“КАФОЛАТ ТАЪМИР”дан аҳоли розими?

Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини 1,4 миллиард еврога модернизация қилиш режалаштирилмоқда деган хабарни шу йилнинг август ойларида “Kun.uz” ижтимоий тармоғида ўқиган эдим. Унда Тошкент шаҳрида 9 165 та кўп қаватли уй, 3 475 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда магистраль ва тарқатиш тармоқларининг 72 фоизи, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90 фоизи эскирган деган маълумот ҳам келтирилган эди.

Наҳотки, Ўзбекистоннинг пойхтидаги кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими аҳволи шундай бўлса, деган ачинарли фикр хаёлимдан ўтди. Лекин бу айни ҳақиқат эканлигига жонли гувоҳи бўлдик. Шу йил Тошкент шаҳридан уй сотиб олиб, оила аъзоларим билан кўчиб келдик.

Мен пойтахтдаги кўп қаватли уйларда куннинг совуқ кунларида муаммо бўлмаса керак деган фикр­­да эдим. Сабаби, Олмалиқ шаҳрида — биз яшаган кўп қаватли уйда деярли куннинг совуқ, иссиқ кунлари бўлишига қарамай иссиқлик тизимида ва бир сўз билан айтганда ширкат билан боғлиқ муаммоларга дуч келсак тезда бартараф этилар эди.

Янги сотиб олган уйимиз сантехник ҳолати таъмирга муҳтож бўлиб қолган экан. Биздан аввал ижарачилар яшаганлиги боис уйнинг ҳолатига қарамаган, кўп қаватли уйларга масъул ширкатга ҳам мурожаат қилмаган бўлса керак деган фикрда эдик. Қўшниларимизнинг айтишига қараганда уйимизда яшаган ижарачилар пайтида иссиқлик тизими билан боғлиқ ноқулай вазиятлар бўлган экан. Уйнинг сантехник тизимини таъмирламасликнинг иложи йўқлигини билиб, Юнусобод тумани 19-мавзега қарашли уй-жой мулкдорлари ширкатига қўнғироқ қилдим.

Гўшакни оператор олиб, ширкат номини “Кафолат таъмир” деб айтди ва бизга сантехник кераклигини айтганимизда, манзилимизни ёзиб қолди. Ширкат ходими келиб, бу хизмат тури хонадон эгаси томонидан қилиниши кераклиги ва ширкат ваколатига кирмаслигини айтди.

Сўнгра, масъул ходим “фалон” сўм берилса, ширкат томонидан таъмирланиб берилишини билдирди. Буни эшитиб илгари яшаган уйимизда ҳам мана шундай ишларга катта пул кетмаган эди-ку деб, ўйланиб қолдим.

Наҳотки, “Кафолат таъмир”дагилар нохуш ҳолат юз берса-да, ўз ҳудудига қарашли бўлган хонадондаги ҳолатга, бефарқлик билан қарашса? Ахир, Президентимизнинг кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимига оид тегишли қароридаги ширкатлар 24 соат мобайнида фаолият юритадиган диспетчерлик ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматини ташкил этиши зарурлиги ҳақидаги бандлар ижроси қаерда қолди? Бугунги кунда қарор ижросини таъминлаш мақсадида ширкатларда қилинаётган ҳаракатлар назаримда,“кўз бўямачилик”, “хўжа кўрсин” учун ташкил этилаётгандай?

Шундан сўнг, мен яшаган Олмалиқ шаҳридаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Мўйноқ орол” ширкати раҳбари Муҳтарам Исоқовага қўнғироқ қилдим ва бу борада улардан мутахассис сифатида маслаҳатларини олдим. Дунёда ўз касбига фидойи, халқ хизматини улар учун ифтихор туйғуси деб биладиган инсонлар ҳам бор. Бу инсон ёрдами билан “фалон” пулга эмас, уйимиз оддий оиланинг чўнтаги кўтарадиган маблағга таъмирланди.

Майли бу уйимиздаги таъмирга муҳтож ҳолатга биз жавобгардирмиз. Лекин “Кафолат таъмир” ширкати аҳолига кўрсатаётган хизмати бугунги замон талабига жавоб бермайди, деб ўйлайман. Куннинг қаҳратон совуқ кунлари кириб келмоқда, афсус ширкат бунга тайёр эмасдай, иссиқлик тизими бир хонани яхши иситса, иккинчисида бунинг акси.

Мен ширкатнинг бундай камчилигига кўз юмдим, аммо масаланинг яна бошқа томони мени анчагача ўйлантирди. Ширкат масъули биз улар айт­ган хизматдан фойдаланмаганимизга ёки бошқа сабаб биланми, “Юрт­обод” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли профилактика инспекторининг айтишига қараганда устимиздан арз қилиб, мурожаат этишибди.

Профилактика инспектори уйимизда ишлаётган сантехник усталарни   хизмат хонасига олиб кетиб рухсатсиз “ертўлага киргансан, “ертўла эшиги қулфини бузгансан” қабилидаги тушунтириш хатларини ёздирибди. Ваҳоланки, ширкатга бир неча бор қўнғироқ қилиб, уларни огоҳлантирганмиз.

Қолаверса, юқорида айтилган коммунал соҳасидаги муаммолар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Ўз ишига масъулиятсизлик билан қараш оқибатида юзага келган десак янглишмаймиз. Кичкина муаммолар ўз вақтида олди олинмаса, йиллар ўтиб катта сарф харажатларни келтириб чиқарадиган катта муаммога айланиши шубҳасиз. Бундан эса одамлар жабр кўради. Истардимки, ширкатларнинг нотўғри қадамидан, лоқайдлик ва сансалорликка ботган аҳволидан халқ жабр чекмасин!

Лобар ШОМУРОДОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + two =