Умрбоқийлик

Шуҳрат Аббосов таваллудининг 90 йиллиги

 

Фильмлар аслида тез эскиради. Ҳам мазмунан, ҳам суратга олиниши ва монтаж сифати, тас­вир ҳамда овоз уйғунлиги жиҳатидан маълум вақт ўтиб, қайсидир даврда экранлардан тушмаган картинага талаб бўлмай қолади. Лекин “Тоҳир ва Зуҳра”, “Сен етим эмассан”, “Тошкент – нон шаҳри” каби нодир дурдоналар ҳеч қачон эскирмайди.

Аввал 1966-67 йилларда “Тошкент — нон шаҳри” фильми суратга олинди. Бу кино тасмаси ҳозир ҳам севиб томоша қилинади, чунки халқимиз кўнглидан чуқур жой олган.

Унинг экранларда умрбоқий бўлишида биринчи навбатда режиссёр Шуҳрат Аббосов(Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин)нинг малакаси, билими ва кўп йиллик тажрибаси муҳим аҳамият касб этади.

Шуҳрат Аббосов истеъдод ва заковат соҳибларини ардоқларди. Ниҳоятда камтарин инсон эди. Шуҳрат ака Раҳмат Файзий, Саид Аҳмад, Тоғай Мурод, америкалик ёзувчи Уильям Сароян ва бошқа кўплаб қобилиятли ижодкорларни ҳамиша атрофида бирлаштирган. Ҳар бир картинаси устида сўзни ҳис қила оладиган, залворли фикрни таний оладиган устозлар ишлаган, уларнинг маслаҳатига таянган.

Чиндан ҳам “Тошкент — нон шаҳри” фильмини кино санъатимизнинг нодир намунаси дея оламиз. Собиқ иттифоқ даврида бундай кино ишлаш ниҳоятда мураккаб эди. Чунки сценарий, фильм, ҳатто роль ўйнайдиган актёрлар ҳам “марказ” — яъни Москва чиғириғидан ўтар эди. Бу “тартиб” миллий киночилигимизда ўша вақтлар Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Али ибн Сино сингари буюк боболаримиз ҳақида фильм яратишга имкон бермаган.

Ҳатто “Тоҳир ва Зуҳра” фильми қаттиқ танқидга учраган, “Тошкент — нон шаҳри” кес­кин равишда қисқартирилиши талаб этилган. Аммо Шуҳрат Аббосов асло бунга рози бўлмайди. Ахир, асар юзлаб инсонлар меҳнати эвазига суратга олиниб, йиллар давомида унинг устида тер тўкилган бўлса?! Лекин… “Тошкент — нон шаҳри” фильми барибир “қайчиланади”. Кино ихлосмандлари ва ижодкорларнинг бир қисмигина кичик залда ўтказилган “Ёпиқ тақдимот”да кинонинг аслини тўлалигича кўришга муяссар бўлишган, холос…

Фильмнинг атиги икки эпизодини таҳлил қилиб ҳам, унинг юксак савияси, таъсирчанлиги ҳақида бемалол фикр юритиш мумкин.

Ўтган асрнинг 20-йилларида Волга бўйларида қурғоқчилик, очлик ҳукм сурганини режиссёр, аввало, хроникал кадрларда кўрсатади. Сўнг ана шу ҳужжатли лавҳалар стилистикасида бадиий кинонинг кадрларини қуришга интилган. Ва бу мураккаб вазифани уддалаган ҳам!

Волга бўйидаги оч қолган қиш­лоқ. Егуликка зор хонадон. Она касалга чалинган. Бир бурда нонга зор уч гўдак бўм-бўш стол атрофида ўтирибди. Бўш декчани болакайлардан бири бошига кийиб олади. Икки укаси уни қошиқлар билан савалайди… Нон излаб Тошкентга боришга қарор қилган Миша хаста онасининг эътирозига жавобан вафот этган отасидай, хонанинг у бошидан бу бошига шаҳдам қадам ташлаб, атрофидаги буюмларни улоқтириб, отам: “Оила бошлиғи энди сен бўласан, деган. Бораман нонга, тўкин Тошкентга!”, — дейди.

Фильмнинг сўнгги эпизодида Миша Тошкентда орттирган кичкина хазинаси билан уйга қайтганида, юриш-туриши, гап-сўзи, ўзини тутиши ўзгарган, кўпни кўриб, мусофирчиликнинг аччиқ-чучугини тотиб, оқу қорани таниб қолганди. Вазмин сўзлайди. Аста қадам ташлайди…

Орадан тўрт йил ўтар-ўтмас Шуҳрат Аббосов янги фильм яратади. Лекин ўша даврдаги ҳукмрон партия­­га бу асар умуман маъқул бўлмайди. Жумладан, каминанинг ўша йиллари “Правда Востока” газетасида чоп этилган мақоласи ҳам маълум орган қўмитасида эътироз билан тилга олиниб, фаолиятимга “чизиқ тортилгани”ни менга етказишганди. Бироз фурсат шу ҳолда яъни “қора рўйхат”да яшашга мажбур бўлганман.

Шуҳрат Аббосов фильмларида фронт ва жанг майдонидаги қонли воқеалар, кескин диа­логу ғазабнок ҳолатлар билан бирга баҳор нафаси, висол онларига ташна бўлган жангчининг файзли уйи, оиласи соғинчи, меҳр қўйган рафиқасига бўлган садоқати ҳам маҳорат билан тасвирланган. Юртига, гуллаган қишлоғига ошуфта бўлган қаҳрамонлар боғ ва сой соҳиллари узра елиб югуради… Тезлашиб бораётган шаҳдам қадам, очиқ чеҳра, атроф гўзаллиги эса ундан қолишмайди. Шу пайт­­да ўрик рангидаги ёқимли, кўнгилга яқин мусиқа садоларини кўз илғагандек бўлади. Келин­чаклардек саф тортиб турган гуллаган ўрик қаторлари майин, тароватли кўринади…

Тинч ҳаёт нашидасини оператор Ҳотам Файзиевнинг камераси зийрак объективи билан рангли тасмаларга муҳрлаган. Мелодраматик сюжетларда ниҳоятда истеъдодли актёрлардан Ҳикмат Латипов, саҳнада бой малакасини намойиш этиб келаётган Пўлат Саидқосимов, киноактриса Аида Юнусова, Ёқуб Аҳмедов ва бошқа ижро санъати усталарининг талқини, ижро маҳорати акс этган. Актёрлар ижроси жиҳатидан бенуқсон — эпизодда “тугун” ечилгандек бўлади.

Шуҳрат Аббосовнинг режиссёрлик маҳоратини эътироф қилган ҳолда, 1971 йилда суратга олинган “Муҳаббат можароси” фильмининг халқ орасида машҳур бўлишида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг ҳам хизматлари беқиёс эди. Ёзувчи фикр кўлами кенглиги, профессионал тажрибаси фильмнинг теран кадр­лари ижод этилишида муҳим омил бўлган.

Ҳа, бу йил катта истеъдод соҳиби, ўзбек кинорежиссёрларининг устунларидан бўлган Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов ҳаёт бўлганида 90 ёшга тўлган бўлар эди. Улуғ санъаткор барча асарларида ҳақиқий ўзбек халқининг ёрқин тимсоли, оддий одамлар яшаш тарзини ёритган эди. Миллий киночилигимизнинг мазкур дурдоналари ҳали кўп йиллар давомида халқимиз юрагида муҳрланиб қолишига шубҳа йўқ.

Ҳамидулла АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 6 =