Умрининг ҳар куни — бир баҳор ёки бир товуқ пулига бир қоп ун…

Шундай инсонлар билан кўришасанки, юрагингда ифтихор уйғонади. Ёнингдаги суҳбатдошингга ҳавас қиласан. Беихтиёр унга ўхшагинг келади…

Карманалик Райҳон Саидова билан бор йўғи бир марта суҳбатлашдик. Аммо мана шу биргина суҳбат мен учун унутилмас хотиралардан бири бўлди.

Райҳон опа “Пахтаобод” маҳалласида яшайди. Қарийб 22 йилдан буён иссиқхонада сабзавот етиштиради. 20 сотихлик ерига еттита иссиқхона қурган бу аёл экин-тикинларининг уруғидан униб чиқиши, ўсиши, ҳосилга кириш вақтини дақиқама-дақиқа ҳисобини олади. Апрель бошланиши билан эл дастурхонини ўз маҳсулотлари билан тўлдиради.

Ўғлининг суннат тўйига тушган тўёналару сарполар эвазига иссиқхона қурдирган Райҳон опани ўзи суйган, меҳрини берган замин иззатлади. Опанинг меҳнати эътироф этилиб, 2019 йилда “Энг намунали томорқачи” деб топилди.

Аслида тадбиркорнинг ҳар бармоғидан барака томади. Сабаби, у қийинчиликдан қўрқмайди, ҳар қандай муваффақиятсизликни енгиб ўтади, меҳнатдан, машаққатдан қочмайди.

Шу боисдан ҳам бугунги кунда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш масалалари мамлакат миқ­ёсида энг муҳим жараёнга кўтарилди.

Жойларда тадбиркор ва фермерлар фао­лиятини ўрганиш, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг маҳоратларини ёйиш мақсадида давлат ва ҳукумат вакиллари, шу­нингдек, депутатлар халқ орасидадирлар.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикери ўринбосари А.Хаитов Навоий вилояти Кармана туман “Пахтаобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Р.Саидова хонадонида бўлиб, меҳнатидан донг таратган аёл билан суҳбатда бўлди.

— Биринчи иссиқхонамни қурганимга қарийб 25 йил бўляпти. 10 йил помидор экдим. 14 йилдан буён бодринг етиштирмоқдаман. Бодринг тез етилувчан ва яхши даромад берувчи экин. Ҳар куни камида бозорга 250-300 килограмм бодринг топшириб келаман.

Помидордан фойда кўрмадим, десам нотўғри бўлар, лекин ўн йиллик фойдамни бодринг етиштириб бир йилда топдим. Томорқамдан бир йилда тўрт марта фойдаланаман. Йилига бод­рингдан 45-50 миллион сўм соф фойда кўряпман.

Кейинроқ паррандачиликка ҳам қизиқиш уйғонди. 7 йил давомида бройлер товуқ боқдим.Тадбиркорликнинг бу тури менга йилига 20 миллион сўм фойда берди. Энг катта товуғим 9 килограмм чиққан. Ўша куни уйда ун тугаган экан. Қани нима бўларкан, деб ўша 9 килолик товуқни бозорга обориб сотдим. Буни қарангки, битта товуқнинг пулига бир қоп ун олдим. Энди қуёнчилик билан ҳам шуғулланмоқчиман. Томорқаниям, тадбиркорликниям ўзимда экин-тикин туфайли айланаётган даромад орқасидан қилдим. Кредит ҳам, қарз ҳам кўтарган эмасман. Қўни-қўшниларимни ҳам томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ўргатганман. Бизнинг маҳалламизда ҳеч ким ерини қаровсиз қолдирмайди. Фарзандларим ҳам ўз оиласида томорқа тадбиркорлиги билан шуғулланади, — дейди Р.Саидова.

Ортиқча ишчи кучидан фойдаланмай тер тўкиб, меҳнат қилаётган   Райҳон опа мана шу еттита иссиқхонасига ҳар йили 21 минг туп бодринг экади. Уч айлантириб ҳосил олиш учун ўзини ҳам, тупроқни ҳам тиндирмайди.

Намунали томорқачи Райҳон Саидова яшайдиган “Пахтаобод” маҳалласида бирор хонадон йўқки, томорқасига иссиқхона қурилмаган бўлса. Маҳалланинг кексаю ёш бари-бариси рўзғоридаги бутлик учун Райҳон опани алқайди. Қизу набираларига уни мисол келтириб, намуна қилиб кўрсатади.

Деҳқоннинг бисоти – Ер! Деҳқон нима топса, туп­роқдан топади. Райҳон опанинг ҳам бутун бойлиги — унинг томорқаси. Томорқа уни, оиласини едирди, ичирди, кийинтирди. Бахт ва давлат ато этди. Опанинг феълидаги баҳор ҳавосидай қувноқлик, қалбидаги тонг насимидай дилоромлик тўқликдан, тўқлик бўлганда ҳам, ҳалол тўқликдандир эҳтимол.

Унинг ёнидан ҳар гал кўксимни тўлдирган мунаввар ҳислар билан қайтар эканман, кўз ўнгимда биргина боласини боқиш учун давлатдан пул сўраб, нолаю фиғон қилган ёш йигит, яхши еб-ичиш илинжида давлатманд эркакларнинг нишхурдларига айланаётган гўзал санамлар гавдаланади.

Шундан бўлса керакда, халқ орасида “ҳалолидан берсин, беминнатидан берсин” деб дуо қилинади.

Ҳар қанча меҳнат, ҳар қанча машаққат кўрган эса-да, насибаси бутун, ризқи улуғ Райҳон опада ҳаётга шукуҳ ва дунёнинг ям-яшил рамзи бўлмиш тирикликка иштиёқ шу қадар кучлики, беихтиёр айтгинг келади:

БУ АЁЛ УМРИНИНГ ҲАР ДАМИ — БИР БАҲОР…

М.Пирнафасова.

Навоий вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =