ҳатто Швеция мамлакатида ҳомила даврида вирус юқтириб олган чақалоқда вирус қандай мутация бўлгани ҳалигача олимларни ҳайрон қолдирмоқда. Шифокорлар учун бу ноёб ҳодиса. Мамлакат генекология муассасасига ҳомиладор аёл мурожаат қилганда, бачадондаги ҳомилада юрак уриши секинлашгани ва унга кислород етишмаётгани аниқланган. Шундан сўнг, чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш учун бачадон жарроҳлиги амалиёти ўтказилган. Гарчи коронавирусга чалинган она вирусни чақалоққа ҳам юқтирган бўлса-да, энг даҳшатлиси, ҳомила онасидан вирус юқтиришидан ташқари, у “A107G” номини олган янги штаммни қаердан юқтирган? Ана шуниси шифокорларни ҳайрон қолдираяпти.

Аслида ҳам, шу пайтгача коронавирус онадан чақалоққа ўтиш ҳолатлари жуда кам учраган. Пандемия ҳомилада кислород етишмовчилигини келтириб чиқариши ҳолатлари эса деярли кузатилмаган. Лекин эндиликда мутахассислар ҳомиладор аёлларга ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтишмоқда. Чунки улар янада юқори хавф гуруҳига айланиб қолиши мумкин.

Интернет маълумотлари асосида Юсуф ЖЎРАЕВ

тайёрлади.

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти “Инсон манфаати — тараққиёт пойдевори” лойиҳаси асосида чоп этилмоқда. (С/15)

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 − three =