Дунёни маърифат қутқаради
Дунёда ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари, миллий қадриятлари бор. Муайян заминда куртак очиб, неча юз йиллар давомида шаклланган ва сайқал топган маънавий мезонлар шу миллатнинг, шу халқнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган техника ва технологиялар, глобаллашув жараёнида бундай бойликнинг моҳиятини янада чуқурроқ англаш долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтасини айрим элшунос олимлар турк хоқонлиги даври билан боғласа, бошқалари ундан анча эрта, милоддан аввалги VIII-ХII асрларда бошланган деган ғояни илгари сурадилар. Бунда тарих фанига, хусусан, ўзбек халқи маданияти, турмуш тарзи, табиати, урф-одати, маросимлари, қўйингки, халқимизнинг бутун миллий зийнатини бошқа тараққий этган халқлардан маълум даражада орқароқда қолганлигини кўрсатувчи ғайриилмий ёндашувни сезмай бўлмайди. Шу ерда ўзимизнинг юртимиз тарихи, этник маданиятини минтақавий ашёлар далиллиги асосида ўрганиб, бу маданият илгариги башоратлардан анча олдин, сўнгги бронза даврида ҳам барқарор бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Демоқчимизки, юртимиз мустақилликка эришгач, ўзининг қадимий миллий қадриятларини тўлиқ англаб етди.
Бугунги кунда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз,—дея, таъкидлаган эди, Юртбошимиз. Зеро, умумий цивилизация турли халқларнинг маданиятларидан шаклланади. Миллий маданиятларининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш ўсиб келаётган замонавий ёшларимизни маънавий тарбиялашнинг асоси бўлмоғи лозим.
Буюк рус ёзувчиси Достоевскийнинг “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган машҳур иборасини бироз ўзгартириб, “XXI асримизда дунёни маърифат, маданият ва маънавият қутқаради” деб айтган бўлардим. Зеро, биз учун “Миллий тикланиш” — миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар, кўп асрлик тарихимизни ўрганиш, тиклаш, қадрлаш ва тарғиб этиш, ҳар бир ватандошимиз онгини мустаҳкамлашда жамиятнинг ҳамжиҳатликдаги ролидир.
“Миллий юксалиш” — мамлакатимизнинг тараққиёти, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш йўлидаги ҳаракатдир.
Анора ҲАЙДАРОВА,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши бош мутахассиси.