Қадрини топмаган геолог

Мирмажид Зокиров номи бугун фақат айрим геологларгагина таниш бўлиши мумкин. Ҳа, фақат кексароқ геологларга ёки айрим тадқиқотчиларга. Зеро,   кўпчилик   геологлар   ўз соҳаларига катта ҳисса қўшган   марҳум   ҳамкасбини   яхши билганларида бу йил Мирмажид Зокировнинг таваллуд санаси нишонланган бўларди. Зеро, у шунга арзирли иш қилиб кетган — фан соҳасидаги   хизматлари учун Ўзбекис­тонда   хизмат кўрсатган геолог унвонига сазовор бўлган, геология ва минералогия фанлари доктори, профессор ҳам эди.

Бундан ташқари, Мирмажид Зокиров қатағон давр даҳшатларини бошидан кечириб Сибирдан омон-эсон қайтган   зиёли, кўплаб   долзарб мавзуларда чиқишлар қилган публицист, “Муздан чиққан чақмоқлар” қиссаси ва бош­­қа воқеий   ҳикоялар, бадиҳалар ёзган   адиб ҳам бўлган. Демак, ўз соҳасидан ташқари   шунчалик   хизматлар қилган Мирмажид Зокиров хотирлашга, номини абадийлаштиришга   арзигулик шахс бўлган. Афсуски, оммавий бефарқлик, ҳатто зиёлилар орасидаги   лоқайдлик боис ҳам бугун кўпчилик марҳум геологнинг ватанимиз олдидаги тарихий хизматларини   билмайди.

Шундай экан Мирмажид Зокировнинг тарихий хизматлари ҳақида дастлаб эътибор қаратайлик: 1997 йилда 74 ёшида вафот этган   марҳум   геолог ўз соҳасига оид 6 та монография, 26 та илмий-оммабоп рисола, 250 га яқин илмий мақолалар, 30 дан кўп илмий тавсиялар, иккита патент ва 3 та муаллифлик   гувоҳномасининг соҳиби эди. Бундан ташқари, Мирмажид аканинг   фаолиятидаги тавсиялари асосида 3 та завод қурилган, битта шағал карери ва 3 та   бархан қум карерлари   асосида 3 та силикат ғишт   чиқарувчи завод бунёд қилинган эди.

Табиийки шунчалик   фидокорона   ишларни   у   1950-54 йилларда   Сибир қамоқхоналаридан қайтиб келиб амалга оширди. Маълумки, 1950 йиллардаги қатағон давр ҳақида сўз кетганда   фақатгина   Саид Аҳмад, Шукурилло, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймон   ва бошқа баъзи ижодкорлар тилга олинади. Бироқ бу сафдаги   қатағон азобларини бошидан кечирган   зиёлилар орасида Мирмажид   ака ҳам бор   эди.   М.Зокиров истиқлолга эришилганданоқ қатағон   давр жаб­рини ўз танасидан кечирганлиги боис бу   ҳақда кўплаб мақолалар, воқеий ҳикоялар   ва тақдирдошлари ҳақидаги қиссасини   чоп қилди. Бироқ ўзини қатағон   жабрдийдаси дея   бирон мукофот олиш илинжида маҳкамаларга   бориб юрмади. Фақатгина давр даҳшатларини ўз асарларида кўрсатиб берди ва бу иши орқали ёшларни огоҳликка   ундади, тарихий ҳақиқатни ўз   ҳолича кўрсатиб тасвирлади.

Олим билан бир маҳаллада яшаган   таниқли адабиётшунос Абдуғафур Расулов (охиратлари обод бўлсин!) бу   ҳақда шундай хотирлагандилар:

— Мирмажид ака   неча йиллар мобайнида     эрталабки соат 6 дан 8 гача   жисмоний тарбия билан   шуғулланар, Дўмбирободдан   Чилонзор метросигача яёв   келиб, пиёда кетардилар. Шунга қараб   у кишини соғлиқлари зўр эканда деб ўйлашингиз мумкин. Лекин Мирмажид   аканинг оғизларида битта ҳам ўз тишлари йўқ эди. Кўзларига линзаси қалин   ойнак тақардилар. Қулоқ том битган — махсус аппаратсиз ҳеч нарсани   эшитмас эдилар. Устига- устак   ҳар йили икки-уч бор касалхонанинг юрак хасталиги бўлимида   даволанар эдилар.

Абдуғафур ака айтган воқеликнинг сабаби табиийки   қатағон даврларида   Сибир совуқларини ўз танасида   синаб кўрганлиги, Магадан турмасининг азобларига бардош берганлигида эди. Мирмажид ака бу азоблар ҳақида бир қатор мақолаларида, “Муздан чиққан чақмоқлар” қиссасида   батафсил ёзиб ўтганди.

Афсуски, турма азобларидан қутулиб келгани, оқлангани билан қадрдон шаҳри Тошкентга келиб осойишта ҳаёт кечириб кетолмади. Зеро, 1954-55 йиллардаям қамоқдан келганларга   ишончсизлик билан қаровчилар анчагина эди. Шу боис, Мирмажид ака   кун кўриш, рўзғорини судраш мақсадида   ҳатто турли юмушлар   қилиб   юришга мажбур бўлади. Ваҳоланки у Ўрта Осиё давлат университетини битирган геолог мутахассислигига эга   эди.

Лекин ўша замонларда собиқ иттифоқ даври бўлганлиги боис, Москвага ёзган мурожаатлари эътиборга олиниб, унга Тошкентдаги маҳкамалар эътибор қаратади ва севган касби   геологлик билан шуғулланишга   рухсат қилинади. Шу тарзда Мирмажид   Зокиров “Средаазгеолнеруд” трестида, сўнгра геология қидирув отрядида кичик геолог, бўлинма бошлиғи бўлиб ишлайди. Амалиётни назария билан уйғунлаштириб   аспирантурада таҳсил олади. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да “умумий геология” фанидан талабаларга   сабоқ беради. Сўнгра, ЎзФА геология ва геофизика институтларида тадқиқотларини давом эттиради. 1962 йилда номзодлик, 1970 йили докторлик диссертациясини ёқлашга муваффақ бўлади.

Хуллас, 1997 йил вафот этгунича   нафақат ўз соҳаси истиқболи учун   катта хизматлар қилди. Буни олимнинг назариялари амалиёт билан уйғунлашганида, яъни инновациясини кенг йўлга қўйганлигидан   билиш мумкин. Бироқ Мирмажид   Зокиров фан истиқболи, юртимиз тараққиёти учун катта   хизматлар қилган, юксак унвонлар билан тақдирланган бўлса-да, оддий одамлардек камсуқум яшаб ўтди.

Маълумки, юртимиз истиқлолга эришган дастлабки йиллардаги   иқтисодиётдаги танг­лик, ўтиш даври   қийин­чиликлари олимларнинг яшаш   даражасига   ҳам таъсир қилди. Шўро даврида   етарлича маош билан таъминланган аксарият олимлар сингари   Мирмажид акаям бозор иқтисодиёти   даврида қийналиб умр кечирган. Бу ҳақда   қўшниларидан бири А.Расулов шундай   хотирлагандилар:

— “Олтин Мерос” халқаро жамғармаси буюртмаси билан тақдирида   20 асрнинг муҳри ўчмас из   қолдирган санъат, илм, бадиий адабиёт намояндалари ҳақида   видеомонолог-фильмлар ярата бошладиг-у, мен Мирмажид акани видеотасмага ёзиб олишни юрагимга   тугиб қўйдим. Мақсадимни Мирмажид   акага айтдим. Қачон, қандай   “ёзиб” олишимизни   келишиб олдик. Эртага “ёзамиз” деб тайёргарлик кўраётганимизда, Мирмажид   ака бизникига ўта кайфиятсиз   ҳолда чиқиб келдилар.

— Укажон, мени   “ёзиб” олмай қўя қолинг. Уйимда шароит йўқ: бунақа ишлар   осойишта вазиятда бир пиёла чой устида қилинади. Мен ўзбекман, ахир. Одамнинг ҳурмати учун   дас­турхон ёзишим керак. Мени маъзур   тутинг, – дедиларда битта-битта   қадам   ташлаб ғамгин   кета бошладилар.

Ҳа, Абдуғафур ака айтганидек Мирмажид аканинг ҳаёти “рўшнолиги тансиқ умр қиссаси”дан   иборат бўлди. Қатағон давр азобларини тортгани кексайганида кучайди — хасталик кучайиб, юрак хуружи билан қайта-қайта шифохонада даволанишга мажбур бўлди.

— Мирмажид ака ҳаётда яйраб яшнамади. Ишончсизликми, камситишми, ишқилиб   нимадир, унинг доимий йўлдоши бўлди. Домланинг битта улкан завқи бор эди: илмий иш қилиш, илмий-тарғиботчилик фаолияти билан шуғулланиш. У юзлаб оммавий   мақолалар ёзди: она-юрт бағридаги бойлик­ларни тарғиб қилди. Геолог касбига ёшларда меҳр-муҳаббат уйғотишга интилди, тоғу тошларни, чўлу биёбонларни кезиб ерости бойликларини излаётганлар ҳақида кўп ёзди. Мирмажид ака бозор иқтисоди замонининг кишиси, истиқлолнинг фидойи­­си эди. У “Гилмоя ва сармоя”, “Шувоқ олтинга гувоҳ” сингари мақолаларида   гилмоядан олинадиган фойдалар ҳақида, шувоқ бор ерда олтин бўлиш   эҳтимоли ҳақида ёзади. Мирмажид   ака гилмоядан саноат маҳсулотлари барпо этиш усулларини кашф этди, қатор   иқтисодий   манфаати бор таклифлар   билан тегишли ташкилотларга чиқди, — дея   хотирлаганди     А.Расулов.

Афсуски шундай тиниб-тинчимас олим вафот этиб кетганига ҳам бугун   21   йил бўлибди. Хўш, юртимиз тараққиётига   ўз   ҳиссасини   қўшган   Мирмажид   акани ўтган   даврда нега хотирламаяпмиз?

Эҳтимол   шиддаткор   даврдаги бефарқлик туфайли   эътиборсизлик қилгандирмиз. Бироқ  бугунги ислоҳотлар давридаги   юртимиз   тараққиётига   меҳнатлари синган инсонларни   қадрлаш давом этаётган жараёнда, Мирмажид   Зокировнинг ҳам хизматларини эътироф этиш зарур.

Менимча, у киши таҳсил олган ва ишлаган ЎзМУ­нинг геология факультетида олимнинг   100 йиллик   санасини иншонлаш   ва бу маросимни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилса адолатдан бўлар эди. Шунингдек, “Муздан чиққан   чақмоқлар” қиссасини (“Шарқ юлдузи” журналининг 1998 йилнинг 1-сонида чоп этилган) ҳам нашриётларимиз қайтадан китоб ҳолида чоп қилсалар савоб иш бўларди. Бундан   ташқари, олимнинг матбуот саҳифаларида чоп этилганича қолиб   кетган юзлаб мақолалари асосида сайланма асарларини нашр этишни ҳам ўйлаб кўриш лозим.

Негаки, Мирмажид аканинг   мақолалари орасида айнан   бугунги   давр учун ғоятда зарур бўлган, ишлаб чиқаришга татбиқ этса бўладиган инновацион   ғоялар кўп. Масалан,   “Миллий   тикланиш” газетасининг 1996 йил 26 ноябрь сонидаги мақоласида   “Соғ тупроқдан пишиқ ғишт   ясаш қанчага тушади?” саволини ўртага қўйиб, Ватан тупроғини   аяшни ўрганайлик деган даъват билан чиққан, минг йилда бир мм соф тупроқ ҳосил бўлишини   таъкидлаб ўтганди. Шу билан бирга қурилишда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, маҳаллий шароитимизни эътиборга   олиб, ўзига яраша таклифлар билан чиққанди. Бугунги бун­ёдкорликлар даврида балки олимнинг шу ва шу сингари таклифларини ўрганиб чиқиш фойдадан холи бўлмас?!

Энг асосийси юртимиз истиқболига ўз ҳиссасини   қўшган олим номини абадийлаштиришни, асарларини геологлар учун қўлланма сифатида нашр этишни, “Мирмажид Зокиров замондошлари хотирасида” ёдномасини чоп этишни, ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм ишлашни ҳам таклиф қилган бўлардик. Шунинг­дек, Юнусободдаги “Қатағон қурбонлари” музейига Мирмажид   Зокировнинг сурати, фаолияти акс этган   маълумотнома ҳам   қўйилса, қатағон даври жабрини чеккан   олим руҳи шод бўларди.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − nine =