Чумчуқ сўйса ҳам…
Ўтган асрнинг 80- йиллари бошларида каминани “Сирдарё ҳақиқати” газетасига ишга чорлашди. Сабаби, газетанинг ҳар икки сонида жамоатчи мухбир сифатида катта-кичик мақолаларим билан кўриниб турардим. Ўша пайтлари газетага янги ишга келган ходим кўпинча қишлоқ хўжалик бўлимида синов муддатини ўтар экан. Газета ҳафтасига беш марта чиқар, қишлоқ хўжалиги — таҳририятдаги энг катта бўлимда иш қайнаб ётарди. Чунки ўша пайтлар Сирдарё аграр вилоят бўлганлиги учун газетанинг қарийб тенг ярми қишлоқ хўжалик материаллари билан тўлиб чиқарди.
Каминага ажратилган столни тартибга келтираётиб, ғаладонда газеталар тўла папкага кўзим тушиб қолди. Қизиқиб уларни бирма-бир варақлаб чиқдим. Унда Абдулла Қаҳҳор, Назир Сафаров, Анатолий Аграновский, Валентин Овечкин, Василий Песков каби адиб ва журналистларнинг марказий нашрларда чиққан долзарб мавзудаги мақолалари жамланган экан. Кейин билсам бу жой Сирдарёнинг етук журналисти Муҳаммад Исамуродовга тегишли бўлиб, қатнаб ишлаш узоқлик қилганлиги боис ўз тумани ─ Боёвутга қайтиб кетган экан. Ўша пайтлари унинг “Ўртамиёначилик”, “Марказга интилма куч”, “Акация” каби проблематик мақолалари “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида босилиб, яхши маънода шов-шувларга сабаб бўлган эди. Исамуродов ўз мақолаларида қишлоқ мавзусини маромига етказиб ёритарди.
Гарчанд ғўза ичида ўсган бўлсам-да, Исамуродовга ўхшаб ёзганларим тилга тушмади. Маданият бўлимига ўтгандан кейин ишларим юришиб кетди. Ўқитувчидан чиққан журналист бўлганлигим учун таълим соҳасидаги мақолаларим ўқирманлар томонидан яхши кутиб олина бошлади. Кейинги пайтларда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Таҳририятимизда таълим, фан ва спорт бўлими шакллантирилди. Таълимнинг долзарб муаммоларига бағишланган мақолаларим тилга туша бошлади. Биргина мисол, “Репетитор: олармонми ёхуд балогардон?” сарлавҳали мақолам газета саҳифасида эълон қилингач, вилоят ҳокимининг фармойиши билан академик лицейлар ва умумий ўрта таълим мактаблари қошида бепул тўгараклар очилди.
Нафсиламбирини айтганда, мамлакатимиз ОАВда кейинги йилларда журналистларнинг ихтисослашиши ўзининг сезиларли натижаларини бера бошлади. Айниқса, ҳуқуқшунослик ва спорт соҳасида маҳоратли журналистлар кўзга ташланиб қолди.
Тўғри, вилоятларда ҳар доим ҳам ўз ишининг устаси бўлган журналистларни топиш анқога шафе. Бундай кезда ҳар бир соҳанинг мутахассисларига буюртма мақолалар бериш ўзини бирмунча оқлайди. Фақат улар ёзган матнни газета услубига мослаш керак бўлади. Қолаверса, таҳририят жамоатчи мухбирлар билан ишлаганда уларнинг қизиқишларига қараб мақолалар ёзишга рағбатлантириши даркор. Ўз тажрибамдан бир мисол. Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпиони Дилоро Ибодуллаева Гулистон давлат университетида ўқиб юрган кезларида газетамизга кичик-кичик хабарлар ёзиб турди. Талабалик пайтлари мазкур спорт ҳақида иккита рисола тайёрлади. Ҳар икки рисола “Зиё” нашриётида китоб ҳолида босмадан чиқди. Айни пайтда Дилоро Боёвут тумани туризм ва спорт бўлимида ходим бўлиб ишламоқда. Таҳририятимизга ҳудуддаги спорт янгиликлари ҳақида хабарлар йўллаб турибди.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими қўшни вилоятлар журналистлари билан қўшма тадбирлар ўтказишни таомилга киритди. Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятлари журналистлари билан ўтказилган анжуманлар ана шулар сирасига киради. Мазкур тадбирларда ўзаро фикр алмашилмоқда, босма нашрларни ўқишли қилиш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилмоқда. Масалан, Жиззах вилояти журналистлари билан мулоқот чоғида фахрий журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби Элмурод Мавлонов вилоят газеталарида сиёсий шарҳловчи зарурлигини ўртага ташлади. Дарвоқе, бугунги олатасир замонда дунёда рўй бераётган сиёсий воқеаларни муштарийларга лўнда ва аниқ-тиниқ тушунтириб бериш ОАВнинг асосий миссияларидан бири саналади.
Халқимиз бежиз, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, демаган-да.
Муҳаммадали АҲМАД,
“Янги Сирдарё” газетаси бўлим
мудири