МАҲАЛЛАДОШЛАРИМ АРЗИГА ҚУЛОҚ ТУТИНГ

Маҳалладошларим Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига қарашли “Бободеҳқон” маҳалласидагилар “Сиз маҳалламиздансиз, шу ерда туғилиб, шу маҳаллага келин бўлдингиз. Илтимос, “катта”лар ўқишсин, аҳволимизни ёзинг”, — деб сира қўйишмади. Қолаверса, ўзим ҳам бувимнинг ҳаёти так­рорланмасин-да, деб беҳад хавотирдаман. (Бу ҳақда қуйироқда айтиб ўтаман).

Ахир, ўғлим пандемия пайтида рўзғордан қисиниб, усталарга ёлланиб, уйимиз этагидаги битмаган бино устига 13×7 ҳажмли уй кўтарди ва Абдуваҳоб деган тадбиркор йигитга топширди. Абдуваҳоб катта йўл бўйигача бир сотихлик ерга асфальт ётқизди, учта ўчоқ ва иккита тандир қурди.

Буларнинг бари — фалон пул. Пулни “ижара” ҳисобига қоплашга келишдик. Аммо “ўчоқни буз, давлат ерини “заҳват” қилиб, қурган соябонларингни йўқот”, деб келишди.

Ўғлим не-не орзу ўйда атрофни гуллар билан безаб, соябон қилган устунларни арралаб, беш-ўнта “зонтик” сотиб олиб, беш нафар сўқоқлик сомсапазларни ёллаб, “Сўқоқ” ва “Мадор” сомсаси ёптира бошлаганди. Катта йўл бўйимасми, қолаверса, уч аёл ва икки эркак ишли бўлганидан хурсанд, ном чиқарга ишлаганиданми, ошхона олди гавжумлашди. Яна тандир қурди. Бу сафар янгийўллик сомсапаз эр-хотинни чорлаб, уларга ҳам иш берди.

Она-бола татар аёллар ҳам келиб, “гумма”, “блинчик”, “чебурек”лар пишира бошлади. Маҳалламиздагилар ҳам хурсанд эди, сотувчилару иш берувчи ҳам. Аммо яна Юнусобод туман прокуратурасиданман деб бир йигит келиб, ҳамма ошпазларни қувиб юборди.

Кўча четида айрон, гўжа сотувчилар, тарвуз-қовун сотиб кун кўрувчилар, Намангандан келиб тахта сўри сотиб тирикчилик қилувчилар, арчачилар — бариси билан ёқалашгудек бўлиб,   ҳаммасини ҳайдашди.

Маҳалламиздан икки қаватли уй бошлаган Олим, автосервисга мўлжаллаб ўн нафар усталарга иш бериб иморат қураётган Акбарнинг ишлари ҳеч қандай расмий ҳужжатсиз, хат ёки ҳокимият қарорисиз тўхтатилди. “Туркистон” ресторанининг ойнаванд қишки боғи ҳам бузилиб, катта йўл ёқаси харобага айланди. Энди янги гап: “Уч қаҳрамон”дан Тошкент давлат Аграр университетигача бўлган уйларнинг фалон метригача бузилиб, Тошкент ҳалқа йўли кенгайтирилармиш!

Ота-боболаримиз деҳқончилик қилиб уй-жой қуриш учун олган ер участкалари йиллар ўтиб, зурриёдлар кўпайиб, ҳовли-жойларга айланган. Ҳамма уй, қурилган бинолар бузилса, албатта, одамларга ер ёки пул берилади.

Тайёр, чиройли уйларни бузмай, ишсиз, зўрға кун кўраётганларни аламзада қилмай, кўча шаҳар тарафданмас, Тошкент тумани далалари атрофидан ўтса бўлади-ку. Тўғри, у тарафда ҳам бир-иккита дўкон ва бекатлар бор. Лекин аҳоли зич яшайдиган ҳовли-жой, иморатлар йўқ-да у томонда.

Бу гапларни маҳалладошларимнинг фикридан уқиб ёзяпману,   аммо ич-ичимдан шиғил ҳосилидан кўз яшнатиб шира тортишга шайланаётган узумзоримизни, қанча куч ва маблағ кетган икки қаватли ошхонамизни кўз олдимдан ўтказиб, бувижонимнинг ҳаёти маҳалладошларимда ҳам так­рорланмасайди, деб турибман.

Айтишларича, ўтган асрнинг ўттиз учинчи йилида Абдуазим бобомнинг ҳовлисига бир эркак ва аёл кириб келган ва “боғингиз “Ильич заводи” кенгайиши учун бузилади”, деган. Бобом раҳматли: “Беш фарзандимнинг оғзи мевага тегсин, ғўра узумларим пишгунча сабр қилинглар”, десалар-да боғни буза бошлашган.

Ҳали у бузувчининг, ҳали бу буз­ғунчининг ёнига бориб “ахир, шундан бошқа даромадимиз йўқ” — деб дод солган бобом оёқ-қўли ишламай,   дудуқланиб, “инсульт” бўлган! Бир ҳафта ўтмай ишсиз, ҳунарсиз хотинига гўдакларини ташлаб оламдан ўтган…

Айнан, ҳозирги ҳовли-жойга бувимнинг тоғалари кўчиб келган. Мурғак болалар колхозда бошоқ терган, каттароқлари картошка эккан. Қўшниларимнинг ҳам ўз тарихи бор. Бирининг фарзанди ногирон, бошқасининг келини касалванд. Бирининг тайинли иши, яна бирининг боқувчиси йўқ.

Аслида бу “буза-буз”лар “Бошплан”га кирганми ёки бошқа мўлжал борми, ҳайронмиз…

Президентимиз ҳамма нарса қонуний бўлсин, одамларни рози қилинг­лар демоқда. Юнусобод туманидаги мутасаддилар эса ҳеч кимнинг арзини эшитаётгани йўқ.

Умида АБДУАЗИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ҳодими,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + five =