Шоирнинг қурувчи устози

Муболағасиз айтиш керакки, бизнинг авлод Абдулла Орипов шеърларини ўқиб, ёд олиб улғайди. Қишлоғимиздан сал нарироқда – Некўзда туғилган бу инсон талабалик йиллариданоқ халқ орасида гўзал, ўзига хос шеърлари билан танилиб бўлганди. Шоир ҳақида гап кетганда, айниқса, ёши улуғлар: “Ҳа, Ўзбекистоннинг зўр шоири-да, шеър деганни Абдулладай ёзсанг… э, отасига раҳмат!”, – деб фахрланиб қўйишарди. Ҳақиқатан ҳам, Абдулла ака ўша пайтлари шеърдан шеърга ўсиб бораётган, номдор адиблару таниқли адабиётшунослар назарига тушган келажаги ёруғ шоир эди. Зеро, у инсон ҳақида қанча гапирсанг, қанча ёзсанг арзийди.

Кўпчиликка маълум, 1965–1970-йиллар оралиғида Абдулла Ориповнинг шеърий тўпламлари кетма-кет чоп этилиб, самимий ва мулоҳазага ундовчи сатрлари халқ орасида анча-мунча машҳур бўлди. Ҳеч муболағаси йўқ, Абдулла Ориповнинг мухлислари кўпайгандан кўпаяверди. Бу халқона, оддий, гўзал шеърларнинг муаллифи билан учрашиб, суҳбат қилишни истаганларнинг саноғи кун сайин кўпайиб борди.

Кечагидек эсимда… 1975 йилнинг охирлари эди. Ўшанда ижодкор акамиз Нормурод Нарзуллаев қизини турмушга бераётган эди. Тўйда Абдулла Орипов билан учрашиб қолдик. Тўйхона фойесида таниш-билишлар билан суҳбатлашиб турсак, ичкаридан Абдулла ака чиқиб келди. Биз билан кўришди, ҳол-аҳвол сўрашди, даврадагиларнинг кўпчилигини яхши танигани боис, суҳбат қизғин тус олди.

Бир зумда Абдулла аканинг атрофига шеърият муҳиблари тўпланишди. Суҳбат орасида даврадагилар бераётган саволларга билимдон, зукко шоир ажойиб жавоблар бериб, ҳаммани қойил қолдирарди. Мен ҳам ёшлигимдан шоирнинг шеърларини ёд олган, бу инсонга ҳурматим баланд эди. Пайтдан фойдаланиб, Абдулла акадан: “Устозингиз ким, қайси шоирни устоз деб биласиз?” – дея сўрадим. Абдулла ака бироз сукут сақлади, чамамда кўнг­лидан нималарнидир ўтказди, кейин вазминлик билан гап бошлади:

— Ука, менга кўпчилик бу савол билан юзланган. Сизга айтсам, устозим бошқаларнинг устозига ўхшамайди, у киши шоир ҳам эмас…

Даврадагилар бирдан ҳушёр тортди. Ҳамма бу номдор шоирнинг устози ким экан, дея Абдулла аканинг оғзини пойлайди.

— Ўшанда ўқишнинг биринчи курсини тугатиб, таътил бошланиши билан қадрдон қишлоғим – Некўзга   келдим, – деб гапини давом эттирди Абдулла ака. – Ота-онам, ака-укалар билан дийдорлашдим, улардан ҳол-аҳвол сўрадим. Орадан бир муддат вақт ўтгач, отам: – Уйимизга меҳмон келган, кўришиб чиқ, – дедилар. Меҳмонхонага кирсам, отамнинг эски қадрдони Ғайбулла ака чой ичиб ўтирган экан. Ғайбулла бобони анчадан бери билардим, у киши отам билан ёшликдан дўст тутинган ва азалдан бир-бирлари билан борди-келди қилишарди.

— Абдуллажон, – дея гап бошлади Ғайбулла бобо, ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимиздан кейин. – Болалардан эшитиб қолдим, шеър ёзармишсан, шеърларинг газеталарда ҳам чиқиб тураркан. Кўп яхши-да! Тошкентдан янги шеърларингни олиб   келгандирсан? Қани ўша шеърларингдан бир эшитайлик — деди фахр билан. Отам ҳам суҳбатга қўшилди:

— Қани ўғлим, янги–янгиларидан ўқи. Ғайбулла бобонгнинг гапи ерда қолмасин-а.

Мен бу икки оқсоқолнинг гапларидан завқланиб кетдим ва шеър ўқишни   бошладим. Шеър Москва, Кремль ҳақида эди. Ғайбулла бобо шеърни диққат билан тинглади ва қалин болишга суяниб, қаддини бироз кўтарди.

— Яхши, яхши… яша ўғлим! – деб, сукутга чўмди. Бироздан сўнг гапида давом   этди:

— Абдуллажон, болам, шеъринг яхши, равон ёзилибди, – деди Ғайбулла ака соқолини силаган кўйи. – Ҳа, аммо болам, Масковда бўлганмисан ўзи? Кремлни ҳеч   кўрганмисан?

— Йўқ, мен ҳали Москвада бўлмаганман, Кремлни ҳам кўрмаганман. Ғайбулла бобо жавобимни эшитгач, бироз тин олиб, гап бош­лади:

— Абдуллажон, болам, сенга насиҳатим шуки, бундан кейин шеър ёзганингда,   албатта, кўрган-кечирганларингни ёз. Шунда шеърларинг ишончли чиқади.

— Шунақа гаплар, – деб гапини давом эттирди Абдулла Орипов. — Ғайбулла ака бор-йўғи, қурувчи бўлган. Қурувчи бўлса ҳам, қаранг, қандай теран фикрлайдиган одам эди. Ғайбулла аканинг неча йиллар олдин берган насиҳатлари ҳали-ҳали ёдимдан чиқмайди. Ҳа, менинг биринчи устозим ана шу инсон эди. Унинг жўяли маслаҳатлари менга бир умр сабоқ бўлди…

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан атоқли, ардоқли шоир Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Абдулла ака ҳаёт бўлганида, давраларнинг тўрида, шогирдларининг эъзозида юрган бўларди. Афсус­ки, бу инсон бугун орамизда йўқ. Аммо унинг бетакрор, сермазмун, фалсафий, халқимиз қалбидан аллақачон чуқур жой олиб улгурган шеърлари, у яратган мустақил Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси ҳамиша барҳаётдир. Ҳа, шубҳасиз Ўзбекистонимизнинг бемисл, ўз овозига эга, бетакрор шоири, ажойиб инсон Абдулла Орипов орамизда жисман бўлмаса-да, маънан барҳаёт, дилларимизда, тилларимизда, қалбларимизда, шеърларимизда яшайверади.

Абдурашид МАҲМАТОВ,

тиббиёт фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 17 =