Рағбатга ҳам боғлиқ экан-да!

Мактабда ўзлаштириши яхши бўлган болаларга ўқитувчилар доимо яхши муносабатда бўладилар. Уларни бошқа болаларга ибрат қилиб кўрсатишади. Ёмон ўқийдиган, бўш ёки асов ўқувчиларни билиб-билмай камситиб қўйишлари ҳам кўп кузатилган. Болаларнинг билими, юриш-туришига қараб “башоратчи”лик қиладилар: “Сендан зўр иқтисодчи чиқади”, “Сен келажакда бадавлат одам бўласан”, “Сенинг дипломат, прокурор ёки адвокат бўлишингга ишонаман” ёки аксинча, “Сен тепса тебранмас, ота-онанинг шўри”, “Сендан фақат олибсотар, чайқовчи чиқиши мумкин”, “Одамларга ҳар хил хизматчилар ҳам керак”, “Сендақалар бўлмаса кўчани ким тозалайди?”, “Сен бу юришда гўр ҳам бўлмайсан” ва ҳоказо.

Тўғриси, бундай “башорат”чилик кўпинча ўзини оқламайди. Баъзи ўқитувчиларга билимли ҳисобланган, тиришқоқ кўринган ўқувчиларнинг турмушда тўғри йўлни тополмай, ҳаёт сўқмоқларида қо­қил­­­ганларини кўп кўрганмиз. Синфимизда Музаффар деган ўртоғимиз бўларди. У ўз исмини ёзолмас, кўпайтириш жадвалини мактабни тугатгунимизга қадар ҳам ёдлай олмаган. Кўп болалар таътил чоғлари турли тўгаракларга бориб, олий ўқув юртларига киришга тайёргарлик кўришса, у маҳаллий усталарга ёрдамчилик қиларди. Ўқишга иштиёқмандларнинг бири ўқишга кирди, бири киролмади. Музаффар эса Тошкентга келиб ҳар хил усталарга ёрдамчиликни давом эттирди. Яхши бир уста бўлиб етишди. Бора-бора ўзи ҳам кўп қаватли уйлар қурадиган қурувчи-бизнесменга айланди. Ўша ўртоғимиз бугунги кунда ҳаммамиздан ҳам яхши яшайди. Оладиган маошимиз унинг даромадлари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Энди айтинг, унинг тақдиридан хабардор ўша “башоратчи” устозлари уни кўрганда хижолатдан қай кўйга тушадилар? Бир ўқитувчи унга: “Сен эртага мактабга келма, комиссия келади, обрўйимизни тўкишинг мумкин” деганди. Бугун ўша ўқитувчи гапини эслай олармикин? Ёки эсласа ҳам ҳеч нарса бўлмагандай Музаффар билан кўришиб кетаверармикан?

Тўғри, ўқувчилар орасида рағбатга муносиби ҳам, номуносиби ҳам бўлади. Аммо ҳеч бир ўқувчига паст назарда қараш ярамайди. Баъзи болада ўзлаштириш имконияти барвақтроқ, бош­қаларида кечроқ очилиши мумкин. Уларни қизиққан соҳасига йўналтира олиш керак.

Шу ўринда машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг Наполеон Бонапартнинг онаси уни қандай уйғотишини ўзбекларнинг фарзандини қандай уйғотиши билан қиёслаган кулгили ҳангомасини эслаб кўрайлик-а? Наполеонни эрталаб шундай   уйғотишаркан: “Жаноб, туринг, сизни буюк ишлар кутаяпти”. Бизда-чи, бизда айрим юртдошларимиз қандай “эркалаб” уйғотишади болаларини: “Туреее, одам бўлмай кет, ҳалиям ётибсанми? Соат ўн бўлди. Ҳамма ташқарида юрибди. Моллар оч қолди. Сан одам бўлмайсан. Молга ўхшаб ётишингни қара…”

Бу тахлит гаплардан куламиз. Аслида йиғлашимиз керак. Ахир, болаларни ҳайвонларга қиёслаб сўкиш, хўрлаш, ҳадеб бошқаларга солиштириш, “сендан ҳеч қандай фойда йўқ”, “сендан ҳеч ким чиқмайди” дея ишончини йўқотиш, “келсанг бошингни ёраман, қонинг­­ни ичаман…” деб таҳдид қилиш, доим истакларини рад қилиб сабабини тушунтирмаслик, “кошки ўлиб қолсанг…” каби сўзлар билан қарғаш, фарзанднинг сирлари ва айбларини бегоналар олдида очиб ташлаш, “муайян бир ишни қилсанг, сени яхши кўраман” дея унда таъмага майл уйғотиш,   “Жим бўл, гапиришга ҳали ёшлик қиласан” дея жеркиш каби ҳоллар улар руҳиятини чўктиради. Унутмайликки, ҳар айтган гапимиз аввало, ўз ички дунё­имизни намоён этади. Кайковус бежиз ёзмаган эди: “Ҳар кишининг аҳволи ўз сўзида ниҳондир”. Қани эди ҳамма ҳам ўзаро суҳбатларда, айниқса, оила ва таълим-тарбия муассасаларида мазкур ҳикматни ҳамиша ёдда сақласалар эди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + three =