Матбуотимиз дарғаларидан эди

Таниқли публицист ва ношир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда “Жасорат” медали соҳиби Зиёд Исломович Есенбаевнинг Ўзбекистон журналистикаси ривожига қўшган ҳиссасини кўпчилик яхши билади.

У файзли умри давомида туман, вилоят ва республика марказий газета ва журналларида самарали фаолият кўрсатган. Қарийб йигирма йил Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасини бошқарган. Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватловчи жамғарма бошқаруви раиси лавозимида ҳамда “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири сифатида ўз маҳорати ва билимини намоён этган эди.

Зиёд Есенбаев мустақил Ўзбекистон журналистикаси ривожи ва ёш мутахассисларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшган устоз ҳамдир.

Жорий йил 21 июнь куни давлат ва жамоат арбоби Зиёд Есенбаев таваллудига 100 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан устоз журналист хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, З.Есенбаевни яқиндан билган, ўз даврида у киши билан бирга ишлашга муяссар бўлган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Фахрийлар кенгаши” раиси Жаббор Раззоқов, фахрий ношир Ботир Диёров, таниқли журналист ва адиб Неъмат Ёқубов, устоз журналистлар Ўткир Зокиров, Ҳамид Султонов, Солиҳ Ёқубов, Ирисмат Абдухолиқов ва бошқалар аввал “Минор”   қабристонига бориб, устоз қабрини зиёрат қилишди. Сўнгра, З.Есенбаев хонадонига ташриф буюриб, унинг оиласи, яқинлари даврасида устозни хотирладилар.

Устоз журналистнинг ибратли ҳаёт йўли, эзгу фазилатлари ёдга олинди.

— Зиёд Исломовични 1965 йили биринчи бор таниганман, — деди таниқли журналист Жаббор Раззоқов. — Ўз даврида юртимиздаги нашриётлар, босмахоналар, газеталар фаолиятини йўлга қўйишда бош-қош бўлганлар.

— Отамизни билганлар ҳар доим яхши хотиралар билан эслайди, — деди устознинг ўғли Шерзод Есенбаев. — У Иккинчи жаҳон урушининг бошидан охирига қадар фронтда мардонавор курашган. Ноширлик, матбаа, журналистика ривожига катта ҳисса қўшган отамизнинг порлоқ хотираси ёдга олиниб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирамиз.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров устоз Зиёд Есенбаев ёд этилган кечада таъкидлаганидек, бундай тадбирлар ёш журналистларни матбуотимизнинг шонли тарихи, ўша вақтлардаги ўта мураккаб оғир шароитларда, турли тўсиқларни енгиб, мардонавор фаолият олиб борган фидойи дарғалар ҳаёти ва ижодий фаолияти билан таништиришда муҳим ўрин тутади ҳамда уларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − six =