Маънавий парҳез керак

Йигирма йил муқаддам матбуот ва оммавий ахборот воситалари деганда фақат газета-журналлар, радио-телевидение, ахборот агентликлари ва матбаа корхоналари тушунилар эди. Ижтимоий ҳаётга замонавий компьютер технологиялари шиддат билан кириб келгач, журналистлик фаолият ва манбаларининг кўлами ҳам анча кенгайди.

Хусусан, уяли алоқа, интернет ривожлангач, ижтимоий тармоқлар, фейсбук, турли сайтлар ва телеграм каналлари, қолаверса, корхона ва ташкилотларга тегишли марбуот хизматлари кўринишидаги расмий ва норасмий манбалардан иборат “интернет журналистикаси” деган янги соҳа ва бу соҳа билан шуғулланувчи билим даражаси ҳар хил мутахассислар гуруҳи юзага келди. Бу эса ўз нав­батида турли-туман қарашларни шакллантириб, фикрлар ранг-баранглигини   таъминлади ва омманинг чексиз информацияга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қила бошлади.

Айниқса, сўз эркинлиги берилиши билан ҳукумат қарорлари, юқори лавозимли шахслар, раҳбарлар фаолияти билан боғлиқ танқидий-таҳлилий фикрлар билдириш одатий ҳолга айланди. Журналистик ёндашув тўғри бўлиб, ўткир ижтимоий таҳлиллар муайян инкор ва та­лабларнинг нақадар ўринлилигини кўрсатган ҳолларда тараққиётга тўсиқ бўлаётган кўплаб муаммоларга барҳам берилаяпти.

Аммо тан олиш керакки, аксарият ҳолларда “сўз эркинлиги” тушунчасини маънавият ва маданият, касб этикаси, журналистик одоб-ахлоқ меъёрларини бир четга суриб қўйиб, фақат негатив фикр билдиришдан иборат деб тушунадиган аудитория ҳам шакллангани кузатилмоқда. Айниқса, ўзини “блогер” деб атовчи айрим фуқароларнинг журналистик ёндашувида бирёқламалик, контекстдан бир фикрни узиб олиб, эзгу мақсадни ҳам тескари талқин қилиш, бировни беобрў қилиб обрў орттириш, шов-шув кўтариш, яъни “пиар” қилишдек одобдан ташқари мезонлар кўзга ташланяпти.

Мулоҳаза қилинса, “холис танқид” ва ҳатто “нохолислик” билан “қилдан қийиқ ахтариш” сингари тушунчалар ҳам бир-биридан тамомила фарқланадиган ҳолатларга нисбатан қўлланилиши аён бўлади. Айтайлик, ғалласи ўриб олинган далага ўт қўйган фермернинг қилмишини ижтимоий тармоқларда фош этиш ё зўр бериб ёқлаш билан сохта гулхан ёқиб фермерни айблашнинг бир-биридан тубдан фарқи бор. Чунки, фожиани саодат қилиб кўрсатиш қанчалик нотўғри бўлса, эзгуликни фожиа қилиб кўрсатиш ҳам шунчалик нотўғри ва бу ҳеч кимга яхшилик келтирмайди. Учинчи холис йўл туриб, кейинги иккала йўлдан бирини танлаганлар эса ўзининг нокомиллигини, одобсизлигини кўрсатган бўлади, холос.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг юртимиз бўйлаб “Беш ташаббус” тадбирлари доирасида журналист Нозима Тошпўлатова саволларига берган жавоблари акс этган аудио- ёзув тарқалди. Аудио хабарлар “Бир вақтлар дискотекаларга қарши курашганлар бугун ёшларимизни дискотекаларга келишга чорламоқда” ёки “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ёшларга дискотекага келишни тавсия қилмоқда” деган иддаоли сарлавҳалар билан тақдим этилди. Икки жумладангина иборат матн ҳаволасида эса юридик жиҳатдан исботлаб бўлмайдиган таҳқирловчи “айб” қўйилди. Шоирнинг “Биз ўзимиз қишлоқда катта бўлганмиз, лекин шаҳар бугунги дунё. Лекин бу нотўғри гап, нотўғри гаплар тарқатиб юргандан кўра, дискотекада қатнашиб ярим соат дам олган маъқул. Ёшларга хос нарсалар булар” деган бир оғиз сўзи аудиоёзувдан “узиб” олиниб, оммавий равишда муҳокама қилинди. Баъзи бир телеграм каналлари қўйган бўрттирма сарлавҳани ўқиган ва тўлиқ бўлмаган аудиони кўрган юртдошларимиз эса Ўзбекистон халқ шоирининг шаънига ножоиз гаплар айтишдан ҳам уялишмади. “Дискотека, қизлар, сауна, массаж… Аллоҳ, имондан айирманг!” сингари иддаолар қилинди.

Агар аудиоёзувни тўлиқ тингланса, журналист Нозима Тошпўлатованинг: “…айнан маънавиятга зид бўлган нарсалардан биттаси дискотекалар дегандингиз, лекин дискотекалар бугунги тадбирдан ўрин олган, бунга қандай муносабатдасиз?”, деган қитмир саволига берилган жавоб давомида “Бугунги ёшлар замонавий, ақлли ёшлар, мулоҳазали ёшлар, дунёни англаган ёшлар. Ишонаманки, улар ярим соат дискотекадан кейин чала қолган китобларини ўқишга вақт топадилар” деган қатъий таъкидга дуч келади. Саволнинг қитмирлиги шундаки, оммавий маданиятнинг бир кўриниши сифатида маънавиятимизга зид деб ҳисобланган тунги дискотекалар билан, “ярим соат” давом этадиган оддий ўйин-кулгидан, одоб доирасидаги рақсга доир — дискотеканинг бир-биридан ер билан осмонча фарқи бор. Услубий бўёқдорлик жиҳатидан “дискотека” деган битта сўз билан ифодаланаётган икки тушунча “ярим соат” ва “тунги” сифатлари билан бир-бирига зид тамомила бошқа-бошқа маъноларни англатади. Улар давомийлиги ҳамда ошкор-ниҳонлигидаги тафовутдан ҳам бирида оддий “кўнгилочар ўйин завқи”, иккинчисида эса маънавиятимизга зид деб ҳисобланаётган “шаҳвоний рақс, жазава” мазмуни борлиги англашилади. Демак, журналист бошқа, шоир бошқа мазмундаги дискотекани назарда тутган. Баъзи бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса маънолар орасидаги кескин фарқни илғаб-илғамай бемаврид ва беҳуда баҳс юритдилар.

Таассуфки, маънавий парҳез кераклиги эса айримларнинг хаёлига келмади. Ваҳоланки, “оёқлари остидан карвон ўтиб кетадиган”, яъники турмушнинг ҳар қандай икир-чикирларидан баланд туроладиган комил шахс бўлиб етишиш учун ҳам, айблаш ё айбланиш, ҳатто холис фикр билдириш учунда маънавий парҳез ҳал қилувчи мезон ҳисобланади. Зеро, бировни обрўсизлантиришга уриниш эвазига обрў орттириш камида судхўрликнинг энг кичик кўриниши бўлиб, унинг гуноҳи… ўзингиз биласиз, билмасангиз муборак ҳадисларни варақланг.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =