ХАЙРЛИ ҲАМКОРЛИК

Юртимизда азалдан пойдевори мустаҳкам бўлган маҳалла миллий менталитетимиз тимсоли бўлиб келган. Маҳаллалар қадриятлар ва урф-одатларни авлоддан-авлодга етказувчи ижтимоий макон сифатида ўзлигимизни англашга ва ватапарварликни юксалтиришга хизмат қилади. Маҳаллага мустақилликнинг дастлабки йилларида фуқaрoлaрнинг ўзини ўзи бoшқaриш органи мақоми ҳам берилганини биласиз.

Сўнгги йилларда янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи борасида қатор қарорлар қабул қилинди. 2021 йил 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу масалага алоҳида урғу берилган эди. Яъни, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилди.
Шунга кўра, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 251 нафар профессор-ўқитувчилари ҳам вилоятимизнинг Қарши, Касби, Муборак, Косон ва Китоб туманларидаги ўзларига бириктирилган маҳаллаларда бўлиб, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишмоқда.
Учрашувлар “Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирлар билан бошланди. Жумладан, институтнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси мудири О.Бегимов, катта ўқитувчилар Ю.Рахманова, Н.Шодмановалар Косон тумани “Қуйбоғ”, “Боғишамол”, “Дарча” маҳаллаларига бириктирилган бўлиб, маданий-маънавий тадбирлар ташкилотчиларидан бўлишди.
Тадбирларда тақдимотлар ва кўргазмалар шаклида тақдим этилган мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар аҳолининг хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, “Маҳалла ва таълим муассасаси” ҳамкорлиги ёшларимизни маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом қилиб вояга етказиш, Она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, аввало, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, миллий ўзлигимиз ҳамда дунёни чуқур англайдиган инсонлар бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутмоқда. Маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигининг ҳайрли самараси мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Нигора ШОДМАНОВА,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 12 =