Муаммо бор, гап ечимини топишда
Жамиятимиз ривожида муҳим ўрин тутадиган оммавий ахборот воситалари, уларда меҳнат қилаётган кўп минг сонли журналистларнинг бугунги фаолияти, серқирра ижодлари ҳақида қанча гапирсак, ёзсак, фикр билдирсак шунча кам. Чунки бу машаққатли меҳнат соҳибларининг зиммаларидаги масъулиятлари, шарафли касбларига масъулликлари, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкин, шифокор ёки педагогларникидан қолишмайди.
Кейинги пайтларда мамлакатимиздаги мавжуд журналистика факультетлари мутасаддилари томонидан мамлакатимиз ОАВлари учун етук журналист кадрлар тайёрлаш, уларнинг ўқишлари, амалиётлари билан боғлиқ муаммолар хусусида муҳокама қилиш, амалий хулоса чиқаришга оид турли анжуман, йиғинлар ўтказилаяпти.
Бугун шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари ижтимоий ҳаётимиздаги энг масъулиятли соҳалардан бири бўлган журналистика ва оммавий коммуникацияларга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Очиғини айтиш керак, бугунги журналистика ва журналистик таълимнинг мазмун-моҳияти бундан 8-10 йил олдингисидан тубдан фарқ қилади. Кейинги йилларда истилоҳимизга интернет журналистикаси, онлайн журналистика, дата журналистика, тревел журналистика, бренд журналистика, дигитализация, конвергенция сингари янги атамалар кириб келдики, уларнинг ҳар бири кўриниши, ўрни, аҳамияти, ўзига хослиги билан алоҳида мазмун-моҳият касб этади.
Бугунги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ходимларнинг журналистикадаги ана шу янги йўналишларни чуқур ҳис қилган ҳолда ижодларига атрофлича татбиқ қилишларига тўғри келаётган бўлса, мақсади соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўлган олий таълим муассасаларидаги журналистика факультетлари олимлари — устозлар ҳам янги, жўшқин ҳаёт — ижод оламига энди кириб келаётган шогирдларига янги тамойиллар, янгича шакл, янгича мазмун, янгича кўриниш, янгича руҳда сабоқ беришлари талаб этилади.
Давр янгиланаяпти, аммо бўлажак журналист-талабалар ҳали-ҳануз бундан 10-12 йил илгари босилиб чиққан ўқув қўлланма, дарсликлардан ёки яқин хорижда нашр этилган китоблардан фойдаланиб келишаяпти. Тўғри, икки, уч йил деганда, соҳа олимлари ёки амалиётчиларнинг битта ёки иккита ўқув қўлланмалари чоп этилиб турибди, аммо кундалик ҳаётимизнинг ҳар дақиқаси янгиликлардан иборат бўлиб турган бир пайтда, битта ёки иккита қўлланма илмга чанқоқ ёшларимизнинг талабини тўлиқ қоплай ололмайди. Истаймизми, йўқми ана шу омиллар бўлажак журналистларнинг ҳаётдан, даврдан, қолаверса, ижоддан ортда қолишларига сабаб бўлади.
Тўғри, бугун дунё миқёсида оммавий коммуникация, техника, технологиялар тез суръатлар билан ривожланиб бораяпти. Масалан, глобал тармоқ — интернет саҳифаларидан истаганча маълумотлар, шунингдек, журналистикага оид тегишли материаллар олиш, улардан унумли фойдаланиш мумкин. Бунга замонавий ёшларимизнинг кўникма, малакалари ҳам етарли. Аммо аксарият ёшлар ана шу олинган маълумот, материаллардан амалда тўлиқ ҳолда фойдалана олаяптими? Албатта, йўқ! Чунки ижтимоий тармоқ бир бор кўз югуртириладиган нарса, даврий нашрлар эса йиллар мобайнида сақлаб қўйиладиган тарих. Бундан ташқари, интернетдан фойдаланишда айрим ёшларга янги коммуникацион техникаларни тўлиқ ўзлаштира олмаганликлари ёки чет тилини билмасликлари панд беради.
Оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз келажаги учун журналист кадрлар тайёрлашдек масъулиятли вазифалар ҳақидаги чиқишлар ўрганилганда, турлича, бир-бирига ўхшамайдиган фикрлар билдирилаётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Бу табиий ҳол, чунки маълум бир муаммо борасида фикрлар хилма-хиллигининг бўлиши, ўша жамиятдаги демократиянинг белгиси ҳисобланади.
Баъзи муаллифлар журналистик таълимда кўпроқ амалиёт бўлишини таъкидлайдилар (Аҳмаджон Мелибоев. “Матбуотимиз келажаги кимларга ва нималарга боғлиқ?” “Hurriyat”, 2021 йил 17 февраль. Ислом Асилбеков. “Матбуотда очиқлик ва сўз эркинлиги” “Hurriyat”, 2021 йил 3 март). Биринчи мақола муаллифи талабаларнинг ўқиши давомида назарий билимларга кўпроқ урғу берилаётгани, жорий, оралиқ, якуний назоратлар саволлари қуруқ назариядан иборат бўлиб қолаётгани, бундай саволларга жавоб ёзишда талабанинг шахсий фикри йўқлиги ҳақида куюнчаклик билан ёзади. Шунингдек, мақолада етук журналистлар тайёрлаш борасидаги тавсиялар ҳам берилган. Улардан баъзиларини мисол сифатида келтириб ўтамиз:
“факультетга қабул қилишда ижодкорликка мойил, қўлида қалами бор, матбуотда хат-хабарлари билан кўриниб турадиган ёшларга алоҳида эътибор бериш керак;
илмий-педагогик жамоани тажрибали амалиётчилар билан бойитиш ҳисобига янги қон-томирлари пайдо қилиш керак;
ортиқча такрор ва зарур бўлмаган фанларни қисқартиришни таклиф қиламан. Журналистикада асосан журналистика ўқитилиши керак;
ўқув жараёни ўттиз фоиз назария, етмиш фоиз амалиётдан иборат бўлса яхши;
оралиқ, жорий ва якуний назорат ишлари саволларида эркин ижодий мавзулар кўпайиши керак” ва ҳоказо.
Тўғри, мақолада жўяли таклифлар билдирилган. Айтиш керакки, кейинги йилларда журналистлар тайёрлайдиган факультетларда юқорида айтилганларга баҳоли қудрат амал қилинмоқда. Назарий билимларга келсак, мақола муаллифи қисман ҳақ, Ўзбекистонда журналистика назарияси амалиётдан анча орқада қолгани ҳам бор гап. Назария орқада қолди, энди нима қиламиз, деган билан иш битмайди ёки бирон-бир муаммоимизни биров четдан келиб, ҳал қилиб бермайди. Жаҳон тажрибаларидан ҳам билиб олиш мумкин, журналистика назариясини атрофлича ўрганиш бўлажак журналист учун жуда керак.
Қолаверса, олий ўқув юртлари қошида бекорга журналистика факультетлари фаолият юритмаяпти. Талаба дастлаб олий таълим даргоҳида ўзида назарий билимларни сингдириб, кейин олган билимларини амалиётга татбиқ этади. Талаба журналистика тарихини билмаса, жанрларни бир-биридан ажрата олмаса, ижтимоий фанларни ўрганган ҳолда билими, савияси, дунёқараши ошмаса, дастлабки ёзиш, эшиттириш, кўрсатув кўникмаларини ўзи ўқийдиган даргоҳда олмаса, ундан келажакда қандай билимли, қобилиятли журналист чиқсин?
Устоз кўрмаган шогирднинг ҳар мақомда йўрғалашига ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз. Журналистика ҳақида тасаввури ҳам йўқ, соҳа бўйича бирон-бир малакага эга бўлмаган, ўзини журналист деб чоғлаб юрган, оқибатда “қовун тушириб” юрган баъзи блогерларнинг иши, қилмишлари ижтимоий тармоқларда ўз аксини топаётганлигидан кўпчилик хабардор. Барибир, ўқиган яхши.
Ҳозирда олдимизда турган асосий мақсад — назарий билимларни янги, замонавий, бугунги куннинг талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқиш. Бу борада хориж тажрибасидан улги олиш керак бўлади, улар журналистика назарияси, шунингдек, амалиёти бўйича ҳам анча илгарилаб кетишган. Очиғини айтганда, республикамиз олий ўқув юртлари қошидаги журналист кадрлар тайёрлайдиган факультетлар мутахассислари ҳам вазиятга бефарқ бўлиб, қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ. Янги йўналишлар бўйича изланишлар олиб борилаяпти, вақти-вақти билан малакаларини оширишаяпти.
Кўпчиликка маълум бўлса керак, янги ўқув йилидан республикамиздаги аксарият олий ўқув юртлари таълимнинг кредит – модул тизимига ўтди. Журналист кадрлар тайёрлайдиган ўқув муассасаларида ҳам ҳозирда билим бериш, ўқитиш ана шу тизим асосида олиб борилаяпти. Бу тизимнинг маъқуллиги – илгари бир семестрда 10-12 та фан ўтилиб, талабага кўз очиргани, атрофга қарагани имкон бермаган бўлса, янги тизимда бор-йўғи 5 ёки 6 та асосий фанлардан сабоқ берилмоқда. Энг муҳими, талабанинг ўқув фанларига мустақил тайёргарлик кўриши учун кўп вақт ажратилгани яхши бўлди. Баъзи олий ўқув юртларида ҳатто беш кунлик ўқишга ўтилди. Энди талаба билимини янада ошириши учун яратиб берилган ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиши керак. Кредит – модул тизимининг яна бир яхши томони – ўқув жараёнида талаба билим олиши борасида анча жиддий талаблар қўйилади, шунингдек, ҳар бир ўқув семестри давомида уларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчиларнинг ҳам сараги саракка, пучаги пучакка ажратилади. Талаба билими қониқтирмайдиган, бугунги куннинг талаблари асосида дарс ўта олмайдиган ўқитувчини рад этиб, замонавий тарзда билим берадиган устоз, профессорни танлашга ҳақли.
Бундан ташқари, келажакда журналист бўлишга аҳд қилган, не-не орзу-умидлар билан ўқишга кириб, ўқув даргоҳларида сабоқ олаётган ёшларга бир неча тилни биладиган, ҳатто хорижда ишлаб, малака ошириб келган ўқитувчилар сабоқ бераётгани ва уларнинг сафи кенгаяётганидан мамнун бўлишимиз керак ҳамда журналистика факультетларида бу жуда муҳим жараённинг изчиллик билан давом эттирилишини истардик.
“Матбуотда очиқлик ва сўз эркинлиги” сарлавҳаси остида босилган мақолада ҳам ҳозирги газеталарнинг аҳволи, “мажбурий обуна” билан боғлиқ муаммолар кўтарилган. Мақоладаги таниқли журналистлар, соҳа мутахассисларининг билдирган фикрлари таҳлилдан ўтказилса, гап яна мамлакатимиз ОАВнинг бугунги аҳволи, улар билан боғлиқ масалалар, шунингдек, журналист маҳорати масаласига бориб тақалади. Иборали қилиб айтганда, мақолани диққат билан ўқиган зийрак ўқувчининг калтакнинг бир учи малакали журналист кадрлар тайёрлашдаги кемтикликларни “силаб ўтганлиги”ни сезиши қийин кечмайди.
Энди талабаларнинг замонавий таълимдан хабардорлиги, янги ўқув қўлланма, дарсликлар билан таъминланганлиги хусусида. Бу борада сезиларли ишлар олиб борилаяпти. Масалан, кейинги 2-3 йил ичида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ давлат университетида журналистиканинг замонавий, янги йўналишлари бўйича жиддий изланишлар олиб борилди. Бунга ҳимоя қилинган янги диссертация ишлари, талабалар ва тадқиқотчилар учун монография, ўқув қўлланма, дарсликларнинг янги авлоди яратилаётганини айтиб ўтиш жоиз.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика факультети доценти