Газета бир кун яшайдими?

Мен яхши мухбирларни яхши кўраман.

“Яхши мухбир” деганда гапнинг тўғрисини ёзадиган мухбирларни назарда тутаман. Лекин “Тўғри гап туққанингга ёқмайди” деган мақол беҳудага айтилмаганлигини ҳам яхши биламан. Тўғриси, тўғри гап ўзимга ҳам ёқмайди – оғир ботади. Лекин бу дунё­­да тўғри гапсиз яшаб бўлмас ҳам экан. “Дўст ачитиб гапиради” деган нақл ҳақ бўлгани билан ота-онанинг, дўстнинг,   биродарнинг сенга берган дакки ва танбеҳлари одамга барибир малол келади.

Балки, бу бизнинг ожизлигимиздандир. Балки, шунинг учун одам умрбод комилликка интилар. Аммо бундай муҳташам ва мунаввар манзилга етишган одамлар кўп бўлмаганлигини тарих ва тарихий китоблардан ўқиб билганимиз бор ҳақиқат. Бундай пайтларда ўзимизга таскин берамиз: “Ҳар тўкисда бир айб!”

Гарчи одам боласининг, яъни бизнинг тўғри гапни эшитишга тоқатимиз йўқ экан, ундай бўлса, нега тўғри гапларни ёзадиган мухбирларни яхши кўрамиз? Чунки одамзоднинг ҳақиқатга бўлган эҳтиёжи то қиёматгача қонмаса керак. Шунинг учун ҳақиқатнинг поёни йўқ деб ўйлайман. Яъни ҳақиқатни айтишдан, уни… ёзишдан ҳеч қачон… тугамайди: бу йўлнинг адоғи йўқ!

Кўряпсизми, эл бошида кўтарадиган мухбир бўлиш қанчалар… қийин!

Менинг хомчўтларимга қараганда ҳозир мамлакатимизда ўн минг бўлмаса ҳам 5-6 минг нафардан зиёд мухбир ёзганларини газета ва журналларда, электрон нашрларда чоп этиш билан машғул. Мактаб ўқувчилари бир ёқда қолиб, боғча тарбияланувчилари шеър ёзиб, китоб чиқаришга киришиб кетишди. Демоқчиманки, мустақиллигимиздан сўнг барча оммавий ахборот воситалари ва нашриётларнинг эшиклари қалам аҳли учун ланг очилиб кетди: шўро замонда ҳар 3-4 йилда бир китоб чиқарадиган адибларнинг айримлари ҳозир бир йилда 3-4 та китоб чиқармоқдаларки, буни фақат олқишламоқ керак. Ва ниҳоят, худди хориждаги сингари мамлакатимизда ҳам китоб ёзиб, уни чоп этиш тижорат мақомига эришди.

Бу – яхши, ҳатто жуда яхши!

Лекин… лекин, “бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлар” деган гаплар ҳам баъзан тўғрига ўхшаб қоляпти-да, назаримизда: айрим газеталарни қўлимга олиб, (ўқиб эмас) бўёққа эмас, қоғозга ичим ачийди. Газетхон, яъни бизга ўхшаган оддий фуқаролар худди қушга ўхшайди. Биласиз, қуш ўзи хушлаган дарахтга қўнади: биз ҳам кўнглимиз хуш кўрадиган газетани сотиб оламиз ва сўнгра унга обуна бўламиз.

Шу ерда жуда аччиқ гап айтаман: шахсан ўзим яхши кўрадиган журналистларнинг исми-фамилиясини санай кетсам, уларнинг саноғини ўн-ўн бештадан ошира олмайман. Ваҳоланки, мен бу масалада “оқ” билан “қора”нинг фарқига бораман. Эсимни танибманки қўлимдан газета, журнал, китоб тушган эмас. Ҳа, худди илгаригидек, ҳозир ҳам газета-журналларнинг аҳволини, адабий жараённи бир ўқувчи сифатида ва, ўз имкониятим даражасида, биламан.

Нимасини айтайин, газета-журналлар қанчалик кўп бўлгани билан, одам ўқиб ҳузур қиладиган, кўнгли таскин топадиган нашрлар наинки кам, жудаям кам-да.

Сезиб турган бўлсангиз, гап маънавият, маърифат, маърифий эҳтиёж ҳақида бормоқда.

Шоирлар кўнглини дарё, уммон деб таърифлашади. Менинг назаримда одамнинг кўнг­­ли дунёга, жудаям моддийлаштириб юборадиган бўлсак, бош адоғи йўқ экин майдонларига ўхшайди. Бу кўнгил оламининг тоғлари, чўллари, дарёлари, кўллари, боғу-бўстонлари, ҳатто пахтазори, кўркам қасрлари, обод шаҳарлари бор. Одам боласи эсини таниганидан ана шу оламни обод қилиш билан машғул бўлади ва ана шуни маънавий-маърифий эҳтиёж дейдилар.

Масалан, Алишер Навоий ҳазратларининг ҳали болалик чоғларидаги зеҳни-закосига мўйсафид Шарафиддин Али Яздий офаринлар ўқиган экан.

Яна: мактаб ёшида Алишер Навоий ҳазратларининг қўлига Фаридуддин Аттор ҳазратларининг “Мантиқ ут-тайр” деб номланган китоби тушиб қолганлиги ва бу китоб Алишербекка ёд бўлиб кетганлигини мактаб дарсликларидан биламиз.

Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоий ҳазратларининг болаликдан дўсти бўлганлигини ҳамма билади. Ва шунинг учун ҳам Алишербек дўс­тига “Мантиқ ут-тайр”ни ўқишга албатта берган бўлиши керак. Лекин манбаларда Ҳусайн Бойқаронинг бу китобдан қаттиқ таъсирланганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Бу тарихий тафсилотларнинг талқинидан шундай хулоса чиқадики, демак, айни бир нарса, масалан, бизнинг мисолимиздаги “Мантиқ ут-тайр” ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади ва ҳар хил таассурот қолдиради. Қаранг, манба битта, аммо унинг таъсири, яъни, кўнгилда суратланиши турлича. Лекин бу дунёда ҳамма ўзини яхши одам деб ҳисоб­лайди. Шунинг учун ҳам бировга яхшилик қилсангиз, ҳеч қачон рад этмайди. Ҳар куни ўнлаб ёмон одамларга рўпара келганимиз билан бу дунё яхши одамлар билан ободдир.

Демак, одам боласи табиатан эзгуликка, мойил экан-да. Билсангиз, бангидевона ҳам гуллайди. Аммо бу гулга, масалан, асаларининг қўниб турганлигини тасаввур қилиш қийин.

Ҳозир дунёни бангидевона босиб кетди – мен информацион хуружларни назарда тутмоқдаман. Бу хуружлар бизнинг миллий қад­риятларимизга таҳдид солмоқда. Ҳатто бир жинсли никоҳ дунёнинг жуда кўп мамлакатларида… рағбатлантирилмоқда. Агар биз маънавий оламимизда бўшлиқ қолдирсак, ҳалиги бангидевонанинг уруғлари ана шу жойларга тушиб, тез орада гуллайди ва шу тариқа миллий қадриятларимиз завол топади. Кўнглимиздаги маънавий оламни боғу бўстонга айлантириш эса маънавият аҳли, оммавий ахборот воситаларининг… асл вазифасидир.

“Газета бир кун яшайди”, дейишади. Лекин, мен ўзимга ёққан бир қанча газеталарни сонма-сон тикиб бораман, бу тахлам тобора қалинлашиб бормоқда. Шунинг учун мен “Газета бир кун яшайди” деган гапни яхши журналистга, яхши газетага нисбатан айта олмайман. Шу жиҳатдан, маънавият – маърифат, адабиётни маёқ қилиб, одамлар қалбига эзгулик уруғини экаётган нашрларни алқайман.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Денов туман маънавият ва маърифат бўлими раҳбари,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 16 =