Арзон чипта ортидаги қоя
Қирқ бир ёшимда отамнинг дуоларини олиб, Тошкентга ўқиш илинжида келдим. Ёшликда икки бора келиб эшигини очолмай қайтиб кетганим ТошДУ — ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети даргоҳи учинчи марта келганимда мени илиқ қарши олди.
Назаримда, бу бино мен учун дунёдаги энг баланд бинолардан бири эди. Орзуларим ушалганидан еру кўкка сиғмасдим. Олий адабиёт курсида ўқишни бошладим. Ҳамма менга ажабсиниб қарарди. “Ёши бир жойга бориб қолган бу одамга талабаликдан не наф”, каби пичинг сўзларни кўп эшитдим. Кўпгина талабалар эса мени янги иш бошлаган ўқитувчи бўлса керак, деб эҳтиром билан салом беришарди. Баъзан хатти-ҳаракатларимдан ўзим уялардим. Айниқса, талабалик гувоҳномам билан арзон йўл чиптаси харид қилиб, метрога тушганларимда.
Бир гал чипта олаётсам, ички ишлар ходимлари атрофимни ўраб олишди ва роса изза қилишди. Чиндан ҳам талабаман десам ҳам барибир ишонишмаган. Начора, арзон чиптадан воз кечишимга тўғри келган…
Бир куни мени филология фанлари доктори, профессор Абдуғофур Расулов (охиратлари обод бўлсин) ёнига чақириб, таржимаи ҳолим билан қизиқди. Мен у кишига йигирма йилдан ошиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, ҳаёт мактабини ўтаганимни айтдим. Домла сўзларимдан ҳаяжонланиб кетди. “Кўпчилик мол-дунё илинжида чет мамлакатларда юрган бир пайтда, сиз адабиётни танлаб тўғри иш қилибсиз…”. Устознинг мана шу биргина сўзи менга жуда катта куч бағишлаганди. Ўз устимда янада қаттиқ ишлашга киришдим. Қолган барча майда-чуйда гаплар ортда қолди.
Домла қаерда адабиётга, маънавиятга бағишланган тадбир бўлса, албатта, боришимни маслаҳат берарди. Устоз сабаб кўплаб дўстлар орттирдим. Биродарим Нурбек Нишонов билан Абдуғофур Расуловнинг Дўмбирободдаги ҳовлисига тез-тез бориб, ҳикматли гурунгларидан баҳраманд бўлардик.
Бу ёруғ оламда биргина илиқ сўз гоҳо кўнглингни тоғдек кўтариб, сени етти ёт бегона одамга қадрдон қилиб қўяркан ёки энг яқинингдан узоқлаштирар экан. Абдуғофур ака ўзбек адабиётида ўз сўзи ва ўз ўрни бор катта олим эди. У киши халқимизнинг жасоратли зиёли фарзанди, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарофиддиновнинг эътирофи ва дуоларини олган, фидойи инсон эди.
Тунов куни дўстим Нурбек Нишонов билан устознинг уйларига бордик. Бизни Раънохон ая қарши олди.
— Домла умрини адабиётга бахш этди. Ёзганлари пешма-пеш матбуотда эълон қилинарди. Оламдан ўтганларидан кейин, чеккада қолиб кетгани бўлса бирор газетага берайлик девдик, биронта ҳам чиқмай қолган қўлёзмаларини тополмадик. Ҳамма ёзганлари газета ва журналларда эълон қилинган экан, — деди Раънохон ая.
Устоз Абдуғофур Расулов ҳақида кўп ёзилган. У киши ўзбек адабиётининг чинакам жонкуяри эди. Сўзлаганларида жуда майин, ширали овози билан суҳбатдошини сеҳрлаб қўярди.
Ўйлайманки, ҳали азиз домламизнинг чин инсоний фазилатлари, камтарин ва беғубор боладек пок қалбли эканлиги, жуда меҳнаткаш инсон бўлганликлари ҳақида салмоқли, тош босадиган хотиралар ёзилажак. Насиб этсин.
Устоз ёди у кишининг энг яқинлари қатори, кўплаб шогирдлари қалбида, ёзиб қолдирган ўнлаб дарсликлари, адабий тадқиқотлари билан барҳаётдир.
АХТАМҚУЛИ