Туркистон мухториятининг ҳукумат ғазначиси Саидносирбой ва Германияда таълим олган талабалар

Қатағон қурбонлари мавзуси халқимиз қалбининг туб-тубларида жон сақлаб келаётган юз йиллик оғриқ, ҳар эслаганда сўнгаккача зирқиратадиган жароҳат, ҳали ҳам ўз сир-асрорларини тўла-тўкис очмаган катта жумбоқдир. Истиқлолга эришганимиздан сўнг, бу борада кенг қамровли изланиш ва тадқиқотлар амалга оширилганини айтиш жоиз, албатта. Зеро, жадидлар номи оқланиб, уларнинг эзгу амаллари, орзу ўйлари ҳақида кенг жамоатчиликка имкон қадар маълумот берилмоқда. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Миллатнинг эртасини ўйлаб молидан, керак бўлса жонидан ҳам воз кечиб, ҳар қандай хатарга кўксини қалқон қилган бу инсонлар ҳақида ҳали айтилмаган гап­лар, маълум қилинмаган, тўлиқ ўрганилмаган жиҳатлар бисёр.

Хусусан, Собиқ шўролар тузуми даврида фикри уйғоқ ўзбек ёшларини хорижга жўнатиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам юбориш учун ўлимни бўйнига олиб, миллатнинг эртаси, ёруғ келажаги учун жон куйдирган жадидларимиз кўп бўлган! Қуйида жадидлардан бири, атоқли тараққийпарвар, “ходими миллат” Саидносир Миржалилов ҳамда Германия давлатига ўқишга кетиб, не-не қийинчиликлар гирдобида таълим олган талабалар, уларнинг устоз ва ота-оналарига битган мактублари, ўй-хаёллари ҳақида суҳбатлашамиз.

Саидносир Миржалилов (ўзбек адабиётининг забардаст вакили Ойбекнинг турмуш ўртоғи Зарифа Саидносированинг отаси эди) — 1884 йили Туркистон шаҳрида туғилган. Аввал эски мактабда, сўнг рус-тузем мактабида ўқиди, мадраса таълимини олади. Ёшлигидан тадбиркор ва меҳнаткаш бўлган Саидносир Миржалилов тужжорлик фаолиятини кичик бир газлама дўконини очишдан бошлайди. У савдо ишлари билан бир пайтда жадид тараққийпарварлари ғоялари билан танишади ва Туркистон шаҳридаги илк жадид мактабини ташкил этади. 1914 йил 25 десятина ери, 40-50 минг рубль пули билан хусусий пахта тозалаш заводини қуради. 1914-17 йиллар давомида у Туркистон шаҳрининг таниқли савдогари ва бойларидан бири сифатида шуҳрат қозонган. Ҳатто, 1914 йил Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган мусулмон вакиллар съездида иштирок этади.

С.Миржалилов 1917 йил Туркистон шаҳар думасига сайланади ва сиёсий фаолиятга киришади. Февраль инқилобидан сўнг Тошкентда ташкил этилган “Шўройи исломия” ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланади. Туркис­тондаги миллий озодлик ҳаракатининг таниқли намояндаларидан бири Саидносир Миржалилов Туркистон мустақилликка эришиши орзусида 200 000 рублдан ортиқ бор сармоясини Туркис­тон Мухторияти ҳукумати учун ҳадя қилади. Ўзи учун қанчалик хавфли бўлишини англагани ҳолда Туркистон Мухториятига кириб, муваққат миллат мажлиси молия комис­сиясининг раиси, ҳукумат ғазначиси лавозимида иш олиб боради.

Мухторият қонга ботирилиб, унинг раҳбарлари таъқиб остига олингач, С.Миржалилов Қўқондан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Большевикларнинг Туркистон Мухторияти раҳбарларига нисбатан қидирув ва таъқиби кундан кунга ортиб борарди. 1918 йил март ойида Тошкентдан Москва шаҳрига етиб бориб, Туркистонда рўй бераётган хунрезликларга чек қўйиш йўлларини ахтаради. Шундан сўнг 1918 йил ёзида Кавказ орқали Туркияга бориб, Туркистонда кечаётган даҳшатлар ҳақида жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантиришга қарор қилади. Бу вақтда Тошкентдан Туркияга Мунаввар қори Абдурашидхонов тавсияси билан муфти Садриддинхон Шарифхўжаев, “Уламо” жамиятидан Нуриддинбек Худоёрхонов ва Ғози Олим Юнусовлар келган эди. Расмий Туркия бу вақтда ўзининг аҳволини назарга олиб, Туркистон мухторияти учун бевосита ёрдам бера олмаслигини, агар Туркистондан махсус ҳайъат ташкил этилса, “Антанта” ҳукумати раҳбарлари билан учрашишига имконият яратиб бериши мумкинлигини маълум қилади.

“Уламо” жамияти вакиллари бу ёрдамни рад этиб, Тошкентга қайтади. С.Миржалилов Истанбулда қолиб, Туркияда яшаётган Шоҳид Эҳсон Мусаев, Нуриддин ҳожи Мусобоев каби кўплаб ватандошлар билан учрашади. Сўнгра Тошкентга келиб, Туркияда олиб борган ишлари ҳақида Туркистон тараққийпарварларига хабар беради. Икки ҳафта Тошкентда бўлиб, махсус ҳайъат масаласини муҳокама қиладилар. Сўнг Красноводск-Карки-Тахтабозор орқали Бокуга йўл олади ва у ерда Туркистондан келадиган махсус ҳайъатни кута бош­лайди. Бироқ Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларининг Қаршида сирли ўлими барча режаларни чипакка чиқаради.

С.Миржалилов 1919 йил ёзида Тифлисга келади ва икки йил давомида Тифлисда яшайди. 1921 йил ёзида Ботуми орқали яна Истанбул шаҳрига бориб, Туркистоннинг келгуси масаласида музокаралар олиб боради. Бироқ вазият чигаллигича қолаверади. С.Миржалилов ҳаётини Ватандан ва оиласидан узоқда тасаввур эта олмасди. Шу боис, у қолган умрини ҳам миллий истиқлол ва иттиҳод учун курашда ўтказишга қарор қилади. 1921 йил сўнгида большевиклар эълон қилган умумий афв туфайли Туркистонга қайтиб, 1921 йил декабрида Тошкентга кириб келади.

1922 йил бошида С.Миржалилов Туркистон ҳукуматидаги маҳаллий раҳбарлар, жумладан, Абдуқодир Қушбегиев, Али Расулевлар билан маслаҳатлашган ҳолда, собиқ ҳамкорлари тошкентлик бойлар Нажмиддин Шераҳмадбоев, Миродил Мирзааҳмедов, Толибжон Мусабоевлар билан “Туркистон” савдо-саноат ширкатини ташкил этади. Ширкат даромадининг асосий қисмини ўлкада маориф ва маданиятни юксалтириш соҳасига қаратади. Жумладан, “Кўмак” жамияти орқали истеъдодли ёшларни Германия ва бошқа мамлакатларга ўқишга юборишга ҳомийлик қилади. 1923 йил январь ойида Тошкентда “Нашри маориф” жамияти очилганида С.Миржалилов, Т.Мусабоевлар унинг таъсисчиларига айланадилар.

1925 йилнинг 12 декабрь куни Саидносир Миржалилов аксилинқилобий фаолиятда айбланиб қамоққа олинади ва 1926 йил 16 июлда 3 йилга даҳшатли Соловец концлагерига ҳукм қилинади. Бир неча маротаба қўшиб беришлар оқибатида Тошкентга фарзандлари ҳузурига фақат 1936 йилдагина қайтиб келишга эришади. Бироқ 1937 йил 18 июлида яна қамоққа олиниб, ҳеч бир айби исботланмагани ҳолда 1937 йил 9 октябрь куни машъум “учлик” томонидан олий жазога ҳукм этилади…

* * *

Саидносир Миржалилов сахий ва бағрикенг инсон эди. У кўплаб туркистонлик ёшларни илм-фанга, санъат ва ҳунарга илҳомлантирди. Уларга керагида ҳомийлик, устозлик қилди. Унинг “жиноий иши”да бир қатор туркистонлик талабаларнинг Берлиндан йўллаган мактублари мавжуд. Хатлар С.Миржалиловга юксак эҳтиром билан, айни пайтда, дўстона оҳангда ёзилган. Талабалар, аввало, Германиядаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий аҳвол, ўзларининг илм йўлидаги ҳаракатлари ва фаолиятлари, иқтисодий ҳолати ҳақида ахборот беради. Қизиқ жиҳати, шўролар ҳукумати талабаларни иқтисодий сиқувга олиб, уларга пул юборишнинг барча йўлларига тўсиқ қўйган эди. Шундай бир шароитда С.Миржалилов Мос­к­­­­­­­­вага бориб, у ерда фаолият олиб бораётган олмон компа­ниялари билан келишиб, пул юбориш йўлларини топади. Мактубларда махфий қилиб ёзилган “Ман” афанди айнан ўша кишидир.

Саидахоним Шераҳмедова (1905-1992)нинг 1925 йил 20 январь Берлиндан ёзган хатида у ўзбегойимларга хос шаддодлик билан бой отага “дакки” бергани кўзга ташланади: “Қизларингиз ҳаққиндаги фикрингиз бир қадар консерватив фикр кўриндиғидин мен бу фикрга бус-бутун қаршийим ва ҳар чанида ҳеч ўлмазса асарини англая билажак бир даража қадар ўқитмоғиниза тарафдорам. Туркистонда бўлундуғи замонда сўйладингиз монеълар Тошкента келдиғидин сўнгра қолмас деб идея қилдим” дейди. Шубҳасиз, Германияда таҳсил олган илк ўзбек қизлари Хайринисо, Марям ва Саидахонимлар ўша вақтларда барча Туркистон аёлларининг фахри эди.

Айтиш жоизки, бу хатлар С.Миржалиловга етиб ҳам борган эмас. Аксинча, почтадан тўғри махсус “идора”га келиб тушаверган. Кейинчалик ўз устозларининг қамоққа олиниб, маҳв этилганини эшитган шогирдлар шўролар мамлакатига қайтишдан бош тортганлар…

Қуйида Германияда ўқиган айрим талабаларнинг Саидносир Миржалиловга Берлиндан юборган хатларидан маълум қисқартиришлар билан намуналар келтирамиз:

* * *

Азиз дўстим!

Оврўпода бўлиб турғон қизиқ ҳодисаларни ғазеталарда ўқимоқда бўлсангиз ҳам, бир қанча нуқталарини қайд этуб кетайин. Бу гап Оврўпонинг энг қизиқуб баҳс этмоқда бўлғони бир масала бор эса, ул ҳам Лўндара (Лондон) қўнфиронсидир. Бу қўнфиронсда иштирок қилғон давлатларнинг рақобати ва Амриқонинг бунга дохила қилувчи осмонларина истеъфода майдони очмишки келадир. Кўрайлик нима бўлар.

Оврўпонинг ҳар тарафида босимина ботганларда бошланган қоришиқлиқлардан олим мутафаккир ва сиёсийлари дунё осмонининг янада қора булутлар билан тўла бўлинганин тахмин қиладирлар.

Амалий соҳага келсак, табиблар инсоннинг умрини узанту чорасини излар, бу йўлда муваффақият нишоналарини топмишлардир. Унинг чун оз замон сўнг­­ра бу йўлдан қаттиқ манфаат бўлувларига инонуб туродурлар. Бир олмон ким­ё­­­­­гарининг симобдан олтин чиқорғонини ёзмишди. Тамом, Оврўпо ва Амриқо кимёгарлари баробар емак моддаларини даладан боғчадан эмас, кимё хоналардан топув чораларини ахтара олар.

Хулоса олам ва ирфоннинг ҳаёт ва мамотнинг бир қисмида уйинда ўлтурғон дунёнинг қайси бир еринда чолинғон мусиқийни эшитув, театруни кўрув чораларина тушмуш. Ва бу кун Оврўпода ҳар буюк бинода, ҳар зангинак, ҳар маҳаллада, уйинда бир мислсиз телефон макинаси — истадик ердан мусиқа олир, эшитир, истадик ер билан сўйлашир. Истадики ердаги конференсни эшитадир. Берлиндаги бир одам ҳеч бир малолсиз Лондун, Париж, ҳатто Ную Йоркдагида театруни кўрар, мусиқийни эшитар.

Бизда эса қуруқ сўз бозори. Яхши-яхши қарорлар. Ҳар сана бир турли маориф ташкилоти, ҳар сана бир имло, ҳар сана бир алифбо, ҳар сана бир сира эски ва янги мактаб масаласи музокара қилинадир. Бир йил “Кўмак”, иккинчи йил “Нашри маориф”, учинчи йил…. бир йил янги имло, иккинчи йил ўрта имло, учинчи йил лотин имлоси… тўртинчи йил…

Ҳурмат ила, инингиз Тоҳир.

Адресим: Heidelberg, Handschuhsheimerlend str. 40. 4/ b gulden. T Ychaku

* * *

Darmshtadt 1924/

Муҳтарам Саидносир акам ҳузурларинa.

Бундан бир қоч аввал, тахминан Сизнинг Масковдан Туркистонга кетажагингиз сираларида бир мактуб ёзмиштим ва жавобина ноил ўлабилмадим. Унинг жавобина интизорам, сўнгра бир доҳа сиза мактуб ёзмамиштим. Шимди балки мактубим олмамишингиз занила ва ёзамен.

Берлиннинг туманли ҳавоси ва таҳсила монеъ ўла билажак қадар ғурилтупи ва дабдабали ўлмаси ва дигар масия сабабли бизим табдил макома этмоқа вадор этди. Ёзия дўқтирларнинг тавсиясила сиҳатими этмом учун Тоҳирлар баробар Ўқтойнинг (кичик Абдулваҳҳоби Ўқтой дейдилар) бўлундиғи шаҳарда 1,5 ой қадар қолдим, ёз сиёсати бошланар-бошланмас унларнинг ёқининда бўлунади. Шу Дармштадт мактабина кўчдим. Бу амалда Берлин мактабиндан фарқи ўлмаян олий муҳандис мактабидир. Бурояда кимё шўъбасиндаям. Фақат буроя кимё лабороториясинда келанлар учун биринчи семестрда ер верилмаяжак. Мактабга қадар хусусий лабороторияларда тажриба гўрюрам…

Май ойи битди. Пора келмади. Ваъда этдигим ерларни пораси мутлақо берилмаган эди. Аммо бурода ҳеч кимсада пора йўқдирки, қарз олсам. Талабаларда-да йўқ эди. Тоҳирда-да йўқ. Шу орада сафорот ойига 28 доллардан берадир, дедилар. Шундан сўнг Тоҳирдан 40 доллар олиб, лабороторияга тўладим. Тоҳир ва Ўқтой-да ётоққа тўлади, ҳозирда қарзларим бор. Бу харжларимни кўплиги шулардандир.

Бендин Толибхўжа акама, Салимхона, Чўлпон афандилара ва жумла биродарлара саломлар сўйламакиза илтимос этаман.

Боқий саодатла: саломат ва офиятингиз дуо этар инингиз Иброҳим ўғли Собир.

Darmshtadt, Am Erlenberg 19

* * *

Дармштадт. 15 август 1924 йил.

Муҳтарам афандим, мактубингизда меним таъминотим ҳаққинда чолиша жоғинғизни эшитиб кўп мамнун бўлдим. Бизнинг 6 ойлиқ таъминотимиз берилган деб эшитганингизни баён қилмишсиз. Бу ҳақда аввалги мактубимда ёзгандирман, деб ўйлаган эдим, кўринурки ёзмағонмен. Бизнинг 6 ойлик таъминотимиз берилган эмас. Фақат 4 ойға қадар 28 доллардан берилиб турилиши телеғром ила билдирилган эди. Шундан келиб, ҳар ойда 28 доллардан олиб, бу қадар оз пул ила қаст этган ишларимизнинг қайси бирини акмол (тугал) этишимизни билмаймиз. У вақт пулсизлик даврига тасодиф этган мактаб пулларимизни бермак учун мундан олинган қарзларимизни берай десак, яшашга пул қолмайдир. Дигар тарафдан олғон буржларимизни берган одамларда ўз талабаларимиздан бўлгани учун унида ҳар ҳолда тез берув мажбурияти ҳис этиладир.

Саидносир ака, афв этингиз. Бу қурғур пул масаласи шундай асабларға қадар ўр­нашғонки, инсон беихтиёр яна шу ҳақида ёзмақ мажбуриятинда қолар…

Бу ёз лабороторияда ишламак маним учун жуда яхши фурсатдир. Қишда эса дарс­ларим кўп бўладир…

Толибжон акамга, Салимхона, Асадуллахона ва севикли шоиримиз Чўлпона, қар­дошларимиза юракдан саломлар! Ортиқ жонингиз учун дуо идарам!

Буюк эҳтиром ила, инингиз Собир Иброҳим ўғли.

* * *

6 октябрь, 1925.

Севикли валаддиним ва қардошларим:

Бундан бир қанча вақт аввал бир мактубингизни олмишдим. У мактубда-да бу кундан сўнгра тез-тез ёзушуб тураман, деб ваъда этганингиз мени анчагина суюнтирган эди. Таассуфки бу ҳам оғизда ваъда бўлиб қолди. Ҳеч хабар йўқ. Ўшал мактубингизда ман афандина юз доллар юборажаклари ёзилган эди. Мен ҳам ёзуб айта қолдим. Ул киши Муҳаммад Зоҳир акам ила пул ила алоқам йўқ. Унингчун бу пулни бера олмайман. Аввалги мактубимда бир қадар хаста бўлғонимни ёзмиштим. Бир ўн беш кун қадар ётиб турдим. Эмди яхшиман. Ишларимни қилиб турарман.

Ота:

бир вақтлар мен сизга Бокуда бир муаллимимнинг ҳамшираси билан ваъдали нишонли бўлғонимни ёзмиш эрдим. Ул замонда мен ул тарафа бориб, уйланиб келмак фикринда эдим. Сиз эса келмай турувимни тавсия этган эдингиз. У тарафдан муаллимимдан ҳам шундай тавсиялар бўлган эди. Шу охир вақтларда олдиғим бир мактубда, ўшал муаллим хасталаниб, даволаниш учун Олмонияга келадурган бўлиб қолган. Ҳамширасини ҳам баробар келтирмакчи бўладир. Унларнинг ёзувига қараганда, бу ерга келиб, бизларни никоҳимизни истайдирлар…

Мен бир жавоб бермадим ва сиздан сўраб ёзажағимни ёзуб эдим. Эмди мени тушинчамча бу масалага Сизни назарингиз қандай бўладир. Бурда уйланган тақдиримизда, бурда беним таҳсилим битгунча бир ярим-икки йил унинг-да меним ёнимда яшамаси учун бир қадар таъминот лозим бўладур. Ўзим бу кун бир ўқувчи бўлганим учун, бир оилани таъмин эта олмайман. Шунинг чун бу никоҳ сизнинг ва оғамнинг райларингизга қоладир…

Бу ҳақидаги фикрларингизни ёзсангиз. Мен ҳам хатти ҳаракатларимини унга кўрар тузар эдим. Жон ота, фикрингизга нима келса, очуқ айтуб мумкин қадар тез ёзуб юборингки, бирдан маним бошим чиқилмас бир балоға кириб қолмасун. Фик­рингизга келган душунчани мумкин қадар тез ёзсангиз, ҳар ҳолки бир суратда бўлса ҳам мани бир балодан қутқарғон ва хурсанд қилғон бўлар эдингиз. Чунки, маним хабарим бормасидан бирдан унлар келуб қолса, ориятдан маним ўлмишим демакдир.

Ҳурматлар билан, Тоҳир.

Адресим шудир: Heidelberg Sehroders str 6/II b kratz.

* * *

Юқоридаги монанд мактублардан ҳам кўринадики, халқимизнинг асл зиё­­ли ва саховатли кишиларидан бўлган Саидносир Миржалилов ўша вақтда хорижга ўқишга кетган ватандошларимизни имкон қадар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Минг афсуски, 1937 йил ва ундан кейинги қатағонлар ана шундай хурфикрли боболаримизни йўқ қилиб юборган эди…

Баҳром ИРЗАЕВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи

катта илмий ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + eight =