Бобомнинг ўгитлари

Хотира — ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр — инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш кунининг мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

1999 йили 9 май куни мамлакатимиз пойтаxти Тошкент шаҳрида Xотира майдони ташкил этилди. Шу кундан бошлаб 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинади.

Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтмоқчи эдим. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай де­йилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни Аллоҳ томонидан буюрилди). Энди қабрларни зиё­рат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади”.

Яъни, ўтган яқинларимизнинг қабрини тез-тез зиё­рат қилсак, юрак бўшайди, кўнгиллар жунбушга келиб, кўздан ёш қалқийди. Бу орқали ғуборлар ювилади.

Ушбу кунда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, бу аёвсиз жангу жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар xотираси баробарида, балки авлодимиздан ўтган яқинларимизни ҳам эслаш одат тусига айланган. Бу билан уларнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлади.

Шундай экан, хоҳ қариндош, хоҳ бегона бўлсин, бу дунёни тарк этдими, фақатгина ўтган кишиларнинг яхши хислатлари, у билан ўтган яхши кунлар эсланади. Ўтган инсонни “у яхши инсон бўлган эди”, дея ёдга олиниши фарзандлар, набиралар учун фахр туйғусини бағишлайди.

Нафақат ўзлари балки, улар қилган ишлар, қолдирган ўгитларини доимо ёдда сақлашимиз зарур. Шу кунларда маҳалладошлари юрагидан, қишлоқдошларининг қалбидан жой олган бобом Бегмамат Бойтурдиевни ҳам эслашни жоиз деб биламан. Бобом 1953 йил 6 апрелда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида оддий деҳқон оиласида таваллуд топган эди.

Бобом бир неча йиллар мактабда ўқитувчи, маҳалла йиғинида турли вазифаларда ҳалол меҳнат қилиб келган. Эсимда, мактаб кезлари ҳар йилги ёзги таътилда бобомларникига борардик. Улар билан гурунглашиб ер чопиш, ерларни суғориш ишларига ёрдам берардик, ҳовлисига турли кўчатлар экардик. Бобожоним таътилга чиқишимиз биланоқ телефон орқали онамга:

— Содиқвойни қишлоққа жўнат, — дер эдилар.

Мен ҳам бу гапдан илҳомланиб қишлоққа ошиқардим. Қашқадарёга боришим биланоқ ҳар бир куним янаям қувончли, турли воқеаларга бой ўтарди. Бобом Тошкентдаги янгиликлардан сўрардилар. Мен шошилмасдан сўзлаб берардим. Улар билан ишхоналарига борардик. Уларга маҳалла гузарида ҳам баъзи бир юмушларга кўмаклашардим. Сабаби, бобомнинг ишхоналарига маҳалла аҳли ёрдам сўраб келар эди. Бобом эртага кел, деб бирортасини қайтармаганлар. Ҳар бир кишининг муаммосини жо­йида ҳал қилиб берар эдилар. Шу сабабми, ҳали ҳануз бобомни жуда илиқ таассуротлар билан эслашади. “Домла бетакрор инсон бўлган эдилар”, деган яхши фикрлар аҳоли оғзида юради. Биз буни эшитиб Бегмамат Бойтурдиевнинг набираси эканлигимиздан ғурурланардик.

Бобомнинг бир гаплари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Ким билан суҳбатлашсанг ҳам “Кўзига қараб гапир, шунда суҳбатдошинг хушёр бўлади”, деган эдилар.

Маҳаллада ишлашнинг ўзига яраша қийинчилиги, масъулияти бўлади. Ҳар хил касбли, турлича феъл-атворли кишилар билан муомалада бўлиш керак. Бобом буни уддасидан чиққанлар.

Маърака бўладими, тўй бўладими барчасида “домла”ни чақирайлик, улардан маслаҳат олиш керак”, дея ўзлари келиб олиб кетишар эди. Бунга ўзим бир неча маротаба гувоҳ бўлганман.

Ҳа, айтгандай, “Домла” деганда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганлари сабаб бутун қишлоқ аҳли бобомни “Домла” деб чақиришaр эди. Нафақат маҳаллада ишлаш, балки ҳар баҳорда ҳовлисига турли хил мевали дарахтлар, сабзавотлар экардилар. Мана шу сабаб, ҳовлига кирсангиз, табиатни чиройлилигини кўриб кайфиятингиз кўтарилади.

Демак, ҳар бир кунимизга шукроналар айтиб, ўтганлар ҳаққига дуо қилиб, уларни эслаб қўймоғимиз фазилатдир.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 10 =