Академик таътил мажбурий бўлсин…

Қулоғимизга кўп чалинган иддаолардан бири – олий таълимни битириб ҳам, ишни уддалай олмаётган ёшлар ҳақида. Бунинг сабабларини турлича талқин қилиб ҳам кўрдик. “Таълим коррупциялашиб кетган, ёшлар дангаса, интернетга муккасидан кетган, китоб ўқишни хоҳламайди, контракт пулини ишлаши керак бўлгани учун ўқиш 2-ўринга ўтиб қолаяпти”, дея уларни оқлаш йўлларини ҳам қидириб кўрдик. Бироқ яна ортга назар солишга мажбур бўламиз. Жаҳон таниган, тан олган олиму фузалолар, уламолар ҳам бизнинг юртимиздан етишиб чиққани билан жар солганда, ўзимизга “таскин” қилиб топиб олган бу масалаларимиз ёддан чиққандек бўлади.

Тарихдан билганимиздек, хонлик, амирлик даврлари, уруш вақтлари, қиши билан ҳам пахта териб, кўсак чувиб, бугунгидек тўкин-сочинлик бўлмаган пайт­ларда етишиб чиққан бундай инсонлар олдида бугунги иддаоларимиз кулгули эмасми?! Тўғри, ҳозир ҳам зиёли қатлам анчагина, лекин у даврга солиштирадиган бўлсак, шарт-шароит, имкониятларни чамалайдиган бўлсак 1 фоиз десак, хато бўлмайди, албатта. Олий таълимда анчагина ислоҳотлар бўлди, талабаларнинг яшаш шароитлари яхшиланиш билан бирга пахта далаларида “талабалик даврини суриб келишлари”га чек қўйилди. Таълим олишлари учун имкониятлар етарлича бор. Бироқ билимлари, ишга муносабатлари жуда енгил. Кечагина тадбир учун ёздирилган диктантларни текшира туриб, бир вароқни ўзида қип-қизариб, бўялиб кетган хатоларни кўриб, энсангиз қотади. Яна булар университетнинг “энг олди талабалари…” Интернет тарбиялаётган ёшлар…

Олий таълимни давом эттиришда яна бир қалтис десам, қанчалик тўғри билмадим, хатолик бордек, бу менинг фикрим.

Қизлар олийгоҳларга   ўқишга киришгач, совчилари кўпайиб кетиши, табиий. Ўзбек хонадонларида дарровгина, турмушга бериб қўйилади. Табиийки, ўқишдан кўра, келинлик масъулияти, биринчи ўринга чиқади. Ҳомиладорлик даври, бир йил ўтар-ўтмас фарзандлик бўлган талаба қиз учун энди таълим ҳақиқатан охирги ўринга ўтади. Бироқ ота-­оналар вақтдан ютиш мақсадида — академик таътил олишга кўнишмайди. Сабаби – ўзбекчилик, гўдаги борлигини айтиб, дарс орасида ҳам ташқарига чиқиб келаётган талабага раҳми келган муаллимлар, кўп имтиёзларни берворишади. Ва бу имтиёзлар қонун томонидан ҳам белгилаб қўйилган.

Бироқ яратиб берилган бу имтиёзлар талаба қизнинг ўқиб-ўрганиши учун ёрдам бераоладими? Фик­римча, фарзандли бўлган талабага академик таътил беришни қатъийлаштириб қўйиш керак. Фарзандига қараш, овқатлантириш учун ажратилган вақт мобайнида, ўқитувчи сабоқни тўхтатиб туролмайди-ку?! Қолган талабалар билан давом эттираверади. Натижада дарсга қайтиб кирганда ҳам, гўдагининг хархашаларидан бўшаб, кирган онанинг қулоғига маъруза киришини сиз тасаввур қила оласизми?! Туни билан ҳеч қурса, гўдак икки марта уйғонади, тонгдан бош­лаб, уй юмушларига киришиб, сўнгра чала-чулпа нонушта қилиб, ёки қилолмай ёнига боласини кўтариб туриш учун кўмакчи олиб, ўқишга келган ёш она дарсда нима гапирилаётганини англай олармикин?!

Талаба қиз фарзандли бўлгач, ўқишдан академик таътил олиши мажбурий қилиб қўйилса, ҳам она учун, ҳам бола учун фойдадан холи бўлмаса керак. Фарзандига қараб туриш учун берилаётган имтиёзлар, уни билим олишдан қолиб кетишига, сўнгра бу бўшлиқ ўрнини ўқитувчига пул бериб, “семестрни ёпишига” етарлича асос бўлади-ку. Фарзандни парвариш қилиш ўрнига сарсон қилаётгани бир бўлса, ўзини қанча машғулотларни ўзлаштиролмай қолдириб кетаётгани, жамиятга катта зарар эмасми?! Агар биз эътиборни, фақатгина диплом олишга (билим борми, йўғми фарқи йўқ бўлса) қаратсак, ишга кириши учун билим, савия эмас, шу “бир парчагина қоғоз”нинг роли ва аҳамияти катта бўлаверар экан, бу ҳол давом этаверади. Чарчаган талаба она, ташқарида биғиллаб йиғлаётган бола ҳамда олий таълим… Шу сабаб ҳам фарзандли бўлган талаба онага академик таътил олишни қонунан мажбурий қилиб белгиласак, ютқазмаймиз, фақатгина ютамиз, холос. Бир йил жараёнида гўдак оёққа туриб олиши баробарида она ҳам ўзини тиклаб, олий таълимни давом эттириш учун етарли энергияни йиғиб олади.

Ахир, олий таълим қандай қилиб бўлса ҳам вақт ўтказиб, қуруққина диплом учун борадиган, амаллаб битириб олса бўладиган, таълим маскани бўлиб қолмаслиги керак-ку, шундай эмасми?!

Саида Исмоилова,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + thirteen =