ТАРИХ ТАСВИРЛАРДА ТИРИЛСА

ёхуд Сергели даҳасидаги “хазина”

Бундан йигирма икки йилча муқаддам “Жалолиддин Мангуберди” картинаси томошасидан олган завқу шукуҳни ҳамон эслаб юраман. Назаримда, у мусаввир тарафидан ўйлаб топилган сиймо — фантазия маҳсули эмас, балки Султоннинг ҳаракатланаётган фотосидек туюлган эди: қўлини сал чўзса, қилич қинидан чиққудай… Ҳаммасидан ҳам халоскор кўзида учқун сочиб турган шижоат олови каминани ҳис-ҳая­жонга солди. Ўзимча мулоҳаза юрита бошладим: йўқ, буни Тўра Қурёзов эмас, подшоҳнинг ёнида юрган Насавий чизган!
Насавий таърифлаганки: “… У шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботир эди. У юввош, мулойим одам эди, жаҳлдор эмасди, ҳақоратомуз сўзларни айтмасди. У ниҳоятда жиддий эди, кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди. У ҳақгўйликни, адолатни улуғларди, аммо у яшаган даврдаги ғалаёнлар, алғов-далғовлар феъл-атворини ўзгартирди. У қўл остидаги одамларнинг оғир ҳаётини енгиллаштиришни хоҳларди, аммо у яшаган давр қонунлари уни зулм қилишга мажбур этарди” (Шиҳобиддин Муҳаммад ан- Насавий. “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти”. Рус тилидан Камол Матёқубов таржимаси. Тошкент, 2006. 295-296 бетлар).
Айтишларича, Ашхабод шаҳридан сал наридаги қадимий Наса шаҳри ўрни тарихий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган экан. Айнан ўша шаҳар яқинида Шиҳобиддин Муҳаммад туғилиб-ўсган. У Хурандиз қалъасининг волийси бўлган. Киндик қони тўкилган юрт сифатида Наса номини тахаллус рутбасида танлаган. Кейинчалик эса Султон Жалолиддиннинг муншийси сифатида фаолият юритган. Тасаввур қилишимиз мумкинки, Тўра Қурёзов ул зот битиклари таг­қатламига “шўнғиб” биз кўриб, томоша айлаб ҳайратланаётганимиз — Жалолиддин Мангуберди сиймосини “узиб олиб чиққан”.
Кейинчалик мен олим Тоҳир Каримнинг рус тилида чиққан “По следам “Авесты” номли китобининг рангли саҳифаларида “Зардушт”, “Анахита” сиймоларини кўриб янада ҳаяжонландим. Бу сиймоларни ҳам Тўра Қурёзов яратган эди. Уч минг йилнинг нари-берисида яшаб ўтган Зардуштнинг ва ҳамда Гўзаллик маъбудаси — Анахитанинг тасвирларидаги анвойи ранглар руҳиятимга олис мозий хусусида шивирлаётгандай эди гўё! “Авес­то”дан ўқиганларим ёдимга тушарди:
Адвисура Анахита
Оқиб борди унга томон
Бир парирўй тимсолида,
Сарвқомат ва шамшодваш,
Камарбаста ва шойиста,
Бошмоқлари тўпиққача ярқираган,
Тиллодандир шокиласи.
У тўхтатди оқимнинг бир томонини,
Бир томони оқиб ўтди олисларга.
( “Авесто”. Форс тилидан Асқар Маҳкам таржимаси, Тошкент, 2015. 351- бет).
Не ажабки, ўқиганларим тасвирда кўрганларимга мос тушмоқда эди. Шу хусусиятга амин бўлдимки, Тўра Қурёзов мозийга хаёлан бориб келар экан. Йўқ, йўқ, хаёлан мозийда яшар экан. Тасвирий санъатдаги “руҳ кўчиши” шеърият ва мусиқада ҳам бормикан, деб ўйладим. Наҳотки, тарих тасвирларда “тирилса”?!
Хива шаҳридан етти километр наридаги Қиёт қишлоғида қад ростлаб турган ҳазрат Огаҳий уй-музейи деворларидаги картиналарда тарих “жонлангани”ни томоша айлагач, бир қарорга келдим: қачонлардир пойтахтга борсам, Тўра ака хонадонига бориб, суҳбатига ноил бўламан.
Ушбу истак мени ҳеч тинч қўймасди.

2

“Сиз уйимни топиб келишингиз даргумон. Сергелининг ҳам энг чеккаларида яшайман. Таксига чиқсангиз телефонингизни ҳайдовчига тутқазинг. Манзилни ўзим тушунтираман!”.
Тўра ака обдон “тушунтирди” чоғи ҳайдовчи, ҳайтовур, буюк рассом яшайдиган кўчага олиб келди. “Ўзим чиқаман!” деди рассом. Узоқ-узоқлардан тепага кўтарилган ғалати телпакни кўрдик.
Жуда оддий, деҳқонларгами, боғбонларгами менгзаб кетадиган киши экан. Кўнглимга келган гапни уққандек: “Бу телпакни менга Пўлат Бобожонов совға қилган. Хоразмга ҳоким бўлган вақтларида…” Шундай деб кулимсиради. Ва биз қаср­монанд бир ҳовли бўсағасидан ҳатладик. “Ина, менинг хазинам!”.
Хазина деганлари омборхонада жойлашган экан. Ўҳ-ҳў! Тўра ака катта-ю кичик ўндан ортиқ картиналарини бирин-кетин намойиш қилишга киришди. Улар орасида бўйи баробар келадиган картина — Жалолиддин Мангубердининг жанг­гоҳдаги ҳолати акс эттирилгани бизни қойил қолдирди. Худди қаҳрамонлик фильмидан бир парчани кўргандай бўлдик. Инсон зоти бундай мўъжизаларга ҳам қодир экан-да?!
Очиғини айтиш жоизки, олтмиш ёшдан ошиб, етмиш сари қадам қўймасидан аввал Тўра Қурёзов исми шарифи тор доираларгагина маълум эди. Тарихий мавзулардаги картиналари юксак баҳоланиб, лавҳамиз қаҳрамони 1999 йилда “Ўзбекистон халқ рассоми” унвони ила тақдирланди.
Суҳбатдошимиз: “Хоним халфанинг иккинчи ўғли Каримберган менинг бобом бўлади. У киши кўпроқ тижорат ишларига қизиққан, дўкондор экан. Хон тахт­дан ағдарилган йили қаландар либосини кийиб, Хивани тарк этади” дейди. Бинобарин, Ферузшоҳ замонида номи тилларда достон бўлган Хоним халфа томирларида оққан қон кейинчалик даҳо мусаввир руҳиятида такрорланибди.
Тўра ака дейдики: “1935 йилларда тошкентлик Ҳоди Зариф деган филолог олим Хоразмга келиб Хоним халфадан “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли” достонларини ёзиб олган. Халфа тўқиган ғазал, шеърларни ҳам олиб кетган. Бувимиз Ферузшоҳга яқинлиги боис кўп азият чеккан, турмаларда ётиб чиққан. Ўлимидан бироз аввал қуйидаги шеърни ёзган:
Эй ёронлар, биродарлар,
Дунёда армонли ўтдим.
Қараб турган қиз-жувонлар
Найлайин армонли ўтдим.
Умрим ўтди қонлар ютиб,
Қовирғам ерларга ботиб,
Ўлмадим оёқ узатиб,
Найлайин армонли ўтдим…”
Хоним халфа 1936 йилнинг қаҳратон қиш фаслида фанони тарк айлайди. 1937 йилда эса Тўра ака таваллуд топади. “Бобомни олиб кетганларида мен олти ойлик чақалоқ эканман. У чўгирмасини кийиб, неварам менинг чўгирмамга қараб куляпти, дебдилар. Шундан кейин у чаккамдан ўпиб: “Сен ўқимишли, зиёли, буюк бир инсон бўлиб етишгин!” дея фотиҳа берибди. Бобом 1937 йилнинг 14 декабрида олиб кетилган экан” дейди суҳбатдошимиз. Унинг айтишича, ҳужжатига 1938 йилда туғилгани қайд этилибди. Агарда аждодлари ҳикояларига таянилса, буюк рассом айни даврда 84 ёшни қаршилаган бўлиб чиқади. У чин маънодаги нуроний; юз-кўзларидан нур томиб турибди.
— 1960 йилда Рассомлик билим юртини тамомладим, — дея гурунгни давом қилдиради Тўра ака. — Йўлланма асосида Нукус шаҳрига бордим. Айнан ўша ерда бўлажак устозим Игор Савицкий билан танишдим. Савицкий мени қадимшуносликка, археологияга қизиқтириб қўйди. Устозим француз тилини билар эди. “Авесто” китобини французчада ўқиб, маъно-мазмунини рус тилида тушунтириб берган.
Алалхусус, И.Савицкий билан танишув ўзбек мусаввири фаолиятида кескин ўзгариш ясаган экан. Айтишича, устози 1915 йилда Киев шаҳрида таваллуд топган. Бой-бадавлат оилада… Бувиси — графиня унга болалик даврлариданоқ француз тилини ўргатибди. “Савицкий Москва шаҳрига келиб, машҳур рассом Ульяновга шогирд тушади. Суриков номидаги рассомлик институтида таҳсил олаётганида жаҳон миқёсида танилган мўйқалам соҳиби Роберт Фальк уни шогирдликка қабул қилади. Фальк авангард оқимлар тилсимотидан ҳам воқиф бўлган” дейди Тўрабой ака.
И.Савицкий академик Сергей Толстов дарғалик қилган Хоразм экспедициясида қатнашади. 1956 йилда экспедициядан ажралиб, Қорақалпоғистон Фанлар академияси этнография бўлимига бошчилик қилади. Айнан ўша йилларда у Нукус шаҳрида Санъат музейини ташкил этишни режалаштиради. Омадни қарангки, билим юртини эндигина битказган 23 ёшли Т.Қурёзов эзгу мақсад йўлида унга рўбарў келиб қолади.
Рассом эсдаликлар қўлёзмасида шуларни ёзибди: “… Кабинет дегани эски-туски нарсалар омборига ўхшар эди. Эски сандиқлар, гиламлар, кигизлар, мис идишлар, ҳар хил тақинчоқлар ва ҳоказо. Алмисоқдан қолган нарсалар орасида Савицкийнинг гавдаси кўринмас эди. Ногаҳон бурчакдан нозик овоз эшитилди: “Ҳеч уялмасдан кираверинглар”. Кирдик. Деворда кўплаб картиналар осиғлиқ турибди. Албатта, бу — унинг ижоди. Асосан. Хива… Умуман, қорақалпоқ ва воҳа қиш­лоқлари манзараси. Манзаралар шундай нозик дид билан ишланганки, беихтиёр қойил қолдим. Буни мен меъёрига етказа олмасдим — Савицкийга ҳавасим келди… Хоразм сувлари лойқа. Мовий осмон ранглари деярли унга таъсир этмайди. Мен ишлаган манзараларда ариқ сувлари ерга ўхшаб қолаверарди. Демак, ҳали тажрибам кам… Қани энди шу одам билан ёнма-ён туриб ишласам…
— Сизда француз импрессионизмининг таъсири кучли экан, дедим.
— Роберт Фалькнинг шогирдиман. У Парижда ўн йил яшаган. Импрессионизм оқимини яхши ўрганган. Буюк рассом, профессор эди. Яқинда Москвада вафот қилди…
— Мен ҳам француз импрессионистларининг шайдосиман. Ван Гог, Сезани, Ренуар — менинг энг севган рассомларим”. (Тўра Қурёзов. “Нотекис йўллар”. Қўлёзма. Тошкент, 2014. 70-71- бетлар).
Ўша суҳбатдан сўнг ёш рассом устозининг лабораториясида ишлай бошлаган. “Кўп ўтмай Тошкентдан хушхабар келди. Юборилган ишлар орасида фақат менинг картиналарим республика кўргазмасида намойиш этилибди. Мени кўргазма муҳокамасига таклиф қилибдилар” (Ўша асар, 73-бет).
Машҳур рассом, этнограф олим Игор Савицкий вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланади. “Ноанъанавий усуллар шайдоси бўлган Савицкий гарчи ҳаётлик чоғида қадрланмаган эса-да Истиқлолдан кейин хотираси шарафланди” дейди Тўра ака.
Чиндан ҳам эзгу ишлар ҳеч қачон унутилмайди. Дейлик, Эзгу ўй, Эзгу сўз, Эзгу амал шиорини бутун инсоният ҳукмига ҳавола этган Зардушт донишманд уч минг йиллардан бери руҳан яшаяпти-ку?! Ёвузлик эса ҳамиша мағлубдир. Ҳаттоки, кучга кирган вақтларида ҳам.

3

Тўра Қурёзов чизмалари сақланаётган омборхонани дурдона картиналар хазинасига ўхшатгим келади. Картиналар турли-туман мавзуларга оид. Тарихий мавзуларга; табиат мавзуларига; коинот мавзуларига… Масалан, “Анахита” картинасидаги образ учаётган алпозда тасвирланган. “Зардушт” картинасида донишманднинг орқа фонида ер сайёраси айланаётгандай… “Бибихоним” ва “Севинбека” образлари фонида мовий ранг устувор. Ҳар битта образ башарият қисматидан роз сўйлаётгандек!
Насрнавис Раъно Раҳмонберди қизи лавҳамиз қаҳрамони ҳақида шуларни ёзибди: “Ўзбекистон Рассомлар академияси аъзоси, Ўзбекистон халқ рассоми Тўра Қурёзовнинг “Туркий ҳукмдор хонимлар” мажмуида ишлаган картиналари орасида “Шажарат уд-дур” алоҳида ўрин тутади.
Хоним аслида ким бўлган?
Рассомнинг халқ орасида тарқалган ривоятларни изоҳлашича, Шажара Хоразмда оддий бир кишининг қизи бўлган экан. Гўзаллик, ҳусн-жамол ҳам бахт, ҳам фожиа деганларидек, Шажара турли савдоларни бошидан ўтказган. Беқиёс соҳибжамол қиз ўғирланиб, Эронми, Миср томонларда қул, чўри қилиб сотиб юборилган экан”.
Муаллифнинг таъкидлашича, немис олимаси Аннемари Шиммель “Жонон менинг жонимда” номли асарида чўрилар орасидан чиққан Шажарат уд-дур бир неча йиллар мобайнида малика сифатида Мисрни бошқаргани ҳақида маълумот беради. “У иккинчи Клеопатра номи билан Миср, Туркия ва бошқа шарқий мусулмон юртларида машҳур бўлган экан. Турк ижодкорлари томонидан Шажара хоним ҳақида балет яратилган ва ҳар хил қизиқарли ривояту ҳикоятлар сақланиб қолган”.
Дарҳақиқат, тарих тасвирларда “тирилса” инсоннинг ақлу ҳуши лол қолар экан. Бу ҳам бир мўъжиза! Тўра Қурёзовнинг айтишича, мозийга дахлдор ҳар битта образининг прототипи мавжуд. У қиёфаларни ўйлаб топмайди; фантазия қилмайди, балки, ўзи кўрган “эгизак” деб билган қиёфалардан нусха кўчириб, янада бойитади. Зардушт донишманднинг кўзига қаранг: руҳиятингиз жунбушга келгандек туюлади. “Инсон қиёфасини тикламоқ учун энг, аввало, “тирик кўз” топмоқ лозим. Руҳнинг “даричаси” кўз орқали намоён бўлади. Айтайлик, мен Жалолиддин Мангубердининг “кўзини топишга” умримнинг кўп вақтини сарфладим” дейди Тўра ака.
Тарихдан маълумки, Ислом дини бизнинг ҳудудимизда кучга кирганидан сўнг инсоннинг аниқ қиёфаси чизилишига изн берилмаган. Қиёфалар ностандарт шаклга келтириб ифодаланган. Шарқ миниатюра санъати сўзимизга яққол далил бўла олади. Хуллас, Европа тасвирий санъати билан ўзаро таққосланганда ўзбек тасвирий санъати анча ёш. Иловатан айтганда, жаҳон тамаддунининг қадимий ўчоқларидан бири саналмиш юртимизга оид рассомлик Тўра Қурёзов мўйқалами орқали қайтадан “кўз очаётир”.
Ҳа, демократик тамойиллар тантана қилаётган бугунги кунимизда тасвирий санъат қайтадан жонланмоқда. Ушбу ишда бой-бадавлат, маърифатпарвар, миллатпарвар инсонлар саъй-ҳаракат кўрсатсалар, улуғ рассомлар тарафидан яратилган дурдона картиналар эвазига уйларига мазмун киритсалар айни муддао бўлур эди.

Сайёра СОЛАЕВА,
журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − nine =