Олимпиадага саёҳат учун борилмайди

Дунё миқёсида давлатнинг спорт соҳасидаги салоҳияти вакилларининг олимпиадада қўлга киритган медаллари сони ва салмоғига қараб белгиланади. Шу боис давлат спортни ривожлантириш ва олимпиячиларни тайёрлаш учун маблағини аямайди. Олимпиада ўйинларида қатнашган ҳар бир спортчи эса юртини улуғлайдиган олимпиада медалини қўлга киритиш учун бор куч-иродасини сафарбар қилади. Олимпиадалардаги муросасиз курашларда эл-юртимиз ишончини оқлаган спортчиларимиз эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Бундай азму шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”.

Парижга йўл сарҳисобдан бошланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Токио олимпиадасида иштирок этган спорт делегацияси вакиллари билан учрашувда сўзлаган нутқларида долзарб масалага тўхталдилар: “Мамлакатимиз спорт делегациясининг Токио олимпиадасидаги иштирокини ҳар томонлама чуқур таҳлил этиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни сарҳисоб қилишимиз керак”. Агар хато ва камчиликларни ўзимиз ҳозирдан бартараф этмасак, чеккадан биров келиб бартараф қилмайди, келгуси Париж олимпиадасига ҳозирдан илмий асос­ланган режалар тузмасак биров уни тақдим этмайди.

Спорт соҳаси вакилларимиз ўзларининг масъулиятли вазифасини тўлақонли ҳис қилишяптими, спортчиларимиз олимпиада медалларига сазовор бўлиш учун бор куч-иродаларини сафарбар этишяптими? Бу саволларга жавоб топиш учун яқинда ниҳоясига етган Токио олимпиадаси натижаларини сарҳисоб қилиш лозим. Вакилларимиз бу олимпиадада 3 та олтин ва 2 та бронза медалига сазовор бўлишди(медалларимизни санаш учун битта қўлдаги бармоқлар кифоя), Ўзбекистонимиз умумжамоа ҳисобида дунё миқёсида 32-ўринни эгаллади. Бу аввалги 2016 йилда ўтказилган Рио олимпиадасидаги натижамиздан ҳам анча паст. Олимпиячиларимиз Риода 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, Ўзбекистонимизни умумжамоа ҳисобида 21-ўринга кўтаришганди.

Мулоҳаза юритишингиз учун Токио олимпиа­даси совриндорлари ҳақида мухтасар маълумот келтирмоқчиман. Токиода америкалик сузувчи Калеб Дрессел 5 та олтин медални қўлга киритди. Австралиялик сузувчи Эмма Маккеон 4 та олтин, 3 та бронза, жами 7 медалга сазовор бўлди. Олимпиадада янги зеландиялик байдаркачи Лиза Кэррингтон, ямайкалик енгил атлетикачи (югуришда) Элейне Томпсон-Хера, жанубий кореялик мерган Ан Сан 3 та олтин медаль билан тақдирланди… Бу маълумотларга назар ташлаганингиздан кейин олимпиададаги натижаларимиз ҳақида жиддий мулоҳаза юритмасликнинг ўзи мумкин эмас.

Энди олимпиададаги айрим кўнгилсиз натижаларимизни ҳам эсласам. Велопойгада қатнашган Мурод Холмуҳаммедов 64-ўринни, спорт гимнастикаси турида мусобақалашган Расулжон Абдураҳимов 49-ўринни, ўқ отиш спорти турида имкониятини синаган Мухтасар Тоҳирова 33-ўринни… банд этди. Булар қатнашчилар сонининг экваторидан пастки ўринлар. Бадиий гимнастика турида баҳслашган Екатерина Фетисова 26 нафар қатнаш­­чи орасида 24-ўринни эгаллади. Яккакураш турларида айрим спортчиларимиз биринчи босқичдаёқ олимпиада билан хайрлашди. Ким бу спортчилар олимпиадага медаль олиб, юртимизни улуғлаш учун борганди деб айта олади?

Бораверамиз ва қуруқ келаверамиз

Маълумки, 1996 йилги олимпиададан бошлаб енгил атлетикачиларимиз катта таркиб билан қатнашиб келаяпти. Улар илгаридагиларида бўлгани каби Токио олимпиадасидан ҳам медалсиз қайтишди. Тўғри-да, улардан ҳеч ким “Олимпиадага тайёргарлик кўришингиз учун давлатимиз сизга тўрт йил давомида қанча маблағ сарфлади, яхши шуғуллансин деб давлат стипендиялари берди, шуғуллантирган мураббийларга маош тўлади, юртимиз ва хориждаги ўқув-машғулот йиғинларига, халқаро мусобақаларда қатнашишингиз учун маблағ ажратди. Давлатнинг шунча маблағи ҳавога совурилди, энди ҳавога совурилган маб­лағ учун ким жавоб беради?” деб сўрамагандан кейин олимпиадага бораверади ва қуруқ келаверади-да.

Босқон улоқтирувчи Сухроб Хўжаев То­киога учинчи бор олимпиадада қатнашиш учун борди. Олдинги олимпиадаларда “тажрибасини оширган” экан, у Токио олимпиадасида босқонни 71,26 метрга улоқтирди. Рио олимпиадасида босқонни 70,11 метр узоқликка улоқтирганини ҳисобга олсак, натижасини 1,15 метрга яхшилади. Бу олимпиадада финал босқичида қатнашиш меъёри 77,50 метр қилиб белгиланганди. Агар Сухроб натижаларини шу тарзда яхшилаб борса яна олтита олимпиадада қатнашса юқоридаги меъёрни бажарар экан. Баландликка сакраш мусобақасида қатнашган Светлана Радзивиль тўртинчи олимпиадада ҳам медаль ололмади.

Узунликка сакраш мусобақасида қатнашган Дарья Резниченко 6,19 метр натижани қайд этди. Бу спорт тури тарихига назар ташладик. Узунликка сакраш бўйича жаҳон рекорди 1939 йилда 6,12 метр экан. Бу – спортчимиз 82 йил илгариги натижани сал яхшилаганини ва енгил атлетикамиз замондан қанча орқада қолганини кўрсатади. Ҳозирги кундаги узунликка сакраш бўйича жаҳон рекорди 7,52 метр, олимпиада рекорди эса 7,40 метр. Спортчиларимиз бу рекордларни янгилаши учун неча йил керак бўлишини енгил атлетика федерацияси мутахассисларидан сўраш керак.

Юртимизда истеъдодлар кўп

Вилоятларимизда пахта тераётган қизлар олдига бориб, ким 6,19 метр узунликка сакраса 100 миллион сўм ёки 10 минг доллар берилади деб айтиб кўринг. Қанча қиз бу ишни бажаришга чоғланишини санайверасиз. Кимдир жуда ошириб юбордингиз, деяпти. Бироқ бундан 65 йил илгари Шўрчи туманида ғўза чопиқ қилаётган, пахта тераётган қизлар орасида Равиля Салимова ҳам бор эди. Спорт жонкуярлари уни баскетболга жалб этишди. Натижада, Равиля Салимова бас­кетбол бўйича 2 марта жаҳон чемпиони, 4 бор халқаро универсиада ғолиби, 6 бор Европа чемпиони бўлди. Шу боис сиз далада меҳнат қилаётган ёшларга менсимай қараманг, аксинча ваъда қилган пулингизни бера олмай уялиб қолишингиз мумкин!

Машҳур фильмдаги ҳикматли сўзлар эсга тушади: “Юртимизда истеъдодлар кўп. Уларни топиш ва кўтариш керак”. Бу сўзлар ҳақлигини билиш учун Токио олимпиадаси совриндорлари туғилган юртларига назар ташлаш кифоя. Баҳодир Жалолов Сариосиё туманидан, Акбар Жўраев Бўстонлиқ туманидан, Давлат Бобонов Нурота туманидан… Ҳа, юртимизда истеъдодлар кўп. Уларни топиш ва қизиққан турига жалб этиш учун биринчи навбатда спорт федерациялари мутахассислари жонбозлик кўрсатишлари лозим. Президентимиз нутқларида бу масала муҳимлигини яна бир бор таъкидладилар: “Ҳудудларда иқтидорли спортчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда Ўзбекистон чемпионатларини ташкил этиш ишларини тўлиқ рақамлаштириш зарур”.

Ўзим чорак аср илгари Фориш туманида мактаб ўқувчилари ўртасида икки бор ўтказилган халқ ўйинлари олимпиадасини ёритиш учун борганман (таассуфлар бўлсинки, шундай яхши мусобақа ҳозирги кунда ўтказилмаяпти). Барча вилоятларимиздан келган мактаб ўқувчиларининг, айниқса, қизларнинг мусобақалар пайтидаги чаққонлиги, кийикдай югуриши ва сакраши мени ҳайрон қолдирган. Қизғин курашлар остида ўтган мусобақаларда форишлик ўқувчи қиз халқ ўйинлари олимпиадасининг 9 карра чемпиони бўлганди. Биз эса етти ёзги олимпиададан буён аёл спортчимиз олимпиада медали олишини илҳақлик билан кутаяпмиз. Агар ўшанда спорт федерацияларимиз мутахассислари ўз даврининг Равиля Салимоваси бўлган форишлик қизга эътиборларини қаратишганда, шуғуллантиришганида у бизга аллақачон олимпиада медалини тақдим этарди. Шукрки, Токио олимпиадаси спортимизда Зайнаб Дайибекова, Кумушхон Файзуллаева каби маҳоратли ёш қизларимиз вояга етаётганини кўрсатди. Ишончимиз комил, шу қизларимиз аёл спортчиларимиздан кутаётган олимпиада медалини Парижда тақдим этишиб, орзумизни ушалтиришади.

Олимпиада медалингиз борми, ишлаяпсиз…

Бежиз давлатнинг дунё миқёсидаги спорт соҳасидаги салоҳияти олимпиадада қўлга киритилган медаллар сони ва салмоғига қараб белгиланади, деб ёзмадик. Шундай экан, спорт федерациялари фаолияти вакилларининг олимпиадада қўлга киритган медалларига қараб баҳоланади. Қайси спорт федерациясида олимпиада медали бўлса, бу федерация ишлаяпти. Қайси федерацияда олимпиада медали йўқ бўлса, бу федерация ишламаяпти, хизматчилари маош олишяпти, холос. Афсуски, медални гапирмай турайлик, олимпиадага ўз вакилларини юбора олмаётган, бу ҳақда ўйламаётган спорт федерацияларимиз ҳам бор.

Президентимиз юқорида эсланган нутқларида бу оғриқли муаммога ҳам эътиборимизни қаратдилар: “Шу ўринда Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турлари бўйича сезиларли натижага эриша олмаганимизни очиқ тан олишимиз керак. Бу ҳол мутасадди раҳбарларни жиддий ўйлантириши зарур. Агар кимдир, бундан кейин ҳам олдинги Олимпия ўйинларида бўлгани каби фақат яккакураш спорт турлари ҳисобидан ютуқларга эришамиз деб ўйласа, адашади. Билиб қўйинглар, бу – мутлақо нотўғри ёндашув”.

Ҳолбуки, жамоавий спорт турлари бўйича ҳам олимпиадаларда муваффақиятларимиз бўлган. Футболчимиз Владимир Фёдоров олимпиада бронза медали совриндори, волейболчиларимиздан Вера Дуюнова 2 бор, Людмила Павлова бир марта Олимпия чемпиони, сув полоси бўйича Эркин Шагаев олимпиада ғолиби бўлган… Демак, бу спорт турлари бизга бегона эмас. Фақат бу спорт турлари федерацияларида фаолият кўрсатаётганлар орасида шу спорт турларига “бегона” одамлар бор бўлса керак деган хаёл келади.

Футбол — энг оммавий спорт тури. Яқинда футбол миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати саралаш мусобақасининг иккинчи босқичидаёқ юришини тўхтатди. Энди ўша таркибдаги футбол ассоциацияси ходимлари олимпиада саралаш мусобақасига олимпия терма жамоамизни тайёрлашади. Натижа халқимиз, футбол мухлислари кутгандай ижобий бўладими? Бу саволга спорт мутасаддиларимиз ҳозирдан жавоб излашлари ва ижобий натижа бўлиши учун чора-тадбирлар кўришлари зарур эмасми?

Волейбол федерациясидагилар нега олим­пиадага бора олмаётганига далиллар келтиришини билганим учун уларга оддий савол бермоқчиман: “Ўттиз йил илгари Эрон волейболи биздан орқада эди. Нега ҳозирги кунда Эрон волейболи биздан жуда олдинга ўтиб кетди?” Жавоб ҳам оддий: “Эрон волейбол федерацияси ишлаяпти”.

Эркин Шагаев сув полоси бўйича Олимпия чемпиони бўлганда республикамизда бармоқ билан санарли бассейнлар бор эди. Мустақиллик йилларида юртимизда бассейнлар барпо этишга жиддий эътибор бериляпти, ҳатто айрим умумтаълим мактабларимизда ҳам ажойиб бассейнлар қурилган. Айтмоқчимизки, бу спорт турида ишлайман деган мутахассисларга шароитлар етарли даражада яратилган.

Марра белгиланди

Президентимиз нутқларида 2024 йилда ўтказиладиган олимпиадада эришилиши лозим бўлган маррани белгилаб бердилар: “Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги олимпиадага 100 дан ортиқ лицензияни қўлга киритиш ва медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор”. Агар Токио олимпиадасида 15-ўринни эгаллаган Венгрия терма жамоаси 6 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медалига сазовор бўлганини ҳисобга олсак, Парижга борадиган вакилларимиз 20 тадан кўпроқ медални қўлга киритишлари, улардан камида 7 таси олтин медаль бўлиши керак. Бу Токио олимпиадасида қўлга киритган медалларимиздан тўрт баравар кўпроқ деганидир.

Турган гапки, бу вазифани эшитган спорт соҳаси вакиллари Президентимиз спорт соҳасига сарфланаётган давлат маблағларини оқлашимиз учун имконият бердилар дея хурсанд бўлишаяпти. Ҳа, спорт соҳасига сарфланаётган маб­лағларни оқлаш – олимпиада медаллари билан қайтариш вақти келди. Ҳозир мумкин эмасдай кўринган бу вазифани Париж олимпиадасида бажариш учун Президентимиз нутқларидаги қу­йидаги сўзларига амал қилишимиз шарт: “Спорт йўналишидаги вазифаларни амалга ошириш учун биринчи навбатда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш талаб этилади”. Яъни, давлатнинг спортни ривожлантириш учун йўналтирган маблағини тийин-тийинигача ҳисобини юритиш, ҳар бир берилган пул учун спорт федерацияларидан натижа – медаль талаб қилиш кундалик вазифага айланиши керак. Юқорида қайд этганимиздай, спорт федерациялари фаолияти қўлга киритган олимпиада медалларига қараб баҳоланади.

Спортчидан яхши раҳбар чиқадими?

Албатта, соҳанинг ривожи раҳбарнинг билими, тажрибаси ва шу соҳани ич-ичидан билишига боғлиқ. Шу сабабли мактабда анатомия фанини ўқигани учун ҳали ҳеч ким соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланмаган. Лекин мактабда жисмоний тарбия дарсида қатнашганларни чорак асрдан бери спорт соҳасига раҳбар этиб тайинлаш одат тусига кирди. Тармоқ мутасаддиси ёнимда шундай раҳбарга савол берганди: “Бир неча ой ишладинг, спортда унча-мунча нарсани тушуниб қолгандирсан?” Бу суҳбатдан кейин раҳбар уялганидан ишдан бўшаб кетгандир деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, у қайсар чиқиб қолди, спортни тушунмаса ҳам ишдан бўшатгунларича, спорт соҳасига “раҳбарлик” қилди.

Аллақачон спорт соҳаси раҳбарларини тайёрлаш тизимини яратиш вақти келиб бўлган. Бу ишни билимли спортчилар тайёрлашдан бошлаш керак. Ҳозирги кунда спортга ихтисослашган ўқув даргоҳларида ўқувчининг спорт натижаларига кўпроқ эътибор қаратилади. Ёки сиз спорт натижалари яхши бўлган, лекин фанларни ўзлаштирмагани учун спорт мактабидан четлатилган ўқувчиларни биласизми? Аксинча, спорт натижалари яхши бўлса, бундай ўқувчиларга умумтаълим мактабида ҳам, спорт мактабида ҳам фанлардаги баҳолари қўйиб берилади. Шундай ўқувчи-спортчилардан бири жаҳон чемпиони ҳам бўлганди. Спортдан кетгач, раҳбарлар жаҳон чемпиони бўлгани учун у жойдан, кейин бошқа жойдан иш беришди. У ҳеч жойда ёлчитиб ишламади, қўним топ­мади. Негаки, унда кундалик ҳаётда керак бўладиган билим йўқ эди, одамлар билан муомала қилиш маданияти йўқ эди.

Спортга ихтисослашган ўқув даргоҳларида ҳам ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришини қаттиқ назорат қилиш зарур. Таниқли футболчи ва мураббийимиз Миржалол Қосимовга болалигида отаси Қўшоқ ака шарт қўйган: “Мактабда яхши ўқимасанг, футбол машғулотларига бормайсан. Яхши ўқимаган боладан яхши футболчи чиқмайди”. Миржалол мактабда яхши ўқиди, футбол машғулотларида астойдил шуғулланиб яхши футболчи бўлди. Билими пухта экан иккита олий таълим муассасасида таҳсил олди. Ҳозирги кунда яхши мураббийларимиздан бири. Биз спорт мактабларида ўқувчиларга яхши ўқимаган боладан яхши спортчи чиқмаслигини уқтириб туришимиз лозим. Яхши ўқимаса, биз юқорида ёзган жаҳон чемпионидай спортдан кетгач, ҳаётда қийналиб қолади.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига қабул қилишда спорт натижалари билан бир қаторда фанлардан юқори балл тўплаши меъёр қилиб олиниши зарур. Университетда ўқиш даврида Олимпия чемпиони бўлиб келса ҳам фанларни ўзлаштиришини қаттиқ талаб қилишимиз лозим. Ахир, у ўқишни битиргач, биз билан бирга ишлайди, шу заминда бирга яшайди. Агар билими пухта, меҳнатсевар ва интилувчан бўлса спорт соҳасини бошқаради. Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Дунёга қаранг, собиқ спортчи давлат президенти, шаҳар губернатори, спорт вазири, Халқаро Олимпия қўмитаси(ХОҚ) президенти… Биз ҳам спортчи ва спорт раҳбари тайёрлаш тизимини замонавий даражага шундай кўтарайликки, собиқ спортчиларимиздан таниқли давлат арбоблари етишиб чиқсин.

Ёлланма спортчилар ва допинг

Президентимиз нутқларида бир нарсани – ёлланма спортчилар олиб келишни кескин танқид қилдилар: “Катта харажатлар эвазига хориждан спортчиларни (легионер) олиб келиш таж­рибаси унчалик ҳам ўзини оқламаётганини очиқ айтишимиз керак. Бундай амалиётдан воз кечиб, маҳаллий спортчиларимизни тарбиялашга жиддий эътибор қаратадиган пайт келди”. Биз Президентимиз танқид қилган амалиётнинг жабрини ҳам тортдик, жаҳон спорт аҳли олдида уятга ҳам қолдик. Гап юзи қаро бўлган икки хорижлик спортчи ҳақида кетмоқда. Улар иккита олимпиадада юртимиз номидан қатнашиб 2 та олтин,битта кумуш, битта бронза медали олишди. ХОҚ олимпиячилардан олинган намуналарни 5-6 йил ичида қайта таҳлилдан ўтказади. Бу икки спортчи топширган намуналарда тақиқланган модда – допинг борлиги аниқланди ва ХОҚ улар олган медалларни бекор қилди. Ёлланма спортчилар келди, натижа кўрсатишга ёрдам берадиган допингни қабул қилди, олимпиада медалларини қўлга киритди, давлатимиз томонидан медаллар учун белгиланган катта мукофот пулларини, машина ва совға-саломларни олди ва юртимиздан чиқиб кетди.

Афсуски, допинг спортимизга кириб бўлди. Лондон олимпиадасида оғир атлетикачимиз Руслан Нуриддинов 4-ўринни олганди. ХОҚ таҳлилида совриндор оғир атлетикачи намунасида допинг борлиги аниқланган. Улар бронза медали беришдан олдин Нуриддинов намунасини ҳам таҳлилдан ўтказди, унинг намунасида ҳам допинг топилди. Натижада Нуриддинов тайёр бронза медалидан қуруқ қолди ва икки йилга дисквалификация қилинди. Допинг туфайли боксчи Бектемир Мелиқўзиев, самбочи Дилшод Чориев тўрт йилга дисквалификация қилинганини ёзиш билан чекланмоқчиман. Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини янада кенгайтириш ва ҳуқуқларини ошириш керакка ўхшайди. Юртимиз спортидан допингни илдиз-пилдизи билан йўқотмас эканмиз, бу иллат соҳада амалга оширган яхши ишларимизни бирзумда чиппакка чиқариши мумкин.

Буюк аждодларга муносиб авлод

Олдинда Париж олимпиадаси. Бу олимпиадада спортчиларимиз 20 тадан кўпроқ медални қўлга киритишлари, улардан камида 7 таси олтин медаль бўлиши керак. Бу улуғвор вазифани бажаришга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишонч билдирганларидай: “Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади”.

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − one =