Хон саройининг талон-торож қилиниши ёхуд “коллекционер” Куннинг хазинаси

Александр Кун номи бугун кўпчиликка нотаниш туюлиши мумкин. Аммо тарихга қизиққан инсонлар учун бу ном “катта хазина тўплаган коллекционер” сифатида маълум. Албатта, илму фанга оид коллекция.

Александр Людвигович Кун 1840 йилда ҳозирги   Озарбайжоннинг Шамоғий шаҳрида   ўқитувчи оиласида туғилганди. Уезд мактабида ишловчи   унинг   отаси 14 та тилни   билар, онаси эса таб­ризлик   армани бўлган. Ёшлигида отаси   сингари тил ва   тарих илмига қизиққан   Александрнинг қувончи узоққа   бормади, эндигина 14 ёшга   тўлганида ота-онаси   вафот   этади. Шундан сўнг отасининг   илмли дўстлари Александрнинг иқтидорини сезиб, 1855 йилда уни ҳукумат ҳисобидан ўқиш   учун Ставрополь губерниясидаги гимназияга юборишади. 1860 йилда эса   у Петербург университетининг шарқ факультетига   қабул қилинади. А.Л.Кун университетни тамомлагач, машҳур шарқшунос   В.В.Григорьевнинг маслаҳати ва   талаби билан дастлаб,   Оренбург­­га, у ердан эса   1868 йилда Ўрта Осиёга   юборилган.

Маълумки, бу   пайтда Қўқон хонлигининг   кўп­лаб ҳудудлари, Бухоро амирлиги   забт қилинган, Хива эса   навбатдаги нишон эди. Орадан   кўп вақт ўтмади — 1873 йилда Хоразм ҳам   босиб олинди. Александр Людвигович   ана шу Хива юришида генерал-губернатор Кауфман ёнида   бирга бўлди.

Босиб олиниш   жараёнларидаги воқеаларнинг, уруш даҳшатларининг гувоҳи   бўлди. 29 май куни   Хива   хонининг саройи талон-торож   этилгач, у ердан   А.Л.Кун   қуйидаги ҳужжат   ва буюмларни қўлга   киритганди. Бу ҳақда у   1873 йил 18 декабрда чоп қилинган   “Туркестанские ведомости” газетасидаги “Хива сафари   вақтида қилинган илмий   иш” номли мақоласида   шундай ёзади: ”Хива экспедицияси вақтида мен қуйидаги   илмий материалларни тўпладим: хон саройини мусодара қилиш   вақтида шарқ қўлёзмаларидан иборат 300 та китоб тўпланди, шулардан 129 таси сарлавҳали 140 томдан иборат тарихий қўлёзмалар, 30 томдан иборат шарқ шоирларининг девонлари, 50 томдан иборат 40 та ҳуқуқий ва диний асарлардир. Бундан ташқари 18 тача “Қуръон” ва 50 та дарс китоб­лари ҳам тўпланди. Хон саройи мусодара қилинганида, қўлёзмалар билан биргаликда ҳужжатлар ҳам тўп­ланди. Бу ҳужжатларни икки   гуруҳга бўлиш мумкин: биринчи гуруҳга хонликнинг даромадлари ва харажатларига доир дафтарлар ҳамда   бир қанча вақф ва   мулк ҳужжатларини, иккинчи гуруҳга хатлар ва дипломатик ёзишмаларни киритиш мумкин. Дафтарлар орасида пул солиқларига доир ёзувлар (солғут), закот дафтарлари ва Матмурод девонбегининг хон ҳужжатлари тўғрисидаги ҳисоботлари бор.

Сўнгра шу   ҳужжатлар орасида Бухорода, Ғазалида, Истамбулда ва   бошқа жойларда савдо-сотиқ   ишлари билан яшаб   турган хиваликларнинг хонга   юборган илтимосномалари, низоларини ҳал қилиб   бериш тўғрисида ёзилган имкониятномалар, бирор мансаб бериш   тўғрисидаги илтимосномалар ва шу кабилар бор. Дипломатик ҳужжатлар орасида Ост-Индия генерал-губернатори Нарсбрукнинг хати, Туркия султонининг хатлари ва фармонлари, рус элчиси подполковник Данилевский билан Хива хони ўртасида тузилган аҳднома   ҳамда Туркистон генерал-губернатори томонидан хонга юборилган бир неча мактуб бор”( ИВ АИ   АН, Фонд 33, п 16).

Шарқшунос Кун жаноблари ана шу маънавий бойлик­ларни Хивадан Тошкентга олиб келиб, айримлари билан тўлиқ, баъзиларининг эса мазмуни билангина   танишиб чиқди. Табиийки, олим бисотидаги айрим ҳужжатларни Петербургдаги халқ кутубхонасига, Фанлар Академиясининг Осиё музейига тақдим қилади. Кауфман эса халқ кутубхонаси   директори номига 1874 йил   январида хат ёзиб унда   шундай фикрларни билдирганди: “Ҳурматли Иван Давидович! Ўтган йилги Хива экспедицияси вақтида хон саройи мусодара қилинганида менинг   ҳузуримда бўлган Надворний Советник Кун менинг топшириғимга биноан   Шарқ қўлёзмаларини тўплаган эди. Ушбу мактуб билан илова қилинган рўйхатга биноан   мазкур қўлёзмалар коллекциясини юбориб, Император Халқ кутубхонасидан бу коллекцияни рус қўшинларининг 1873 йилдаги Хивада қозонган муваффақиятлари илм-фанга келтирган   туҳфа тариқасида қабул   қилинишини илтижо қиламан. Чин ҳурмат ва   астойдил садоқат билан   каминалари”( ИВ АИ АН   Российский федерация Фонд 33, п 16 ).

Хуллас, Куннинг хизматлари боис Россия шарқшунослиги катта маънавий бойликка эга бўлди. Александр Людвигович эса 1876 йилдан 1882 йилгача Туркистон генерал губернаторлигининг мактаблар бош нозири бўлиб ишлайди. Яъни, ташкил қилинган рус-тузем мактаблари фаолияти билан шуғулланади. Бундай мактаб­ларни янада   кўпайтириш имкониятларини излайди. 1882 йилда бўлса   Петербургга юборилиб, у ерда   бир оз ишлаган. Ана ўша вақтда у ўзида сақланаётган Хива юришидаги баъзи ҳужжатларни Петербургдаги Салтиков-Шчед­рин номидаги давлат   халқ кутубхонасига топширади. 1888 йилда шарқшунос Кун вафот этади. Унинг вафотидан   кейин архивининг анчагина қисми Фанлар Академиясининг Осиё музейи   ихтиёрига ўтади. Академияга   қарашли “Меланж Азиатик” журнали 1890 йилда Кун коллекциясидаги қўлёзмалари   рўйхатини эълон қилади.

Осиё музейидаги материаллар шарқ қўлёзмалари бў­йича етук мутахассис Зальман томонидан рўйхатга олинганди. Лекин қўлёзмаларнинг мазмуни   ўқиб аниқланмади. Чунки қўлёзмалар Хива архиви эканлигини, профессор Муҳаммаджон Йўлдошевнинг айтиши бўйича, “ҳеч ким билмади”. Шундан кейин ушбу материаллар Фанлар   Академияси Шарқшунослик   институтига ўтказилди ва   мазмуни ўқиб аниқланмаган қўлёзмалар   тариқасида кейинги вақтларгача   рўйхатга олинмай, фондда сақланиб   келаверди. Бу қўлёзмалар Шарқшунослик институтида узоқ   вақт сақланди ва шу давр ичида ушбу материаллар билан кўпгина   атоқли олимлар юзаки танишиб чиқди. Бироқ қўлёзмаларни ўқиш жуда қийин бўлганлиги сабабли   мазмуни аниқланмай қолаверди. Шу тарзда бу материалларнинг мазмунини аниқлаш узоқ   вақтларгача биринчи даражадаги   илмий муаммо бўлиб   келди.

Ваҳоланки, ўзбек, тожик, араб ва форс тилларини билган   ва маҳаллий аҳоли   орасида Искандар тўра   дея номланган Александр Людвигович   Кун бу ҳақда шундай   ёзганди: “…Ҳужжатлар   тўплами ҳар қанча   қизиқарли бўлса ҳам, лекин   бу ҳужжатларнинг фан   учун бўлган аҳамиятини   эътиборга олганда: биринчидан, шу ҳужжатларнинг тўлиқ   эмаслигига — кўп ҳужжатлар йўқ   бўлиб кетганлигига ва   номаълум кишилар олиб   кетганлигига ва иккинчидан, бу ҳужжатлар фақат кейинги   вақтларга доир қизиқарли   материаллардан иборат бўлганлигига афсусланмаслик   мумкин эмас. Бу ҳолнинг   иккита сабаби бўлиши   мумкин: руслар яқинлашиб келаётганлиги тўғрисида хабар олиниши   билан саройда умумий   саросималик бошланган, иккинчидан, мусулмон хонликларида ёзма   ҳужжатларни сақлаш одати йўқ   эди. Ҳар бир хон   ўлганидан кейин саройда   бўлган мулкнинг ҳаммаси меросхўрлар ўртасида тақсимланиб олинар эди,   давлат архивлари ёки   шундай ҳужжатлар сақланадиган бошқа жойлар хонликларда   бўлган эмас” (“Поездка по   хивинскому ханству в 1873 г.”. Известия Русс. Географ. общества, т,Х, СПБ, 1874, 58 бет). Табиийки,Куннинг ўзи топган   архив тўғрисида берган   маълумотлари шубҳасиз тўғридир. Аммо унинг шарқ хонликларида ҳужжатларни сақлаш одати   йўқ, деган фикрларига қўшилиш   қийин. Чунки, 1930-32 йилларда Оллоқулихон Тошҳовли саройини қурдирган   пайтида хонлик архивини   муҳофаза қилишга алоҳида   аҳамият бериб, махсус бўлмалар   ажратади. Баёнийнинг ёзиши бўйича, архив ҳужжатлари хазинада сақланиб   келган. Саройда архив материаллари алоҳида бинода, махсус ажратилган кишиларнинг   назорати остида тартиб   билан жуда пухта   сақланиб келган бўлиб, ҳар   бир дафтар рақамланган.

Эҳтимол, қадимги даврларда   хонликларда ҳужжатларни сақлаш   анъанаси бўлмагандир. Шарқда архивларни сақлаш   одати бўлмаган эди, деган   фикр ўша вақтда   кўп тарқалганлиги сабабли   А.Л.Кун саройда юз   берган тартибсизлик таъсири   остида қолиб, топилган   ҳужжатлар билан чуқурроқ   танишишга улгура олмай   шу фикрни айтганлиги   эҳтимолдан узоқ эмас. Қолаверса, биз тилга олган   Куннинг мақоласи 1874 йилда   чоп этилганди.

Бундан ташқари, Кауфман армияси штабида хизмат   қилган Кун ҳужум   қилиб бораётган қисмларнинг   олдинги сафида эмас   эди. Ана шунинг учун   ҳам у   саройга биринчи бўлиб   кирмасдан, балки бирмунча ке­йинроқ   кирган, бу пайтда эса, хон   ва унинг мулозимлари   қочиб кетган, саройнинг ичига   юзлаб кишилар кириб   чиққан эди. Ана шу   сабабли хон ва   унинг аъёнлари ташлаб   кетган саройга тасодифий   кишилар “саройдаги саросималикдан” фойдаланиб, у ердан қимматбаҳо   нарсалар топиш мақсадида   ёки бошқа мақсадлар   билан кириб-чиқиб юрганлар. Шунинг учун ҳам А.Л.Кун қўлига   тушган архив ҳақиқатан   ҳам бетартиб ҳолда бўлган ва   бир қисми талончилик   натижасида йўқолган бўлиши   мумкин.

Хўш, йўқолишга сабаб   нимада?

Маълумки, вақф ерлар, молу мулк даъвосига доир   қози ёки қушбеги ва   бошқа амалдорларга тегишли   ҳужжатлар ҳам хон   саройида сақланган. Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида ёзилиши бўйича, саройни забт этган   Рус   генерали Головачёв отряди   саройдан чиқиб кетганидан   кейин, бир тўда оломон   саройга бос­тириб кирган   ва Головачёвдан қолган   нарсаларнинг ҳаммасини олиб   кетган.

Хўш,   оломон   томонидан йўқолган нарсалар, ёки ҳужжатлар нима бўлиши   мумкин? Уларни йўқотишдан ким   манфаатдор эди?

Манфаатдорлар фақат   саройдаги кундалик харажатлар   ёзилиб борган ва   энг кейинги вақтларга   доир бўлган ҳужжатлар   билан ёки даромадлар   тўғрисидаги, ёхуд бошқа мансабдор   шахсларнинг даромадлари тўғрисидаги   ҳужжатлар билан, ё бўлмаса   солиқ тўловчиларнинг рўйхатлари   билан қизиқишлари мумкин   эди. Бирор нарсани олишга   ёхуд бирор ҳодисанинг   изини йўқ қилиб   юборишга интилган, ўзларининг фош бўлишларидан қўрққан манфаатдор кишиларгина (ёки шу кишиларнинг   ёлланма   одамлари) саройда рўй   бераётган воқеалардан фойдаланиб   қолмоқ учун мазкур   ҳужжатларни ўғирлаб кетишлари   мумкин эди. Бундай манфаатдор   кишилар ўзларининг қадим   ўтмишига доир харажатлар ёки   даромадлар маълумотларига қизиқмас   эдилар. Улар кўпроқ ўзларига   доир маълумотлар билан, ўз   ҳамшаҳарлари, ҳамқишлоқларига   ёки қариндош-уруғларига доир   материаллар билан қизиқардилар.

Масалан, Хива архивида   Қушбеги томонидан аҳолидан   олинган солғут (ердан олинадиган   пул солиғи) рўйхатининг   йўқлиги тасодифий бўлмаса   керак. Шу­нингдек, Кун тўплаган А-257 рақамли қизил чарм муқовали   дафтарнинг айрим варақлари   юлқиб олинган, ёзувсиз тоза   саҳифаларни эса ҳарбий   сафар қатнашчиларидан бири   кундалик хотираларини ёзиб   бориш учун ишлатган..

Архивдаги ҳужжатларнинг тили ҳозирги ўзбек   адабий тилига кам   ўхшаш бўлиб, дафтарларда шартли   сўзлар билан ёзилган   маълумотлар кўп. Чунки бу   маълумотлар дафтарларга   тадқиқотчиларнинг ўқиши учун ёзилмасдан, балки тор доира кишилар   учун битиларди. Бу дафтарларни   ёзган мирзолар ўзлари   ёзган ёзувлар хоннинг   шахсий маҳкамаси ёки   бирор бўлимдаги сирлардан   воқиф бўлмаслик учун, ҳатто   ўз замондошлари ёхуд   шериклари ҳам ўқий   олмайдиган ёзувлар бўлиб   чиқишига ҳаракат қилганлар. Яъни, хонлик ҳужжатлари   сир сақланиши учун   атайин ўзларигина ўқий оладиган қилиб ёзишган.

Бу ҳақда Кун жаноблари   ҳам шундай ёзганди:   “Бундан ҳам чалкашроқ   ёзувни топиш қийин. Дафтарларда нималар ёзилганлигини бошқа   девонлардан(котиб-мирзолардан)   илтимос қилганимда улар   ёзувга тушунмай ўқиб   бера олмадилар”.    Айнан, шу сабабдан ҳам   ҳужжатлар Кун томонидан   Петрбургга олиб кетилиб   музей ва халқ   кутубхонасига топширилгач, анча   вақтгача ёзувларга тушуниш   қийинлигидан Хива архиви   тадқиқотчилари эътиборидан қолиб   кетди. Бироқ Куннинг   Хоразмдан тўплаб олиб   кетган коллекцияси шарқшунослик учун чинакам бебаҳо   маънавий бойлик эди. Бу   бойликдан унумли фойдаланиш   кейинги даврдаги   тарихчилардан   П.П.Иванов ва   М.Йўлдошевга насиб қилди.

1936 йил. Ана шу санада фидойи тарихчи П.П.Иванов Салтиков-Шчедрин   номидаги халқ кутубхонасидан Хива хонлигининг архив   ҳужжатларини топади. У хонликнинг Кун топиб   келтирган 11 минг дафтарини   қисқача тавсифлаб, улардан   парчалар берган ҳолда   1940 йилда “Архив хивинских ханов   ХIХ в” номли китобини   нашр эттиради. П.П.Иванов асарида   кўрсатилган дафтарларнинг рақамлари   муаррихнинг ўзи қўйган   рақамлардир. Ушбу рақамлар Салтиков-Шчедрин номидаги халқ кутубхонасида   қўлёзмаларнинг коллекциялари   ёки архивлар рўйхатга   олинган вақтда қўйилган ҳисобот рақамларидир. Архивни биринчи бўлиб топган П.П.Ивановнинг хизмати   жуда катта бўлиб, у биринчи бўлиб илм аҳлларининг   эътиборини архивга жалб   қилди ва топилган   материалларни   тизимга солди. У   ўз асарида дафтарларнинг мазмунини қисқача баён   қилиб берди ва   шарқшуносликка ғоят катта   хизмат кўрсатди. Афсуски, серғайрат   тарихчи П.П.Ивановнинг бевақт   вафоти натижасида бу   иш тўхтаб қолди   ва анча йилларгача   ҳеч ким давом   эттирмади.

Муҳаммаджон Йўлдошев   гарчи Фарғона вилоятининг   Бешариқ туманида (1904 йилда) туғилган бўлса-да, унинг илмий   фаолияти, қизиқиш-у   интилишлари   Хоразм мавзусида   эди. У 1945-48 йилларда Мордова   педагогика инс­титутларида директорлик   қилди. Шундан сўнг Москвага кетиб   Фанлар Академиясининг шарқшунослик институтида катта илмий   ходим, 1951-56 йилларда   Ленинград давлат университетида доцент, 1956-61 йилларда   эса ЎЗКП(б) МК ҳузуридаги   партия тарихи институти   директори   сифатида меҳнат   қилди.

Академик В.В.Бартольд айтганидек, “мусулмон   оламида тарих ҳеч бир жойда бевосита   архивдан олинган ҳужжатлар асосида ёзилган эмас”. Муҳаммаджон ака   эса А.Л.Кун тўплаган ва уни   тадқиқ қила бошлаган   П.П.Ивановнинг ишини давом   эттириб, олиб борган   тадқиқотлари билан Шарқ   ҳаётидаги бутун бир   тарихий давр­­ни янгича ёритишга муваффақ бўлди. Жами   ўн бир минг варақдан иборат Кун тўплаган коллекцияни Салтиков-   Шчедрин номидаги халқ кутубхонасидан, Осиё музейидан   топиб тавсифлаш ва текшириш, таржима   қилиш табиийки осон   бўлмади. Бунга М.Йўлдошев йиллар   давомидаги сабр матонати эвазига   эришди. Муҳаммаджон Йўлдошев А.Л.Кун тўплаган, П.П.Иванов давом   эттирган илмий тадқиқотнинг давомчисидир. Афсуски, унинг   вафотидан сўнг, Хива   хонлигининг архив ҳужжатларини ўрганиш (1511-1920 йиллар) билан кейинги даврда   ҳеч бир тадқиқотчи шуғулланмади. Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номидаги   халқ кутубхонаси қўлёзмалари   ўз тадқиқотчиларини интизорлик   билан   кутиб ётибди…

Қани эди ушбу қўлёзмалар халқимизнинг тарихига оид нодир мерос ўз Ватанимизга қайтарилса, бу оламшумул вақеа бўлар эди.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =