Эсиз умр, чанг босган диплом…

Ростан ҳам жуда шинаванда халқмизда. “Бир кўришган таниш, икки кўришган билиш” деб таниган-танимаган одам билан қадрдон бўлиб оламиз.

 

Газетада навбатчи эдим. Тун ярмидан ошганда навбатчиликни топширдим. Уйгача киракаш машинада етиб олдим. Кўча бўйида ошхона бор, бироз тамадди қилиш фикри туғилди. Ошхонага кирдим. Худди кун бўйи бор-будини бериб ишлаган одамдек хорғинман. Бир аҳволда столга чўкдим. Шу пайт маҳалла деҳқон бозорига савдо-сотиқ учун келган   сотувчиларнинг гурунги эшитилди.

Юзи қуёш тафтидан қизариб, бўйнига майда қизил тошмалар тошган, соч-соқоли анча вақтдан буён олинмаган, ҳавонинг иссиқлигидан кўйлагининг тугмалари кўксидан пастроғигача очиқ, елкасига дурра ташлаган, қорин қўйган семиз бир киши менга бошдан-оёқ тикилиб, формамдаги ёзувларни ўқишга уринди. Уни кўриб мийиғида кулиб қўйганимни сезди шекилли, эгилган қаддини тиклаб, бир томоқ қириб олди-да: “қаерда ишлайсиз командир”, деб сўради. Талабаман, ҳарбий журналистикада ўқийман дегандим, қошини тепага кўтарганча, “э ҳа-а-а”, дея оғзини очиб ҳамуза тортди.

Орадан ўтган қисқа сукунатдан сўнг яна гап бошлади:

— Мен ҳам Самарқандда архитектурада ўқиганман.

— Олий маълумотлимисиз?..

— Ҳа, архитекторман. Бироз ишладим. Кейин маоши камлиги учун… Яқинда бир танишим Тошкентдаги қурилишга ишга таклиф қилди. Етти миллион ойлик берармиш деб. Елкасидаги дуррани олиб бир айлантирдию бошқа елкасига ташлади.

— Яхши экан-ку, рози бўлавермадингизми?

— Бозорда картошка сотиб, кунига 300-400 минг сўм топаман. Ўзимга хон, ўзимга бекман. Хоҳлаган вақтим ишлайман, хоҳлаган вақтим дам оламан. Ойликка яшаб бўладими? Етти миллион ҳам пулми?

Унинг бу гапини эшитиб, оғзим очилиб қолди. Бугунги кунда бозордаги нарх-навони ҳисобга олсам, етти миллион сўмни бу картошкафуруш нима учун назарига илмаётганини тушунгандек бўлдим. Хуллас, бора-бора бу одамнинг қандай йўл билан бўлмасин пул топишнинг ҳаракатини қилиш кераклиги тўғрисидаги сўзларини тинглаб, юзига қарагим ҳам келмай қолди.

Шу пайт, инсон тафаккури билан бош­­қа мавжудодлардан фарқ қилади. Мана шу тафаккурни шакллантириш ўрнига фақат чўнтагимизни, қорнимизни ўйлайдиган бўлсак, бора-бора ҳайвонот дунёсидан фарқ қилмас даражага бориб қолмаймизми, деган ўй кечди миямда.

Биламан, қишлоғимда шундай одамлар борки, мактабдан бошқа жойда ўқимаган бўлса-да, китобга ўч, кўриб ҳавас қиласиз. Манаман деган зиёлилардан ҳам кўпроқ китоб ўқиган. Улардан ноодатий фикрлар чиқади, ҳар бирини алоҳида мақола қилса арзийди. Бири оддий чўпон, бири сувоқчи.

Ҳар гал водийга борганимда атайлаб: сизларга китоб ўқиш нима учун керак? Биров бир нимани биласанми, деб сўрамаса, дейман. “Мутолаа ҳамманинг ўз иши. Бунинг завқини китобга бепарво одамга уқтириб бўлмайди. Яратганнинг ўзи ўқи, деб буюриб қўйган бўлса… Қолаверса, одам эканимизни эслатиб турувчи китобларни қандай ўқимай бўлади?” — дейишади.

Дунёқарашлари кенг, билимлари етарли, аммо вақтида олийгоҳга кирмаганликларига афсусланишади. Эшитишимча, улар: фақат қориннинг ғамида юрмай, ўқинглар, озгина ҳаракат қилсанг олийгоҳга кирасан. Мен албатта фарзандларимни ўқитаман. Сизлар ҳам ўқинглар, деб ўтган-кетган болаларга маслаҳат қилишар экан.

Юқоридагидек “ишбилармон”лар эса ўқиш истагида юрган иқтидорли ўғил-қизларини ҳам иштиёқини сўндириб, ўзларидек олиб-сотар бўлишга ўргатиши табиий.

Чиндан ҳам ҳали бу каби ови юришмаган одамларга кўп учрасам керак. Юқоридагидек “ақлли” гапларини аввал ҳам эшитганим бор: бир новвойхонада журналистикани тамомлаб, новвойлик қилаётган акамизни учратиб қолгандим. У ўша пайт “ҳаёт сабоқлари”дан ўзича дарс берганди:

— Сиз ҳам журналистикада ўқийсизми, укам? Бу касбда нон йўқ-ку, нима қиласиз вақтингизни зое кеткизиб? Қийналиб 4 йил ўқиб, газетада манави шогирдларим топадиган арзимаган маошга ишлайсизми? Ёки телевидениега жойлашиб, сизни умуман ёқтирмайдиган, менсимайдиган одамларнинг ортидан эргашиб, микрофонингизни оғзига тутганча шилқимлик қиласизми? Радиони-ку шафёрлардан бошқаси эшитмайди. Улар ҳам аслида йўлда ухлаб қолмаслик учунгина ёқиб қўйишади, холос. Маслаҳатим бу соҳада ўқиб умрингизни бесамар ўтказманг. Ўқишингизни тезроқ бошқа йўналишга кўчиринг. Бўлмаса менга ўхшаб қора ишчи бўласиз.

Атрофимизда бунақанги одамларни кўриб: тийилмаган нафс одамни не кўйларга солиши мумкинлигига яна бир бор иқрор бўламан. Бу “қахрамон”ларга эса эссиз ўтган умру, чанг босиб ётган дип­лом дегим келади.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 2 =