Ҳазинийнинг ҳазин ҳаёти

Сийрати гўзал, сурати ҳазин

Ҳазиний уй музейи. Деворда “Тазкираи Қайюмий”да тасвирланганидек, новча бўйли, оқ юзли, соқолли, кўркам қоматли, тоза, озода киши ҳазин боқиб турибди. Оппоқ кийим, сариқ тўн ва кавушда. Ҳамроқул қори томонидан куйланган қўшиқ эса граммафондан сизиб чиқиб, суратга монанд юракка сакинат бағишлайди:

Ҳазиний дуоси бўлурму қабул,

Бу ғарқи гуно, ё ҳаёт ан-набий?!

Музей мудираси, учинчи авлод – Ҳазинийнинг чевараси (Ҳазинийнинг ўғли Сотиболдихон эшонбуванинг ўғли Манзирхон Зиёевнинг қизи) Наргиза Манзурнинг айтишича, бобокалони Қўқон адабий муҳитининг энг сўнгги мумтоз мутасаввуф шоирларидан бўлган. Ҳазинийга “тўра”, “эшон” деб нисбат берилиши унинг ўттиз ёшида, яъни ҳиж­рий 1314, милодий 1897 йили иршод – ҳидоят йўлига раҳнамолик қилиш учун рухсат – пир ризоси ва унинг белгиси сифатида “салла ва бир малла тўн” олгани билан далилланади. Демак, Ҳазиний тўранинг ҳамиша сариқ тўн, оқ яктак, салла ва кавушда юришининг боиси шундан. Тасаввуф таълимотини йирик тариқат пешволаридан бўлмиш Ҳакимхон халифадан олган толибнинг кейинчалик шоир ва шайх бўлиб етишишида шу инсон – пирининг хизмати бениҳоя улкан бўлган. Ҳазиний ижодидан ҳам маълумки, унинг пирига ҳурмати ва ихлоси ҳам шу қадар чексиз. Жумладан, “Ҳажрида” радифли мухаммасида “Йиғларам уч йил пиримга жонфишонинг ҳажрида” деган сатрларга кўзимиз тушади.

Шоир, ҳофиз ва шайх сифатида танилган Зиё­вуддинхон Дониёлхон ўғли Ҳазиний 56 йиллик умр йўлини (1867-1923) ҳозирги Фарғона ви­лояти Учкўприк туманига қарашли Катта Кенагас қиш­лоғида ўтказган. Отасининг исми Каттахўжа бўлиб, бошланғич таълимни ундан олган. Сўнг мутолаа йўли билан кўп билим ҳосил қилиб, фазлу камолотга эришган.

Ҳазиний ижодига доир қатор тадқиқот, изланиш­лар олиб борган, китоблар чоп эттирган филология фанлари номзоди Отабек Жўрабоев “Девон”да шоир шахсига доир қимматли маълумотлар беради: “Зиёвуддинхон муршид сифатида мурид тарбияси билан шуғулланиш баробарида деҳқончилик билан ҳалол кун кечирди. У ўз имкони дои­расида халқ турмушини фаровон қилишга интилар, турли ободончилик ишларини амалга оширарди. Масалан, ҳозирги Фарғона вилояти Бағдод туманига қарашли Чопдор қишлоғи яқинидаги 40 танобча (12 таноб 1 гектарга тенг) келадиган қумлик ерни ўзлаштириб, боғ барпо этган. Боғ ўртасига катта ҳовуз кавлатиб, атрофига тегирмон ва бошқа бинолар қурдиради. Яна, ушбу оромбахш жой қумга тушиб турли касалликлардан даволанувчилар учун маскан бўлиб қолган. Шоир бу жойни “Регистон” деб номлайди:

Мисли ул Вайс ул-Қаран,

                             чўлларда тутмишман ватан,

Ахтариб ҳар ким Ҳазинийни Регистондин топар.

У қишлоғи Кенагасдан Регистонгача доим пиё­­да қатнаган (оралиқ масофа 22 км). Ушбу маскан баъзи сабабларга кўра 1943 йили бузилган. Во­қеага шоҳид бўлганларнинг таъкидлашича, боғни бузишда иштирок этган киши кўп ўтмай ногирон бўлиб қолган. Шу сабабли боғни вайрон қилишдан кўпчилик ҳайиқиб иш пайсалга солинади. Ҳовуз ва унинг атрофидаги дарахтзорнинг бир қисми эса сақланиб қолади. Ҳазиний таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан бу маскан қайта тикланди”. Рафиқаси Қумрихон туғилган ҳозирги Бағдод туманидаги Қоровултепа қишлоғида ҳашар йўли билан қурдирган катта масжид эса 1943 йилда ёниб кетган.

Ҳазиний тўрани кўрган нуронийларнинг эслашича, у камтарин, олийжаноб, мулойим табиатли, топган-тутганини халқ билан баҳам кўрувчи, хайр­­ли ишларга бош-қош бўлувчи, нур чеҳрали киши бўлган. Унинг инсоний фазилатлари асарларига ҳам кўчган, кўпинча халқ ва юрт қайғусидан фиғон чекиб қоғоз қоралаган. Шу маънода, Ҳазиний назм гулшанининг маъюс султони эмас, у кўнгиллараро эътиқод ва иймон излаб юрган, меҳр-оқибат устувор бўлмоғини Оллоҳдан сўраб ўтган чинакам сўфий, ҳақиқий ориф, истеъдодли шоирдир.

У ўз даврида ирфони ва асарлари билан мислсиз шуҳрат қозонган. ХХ аср бошларидаги 19 тошбосма асарда шеърларидан намуналар учрайди. “Баёзи Ҳазиний” тўплами 1910–1913 йилларда 7 маротаба чоп этилган, шеърлари машҳур хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланиб, тилдан-тилга кўчиб юрган Ҳазиний ижодига бош­­қа ҳаммаслаклари қатори шўро даврида парда тортилди. Ўғли Амакихон қўлида сақланган девони 1939 йили НКВД ходимлари томонидан олиб кетилган. Ҳозиргача топилган эмас.

Ҳазиний етти мумтоз жанрда қалам тебратган. Улар ғазал (121 та), мураббаъ (12 та), мухаммас (27 та), мусаддас (12 та), маснавий (1 та), таърих (2 та) ва фард (3 та). Адабий мероси 4000 мисра атрофида.

“Инсон гўзаллиги ва ишқ-муҳаббатни улуғлаш, исломий иймон-эътиқод ва покдомонликни тарғиб этиш, тоат-ибодат ва одоб-ахлоққа, сабр-қаноат ва меҳр-муҳаб­батга даъват Ҳазиний асарларида етакчи мавзу сифатида бадиий юксак ифодасини топган. Шоир инсон қадр-қимматини шарафли деб билади, унга абадий бахт-саодат тилайди:

Бу жаҳонга ким келибдур, бўлмасин бахти қаро!

Шоир шеърияти худди шу фазилатлари билан кенг омма дилига йўл топган”, дея ҳақли таъкидлаган эди марҳум адабиётшунос, профессор Абдурашид Абдуғафуров.

Бир ғазал тарихи

Ҳижрон ўтиға бағрим сўзона тонг отқунча,

Ўртаб юрагим, жисмим бирёна тонг отқунча.

 

Ман Вомиқ-у Узро – сан, васлингга етолмасдин

Ҳар кеча қароргоҳим остона тонг отқунча.

 

Раҳм айла бу ҳолимға, эй кўзлари хуморим,

Ҳажрингда бу кўнгуллар вайрона тонг отқунча,

 

Ҳеч кимға деёлмасман бу арз ила ҳолимни,

Қонға жигарим тўлди гирёна тонг отқунча.

 

Хилватда агар кўрсам, сирримни баён айлаб,

Сан бирла бўлай анда ҳамхона тонг отқунча.

 

Ахшомда жамолингни шамъини мунаввар қил,

Айтай санга ҳолимни, парвона тонг отқунча.

 

Найлайки, иложим йўқ, ҳар кўчада йиғларман,

Тор ўлди Ҳазинийға Фарғона тонг отқунча.

 

Ҳазрат Зиёвуддин Ҳазиний ўз номини биргина “Фарғона тонг отқунча” радифли ғазали билан тарихга муҳрлаб кетган учкўприклик алломалардандир. Ғазалнинг ҳануз тиллардан-тилларга кўчиб юришининг сабаби бошига тушган машъум воқеа таъсиридан қаттиқ мутаассир бўлгани, кароматгўй пир сифатида келгусидаги фожиалар, буюк йўқотиш ва қирғинбаротларни ич-ичидан ҳис қилгани бўлса ажаб эмас. Айтишларича, юртимизни босиб олган Россия босқинчиларидан, ўзини Фарғона вилоят губернатори деб атаган Скобелев деган муртад Ҳазинийни мумтоз шеъриятдан баҳраманд бўлиш баҳонасида чақиртириб, унинг шарафига махсус тайёрланган байрам дастурхони – балга, “янги маданиятнинг ижобий қирралари”ни томоша қилишга таклиф этади. Уни рус аёллари билан рўбарў ўтказиб, ғайридин офицерлар қаторига қўшиб қўйишади. Бирон-бир луқма тановул қилмаса-да, уни ўрнидан туришига йўл беришмайди. Маишат тонггача давом этади. Маст-аласт ҳолдаги “маданиятли жаноблар” тарқалиб бўлгачгина Ҳазинийнинг кетишига изн берилади. У йўл бўйи йиғлаганча биз билган “Фарғона тонг отқунча” ғазалини битиб, куйлаб борган экан.

Ҳазиний юрти бўлмиш Учкўприкнинг Катта Кенагас қишлоғида туғилиб ўсган Эркинжон Ражабовнинг сўзига кўра эса ғазалнинг эл орасида тарқалган яна бир варианти мавжуд экан. Унга кўра, генерал Скобелев Фарғонанинг олиму уламоларини рус маданиятини намойиш қилиб қўйиш мақсадида бир залга йиғиб, балет қўйиб беради. Кўп уламолар балет бошланганидан бошларини қуйи солиб ерга қараб олган, жумладан, Ҳазиний ҳазратлари ҳам. Носаролар рақси тугагачгина, бошларини кўтарганини кузатиб турган генералнинг хотини уларнинг эътиқодига тан бериб ҳайратини эрига айтади. Шунда Скобелев уларни жазолаш ўрнига майли тонг отгунча Фарғонани тарк қилсинлар, деб буйруқ берган экан… “Биз шунчаки қўшиқ (Мухторжон Муртазоев куй басталаган) деб эшитадиган бу ғазалда ҳазрат Ҳазинийнинг қанчалар дарду алами зоҳир. Мустамлакачилар туфайли ўз Ватани, ўз она шаҳрига сиғмаган зиёлиларимиз изти­робларининг акси бор”, дейди учкўприклик Эркинжон Ражабов.

Ҳазинийнинг чевараси Наргиза Манзурнинг мулоҳазалари ҳам жуда эътиборли. Ғазал ошиқона, орифона мазмунда бўлиб, ишқ оташида ёнаётган ошиқнинг ёр васлига етгунча кўз ёш тўкиб, оҳ-нола ила сабр этмоқликдан ўзга чораси йўқлиги, тонг отгунга қадар шу изтироб оғушида, ҳатто маконига (Фарғонага, тагмазмунда замин, ерга) ҳам сиғмаётгандек бўлаётгани тасвирланади. Ғазал матнининг мазмун-моҳияти бирламчи маънода мажозий ишқ ва ошиқ ҳолатининг ундаги аксига ишорат қилаётгани аён. Ҳазиний ижодида ишқи мажозийдан ишқи илоҳийга нисбат бериш етакчилик қилади. Шу ўринда, иккиламчи маъноси – Аллоҳ томонидан амалга ошириладиган улуғ ҳисоб кунининг тонги олдидан Ҳақ ошиғи бўлган солиҳнинг аҳволи-руҳиясидир. Чунки шайху шоир Ҳазиний тўранинг руҳий олами ва камолоти шунга далолат қилади.

Ҳазинийга қайтиб

– Ҳазиний тўранинг манзилини обод этишни чин дилдан аҳд қилганман, – дейди аллома шоирнинг чевараси Наргиза Ваҳобова. – 2013 йил 16 сентябрь. Ҳомилам етти ойлик. Бешта аппарат ҳам боламнинг ногирон туғилишини башорат қилди. Докторлар ундан воз кечишимни қатъий талаб этишяпти. Не қиларимни билмай, эртаси куни эртадан кечгача саждага бош қўйиб, фарзандимнинг соғлом дунёга келишини Худодан ёлвориб сўраганман. Ўша пайтлари Ҳазиний бобомнинг мақбараси қаровсиз, хароб аҳволда эди. Бу ҳолат мени анчадан буён ташвишлантирарди. Ўша куни фарзандимни соғлом қўлимга олиб олсам, албатта у масканни обод қиламан, деб Аллоҳни зикр айлаб кўнглимдан ўтказдим. Худонинг қудрати билан Мўминахон қизим соппа-соғ туғилди. Ўн ойлик бўлганида, яъни 2014 йили бобокалонимнинг руҳларини шод этиш учун шаҳд билан иш бошладим.

Аслида Ҳазиний уй-музейи 1995 йили барпо қилинган, аммо 2012 йили уни ташкил этиш бў­йича ҳеч қандай қарорнинг йўқлиги боис фао­лияти тўхтатиб қўйилган эди. Унгача маҳаллага қарашли норасмий масжид биносида 3 та штат бирлигида фаолият юритган. Орадан икки йил ўтиб, Наргиза Ваҳобова бошчилигида жамоатчилик асосида Учкўприк тумани ҳоки­м­лиги қарорига кўра давлат рўйхатидан ўтказилган. 2016 йилга келиб масжид биносининг музей тасарруфига ўтиши тўғрисида ҳоким қарори чиққан.

2019 йилда Н. Ваҳобованинг саъй-­ҳаракатлари ҳамда Президентимизнинг шахсан ташаббус­лари билан 72 сотихлик майдонда муҳташам Ҳазиний мажмуаси барпо этилди. Қаровсиз ётган Ҳазиний зиё­ратгоҳига давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Икки йил (2017–2019) мобайнида қайта қурилиб, ҳозирги кунда зиёратчиларнинг қадами узилмас мўътабар масканга айлантирилди. Ҳазиний тўра ҳаёти ва ижодига доир экспонатлар, қолаверса, ўша давр Қўқон адабий муҳитини акс эттирувчи маданий мерос уйма-уй юриб топилди, ҳануз бу изланишлар давом этмоқда.

Зиёратгоҳда иккита экскурсия зали мавжуд бўлиб, 300 дан ортиқ экспонат сараланиб, маҳорат ва дид ила бе­затилган. Мажмуадан Зиёвуддинхон Ҳазинийнинг ота-­онаси, ўзи, ака-укаси ҳамда фарзандлари, қолаверса, авлодларининг ҳам қабрлари ўрин олган. Бу ерни зиёрат қилиб, ҳам руҳий енгиллик, ҳам маънавий озуқа, билим олиб кетувчилар кўп.

Шукрки, эркимиз тўлалигича ўз қўлимизга ўтгач, бош­­қа кўплаб улуғларимиз каби Ҳазиний ҳам халқимизга қайтди. Унгача халқимиз бошига Ҳазиний башорат қил(ма)ган ўша машъум кунлар келди. Тарихимиз, маданий меросимиз йўқ қилинди. Собиқ Иттифоқдаги мафкуравий тазйиқ туфайли бу даврдаги илмий ва бадиий адабиётларда Ҳазиний адабий меросига синфийлик нуқтаи назаридан, нохолис ёндашилди, камситилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди Аҳмаджон Мадаминов илк бора шоирнинг айрим шеърларини жамлаб, “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” номи билан чоп эттирди.

Суҳбатимиз давомида Наргиза опа мамнунлик ила 2019 йили кўрган тушини хотирлади. “Тушимда тоғнинг чўққисида турганмишман, Муҳаммад (с.а.в) мендан ҳам баландроқ чўққида туриб, табассум билан боқиб турганмиш”. Улуғлар бу тушнинг таъбирини Ҳазинийнинг руҳи шод бўлганига йўйдилар…

Ҳазинийнинг авлодлари қаерда?

Ҳижрий 1287, милодий 1870 йилда тузилган шажарада ҳазрат Ҳазинийнинг ота томонидан Набирахўжа эшон исмли аждоди йигирма олтинчи насаб билан халифа Ҳазрат Алининг отаси Абдумуталлибга етиб бориши қайд этилиб, ҳужжат 74 муҳр билан тасдиқланган. Иккинчи шажарада она томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га боғланиши кўрсатилган. Маълумотномага 22 та муҳр босилган. Шажаралардан маълум бўлишича, Ҳазиний аждодларидан ўнлаб кишилар ўз даврининг машҳур олим ва шоирлари бўлишган.

Зиёвуддинхон Ҳазинийдан 5 қиз, 2 ўғил фарзанд қолган. Пўлат Қайюмий “Тазкираи Қайюмий” асарида “…вафотидан сўнг икки хотуни ва ўғиллари қолди…”, деб таъкидлайди (катта ўғли Аслиддинхон (Амакихон) ва отаси вафот этганида бир ёшга тўлиб-тўлмаган Сотиболдихон Зиёевдир (1922–2005).

Сотиболдихон эшонтўранинг ўзидан 7 фарзанд, 200 нафардан ортиқ набира, чевара – авлод қолган. Ҳозир мутафаккир авлодлари ўзи туғилиб ўсган Катта Кенагас қишлоғида руҳи покига дуои саловот айтиб, чироғини ёқиб ўтирибдилар. Улар орасида бобосининг йўлидан бориб, шеърият, илмга меҳр қўйганлари ҳам талайгина. Жумладан, тарихчи, табиб Моҳира Маматова, шои­­ра Шаҳзода Бўронова, Нодира Зиё, Наргиза Манзур ва Маҳбуба Акромова, Муҳаммад Зиё, невара-куёви, Ҳазиний тадқиқотчиси Отабек Жўрабоев Ҳазинийнинг муносиб ворисларидан.

Севара АЛИЖОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =