Ўйлаб кўрсак… ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир, блогер!

Очиғи, гапимизни “Блогер журналист эмас” деган қатъий фикрдан бошламоқчи эдик. Ҳа, айнан шундай! Ҳатто “блогернинг энг маҳоратлиси ҳам журналист бўла олмайди”, деб изидан яна қўшиб ҳам қўймоқчи бўлдик. Яна “шайтонга ҳай бердик”.

Биласизми, нега?

Қарасак, қизишиб кетаётганимизни сезиб қолдик.

Бу балки ҳали очиқлик ва ошкоралик каби принциплар бош унсурлари бўлган демократик муҳитда, жамиятда яшашга кўникмаганимиздан. Ўтмишда қолган, тўғрироғи қолаётган, мустабид ва биқиқ замонларнинг таъсири —мутаассиблик, ўзганинг фикрига тоқатсизлик қонимизу онгимизни “тарк этмаганидан” эҳтимол.

Ўйлаб кўрсак, блогерлар ҳақидаги фикрларимиз биз танлаган холис ўзандан чиқиб, қораловчининг суддаги нутқига, фельетонга тортиб кетяпти. Мақсадимиз эса бошқа. Ижтимоий тармоқларда билиб-билмай, баъзан англаб-англамай фикр айтаётган, иддаоси баъзан холис, баъзан нохолис, гоҳи сокин, гоҳида аламзадалик уфуриб турган сўз айтаётганни қоралаш бўлмаганидек, алқаш ҳам эмас.

Хўш, унда бугунги кунда деярли “замонамиз қаҳрамон”лари бўлмиш — блогерлар аслида ўзи ким?

Блогер —   онлайн-кундалик, яъни “блог” — саҳифа юритадиган, саҳифасида турли хабарлару фикрларни эълон қилиб борадиган шахс. Айрим маълумотларга қараганда, дунё бўйича бундай шахслар сони-салмоғи аллақачон бир неча юз миллиондан ошган. Бироқ блогерлар Ўзбекистондагидек катта эътирофу эътиборга мушарраф бўлган мамлакатлар жуда кам.

Мутараққий дунё нима дейди?

Илгари биров писанд қилмаган, ҳатто катта-кичик ижодий танловларга ҳам “яқинлаштирилмаган” блогерлар бугун давлат мукофотларига, юксак раҳбарлик лавозимларига муносиб кўрилаётгани бунинг далилидир. Бундай эътибор жамиятимиз аҳли томонидан катта хайрихоҳлик билан кутиб олинаётгани ҳам бор гап.

Шаҳноза Соатова, Хушнудбек Худойбердиев, Қобил Хидиров, Баҳодир Аҳмедов, Зафарбек Солижонов, Мубашшир Аҳмад ва бошқа яна кўплаб блогер ҳамюртларимиз ўзларининг дадил чиқишлари, илғор маърифий фикр-ғоялари, қатъий асосланган таҳлилий-танқидий мақола ва постлари билан эл-юртимиз назарига тушган. Айримларининг доимий мухлислари сони-салмоғи уч юз мингдан, чиқишларини ўқийдиганларнинг умумий қамрови эса миллиондан ошади.

Уларнинг деярли ҳар бир чиқиши – воқеа. Мақолалари — постларини ўқиб, видео, аудио хабарларини кўриб, илму маърифатингиз ошади. Ниманидир ўрганасиз. Биласиз. Шунинг учун одамлар уларнинг фикрини кутади ва қадрлайди.

Негаки бундай блогерлар жамиятимиз ҳаётидаги энг ўткир муаммоларни ўз шахсий ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да (тўғри гап туққанингга ҳам ёқмайди!), дадил кўтариб чиқаётган ва давлат идоралари олдига энг ўткир муаммоларни кўндаланг қўяётган жасур ижодкорлардир. Бундай жасоратли фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш эртасини ўйлаган жамият ва давлат, эркин ва фаровон ҳаётга интилаётган халқ учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Шукурки,   давлатимиз раҳбари ўзининг деярли ҳар бир чиқишида соҳа ходимларини қўллаб-қувватлайди. 2020 йилнинг якунлари бўйича Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Холис ва адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда”, деб журналистлар билан бир қаторда блогерларга ҳам катта ишонч билдиргани бунга ёрқин мисолдир.

Ҳаётимизга замонавий ахборот технологиялари, интернет, ижтимоий тармоқлар деб аталмиш янги қулайликлар шамолдек ёпирилиб кирди. Кеча бировга гапириш нарида турсин, ҳатто ўйлашга журъату жасоратимиз етмаган фикр-мулоҳазалар, танқидий гап­лару таъналаримизни энди тортинмай айта бошладик. Жамиятдан очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик каби мўътабар тушунчалар кенг ва мус­таҳкам ўрин олмоқда.

Бу, энг аввало, ўз тараққиётининг янги, юксалиш босқичига қадам қўйган Ўзбекистонимизда халқпарварлик, ватанпарварлик, миллий анъаналар ҳамда замонавий демократия ғояларига улкан садоқат, дадил ва кучли сиёсий ироданинг шарофати билан яратилган буюк имкониятлардир. Бундай улуғ имкониятлардан халқ, жамият ва Ватан равнақи йўлида фойдаланиш эса барчамиздан нафақат ўз ҳуқуқларимизни, балки масъулият ва бурчимизни ҳам мудом ҳис этиб яшашни, уларга қатъий амал қилишни талаб қилади. Бу мутараққий дунё аҳли азалдан риоя этиб келаётган ва ана шундай аъмоллари учун нашу наво топаётган маълум ва машҳур тушунчалар, қоидалардир.

Жаҳон тажрибаси

Жаҳон тажрибасига эътибор берсангиз,   аксарият блогерлар муайян соҳа ва йўналишга ихтисослашганига гувоҳ бўласиз. Бирлари ўз саҳифасида саёҳат, автомобиллар, бизнес, пазандалик сирлари, машҳурлар ҳаёти, табиат ажойиботлари, ҳайвонот олами ҳақида ёзса, аудио-видеолавҳалар, суратларини улашса, бошқалари   ижод, фалсафа, мусиқа каби кўпдан-кўп йўналишларни ёритиб боради. Қизиғи, сиёсий ахборотларга аралашадигани кам.

Нега? Чунки аҳоли блогер берган маълумотдан кўра, соҳа мутахассиси бўлган журналистларга кўпроқ ишонади. Негаки блогерлар жамиятдаги иқтисодий, сиёсий, миллий муаммолар ҳақида таҳлилий чиқишлар қилиши қийин. Масалан, журналистик суриштирув олиб бориш имкониятидан узоқ. Бунинг учун оммавий ахборот воситаларида бўлгани каби ваколати ҳам йўқ.

Шу боисмикин, блогерман деб майдонга чиқаётганлар орасида найрангбоз, шантажчи ва қаллоблар ҳам кам эмас. Бундай тоифа вакиллари ўзлари шоша-пиша ва чала-чулпа тайёрлаган фото, видеолавҳа ёки матнни, орқа-олдига қараб ўтирмай, интернетга жойлашдан тортинмайди. Мақсад – нима қилиб бўлса-да, обуначисини кўпайтирса, “лайк” йиғса. Сабаби жуда жўн: обуначининг, лайкнинг кўпайгани – унинг учун пулнинг кўпайгани, кимларнингдир кўзини қўрқитиш имконияти кенгайгани.

Ўйланиб қоласан, киши. Айрим ўзини блогерман деб атаганларнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқиши, эл кўзида турган обрў-эътиборли одамларнинг “ёқасига ёпишиб”, уни хуфиёна олинган фотосурат, видеолавҳа, овози муҳрланган аудио ёки хом-хатала ёзилган мақоласи орқали жамоатчилик олдида сазойи қилиши одатий ҳолга айланиб қолмадими?

Биз – шарқона одоби, юксак маънавияти, каттага ҳурмати, кичикка иззати билан жаҳонга танилган маърифатли халқнинг фарзандларимиз. Жамиятдаги хато ва камчиликларни дўқ уриб, пўписа билан эмас, оқиллик, аҳиллик ва донолик билан айтиш инсоннинг энг гўзал фазилатидир.   “Ҳар ким экканини ўради”,   “Қайтар дунё”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган гаплар бекорга ҳикматга айланиб кетмаган.

Қўлига смартфон ушлаган банданинг ҳаммаси ҳам блогер бўлавермайди. Фейсбук, телеграм, инс­таграм, тик-ток каби ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчининг барчаси блогер,   тарқатаётган ахборотларининг ҳаммаси ҳам асосли ва холис-ҳаққоний эмас. Буни кўпчилик билади.

Машҳур “Ишдаги ишқ можароси” фильмида бир саҳна бор: ўлмаган одам учун ҳамкасблари гулчамбар тайёрлаб, ишхонага келтириб қўйишганида, “марҳум”нинг ўзи эшикдан кириб келади. Бундай “лайксевар блогерлар” ўлмаганни ўлди, ишдан кетмаганни кетди, янги лавозимга тайинланмаганни тайинланди деган   хабарлардан тортинмаётир. Улар ўлди деб хабар берган қанча таниқли кишилар орамизда соғ-омон ишлаб юришибди. Ўзининг ёлғон ва жирканч хабарларига билдирилаётган муносабатлардан завқ туяётган, одамнинг кулфатини тасвирга олиб “лайк” йиғишга ишқибоз бундай тоифанинг, аслида нияти пок, сўзи пок ва амали пок блогер ижодкорларга алоқаси йўқ.

Телеграмда ўз каналига эга Ўткир Чоршанбиевнинг ёзишмалари бунга мисол. Тарқатган видеолавҳаларига ёзилган матнлардаги ғиж-ғиж хатони кўрсангиз, кўзингизга ёш келиши тайин: “Даҳшад”, “Бухора”, “Прездентимизга шахсан махсус видое лавха”, “Амир Олимҳондан кигин сизга қогами Ботир Зарифович”!…

Аслида, бундай шоввозлар, бировга ақл ўргатишдан аввал Бухорои шарифнинг номини тўғри ёзишни билиб олса, адолатли иш бўларди.

Чамаси, ўтган йили эди. Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятидан ўз-ўзига ўт қўйган аёлнинг оловда жизғанак бўлиб ёнаётгани тасвирланган видео тарқалди. Ёнаётган аёлнинг бошига бир челак сув сепиш ўрнига, уни бемалол тасвирга тушираётган одамнинг соғлом киши эканига ишониб бўладими! Ўлаётган одамни қутқариш ўрнига, унинг ёнишини видеога олиб, лайк йиққан кимса, бизга қолса, қонун йўли билан жазоланишга лойиқ.

Ҳамма замонларда бўлган: андишасизлар эзгу ниятлар билан бошланган ҳар қандай ишни мурдор қилиб, чиппакка чиқаради. Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида “от суриб юрган” айрим юртдошларимиз шундан эҳтиёт бўлишлари зарур.

Андишасизлик даромад манбаига айланмасин

Аслини олганда, айрим андишасиз кимсаларнинг қонун-қоида, имон-эътиқод, инсонийлик мезонларига қўл силтаб, кўнгли тусаганча иш тутаётганига жамиятнинг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларига икки хил муносабати ҳам сабаб бўлаётгандек.

“Фалон газета ёки журнал фалон муаммони кўтарибди, телевидениеда мана бундай мавзу олиб чиқилди” деган гаплар қулоққа камроқ чалинадиган бўлиб қолди. Бунга балки, аҳоли каби айрим амалдорлар ҳам газета-журналларни варақламай, телеканаллар эса кўнгилочар кўрсатувларга ружу қўйгани сабабчидир. Оммавий ахборот воситаларида кўтарилган муаммоларга эътибор ҳам шунга яраша.

Бу — тан олишимиз керак бўлган ҳақиқат.

Ижтимоий тармоқларда ёки блогерлар томонидан бирор масала кўтарилса, кўпчиликнинг, айниқса, катта-кичик лавозим эгаларининг лабига гўё учуқ тошади. “Муаммоларни оммавий ахборот воситалари эмас, кўпроқ ижтимоий тармоқлар, блогерлар ёритяпти-да”, дерсиз. Бироқ бундай баҳо беришдан олдин бугунги матбуотга ҳам бирров кўз ташламоқ, эътибор қаратмоқ зарур эмасмикан?

Аксарият газета-журналлар очиқ, халқчил, эркин, энг асосийси, ишончли чиқишлар қилмоқда. Фақат ана шу чиқишларга эътибор, муносабат, акс-садо сезилмайди.

Қизиқ, қандай сеҳру жодуси бор эканки, нари борса, ўрта мактабни амаллаб битирган бирорта шоввоз фейсбукка бирор видеомурожаат ё тасвир жойласа, бас… Чиқиши дарҳол назоратга олинади, муносабат билдирилади. Бундай эътибордан ҳаволанган лайкхўр “блогер” кейинги сафар ҳаддидан баттар ошади. Қарабсизки, ўзини хон, кўланкасини майдон деб билади.

Умумжамият, умумдавлат манфаати

Куни кеча машҳур блогер, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Расул Кушербаев одамларимиз фаол бўлган тақдирдагина амалдорлар қадамини ўйлаб босишини, ўйлаб гапиришини, жамоатчилик олдида жавоб беришдан қўрқмайдиган одамлар эса хоҳлаган ишини қилишини таъкидлади. Унинг фик­рича, ҳар бир кишида фуқаролик пози­цияси бўлиши керак. Лекин бўлганда ҳам қонуний, масалани асос­лаб қўйиш керак. “Қўяётган масалангизнинг ечими битта сизнинг манфаатингиз билан боғлиқ бўлмасин, умумжамият, умумдавлат манфаати билан бўлса, натижаси, самараси катта бўлади”, — дейди у.

Ҳақ гап.

Таҳлилимизни юқорида таъкидлаганимиздек, “блогер   журналист эмас” деган фикрдан бошламоқчи бўлган эдик. Ўйлаб кўрилса, шарт эмаскан. Муҳими, эл-­юртга маърифат тарқатувчи, ҳалол, холис ва эътиқодда собит бефарқ бўлмаган уйғоқ одамлар кўпайсин.

Фейсбукда Дима Қаюм тахаллуси билан саҳифа юритувчи   блогер – Дилшод Болтабоев бунга оддий мисол. Унинг чиқишларини минглаб мухлислари мунтазам кузатиб боради. Асли оддий ҳунарманд — уста бўлган блогер сўзга зариф, фикрлари доим “тош” босади. Энг муҳими, Дима Қаюм — китобни жондан севувчи ва китобхонликни фаол ва беғараз тарғиб қилувчи маърифатпарвар инсон. У Фарғона вилоятининг Риштон туманида ташкил этган кутубхонада китобсевар тадбиркорлар ва аҳолининг саъй-ҳаракати билан минглаб китоблар жамланган. Кутубхоначи блогернинг айтишича, 80 фоизи янги. Одамлар қайтариб бериш шарти билан текинга олиб ўқийди ва эвазига Дилшод Болтабоевни дуо қилади.

Олтин олма, дуо ол!, — деб бежиз айтишмаган-да.

Тўғри, унинг айрим чиқишларида сўзга эътибор, саводхонлик даражасида қусурлар учрайди. Аммо буларни тузатиш мумкин. Энг муҳими, ниятнинг тўғрилигида, мақсаднинг эзгулигида. Зеро, халқимизда бир ажойиб гап бор: Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!

Ҳа, журналистика оғзига нима келса ё нимага кўзи тушса, ёйинки хаёлига не келса, шуни айтиш, гапириш, кўз-кўз қилиш дегани ҳам эмасдир.

ОАВ — ҳамиша жамиятда кўзгу вазифасини ўтаб, ҳалоллик ва холислик мезони бўлиб келган. Эл-юртга, халқ эътиборига ҳавола этилаётган ҳар бир ахборот эса нафақат соҳага доир ва бошқа қонунларимизга, балки инсон ҳақ-ҳуқуқлари, миллий қадриятларимизга, биринчи навбатда Инсонга, Ватанга ҳурмат билан намоён бўлмоғи зарур.

Гўзал Матёқубова,

Абдулазиз Аҳмедов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + twelve =