“Югурма” хабарчилар ёхуд айрим матбуот хизматлари “ижоди” хусусида

Тан олиш керак, ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши ахборот олишни бир қадар енгиллаштирди. Бугун қўл телефонингиз орқали дунёнинг қай бурчагида рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳатто тўғридан-тўғри узатилаётган тасвирлар орқали хабардор бўлишингиз мумкин. Бу хабарларнинг қай даражада холис,   бирор томон манфаатини кўзлаб тайёрланаётгани албатта, бошқа масала. Қолаверса, бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг дунёқараши, тарих ҳамда ҳозирги замон дунё сиёсатидан қай даражада хабардор эканлигига ҳам боғлиқ.

…Уч йил муқаддам ҳокимликлар ва бошқа тизимларда ахборот хизматлари ташкил қилинди. Ўз навбатида ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотлар ижтимоий тармоқларда ўз сайтларига эга бўлдилар. Шу янгилик орқали бугун маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотлар фаолияти билан имкон қадар танишиш мумкин. Аммо…

Бир қатор   маҳаллий ҳокимликларнинг сайтларида бериб борилаётган хабарлар билан танишиб…келажакда журналист бўлишни орзу қилган, ҳозирда талабалар сафидан ўрин олиш учун синовларга тайёрланаётган соҳа ҳавасманди сифатида шахсан менинг ҳафсалам пир бўлди.

Нега дейсизми?

Негаки, маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари тайёрлаётган хабарлар бир-бирига ўхшаш — мисли эгизак. Барчасида мавзулар бармоқ билан санарли. Хабарлар туман ҳокимининг кунлик ишини ёритишдан иборат. “Сайёр қабул бўлиб ўтди” рукни остида бериладиган барча хабарларда туман ҳокими қачон, қайси маҳаллада сайёр қабул ўтказгани айтилади ҳамда нечта фуқарони қабул қилгани берилади, холос. Ва албатта, мурожаатлар тури саналади. Ярим варақча матнга ўнта сурат илова қилинади. Барча суратларда қўр тўкиб ўтирган ҳоким сиймоси…

Шу тариқа бир кунда ҳоким қаерларга борди, нималарни кўрди, қабилидаги хабарлар сон-саноқсиз суратлар билан “ёритилади”.

Шубҳасизки, бу хабарларда таҳлил йўқ, муаммони пайдо қилган муҳит ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. (Танқид эса умуман кўзга ташланмайди).

Янада ажабланарлиси, кунда-кун­аро маҳаллий ҳокимликлар сайтларида “Туман ҳокими ҳоким ёрдамчиси билан учрашди” қабилидаги хабарлар ҳам берилади.

“Бугун туман ҳокими фалончи маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси билан учрашди. Учрашувда маҳалладаги муаммолар ҳақида фикр алмашилди” мазмунидаги гап (яна ҳоким ва ҳоким ёрдамчисининг ўнлаб суратлари) айтинг-чи ижтимоий тармоқ фойдаланувчисига нима беради?

Аслида ҳоким ёрдамчилари иш кунининг ярмиси туман ҳокимлигида ахборот бериш, мажлислар билан ўтишини яхши биламиз. Шундай экан…ҳокимнинг ҳоким ёрдамчиси билан учрашувига бунчалик урғу берилиши нимага керак?

Бир сўз билан айтганда, бугунда ҳокимликлар матбуот хизматлари бажарадиган иш – кун бўйи ҳоким қадамини кузатиш ва уни ёритишдан иборат. Бошқа ташкилотлар ахборот хизматларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат. (Сектор раҳбарлари ҳақида ҳафтада бир-ярим қоғоз маълумотнома-хабар берилишини ҳам айтиб ўтиш керак).

Матбуот хизматлари раҳбарларининг кўпчилиги менимча журналист бўлмаса керак. Йўқса, ёзганларида оз-моз бўлса-да, шира бўлар эди. Уларда эса ўта қуруқ, расмий кўпчилик ҳатто ўқишни хоҳласада, ўқиб бўлмайдиган статистикага ўхшаш алламбало матнларга кўзингиз тушади.

Бу хизматларда ишлаётган ходимлар агар чиндан қалам аҳлидан бўлишса, журналистиканинг бошқа бир қатор жанрларидан нега фойдаланишмайди? Сайтлардан фойдаланувчиларга бу хабарлар қай даражада маънавий озуқа беради?

Ахир журналистиканинг вазифаси фақатгина қуруқ хабар тарқатишдан иборат эмас-ку!

…Насиб қилса, журналист бўламан, аммо ҳеч қачон бунақа “югирма хабар”ларга умримни сарфламайман!

Мадина ҚИЛИЧЕВА,

абитуриент.

Хоразм вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 6 =