“МАРҲУМ” НЕГА ПАСПОРТ ОЛОЛМАЯПТИ?

Бир пайтлар Турмахан Есенбаев ҳам бошқа бахтли инсонлар сингари оилали, турмуш тарзи бировдан зиёд бировдан кам оила бошлиғи эди. Ҳа, унинг оиласи ва фарзандлари бўлиб, Чирчиқ шаҳрида умргузаронлик қилар, ўзи севган касби пайвандчилик билан машғул эди. Унинг айтишича, ҳатто у пойтахтимиздаги кўзга кўринган иншоотларнинг бунёд этилишида ҳам ўз ҳиссасини қўшганлардан. Аммо тақдир экан, ишда олган жароҳати сабаб Турмахан ногирон бўлиб қолади. Елади, югуради ногиронлик нафақасига чиқа олмайди. Орада ичкиликка берилиб гулдек оиласидан ажралиб, сўққабошликни ихтиёр этади. Нима ҳам дейиш мумкин, бу ҳаёт—унда ана шундай тақдир синовлари билан ўзича яшаётганлар ҳам йўқ эмас. Эҳтимол, кимлар учундир улар “Худо урган ва ҳеч кимга керак бўлмаган” одамлардир. Аммо улар ҳам тирик жон. Ризқини ва умрини берувчи Яратганнинг ўзи. Қолган таассуротларни қуйида мақолани ўқиб амин бўласиз.
“Гўрўғлининг туғилиши” достонини ўқиб вояга етганмиз. Худди шу Гўрўғлининг қайтиши ўтган йили коронавирус инфекцияси тарқалиб, ҳаммани уйига қамаган пайтда Чирчиқ шаҳрида содир бўлиб, қорлар ёғиб, излар босилди, аммо…
Айрим одамлар нақадар лоқайд, эътиборсиз ва “оёғи ердан узилган”ига азбаройи шу воқеа сабаб яна бир бор амин бўлдим.
Карантин сабаб ҳатто сувлари сокин оқадиган Чирчиқ дарёсининг ҳаловати бузилгани рост. Айниқса, чора-тадбирларнинг кескинлашиши масала жиддий эканлигини кўрсатарди.
Жон ширин деганларидек, ҳамма “ўз-ўзини яккалаш”га ўтганди. Чирчиқ шаҳри, 8-кичик даҳасидаги ташландиқ вагон ёнидаги чиқиндихонада, дунёни унутиб, ўз майлида яшаётган Турмахан ва унинг улфати Колянинг ҳам ҳаловати бузилди. Чунки идиш кўтариб чиқиндихонага ташлаш учун келадиганлар сони кескин камайиб қолди. Маҳаллада:
— Ана уларни қаранглар, ҳамма вирус шуларнинг ёқасига ёпишган аслида, буларни тартибга оладиган одам борми, — дегувчилар ҳам шундай кунларда кўпайди.
Бу гапларга Турмахан пинак бузмасди, чиқиндихона вагони атрофида тимирскилангани билан, унинг бир хонали бўлса ҳам, уйи бор эди. Нари борса уйига кетади. Коля ҳам тинч эди. Ҳеч бўлмаса Турмахандек оғайниси бор.
Турмаханнинг аҳволини тушунса бўларди, унинг бир оёғи майиб эди. Айтишларича, касби тоифали пайванд­ловчи бўлса-да, оғир ишга ярамай қолган. Ногиронлик нафақасига чиқиш илинжида юраркан…
Ўша куни (қатъий карантин пайтлари. 2020 йил, апрель ойининг охири) ички ишлар ходимлари, профилактика инспектори ва посбон кўп қаватли уйлар олдида пайдо бўлишди. Кўпчилик буни одатий ҳолдек қабул қилди. Аммо Турмахан…
— Тўхта, ниқобинг қани? Мана яна битта қоида бузган! Қаёққа кетаяпсан? Уйгами? Уйингда ким бор?
— Ҳеч ким йўқ, битта ўзим тураман, — дейди Турмахан.
Бечора, қўрқиб кетиб чакки қилган экан. Уйида шериги борлигини дарров айтса бўлар экан. Аммо ширакайфлиги сабабми ёки ёдидан кўтарилганмиди, ишқилиб уйида Коля борлигини айтмади.
Кутилмаганда қўлтиғидан олган ички ишлар ходими ва посбонларнинг хатти-ҳаракатидан Турмахан довдираб қолганди.
— Уйимда газим ёниқ қолди, мени қўйворинглар… – дея, уларнинг измига бўйсунишга мажбур бўлди…
— Мен… қаёққа?! Бормайман!
Уй бошқарувчи ва унинг аёлига эса ходимлар уни тезда қайтишини, бир текшириб қўйиб юборишларини айтишди, лекин…
Турмаханнинг уйида қолган Коля оч қоринга чала-чулпа ювиниб чиқиб, Турмаханнинг эски кийимини топиб кийиб олди, эски кўрпага ўраниб бошини ёнга ташлади. Коля икки кун “фанфурик” спирти сархушлигида тузукроқ овқат емагани учун роса очқаган эди. Сўнг эшикка умидвор қаради…
Бу пайт ички ишлар ходимлари Турмаханни мажбурий равишда карантин зонасига олиб кетишганди…
Орадан беш кун ўтиб Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бўлими “Навбатчилик қисми”нинг телефони жиринглади.
— Мен, “Хумо” маҳалласидан, ҳозиргина 8-уйдан бир аёл қўнғироқ қилди, Турмаханни олиб кетувдиларинг шекилли…
— Ҳа, у карантинда.
— Унинг уйи ичидан бадбўй ҳид келаётган эмиш, ўликнинг ҳиди дейишаяпти…
Кўп ўтмай кўп қаватли уйнинг олдида “Тез тиббий ёрдам” машинаси пайдо бўлди. Турмаханнинг уй эшигини бузиб кирган орган ходимлари ортидан тиббиёт ходимлари уйга киришди… Не кўз билан кўрсинки… Эски кўрпада “Турмахан” ўлиб ётарди…
Қаранг, бу ярамас карантиндан қочиб, уйига келиб олган экан-да!
Марҳумнинг опаси Асел уввос солиб йиғлай бош­лади. Акаси эса абгор ҳолатга келган жасадга ачиниб кўз ташлади, кийимлар ҳам марҳумнинг ёнидан чиққан паспорт ҳам укасиники эди. Орган ходимларига қараб олиб: “Ҳа, укам”, деди.
Хуллас, ташвиш устига ташвиш бош­ланди. “Ҳартугул мусулмонмиз, Турмаханнинг акаси ўликхона (морг)дагилар билан гаплашсин, уни мусулмон одатига кўра қабрга қўяйлик”, дейишди қўшнилар. Майитнинг кафанланган танаси опасининг у ўсиб ўлғайган маҳалладаги уйидан олиб чиқилди. Мулла жаноза ўқиб бўлгач, марҳум қабрга қўйилди…
Қизиқ дунё, кўп ўтмай ўн тўрт кунлик карантиндан пиёда қайтган Турмахан опасиникига борди. Эшикдан кириб келганини кўрган опаси Асел ҳушдан кетиб қолди. Уйдагиларнинг бари Турмаханга ғалати қарарди. “Арвоҳмасмисан”, деб ундан қочишарди. Турмахан ҳайрон, улардан гап нимадалигини тушунтиришини талаб қилди. Масала ойдинлашди…
— Эй Коляжон, мени кечир, сени уйдали­гингни ходимларга айтсам бўларкан, — дерди, гап нимада эканини тушунгани сайин баттар эзилиб.
Коля билан анча йилдан буён қалин эдик. У кўп ҳолларда менинг уйимда тунаб қоларди. Жигари оғир хаста эди. Афсус, мени ИИБ ходимлари ва посбон карантинга олиб кетишмаганда эди, балки унга яхшироқ қарармидим. Ахир у уйда калит турадиган жойни билардику, очлик ва касаллиги туфайли эсига келмадимикан… Уйим­­да очлик ва касалликдан ўлиб қолган. Уст-бошида менинг либосларим. Ҳамма уни мен деб ўйлаган. Нима бўлганда ҳам, мендан рози бўл, Коля, — дейди у кўзига ёш олиб.
Аммо ҳаёт тўхтаб турмайди, яшаш учун ҳаракат қилиш керак. Турмахан карантиндан қайтганди. Яна эски жойга, эски хизматига қайтди. У кета туриб йўлда акасининг уйига кирди. Акаси:
— Сени саккиз кун аввал кўмиб келгандик… — деди.
— Ўзим сени ерга кўмай, нега мени кўмасан, — дерди кўзига ёш олиб Турмахан.
Тақдирни қаранг, бу ҳам ёзиқда, Яратган Турмаханнинг улфати Коляни ёрлақаган экан, у ислом дини урф-одатлари билан дафн этилди. Гўё “гўр”дан тирик чиқиб келган Турмахан эса йўлидан чиққаннинг эсхонасини чиқариб, қўл бериб кўришиб юрди.
Энг ёмони, “Турмахан Есинбаев вафот этди” деб, ФҲДЁ бўлими ходимлари унинг паспортини ўлганлар қаторига қўшиб қўйишган эди. Ҳалигача Турмахан карантин сабаб кимларнингдир айби билан янги паспорт ололмай сарсон.
Бу воқеа асло тўқиб чиқарилгани йўқ. Мана, орадан бир йилдан зиёд вақт ўтди. “Марҳум” Турмахан Чирчиқ шаҳар ИИБга қатнайвериб, ўзи яна бир бор боқий дунёга рихлат қиладиган даражадаги аҳволга келиб қолди. Унинг айтишича, бугун на маҳалла фуқаролар йиғини ва на профилактика инспекторлари, на бошқа мутасаддилар тинглайди. Айбсиз айбдор бўлиб, чиндан ҳам тирик “марҳум”га айланган…
Ҳикматулло ҚОДИРОВ,
“Hurriyat” мухбири.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + seventeen =